Озод Шарафиддиновнинг илмий-эстетик қарашлари

Озод Шарафиддиновни билган одам борки, унинг ашаддий китобхон бўлганидан гап очади. Домланинг катта меҳмонхонаси, ташрифчиларни қабул қиладиган хос бўлмасидаги хоналар лиқ тўла китоб. Улар шундай тартибда жойлаштирилганки, буни асарларни ўқиган, моҳиятини англаган одамгина уддалаши мумкин эди. Антиқа кутубхона эгаси қайси китоб қаердалигини, ғаройиб мақола босилган журнал қайси газета боғлами орасига “яширинган”лигини аниқ айтиб берарди. Ўқиш, уқиш – машаққатли юмуш. Лекин Устоз китоб ўқиш мураккаб жараёнлиги ҳақида ҳечам гапирмасди. Бир нарса аниқ: минглаб китоблар жавонларда-ю, уларнинг мағзи, қаҳрамонлари тақдири, воқеалари  олим онгида, қалбида – “табиий компьютер”ида эди. Лозим бўлиб қолса, “табиий компьютер”даги битиклар аслиятга – жавонлардаги жавоҳирларга солиштириб олинарди.

О.Шарафиддинов қирқ йил ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетида дарс берди. Университетга китоб кўтариб келарди, дарсга ҳам олиб кирарди. Уйига аспирант, тадқиқотчи, ўқитувчиларнинг ёзувларини, китобларни олиб кетарди. Аммо у портфель тутмасди, дарсга зинҳор конспект кўтариб кирмасди. Китобни энг кўп ўқиган, бадиий асарлардан дарс берган Озод ака ўзининг китоблари, мақолаларида иқтибос (цитата)лардан ниҳоятда кам фойдаланарди. Аммо унинг асарлари матнига машҳур асарлардаги мисралар, ноёб фикрлар, тимсоллар сингдирилиб юбориларди. Устоз услубида исботлаш, мантиқий далиллаш уқуви кучли эди. У “биринчидан”, “иккинчидан”, “учинчидан” дея мантиқий исботга берилса, паришонхотирроқ одам шошиб қолади, фикрлар босимидан энтикиб кетади.

ХХ асрнинг интеллектуал ижодкори М.Шайхзода ижодхонани “гўзаллик артели”, деган эди. Маънавий–руҳий маҳсулотлар гўзаллик артелида яратилади. Ёзувчи, танқидчи, олимнинг артели бир-биридан фарқ қилади. Танқидчи артель–ижодхонаси китоб ўқишдан бошланади. О. Шарафиддиновда китобхонлик истеъдоди етакчи эди. Ҳарф танигач, у қўлига бадиий китоб олди– “Том Сойернинг саргузаштлари”ни берилиб ўқишга киришди. Том – дунёнинг нариги томонидаги олис юртда яшайдиган, “ўзбек” деган сўзни эшитмаган бир бола. 7-8 ёшлик Озод шу бола билан дўстлашди, ундан бир қадам ҳам ажрала олмайдиган бўлиб қолди. Кейинчалик “Қутлуғ қон”ни ўқиди. Китобга иштиёқ табиатига сингди. Билди-ки, ёшлигидан китобга муккасидан кетган одамлар ҳамиша бўлган экан. Андрей Упит, Павло Тичина, Михайло Стельмах, Петрус Бровка, С.Маршак, К.Чуковский сингари ёзувчилар болаликдан китоб ишқибози эканлар. Ёш Озод китобни берилиб, қунт билан ўқирди. Унинг эсидан ота–онаси буюрган иш, қорнининг очганлиги чиқиб кетиши мумкин эди–ю, ўқиётган китобини асло унутмасди. Умрининг охиригача у қадрдон асарлари, унда тасвирланган ажойиботларни сира хотирасидан чиқармади.

 Китоблар туфайли дунё мамлакатлари, халқларини ўрганди. Янги китобни қўлига олар экан, у аввало бу китобнинг ватанини, муаллифини билиб оларди. Китоб нима ҳақида ёзилганлигига эътибор берарди. Бошқача айтганда, О.Шарафиддинов китоблар воситасида олам кезди, миллий адабиётлар, юзлаб ёзувчилар билан танишди. Сибирнинг Эрқут шаҳрида Озод ака Михайло Стельмах билан учрашиб қолди. Орадан озгинагина вақт ўтгач, улар чунонам суҳбатга берилиб кетдиларки, мен ҳайрон қолдим. Ахир олдин сира учрашишмаган. Аммо Озод ака Стельмахнинг роман, қиссалари айниқса, “Инсон қони сув эмас” трилогиясини чуқур биларкан. Машҳур украин ёзувчисини ўзбек мунаққидининг фикрлари дарҳол ром этиб қўйди.

О.Шарафиддинов кўп ўқигани сайин унда илмий–ижодий қараш, танлаш шакллана борди. Аввало олимда тарихий–қиёсий метод тез ўсди. У нимани ўқиса, қиёслай бошлади. Қиёслар умумлашма–типологияларга, асл илдиз–генезисга йўналтирди. Олим Шарқ – мусулмон адабиётини, Европа адабиётини, славян халқлари адабиётини, Хитой, Ҳиндистон, Япония адабиётини яхши биларди. У ўқиган асарларини тур ва жанрларга қийналмасдан ажратарди. Аммо Қадимги юнон драмаларини ХV аср инглиз драмаларига, Пушкин, Н.Островский, А.Чехов драмаларига қиёслаш анча мушкул эди. Драма турининг ўзбек адабиётида бўлмаганлиги масалани яна ҳам жиддийлаштирарди. Озод ака шеъристон заминида туғилганлиги боис, жаҳон шеърияти кенгликларида эркин ҳаракат қилди. Воқеа, ҳангома, қиссачиликка эҳтиёж унинг ботинида бор эдики, наср тобланиш-у тусланишларини тез англаб етди. Роман жаҳон адабиётининг нисбатан навқирон, ҳамон шаклланишдаги жанри эди. О.Шарафиддинов роман тарихи, унинг тараққиёт йўлларини яхши ўзлаштирганди. Хуллас, Озод Шарафиддинов юзлаб асарларни ўрганиб, уларни қиёслаб, солиштириб танқидчиликка кириб келди. У жаҳон адабиётидаги асосий босқичларни, ренесанс даврларини яхши ўрганди. Муҳими, барча замонлардаги бадиий адабиёт табиатида рўй берадиган ўта нозик хусусиятларини англарди. Ғафур Ғуломнинг “Вақт” шеъридаги мана бу тўртлик мазмунини англаш – мураккаб математик формулани ечишдан оғирроқ:

Ярим соат ичида туғилиб, ўсиб,

Яшаб, умр кўриб, ўтгувчилар бор:

Кўз очиб юмгунча ўтган дам–қиммат,

Бир лаҳза мазмуни бир бутун баҳор.

Умр моҳиятини бунчалар нозик, гўзал акс эттириш мумкинми? Содда китобхон “ярим соатгина” умр кўрадиган жонзот нималигини ўйлаб кетади.

Абдулла Орипов “Номаълум одам” шеърида туғилиш билан ўлиш орасидаги масофани нозик, кутилмаган тарзда таърифлабди:

Ўлим бу–нишонга теккан ўқ,

Туғилиш–шиддат–ла тортилган камон.

Бутун бошли умр–отилган ўқнинг нишонга тегиши, холос. Бу–поэтика, бадиий асарнинг жавҳари, китобхонни ром этувчи сеҳр.

Абдулла Орипов “Мўмин Мирзо” шеърида “бирпас” билан “беш юз йил”ни бақамти қўяди. Бу қиёсдан муддао нимада?

Беш юз йил берида эсладим бирпас,

Лекин бу беҳуда мотаминг эмас.

Қалбимни ўртади аллақандай сас ...

Мўмин Мирзо, укам, сени ўлдирдилар.

Бадиий адабиётда тасвирланган он, дақиқалар–гўзаллик артелининг оламга, асрларга татийдиган бойлиги. Санъаткор инсон руҳига қанча теран кириб борса, гўзаллик осмонига кўтарилаверади. Дунё адабиёти яратилибдики, санъаткорлар орасида узлуксиз танлов ўтказилади. Жаҳон адабиёти танловида ғалаба қозонган даҳолар нафосат самосининг сўнмас юлдузларига айланадилар. Олиму донишмандлар нафосат самосини Катта Вақт, Юксаклик мақоми дейдилар. Рус адабиётшунос–назариячиси Михаил Михайлович Бахтин адабиётшуносликнинг ўзак масалалари қаторига Катта Вақт муаммосини киритади. Аввало, Катта Вақтни англаб етиш мушкул муаммо. Уни фақат истеъдод, кучли билим билан англаб бўлмайди. Бой ҳаётий тажриба, талқиний тафаккур Катта Вақт муаммосини ҳал қилишга қодир. Бу ҳақда рус адабиётшунослари С.Бройтман, Н.Тамарченко, В.Тюпа “Теория литературы” (Москва, “Академия”, 2004 йил) китобларининг “Историческая поэтика” қисмида ёзганлар.

Озод Шарафиддинов илмий–эстетик қарашларининг асосини Катта Вақт моҳиятини англаш белгилайди. Катта Вақт ёхуд Шарқона, рамзий айтганда, нафосат самосининг сўнмас юлдузига айланиш ниҳоятда жиддий, мушкул муаммодир. Биринчидан, Катта Вақт ўлчамига кўтарилишни миллий адабиёт доирасида ҳал қилиш мумкинмас. “Сўнмас юлдуз”ликни ёки Катта Вақт юксаклигини жаҳон адабиётининг энг етук санъаткорлари, асарлари эгаллайдилар. Жаҳон адабиёти миқёсида танлаш тарихий–қиёсий метод асосида рўй беради. Қиёслаш–теран билимни, тажрибани, кўп ўқиган, билганликни намоён этишдир.

Инсоният тарихида ХХ аср ниҳоятда мураккаб кечди. Илм–техника соҳасидаги буюк кашфиётлар шу асрда пайдо бўлди. Даҳшатли атом қуроли яратилди ва синовдан ўтказилди. Инсон она – ер бағридан узилди: фазогир деган касб пайдо бўлди. ХХ асрда синфий кураш деган кураш тури авж олди: инсоният бир-бирига зид икки гуруҳга бўлиниб кетди. Энг даҳшатлиси, ХХ асрда мустабидлар кўпайди. Қатағонлар авж олди. Отилган, осилган, куйдирилганлар сони ниҳоятда кўп бўлди. ХХ асрда инсоннинг энг зарур эҳтиёжи – эрки поймол этилди. Эркни куйлаганлар ёстиғи қуритилди. Озод Шарафиддинов эрк туйғуси нақадар зарурлигини эрта англади. Адабиётшунос, мунаққид сифатида Чўлпондан ўтадиган эрк куйчиси йўқ эканлигни ҳис қилди. Коммунистик мафкура Чўлпонни жисман йўқ қилиш билан чекланмади, унинг асарларини ҳам банди қилди. Чўлпон асарларини ўқиганлар шубҳа остига олинди. Озод Шарафиддинов Чўлпон шеърларига мафтун бўлди. Чўлпонона эрксеварлик руҳида ёзилган “Жалолиддин Мангуберди” (М.Шайхзода) фожиасини ҳузурланиб ўқиди. Жалолиддиннинг мана бу монологини жўшиб айтарди:

Киши туғилмайди бошда тож билан,

Туғилар эркка эҳтиёж билан.

Одамлар ўйларки, бўлмаса тожим,

Қаландар бўлурман, қолмас иложим.

Бечора отам–чи, фаҳми шунча кўр?

Билмаски, шу билан тахтга қазир гўр?...

Отами азиздир ёки салтанат? ...

Эл узра булутлар келса ҳаводан,

Майдонга кирмайми қўрқиб балодан?

Йўқ, келсин бўронлар; ёғсин тошлар ҳам,

Булар назаримда саҳарги шабнам.

Жалолиддиннинг фикрлари айнан Чўлпонникига ўхшарди. Чўлпон қора булутлар кўкни тўсиб қўйганида, бўронлар қутурганида, тошлар ёғилганида яшади. Ўзини аямай курашга отди. Озод Шарафиддинов Чўлпонни ҳам шахс, ҳам санъаткор сифатида Катта Вақтнинг совриндори эканлигини теран англади. Муҳими, Чўлпоннинг улуғ санъаткор эканлигини кўплар англарди, лекин майдонга отилиб чиқишдан қўрқарди. О.Шарафиддинов “Чўлпонни англаш” китобида ўтган асрнинг 20-80-йилларидаги чўлпоншуносликни синчиклаб ўрганди. Чўлпонга қарши чиққан, унинг гўзал шеъриятини бузиб–ёриб талқин қилганларнинг руҳиятига кирди. Афсуски, аксарият адабиётшунослар ҳақиқатни айтишдан кўра мунофиқликни ўзларига эп кўрдилар. Абдураҳмон Саъдийнинг “ўйинчи”лиги илгаридан маълум эди. Миён Бузрук-чи? У чин олим, фикри дадил, сўзи кескир эди–ку? Шу одам ҳақ гапни айтса, эҳтимол, вазият ўзгарармиди? Озод Шарафиддиновни ўртаб юборган нарса шу эдики, 70-80-йилларда ҳам Чўлпонга қарши турганлар анчагина топилди. Валоҳанки, барча миллий адабиётларда ноҳақ жабр кўрганлар оқланиб бўлган, асарлари босилган, тадқиқотчилар улар ижодини янги замон руҳида талқин қила бошлаган эдилар. 80-йилларнинг охирига келиб Чўлпон асарлари чоп этилди. Устоз Шарафиддинов ўнлаб асарларида Чўлпоннинг Катта Вақт ўлчамлари асосида баҳоланиши мумкинлигини исботлади.

Ҳамза, А.Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Ойбек ҳақидаги мақолаларида О.Шарафиддинов Катта Вақт талаблари ҳақида ёзди, ёзувчилар асарларининг руҳ–руҳига кириб талқин қилди. Абдулла Қаҳҳор асарларидаги ҳаёт ҳақиқати мукаммаллиги, Ҳамзанинг юксак истеъдод эгасилиги, Ғафур Ғулом халқ ҳаётини теран, нозик англаганлиги, Ойбек асарларидаги концепциянинг изчил, пишиқ–пухталиги танқидчини ром этди. Устоз мунаққид машҳур адибларимиз асарларидаги бадиий юксакликни, концептуал мукамалликни қувона–қувона тасдиқлади. О.Шарафиддинов истиқлол йилларида яратган асарларида ёзувчилар асарларидаги янги хусусиятларни, бадиий юксакликни ишонарли ёритди. О.Ёқубов ҳақидаги “Нутқ ёхуд адиб ҳаётининг юлдузли онлари”, Абдулла Орипов тўғрисидаги “Мувашшаҳ” мақолаларида ижодкорнинг граждан, юрт фидоийси сифатидаги шижоат, фаоллигини ёритиб берди. “Мен Абдуллажон гапларини тинглаб ўтирибман-у, бошқа ҳаёллар калламда ғужғон ўйнаяпти,–деб ёзади О.Шарафиддинов “Мувашшаҳ” мақоласида. –“ Ё тавбангдан кетай! Бу Абдуллажон ўша мен билган, қирқ йилдан бери мулоқот қиладиган Абдуллажонми? ... Йўқ, бугун қаршимда ўтирга Абдулла Орипов салобатли, йиллар юки бироз гавдасини букиб қўйган, ортиқча, сочлари тўкилиб, пешонаси янада ялтираб қолган, гапларида Шарқ донишмандларига хос мантиқ ва теранлик касб этган, нафақат ижодкор, балки етук, сермулоҳаза, кенг кўламда фикрлайдиган давлат арбоби эди. Унинг чақмоқдек қарашлари ёки ногаҳоний пешонасининг тириштиришлари, қошининг чимирилиши унча–мунча одамни шошириб қўйиши ҳеч гап эмас эди” (“Ижодни англаш бахти”. “Шарқ” НМАК, 2004, 380-бет)

О.Шарафиддинов ўзбек адабиётининг муносиб намояндаси эди. У аксарият ёзувчи, шоирларимиз Катта Вақт юксаклигидан жой олишга лойиқлигини исботлади.

“Ҳолва деган билан оғиз чучимаганидай”, фалон санъаткор Сўнмас юлдуз, Катта Вақт маконининг фуқароси, дейиш билан иш битмайди. Мунаққид ёзувчини улуғласа ҳам, танқид қилса ҳам фикрини асосли равишда исботлаши жоиз. О.Шарафиддинов диди нозик, асар моҳиятини ўзига хос нигоҳ билан кузатадиган мунаққид эди. У ижоди давомида олти юздан ортиқ мақола, йигирмадан ортиқ китоб ёзди: ўнларча ёзувчилар ижодини ёритди, юзларча асарларни талқин қилди, баҳолади.

ХХI асрда Озод Шарафиддинов ниҳоятда серунум бўлди: мақола, бадиа, портрет, танқидий очерк, тақризлар ёзди. Эътиборлиси шундаки, у, асосан ХХ асрда яратилган асарларни қайта ўрганди, талқин қилди, баҳолади. Бошқача айтганда, мунаққид ёзувчи, асарларни Катта Вақт юксаклигига кўтариш  билан чекланмади. Биз Катта Вақт юксаклигидаги асарларни “Сўнмас юлдузлар”,– деб бир ёқламаликка йўл қўйганимизни сезяпмиз. Сўнмас юлдузлар кўкда порлаб турадилар, кўзни қувонтирадилар. Лекин улар инсоният билан алоқа қилмайдилар, ўсиш–ўзгаришлари билинмайди. Катта Вақт юксаклигидаги асарлар, санъаткорлар ҳамиша инсоният билан руҳий–маънавий алоқада бўладилар. М.Бахтин Мангу асарлар ва инсоният аро боғлиқликни “диалог” дейди. Ҳар икки томон – Катта Вақт тасарруфидаги асар, санъаткорлар ҳамиша янги авлод кишилари, шаклланаётган руҳий–маънавий, ижтимоий–ахлоқий, адабий–эстетик муносабатлар билан кўп тармоқли алоқага киришадилар. Мангу асарлар, даҳо санъаткорлар янги кишилар, шаклланаётган янгича муносабатларнинг бетакрор томонларини намоён этадилар, ҳаракатдаги эстетик жараён эканликларини кўрсатадилар. Ҳар бир янги замон, ёш авлод Мангу асарларни ўқиш, ўрганишга эҳтиёж сезади. Шундай нозик пайтда мунаққид–олим ўзлигини намоён этади: мангу асар, ўлмас санъаткорларни қайтадан кашф этади. Озод Шарафиддинов “Истибдод қурбони ёхуд ўзлигидан маҳрум этилган шоир” мақоласида кучли олим, жасоратли курашчи эканлигини яна бир бора исботлади. Маълумки, 1939 йилдан бошлаб Ҳамза ўзбек шўро адабиётининг асосчиси деб келинди. Не–не олимлар Ҳамзани янги тузумнинг янги инсони, социалистик адабиётнинг устунларидан бири деб бонг урмадилар?! Ҳамза, шаксиз, истеъдодли сиймо эди. “Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ўзбек маданиятининг йирик намояндаларидан бўлиб, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Авлоний, Боту, Ғулом Зафарий каби атоқли санъаткорлар билан бир сафда туришга муносиб ижодкор”,– деб ёзади О.Шарафиддинов.  Шўро давлати олтмиш йил давомида Ҳамзани кўтар–кўтар қилди: неча авлод ёшлари “Бой ила хизматчи”, “Яша шўро!”, “Ишчилар уйғон!”ни ўқиб улғайди. Ҳамза номидаги муассаса, кўча, туманларни санаб саноғига етиш мушкул эди. Ҳамза ҳақида жилд–жилд илмий, бадиий, оммавий–тарғибий асарлар ёзилди. Қайси юртда, қайси замонда ёзувчи ҳаёти ҳақида 18 серияли кинофильм яратилган?! Оламга танилган Ҳамзанинг обрў–эътиборига путур етказиш керакмиди? ... Обрў–эътибор – яхши, аммо ҳақиқат–улуғ, муқаддасдир. Шўро давлати буюртмаси билан ўзбек олим, ёзувчилари бунёд этган “Ҳамза” кошонаси омонат, сохта эди. Озод Шарафиддинов жасорат билан сохта кошонани ағдариб ташлади: пишиб, етилиб қолган мақсадни амалга оширди. Бу қилмиши билан О.Шарафиддинов Ҳамзанинг Катта Вақт юксаклигидаги ўрнидан жудо қилдими? Йўқ, аксинча. Олим Ҳамзанинг Катта Вақт юксаклигидаги ўрни, мавқеини мустаҳкамлади. Ҳамза жадид санъаткорларининг пешқадамларидан эди. У шундай бўлиб қолиши, Катта Вақт юксаклигида шу мавқени қатиқ ушлаши лозим.

            Озод Шарафиддинов Мустақил Ўзбекистон фуқароси, янгича ижтимоий-эстетик, адабий-маърифий қарашларнинг даъватчиси сифатида Чўлпон, Фитрат, Отажон Ҳошим ижодларини  қайтадан ўрганди, баҳолади. “Ижодни англаш бахти” китобидаги “Ғайратий ҳақида сўз”, “Жаннати одам эди”, “Музайяна Алавия ҳақида”, “Тоҳирий ким эди?”, “Довондаги ўйлар” китобидаги “Саъдулла Қосимовни билган борми?”, “Китоблар салтанатининг маликаси”, “Тили поку, дили поку, ўзи пок” каби  мақолаларида Катта Вақт минбарига кўтарилмаган, аммо ҳалол меҳнати, садоқати, виждонлилиги билан халқ дилидан ўрин олган кишиларни ёдга солади. Ғайратий, Чархий, Музайяна Алавия, С.Қосимов, Баҳри Ғуломова, Ҳибзиддин Муҳаммадхонов, Юсуф Тоҳирийлар Катта Вақт юксаклигига кўтарилаётган сиймоларга елкаларини тутиб турган фидоий кишилар эдилар.

            О.Шарафиддинов бир қанча ўзбек санъаткорларини Катта Вақт юксаклигига кўтарди, улар асарларини нозик талқин қилди. Нозик талқин деганда, санъаткор асарлари поэтикаси назарда тутилди. Поэтика – бадиий асар гўзаллигини атрофлича ёритиб бериш, санъат асарининг ҳамиша тирик, ҳаракатдалигини кўрсатиш, катарсисга олиб борадиган назокат йўсини. Поэтика – ёзувчига қарата айтилган фикрдан кўра, китобхон қалбини ёритадиган зиё. Катта Вақт юксаклигидаги асар минг йилликлар тақвими асосида яшайди, таъсир ўтказади. Қуръони Карим салкам бир ярим минг йилдан бери мусулмон олами кишилари руҳониятига таъсир этиб келмоқда. Аҳмад Яссавий, Фирдавсий, Низомий, Навоий, Фузулий, Шекспир, Пушкин, Гёте сингариларнинг асарлари ҳануз инсониятга хизмат қиляпти. О.Шарафиддинов Катта Вақт олами асарларини яхши билар, вақти-вақти билан уларни талқин қиларди. “Гамлетнинг қайтиши” тақризида мунаққид Мангу асар, Катта Вақт юксаклигининг вакили ҳақида фикр юритади.           “... асарнинг муаллифи Вильям Шекспир салкам беш аср аввал туғилиб, яшаб ўтиб кетган бир ижодкор бўлса, унинг қаҳрамони Гамлет эса салкам минг йиллик тарихга эга бўлса, у ҳақдаги ривоятлар минг йил аввал одамлар ўртасида оғиздан оғизга ўтиб юрган бўлса, уларнинг бугунги, яъни XXI аср бошларидаги ўзбек томошабинига нима алоқаси бор? Бу қандай сеҳрли қудратки, ярим минг йил аввал айтилган сўзга боқийлик бахш этган – бошқа бир замонларда, бошқа бир халқ ўртасида, бошқа бир маданий анъаналар заминида яратилган асар бугунги томошабинни ҳам мафтун этишда, ҳаяжонга солишда давом этса, уни фикрлашга ундашдан тўхтамаса? Ҳа, Шекспир даҳо санъаткор эди – у ўз асарларида инсониятнинг мангу муаммоларини, жамиятни жамият қилиб тутиб турадиган асосий устунларни яхши илғаб олган ва ҳар бир асарида уларни бетакрор самимият ва фавқулодда маҳорат билан ифодалаб бера олган”.

Катта Вақт мулки бўлган санъаткор-у асарларнинг ҳар бир хусусияти бор. Борди-ю, турли замон кишилари Боқий асарлардан янгиликлар топаверсалар, унда алоқалар бир томонламамонолог бўлиб қоларди. Мангу асарлар, жонли вужуд сингари, янги замон хусусиятларини, инсонлардаги маънавий-руҳий эҳтиёжларни ўзида жамлаб, қайта намоён этади. Демак, Мангу асар ва янгиланиб бораётган замон кишилари аро ғаройиб диалог давом этади. ДиалогМангу асар ва замона донишмандлари аро мураккаб муносабатлар кўриниши.

Озод Шарафиддинов ижодининг муҳим хусусиятларидан яна бири адабий жараёндаги ҳолат, ўзгариш, янгиланиш, изланиш сингариларни ҳушёрлик билан кузатиш эди. Ижодининг бошланишидаёқ ўзбек шеърияти асрий ўзандан чиқиб кетганлигини сезди. У Миртемир, Зулфия, Мамарасул Бобоев, Шайхзода ижодидаги бақувват илдизлар моҳиятини очиб берди. Ғафур Ғулом, Уйғун, Мирмуҳсин, Ҳамид Ғулом сингарилар шеъриятидаги мавсумий кайфият, ҳолатларни кескин танқид қилди. Мунаққид ёш шоирлар ижодига умид билан қаради. Бошқача айтганда, “Замон – қалб – поэзия”, “Ниҳоллар”, “Лирика ҳақида мулоҳазалар” мақолалари ХХ аср 60-йилларидаги поэзиянинг тириклик суви, малҳами бўлди. О.Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Абдулла Шер шеърлари ҳақида завқланиб, тўлқинланиб ёзди. Лекин тўрт–беш шоирнинг ижоди ўзбек шеъриятининг умумий манзарасини бера олмасди. О.Шарафиддинов ўнлаб ёш, ҳаваскор шоирлар асарларини сабр-тоқат билан ўқиди. Унда давр шеърияти ҳақида аниқ тасаввур пайдо бўлди. “Шеър кўп, аммо шоир–чи?” мақоласида ўтган асрнинг 70–йилларидаги шеъриятни жиддий таҳлил қилди, камчиликларни аниқ, ишонарли кўрсатиб берди.  Уларда “шеърий техника мукаммал, вазн равон, қофиялар бут, поэтик образларда оригиналликка интилиш бор”. Аммо ўртамиёна шеърларда жўшқинлик йўқ, олам тор, тақлид кучли. Бошқача айтганда, истеъдодсизлик шеърни парвоздан, узоқ яшашдан, жозибадан маҳрум қиларкан. Катта Вақт ўлчамли истеъдодсизлик билан яратилган асарларни ўзига яқинлаштирмайди. Демак, истеъдодсизлик, ўртамиёначилик, услубсизлик Катта Вақт юксаклигига кўтарилишдаги ғов, чоҳдир.

Ижтимоий-сиёсий-мафкуравий таъқибнинг авж олиши ижодкорни қўрқоқ, журъатсиз қилиб қўяди. О.Шарафиддинов “Ҳаётийлик жозибаси, схематизм инерцияси” мақоласида ўзлигини, инон-ихтиёрини мафкуравий “терговчи” қўлига топшириб асар ёзган ёзувчи ҳолатини кўрсатади. Ҳамиша, ҳамма ерда даҳо асарлар сиёсий-мафкуравий тўсиқларни енгиб, ёзувчининг жасорати, матонати туфайли вужудга келган. Озод Шарафиддинов ўз ҳаёти, ижоди мисолида сиёсий-мафкуравий тазйиқ нима эканлигини аниқ кўрди.

Хуллас, Озод Шарафиддиновнинг илмий-эстетик қарашлари деганда, зукко, интеллектуал инсоннинг ҳақиқат йўлида танимсиз курашганлиги, истеъдодли санъаткорларни Катта Вақт юксаклигига кўтариш йўлида чеккан машаққатлари, ижодий изланишлари англашилинади.

 

Абдуғафур Расулов, профессор,

филология фанлари доктори,

Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби.