ШУКРУЛЛО

(1921)

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ТУШУНИЛИШ ЭҲТИЁЖИ

 

Оқсоқол шоиримиз Шукрулло таништиришга муҳтож одам эмас. Уни нафақат Ўзбекистон, балки МДҲ давлатларида ҳам яхши билишади. Ҳатто, уни ташқарида ўзимиздагидан кўра машҳурроқ дейиш ҳам мумкин. Аммо кекса ижодкор бугунги ўзбек ўқувчилари ва адабиётшунос олимлари томонидан тушунилишга муҳтождир десам унчалик хато бўлмас. Негаки, авлодларнинг алмашиниши, миллий тафаккурдаги туб эврилишлар халқнинг адабий дидини ҳам тамомила янгилади. Ҳар қандай шоир ҳам у қанчалик кўнгил кишиси бўлмасин, битикларида ўз кўнгли ройишларини акс эттирмасин, барибир ўзгалар томонидан тушунилишни истайди. Чунки чин ижодкор кўнгил дардлари билан ўртоқлашиш чидаб бўлмас заруратга айлангандагина қўлига қалам олади.

Ҳар қандай одам ўз авлоди аурасида яшайди. Даврнинг нуқси ижодкор шахсга бошқаларга қараганда кучлироқ уради. Шунинг учун ҳам даврда туриб, ундан узилиб кетиш мушкул. Айниқса, давр одамнинг фикру ўйлари, ҳис-туйғуларига ҳам хўжайинлик қилса...

Баъзан ижодкор адашиб зарарли ғоя, чалкаш мафкурага эргашиши, нотўғри фикр айтиши мумкин. Унда бирор кун тўғри йўлга тушиб олиш имкони бўлади. Лекин санъаткор учун бадиий адабиётнинг вазифасини англаш, унинг ифода йўсинини тайин этишда хато қилиш фожиадир. Шукрулло ака ва унинг авлоди ана шудай қисматни бошидан кечиришга мажбур бўлган ижодкорлардир. Қатағон авж нуқтага чиқа бошлаганда, шўро ижодкорларининг катта авлоди бадиий сўзнинг таъмини туйиб, адабий изланиш лаззатларидан баҳраманд бўлиб улгурган эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг энг “қизил” битикларида хам кишининг юрагини жиз этказадиган нимадир бўларди. Чунки улар адабиётнинг, биринчи навбатда, санъат эканлигини туйиб улғайишганди.

Қатағон ҳадди аълосига кўтарилган, умуман одамнинг, жумладан, ижодкорнинг шахси ҳам сариқ чақага олинмайдиган, улкан Иттифоқдаги неча миллионлаган одамлар руҳан синдирилган, ёлғон сўйлаш ахлоқ, яланғоч шиорларни қофияга солиш поэзия, сохта туйғуларни куйлаш санъат саналган даврда ижодкор сифатида шаклланган бутун бир авлодга ифодада яланғочлик, мавзуда жўнлик вируси юқтирилган эди. Улар буни истамагандилар, балки шундай бўлишга маҳкум этилган эдилар. Чунки бу даврда асл вазифаси кўп маънони ифодалашдан иборат бўлган бадиий сўз битта ва аниқ маънони англатиши зарур эди. Чунки бадиий асарлар шундай ёзилиши керак эдики, ундан, қанчалик истамасинлар, ҳеч ким ҳеч қандай иккинчи маънони тополмаслиги керак эди. Бундай ифода бадиий бўлмасада хавфсиз эди. Сўзининг салгина ўзгача тушунилишига йўл қўйган ўнлаб ижодкорлар “халқ душмани” сифатида йўқ қилинганини кўрган ижодкорлар жўн ва яланғоч ёзишга, бинобарин, имкон қадар образли ифодалардан қочишга мажбур эдилар.

Шунинг учун ҳам Ш. Рашидов, Туроб Тўла, Раҳмат Файзий, Шуҳрат, Иброҳим Раҳим, Саид Аҳмад, Рамз Бобожон, Асқад Мухтор, Шукрулло, Пўлат Мўмин, Сарвар Азимов каби ёзувчилар ўз ижодий имкониятларини тўла намоён эта олмай ўтдилар. Негаки, уларнинг танглайи сиёсий хатога йўл қўймай, рухсат этилган ғоявий ҳақиқатларни ҳамма тушунадиган йўсинда баён этиш талаби билан кўтарилган эди. Бу авлод шахс сифатида шаклланаётган пайтда давлат одамнинг фикру туйғуларига ҳам андишасизларча хўжайинлик қилар, ижодкор сифатида қарор топаётган вақтда адабиёт тўлиқ мафкуранинг югурдагига айлантирилиб, унинг миссияси ғоят жўнлаштирилган эди. Шунинг учун ҳам бу ижодий авлод истеъдодсизлиги туфайли эмас, балки истеъдодни тўла намоён этиш хавфли бўлгани учун ўз ижодий имкониятидан тўла фойдаланолмади.

Уларнинг эҳтиёткорлиги ортиқча эмаслигини ўтган асрнинг 40-
йиллари охири ва 50-йиллари, бошида айни шу авлоднинг бир қанча
вакиллари қамалгани ҳам кўрсатиб туради. Афсуски, эҳтиёткорлик ва
чўчиш туфайли келиб чиққан мажбурий жўнлик фақат ташқи жиҳатгина
бўлиб қолмади. Йиллар давомида у бу авлоднинг ички моҳиятига айланди. Ҳали адабиётшунослик илми бу авлод вакилларининг ижодий тақдирини батафсил тадқиқ этиши керак бўлади.

Ижод ғоят бетакрор ва ўзига хос жараёндир. Шунинг учун Шукрулло ака мансуб авлодни ҳам бирдай тушуниш, тушунтириш ва баҳолаш мумкин эмас. Чунки қиёфасиз бўлишга мажбурлик ҳам баъзан чинакам ижодкорларни ўз қиёфасидан маҳрум эта олмаса, баъзиларни таниб бўлмайдиган ҳолатга солганди.

 

***

Шукрулло ўзига хос овоз, тасвир йўналишига эга ижодкор сифатида салкам етмиш йилдан бери қалам суради. Лекин кейинги йилларда у кишининг ижодий қиёфасида жиддий янгиланиш содир бўлди. Шукруллонинг шахс ва ижодкор сифатидаги ўзига хослиги шундаки, у ўзи йиллар давомида амал қилиб келган айрим бадиий қаноатлардан воз кечиб, янги эстетик тамойилларга таянишга ўзида куч топа билди. Натижада, шоирнинг ижодида шу вақтга қадар кўрилмаган хусусиятлар кўзга ташлана бошлади.

Шукрулло аканинг ёзганлари у кишининг табиатан қизиқувчан, ўзини жамият ташвишларидан четга тортмайдиган одамлигини кўрсатади, У киши адабиётга кўнгил эрмаги, туйғулар ўйини эмас, улкан бир ижтимоий юмуш деб қарайди. Шунинг учун киши ижодга ўзини тўлиқ бағишлаши, илҳом оташида ёниши керак деб ҳисоблайди. Оқсоқолнинг “Жавоҳирлар сандиғи” асаридаги: “Илҳом қаланган хўл ўтин эмас, ...неча вақтдан бери қизишиб, бир шамол елпиши билан гуруллаб ёнган олов”,- деган фикрида ҳам адабиёт ижодкордан тўла бағишловни талаб этиши таъкидланган.

Адиб ҳамиша эзгуликка интилган ва унинг тантанасига ишонган одам. Бу хусусият унинг 1941 йилда ёзган “Истайманки, олам ҳамиша Баҳор чоғи, тонготар бўлсин”,- деган тўхтамидаёқ намоён бўлганди.

Шукрулло аканинг узоқ ва маънили ҳаёти, заҳматли ижодий умрининг сарҳисоби сифатида қўлингиздаги сайланма дунёга келди. “Сайланма”да кўпни кўрган адибнинг турли йиллардаги ўй-хаёллари, орзу умидлари, кайфияту ҳолати акс этган шеърлар берилган. Бу шеърларни илғамоқ шоир Шукруллони тушунмоқ демакдир.

Шоир узоқ умри мобайнида талай долғали ҳодисаларни бошидан
кечирди. Шу боис ҳамиша тинчлигу хотиржамликка интилиб яшади,
асарларида ҳам шу орзуга эришишни кўп тасвирлади. Лекин у қабристон тинчлигини эмас, балки ҳаёт барқ уриб турган, қўрқувдан эмас, балки яшнаб турган эркин ҳаётдан ҳосил бўладиган собит тинчликни тилайди. “Истак” шеърида шоир бу жўндаги қарашу туйғуларини шу тарзда ифодалайди:     

 

Сувлар шилдирасин, қушлар сайрасин,
Олам сув қуйгандек, майли, бўлсин тинч.
Зиндоний тинчликдан лекин асрасин,

Ғанимлар солмасин кўнгилга қўрқинч!

 

Негаки, “Тақдир” шеърида таъкидланганидек, “Қўрқиб яшашликнинг ўзи ҳам ўлим”. Шукрулло кўнгилдагидай яшай билмаслик яшамасликдан ёмон эканини теран ҳис қилади ва таъсирли ифода этади.

Одам кўп кўриб, кўп билгани сари кам билишини англаб бораверади. Шунинг учун ҳам Шукрулло агар ўтган асрнинг 50-60-йилларидаги шеърларида ўқувчиларига қандай яшаш ва ҳаётни қай тарзда йўлга қўйишни ўргатган бўлса, ҳозирги шеърларида тирикликнинг барча паст-баландини кўрган донишманд шоир сифатида бировга йўл кўрсатиш эмас, ўзини тафтиш қилишга, ўз кўнгил оламини қадам-бақадам текширишга уринади. Шоир ўзи кузатган ҳаёт ҳақиқатларини билгичлик билан ғоят сокин, лекин юрагидан ўтказиб ифода этади. Шунинг учун ҳам унинг кўпчилик шеърларида поэтик муддао шеърнинг аввалидаёқ ўртан қўлдай кўзга ташланиб турмайди. Шеърни ўқиган киши у ҳақда ўй суришга, тасвирдан маъно келтириб чиқаришга мажбур бўлади.

Шоирнинг “Қарғалар” деб аталган шеърининг на номи ва на тасвир йўналиши унда гап меҳр-оқибат ҳақида боришини англатади. Шукрулло шеърда қўрқинчли мозор ва унинг теграсидаги оғочлар бошига қўнган қарғаларнинг кўнгилларга титроқ солгувчи манзарасини чизади:

 

Ғариб оқшом чўкди аста мозорга,

Ҳатто маъюс каби булутли осмон.

Терак тепасида ўлтирар қарға

Сўниб қолган шамнинг сўхтасисимон.

 

Шоирнинг руҳини безовта қилиб, қўлига қалам тутқазиб, шундай совуқ манзарини чизишга ундаган нарса “Сўниб қолган шамнинг сўхтасисимон” қарға тимсолидир. Шеърда бир-бирига тирикликда меҳр кўрсатмай, ўлгандан кейин қўрқинчли гўристонга ҳам келадиган одамлар қарғага ўхшатилади: “Аммо ўлганда-чи, бўлиб меҳрибон, Мозорга келамиз қарға сингари”. Айтиш керакки, бу шеърда бадиий тасвир ва ундан келиб чиқадиган поэтик маъно асосли уйғунлаштирилган.

Шукрулло ака изланишдан бўйин товламагани, ўрганишдан
қочмагани учун ҳам бугунги шеъриятга хос тасвир услубини ўзлаштириб бормоқда. Бу ҳол унинг инсоний сезим ва руҳоний туйғуларни моддийлаштириб кўрсатишда янгича йўллар очаётганида намоён бўлмоқда. Шоир баъзи шеърларида сабабни кўрсатиб ўтирмай, оқибатни тасвирлайди. Чунки у ҳақиқий сабабни билиш инсонга буюрилмаганини, у фақат Яратганнинг ўзигагина маълумлигини англайди. Шу хил англаш унинг кўнглига қаноат туйғусини солади. Шу боис “Из” шеърида: “Яна баҳор келди! Қолган умр ҳам Ўтади сездирмай, эригандек қор”,- дер экан, кўклам келиб, эриган қорни сездирмай ўтиб бораётган инсон умрига ўхшатади.

Шукрулло қатор шеърларида ижтимоий тафаккури янгиланган миллатнинг сезимларини, туйғуларини англашга, бунинг учун ўзгаларнинг ҳиссиётини улар каби туйиш ва ифодалашга интилади. Бу ҳол ундан шу вақтга қадар ўз ижодий тажрибасида фойдаланиб келган тасвир воситаларини янгилаш, ифода йўсинларини тубдан ўзгартиришни талаб қилади. Даврнинг талабини тўғри англаган шоир шеърларининг ифода тарзини янгилашдан оғринмайди. Қуйидаги тасвирлар ана шу янгиланишлар меваси ўлароқ пайдо бўлган:

 

Қуёш ботиб шафақдан

Олам ёнарди гўё.

Айрилиқдан, фироқдан

Сенга тор бўлди дунё.

 

Йиғлама, кўз ёшингдан

Кўксимга тушди оташ.

Олам шафақдан эмас,

Уни ёндирган кўз ёш.

 

Бу ўринда шоирнинг маъжоз билан фикрлаётгани, борлиқни кўринганидай эмас, балки туйилганидай акс эттиришга урингани яққол кўзга ташланади. Шоир “Рашк” шеърида: “Шафтоли гулининг ранги оқ пушти, Ошиқлар қалбига энди ўт тушди”,- деб ёзар экан, мисраларда акс этган ҳолатни ҳамма учун ягона универсал ҳаётий реаллик деб даъво қилмайди. Балки, қисмда бутун, томчида дарё ақс этишига уринади.

Шоирда нафақат одамлар, балки бепоён оламдаги барча нарсалар ҳам зоҳир этади. Ўзини ҳам ҳеч нарсадан айри кўрмайди. Шу боис шоир ҳеч иккиланмай, дарахтнинг япроқларини ўзи битган мактублар, уларнинг сирли шитирлашини эса, дарду севинчлари сифатида тақдим этади:

Сен мени соғинсанг, дарахтларга боқ,

Елпинган ҳар япроқ менинг хатларим.

Қулоқ сол. Куйлаган япроқмас мутлоқ,

Меҳр қўй, у менинг севинч, дардларим.

 

Маълумки, ижодкор қандай образни қаламга олмасин, аслида ўзини тасвирлайди. Ҳар бир одамга олам боридай эмас, балки ўша одамнинг ҳолату кайфиятига мос равишда кўринади. Ницше айтмоқчи: “Дўнёда тасаввурлардан ўзга ҳеч нарса йўқ”. Шу боис ҳам инсоннинг ҳақиқат ҳақидаги тўхтамлари ўта нисбийдир. Бинобарин, кекса одам нафақат ёшлиги, балки болалигини ёзаётганда ҳам кексалигини ифодалаётган бўлаверади ва аксинча. Шукруллонинг “Кайф” шеъридан олинган қуйидаги қаторларда гўзалликдан эмас, балки кексалиги эсга тушганидан озорланган киши кайфияти муҳрланган:

                                                                                                                                           

Қушлар овозига ҳамоҳанг, ҳамроз,           

Қани чулдираган тиниқ ариқлар?

Қани ўша йиллар, қани ўша ёз?

Назаримда, қушлар куйламас, йиғлар.

 

Бу парчада ёшлиги олисларда қолган киши ҳолати акс этган. Шунинг учун ҳам бир замон боғдан ўтган қизлар сочининг ҳидидан маст бўлиб юрган, таъсирчан қаҳрамонга бугун қушларнинг сайраши йиғи бўлиб туюлади. Чунки у - қайтмас бўлиб кетган йилларни қўмсаётган ўксик қалб эгаси. Шеърда ижтимоий фожиа йўқ, лекин шахсий йўқотишнинг жуда улкан ва самимий, ортиқча навозишлардан холи ифодаси бор.

Айни вақтда, кўпни кўрган оқсоқол шоир дунёнинг бевафолиги, умрнинг  ўткинчилигига  кайвониларча  бағрикенглик  билан  ёндашади. Қаламга олинаётган туйғулар ғоят чигал, руҳий вазият қалтис, лекин Шукрулло атай содда ифода йўсинини танлайди. Ҳаётнинг кўп синовларидан ўтган тажрибали одам сифатида ўқувчини: "Дунё гўё қизил ё сариқ олма, Бу яхши, ёмон деб ёнини олма. ...Кўнгилдагин айтиб балога қолма!”- дея огоҳлантиради.        

Шоир шеърида табиатни тасвирлар экан, аввало, одам кўнглини, сезимларини кўзда тутади. Шоир учун куз шунчаки фасл эмас, у инсон умрининг муайян босқичи рамзи. Шу боис Шукрулло куз манзараси тасвирига кутилмаган маънолар юклайди. Кузнинг тароватсизгина кўринадиган белгиларидан гўзал жозиба, эпкинли ҳарорат топади:

 

Япроқларни тукди эртанги шамол,

Димоққа урилди кузнинг ҳавоси.

Сўрамасдан келар баъзида не ҳол?

                                    Бошланиб қолади тарнов навоси.

 

Шеърда кузга ўзбек деҳқонининг назари билан қаралганлиги учун ёмғир бевақт ёққандай туюлгани акс этади. Шукрулло айрим шеърларида йилнинг хазон фасли бўлмиш кузни инсон умрининг хазон палласига мувозий санамайди. Уни ғоят жозибали, таровату ҳуснга тўла бир фурсат тарзида тасвир этади. Зеро, нафақат йилнинг, балки умрнинг кузи ҳам ўзига хос гўзалликка тўладирки, одамизод шунинг учун ҳам яшагани сари яшагиси келади.

Шоир ғоят ингичка бир нигоҳ билан оғочларни тарк этишга тайёр бўлиб турган омонат япроқларни кетаётган қўноққа ўхшатади:

 

Тизилишиб турар кузги япроқлар,

Гўё булар йўлга отланган карвон.

Ёзги сафарини тугатди улар,

Боғларимда бўлйб ёз бўйи меҳмон.

 

Некбин туйғули шоир кетиш фасли бўлмиш кузнинг таровати тасвирига ҳаётга муҳаббат, кечирилаётган кундан розилик туйғуларини жойлай билади: “Безаниш, муҳаббат, атроф олтин ранг, Бир нафас қувониб ким олмас баҳра? Кузги япроқларда бир дунё оҳанг, Гўё олам кўшиқ, ранг тўла саҳна”.

Шукрулло айрилиқ туфайли чеккан чуқур изтиробларини ҳам таъсирчан йўсинда поэтик ифодалайди. Чунончи, шиорнинг “Расул Ҳамзатовни хотирлаб” деб номланган шеърида одам одамга тиргак, суянч экани ғоят самимий тарзда ифода этилган. Шоирнинг бу шеъри яқин дўстини йўқотган одамнинг кўнгилни бўшатиш истаги сифатида табиий равишда туғилгани учун ҳам ундаги ҳар бир ташбиҳ нишонга аниқ тегади. Унда Шукруллонинг самимиятга тўла шахсияти намоён бўлган:

Кечагина, Расул, саломатликка

Қадаҳ кўтаргандик қолдирмай юқин.

         Мана энди менга қолдириб кетдинг

Соғинч, айрилиқнинг тоғдек зил юкин.

 

Сўнгги мисрадаги “тоғдек” сўзи ўкувчига айрилйқ юкининг залворини сездирадиган ўхшатишдан ташқари, Расул Ҳамзат бир умр куйлаган тоғларни эсга тушириши, яъни дунёдан ўтган шахснинг рамзи ўлароқ қўлланганлиги билан ҳам айрича поэтик аҳамият касб этган.

Оқсоқол шоиримиз ўрни, келганда поэтик экспериментлар қилишдан ҳам чучимайди. Ундаги бу хусусият Расул Ҳамзатовнинг  Набирам Шаҳризодга” номли насрий шеъри таржимасида намоён бўлади. Хаёлий савол-жавобга қурилган бу мансурада бобо билан неваранинг тақдирлари мувозий қўйиб тасвирланади. Шеърда йиғлоқи неварага узун ҳаёт йўлини босиб ўтган бобонинг ота-онаси ҳақида гапира туриб: “Ахир сенинг отанг бор, онанг бор. Мен аллақачон отамдан ҳам, онамдан ҳам айрилганман, Сен эмас, мен  йиғлашим  керак”, дўстлар  хиёнатига  тўхталиб:  “...неча марта дўстларим хиёнат қилди, Менинг душманларим бор. Мен йиғлашим керак”, уруш даҳшатларини бошидан ўтказганини айтиб: “Сен уруш даҳшатини, одамларнинг қандай ўлганларини кўрмагансан. Қанча дўстларим у ерларда қолиб кетишди, Мен йиғласам арзийди”, туҳматга қолганидан зорланиб: “Сенга ҳеч ким бўҳтон ҳам қилмайди, Сен ҳали ёлғон нималигин билмайсан, қалбинг пок. Сен ухлаганингда ҳеч ким сени безовта қилмайди, Мен йиғлашим керак-ку” - деган таъкидлари ифода этилган. Шеърнинг биргина сўнгги, асарнинг поэтик моҳиятини ўзида акс эттирган банди серйиғи невара тилидан берйлади:

 

Буважон, сен ҳаммасини бошдан кечириб бўлдинг,шукр қил.

Менинг бошимда ҳали булар турибди.

Сен айтганингдек, ёлғон, хиёнат, уруш яна такрорланса-чи? Буважон, сен шундай қилгинки, сира-сира такрорланмасин.

 

Шеърда ёш авлоднинг зиммасида ҳам ўзига яраша ижтимоий-маънавий юк борлигини таъкидлашдан ташқари, катталарнинг бўлажак    олдидаги  масъуллигиии ҳам акс этган. Шеърда шоир Шукруллога ҳам ўртоқ туйғулар тасвирга олингани учун мансурнинг Шукрулло шеърияти фақат кўнгил навозишлари ифодаси эмас, таржимаси оригинал янглиғ жаранглайди. Тўғрироғи, шоирнинг поэзияси кўнгил тулғонишларини акс эттиради, лекин унинг кўнгли кўпники билан туташиб кетган. Бу хол шоирнинг манзарали шеърлари яққол кўзга ташланади. Шукрулло чизган поэтик манзаралар аниқ, таъсирчан ва кўпмаъноли экани билан эътиборли:    

 

Чирт-чирт узилади боғларда япроқ,

Дарахтлар юк ташлаб тортибди енгил.

         Майсалар ичида сувлар қўнғироқ,

         Бир ором кайфида яйрайди кўнгил.

 

Ҳосилидан қутулиб, қоматини тиклаган мевали оғочлар, майсалар ичида шода-шода қўнғироқ бўлиб жилваланган кузги чиқ (шудринг)нинг тасвири ўз ҳолича ҳам таъсирли. Лекин шоир учун куз манзарасининг ўзи муддао эмас. У мевали оғочларнинг бу ҳолати тасвиридан ҳаётий маъно чиқаради:

 

Теварак боғларда тўкилар япроқ,

         Меҳнаткаш дарахтлар тиклайди қаддин.

         Йўловчи, бир нафас сен уларга боқ,

Сенинг гердаймакка бормикан ҳаддинг?!

 

Агар олдинлари Шукрулло ўз шеърларида ўқувчига йўл кўрсатиш, даъват қилиш, ақл ўргатишга уриниб, барча фикрини очиқ айтган бўлса, кейинги йилларда ишора қилиш, имлаш, ўқувчининг тасаввурига ишониш майли ўстуворлик қилмоқда. Бир шеърида ёзги боғда сайраган булбуллар,оғочлар соясида роҳатланган меҳмонлар образлари шунчаки йўлакай тилга олинади! Бир қарашда, шеърнинг замирида ҳеч қандай тагмаъно йўқдай туюлади:

 

Ёз кетди. Дарахтлар сўлғин тус олди,

Ненингдир дардида ранги заъфарон.

         Сайраган булбуллар қайга йўқолди?

         Қани соясида бўлганлар меҳмон?

 

Кўм-кўк либослари ерга тўкилди,

Ўғри урган каби қолди яланғоч.

Булбуллар ўрнига қарғалар келди,

Энди соя солмас мевасиз оғоч.

 

Бу тасвирлар шоир билан бирга ўқувчини ҳам безовта қилади. Чунки у “сояда меҳмон бўлганлар” ва “сайраган булбуллар” кўрган яхшиликларига яраша оқибат қайтармаган кишилар рамзи эканини сезгандай бўлади.

Шукруллонинг сайланмага кирган айрим шеърларида билмай қилинган гуноҳ учун ҳам жавоб бериш кераклиги таъкидланади. Шоирнинг “Дарахт қайдан билсин дор бўлишини” сатри билан бошланадиган “Қарғиш” шеърида шу ҳолат акс эттирилган. Уч бандлик шеър қуйидаги аянч манзара тасвири билан ниҳояланади: “Қўналга қилмасди, кўнмасди кушлар, Гўё қон исидан безиб қочарди. Ёғаётган ёмғир гўё қарғишлар, Бегуноҳ кўзёшлар бўлиб оқарди”. Бу сатрлар гўё оғоч ҳақида. Лекин шоир табиатни одамдан айри кўрмайди. Чиндан ҳам атроф жавонибнинг қандай кўриниши, унинг ўзидан ҳам кўра кўпроқ, бизнинг тасаввур ва қайфиятимизга боғлиқдир. Қачонлардир билиб-билмай қилинган ёмонлик учун ҳамон жазо тортаётгани тасвирланган оғоч оғочдан кўра, одамдир. Лекин шоир буни таъкидламайди, қиссадан ҳисса чиқаришга, ўгит беришга уринмайди.

Шукрулло - ҳаётда ҳам, ижодда ҳам самимий одам. Бу феъл уни шеърий хдққоният йўлидан юргизади. Шу боис битганларида пардоз, жимжима кам учрайди. Шоирнинг кейинги йилларда ёзилган шеърларидан бири “Мендан гина қилма, мендан ранжима”,- деб бошланади. Чин гап шуки, менга ушбу чақириқнинг қандай ҳаётий асоси борлиги, шеър нима муносабат билан ёзилгани маълум эмас. Зеро, шеърхон учун муайян бир шеърнинг ким ва нима учун ёзилганидан кўра, қандай ёзилгани муҳимдир. Менга бир ўқувчи сифатида бу шеър ўзининг ҳозирги холи ва имкониятйни жуда яхши биладиган ҳамда бундан хижолат чекмайдиган ўтоғаси киши кайфиятининг чин манзараси бўлиб кўринди:

Қариб оқибати қолмабди дема,

        Сен кўрган дарёлар айқириб тинди.

        Етди қирғоққа ҳам омонат кема,

         Афсус ва надомат ортилар энди.

 

Умрининг шоми сари бораётган шоир туйғуларининг самимийлиги, бу изҳори дилда зарра бўлсин ёлғон, хўжакўрсинлик, донишмандлик даъвоси йўқлиги кишини ром этади. Бу сатрларда қирғоққа яқинлашган омонат умр кемасига афсус-надомат юклари ортилажаги ғоят самимий, улкан бир инсоний дард, қоим бардош ҳамда сокинлик билан ифода этилган.

Шуниси эътиборга лойиқки, шоир шеърларида кайвонилик қилишга, йўл кўрсатишга уринавермайди. Шоирона нигоҳи илғаган бирор поэтик манзаранинг ўзини чизиш билан ҳам кифояланади. Унинг бир қатор битиклари лаҳзани мангуликка муҳрлай олганининг ўзи билан поэзиядир. Чунончи, Шукрулло бир шеърида табиатнинг ўта аниқ ва қўрқинч манзараси тасвирини қуйидагича беради:

 

Осмонда бошланди булутлар жанги,

         Бирдан теваракни босди гулдурос.

         Ҳатто, чўчиб ўчди қуёшнинг ранги,

         Бўрон олиб келган даҳшатдан бехос.

 

Олдинлари шоир бундай ваҳимали даромаддан сўнг бирор ижтимоий параллелни келтирган ва ундан хулоса чиқарган бўларди. Шукрулло бу йўлдан бормай, шеърни пейзаж тасвирилигича қолдириб, унинг якунида гўзал ҳолат манзарасини бера олганлиги унинг поэтик маҳоратидан далолатдир: “Булутларни ёриб балқиди қуёш, Шодликдан милтиллади ёш”.

Шоир “Баҳор кечаси” деб аталган шеърида кўклам тунини ҳеч бир ижодкор назари илғамаган йўсинда тасвирлайди: “Қуёш ботиб кетди. Бир тутам нури Варрак думларига илашиб қолди”. Тошкент кўкламининг бундан ҳам самимий ва бундан ҳам колоритлироқ қилиб чизилган шеърий манзараси йўқ. Шоир бу шеърида поэтик кайфиятидан келиб чиқиб, кўкламги тафсилларнинг ҳаммаси ва ҳар бирида гўзаллик, нур, эзгулик кўради ва ўз туйғусини ўқувчиларга ҳам юқтиради. Шеърни: “Қандай одам севмас умр баҳорин! Қалбларни бир умр тарк этма, севги!” - тарзидаги даъват билан тугатади. Бу чақириқда яланғочлик, атайинлик бўлмагани учун ҳам ўқувчига кучли таъсир қилади.

Хуллас, оқсоқол шоиримиз Шукруллонинг шеърияти билан бўладиган учрашув ҳар бир ўқувчига ёқимли туйғулар бағишлаши тайин. Кекса шоирнинг навқирон поэтик боғига қиладиган сайрингиз хайрли бўлишига умид қиламиз.

                                                                                                   Қозоқбой ЙЎЛДОШ

Профессор, фан доктори 2007 йил 1 май