МУНАВВАР ҚОРИ АБДУРАШИДХОНОВ

(1878 1931)

 

 

 

 

Ўзбек халқининг кўзга кўринган намояндаларидан бири, миллий озодлик учун ўтган аср бошларида олиб борилган кураш раҳнамоси Мунаввар қори Абдурашидхонов ҳаёти ва фаолияти мустақиллик шарофати билан ўрганила бошланди. Сабаби, собиқ ҳукуматнинг миллий мустақиллик ва озодлик учун курашганларга муносабати аниқ эди. Шўролар империясининг таркибига кирган барча халқлар унингтемир панжасидан ташқарида яшашлари мумкин эмас эди. Шу боис озодлик ва мустақилликучун курашчилар, шу фикрда бўлган ва аллақачонлар махв этилган зиёлилар фаолиятини ўрганишга йўл берилмади. Гарчи оммавий жазолашга учрамаган бўлсаларда Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Мирмулла ва Мирмухсин Шермуҳамедовларнинг ижодий фаолиятини ўрганиш умуман тўхтатиб қўйилди. Шўро ҳукуматининг биринчи рақамли душмани деб аталган, ўзбек истиқлолчиларининг йўлбошчиси Мунаввар қори фаолиятини тадқиқ этиш таъқиқланган эди.

XX аср ўзбек зиёлилари томонидан «маънавий пир», «миллат йўлинда, миллат истиқболидаги буюк мақсадлар учун кеча-кундуз тинмай ишлаб ётган мил-латходими» деб якдил тан олинган, шоир Тавалло томонидан:

 

«Чўқмунаввар этди оламни Мунаввар қоримиз, Кўрдимиз равшанлигидан феълимиз, атворимиз. Ибрат олинг, ёшлар, деб тўкди кўздин ёшлар. Нутқида таҳрир этиб бизларни йўқу боримиз...»

 

деб мадҳ этилган Мунаввар қори Абдурашидхонов (1878 1931) Тошкент шаҳрида зиёли оиласида дунёга келган. Тошкент шаҳридаги Эшонқули додхоҳ ва Бухородаги Мирараб мадрасаларида таҳсил олган. Туркистонда миллий матбуотга асос солди ва 1906 йилда «Хуршид» газетасини нашр этди. И.Обидий муҳаррирлигида нашр этилган «Тараққий» газетасини ҳар жиҳатдан бошқарди, «Жамияти имдодия» (Хайрия жамияти 1909)ни ташкил этди, «Садойи Туркистон» (1914), «Ал Ислоҳ» (1915), «Нажот», «Кенгаш» (1917) газета-журналларига муҳаррирлик, раҳнамоликқилди, биринчилар қатори янги усулдаги мактабларни очди ва унинг программасини яратди. Бевосита унингташаббуси билан 1917 йилда миллий мактаб, ўқитувчилар тайёрлаш курслари ҳамда 1918 йилда унинг раҳбарлигида Туркистон дорулфунини очилди.

Ўзбек тили дарслиги бевосита Мунаввар қори Абдурашидхонов раҳбарлигида яратилиб, халқимизга «Адиби аввал», «Адибус соний», «Ўзбекча тил сабоқлиги» тарзида тақдим этилди. Шунингдек, у болаларга бағишлаб ёзилган қатор шеър ва ҳикоялар муаллифи сифатида ўзбек болалар адабиётини бошлаб берган адибдир. Миллатимиз маданияти тараққиётига катта ҳисса қўшган Ҳамза, Элбек, Ойбек, Акмал Икромов, Абдулҳай Тожиев, Салимхон Тиллахонов, Қаюм Рамазон, Баҳром Ҳайдарий, Маннон Уйғур каби адиблар, олимлар, санъаткорлар, давлат арбоблари Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг шогирдларидир.

Мунаввар қори Абдурашидхонов янги ўзбек театрининг пойдеворини қурган сиймолардан биридир. У 1913 йилда ўзатрофидаги тенгдошлари ва ёшларни уюштириб «Турон» маданий маърифий, қолаверса, сиёсий ташкилотини тузади. У расмий равишда «Тошкент шаҳридаги «Турон» мусулмонлар драма санъати ҳаваскорлари жамияти» деб аталган. Бу жамият ўз расмий программаси, устави ва кўкрак нишонига зга бўлган ягона миллий жамият бўлиб, атрофига янги усулдаги мактаб ўқитувчилари ва ҳаваскор артистларни уюштирган. Жамият низоми украин ва яхудий театрларининг низомларини танқидий ўрганиш ва маҳаллий шароитга мослаштириш йўсинида тайёрланган. У 73 моддадан иборат. Бу моддаларни ишлашда жамиятнинг ҳуқуқшунос аъзолари У.Хўжаев ва Т. Норбўтабеков билан бирга Мунаввар қори Абдурашидхонов ҳам иштирок этган. Шу боис низомнинг 73-моддасида жамият муассислари: У.Хўжаев, Т.Норбўтабеков, К.Норбеков, ААвлоний, М.Пошшахўжаев, БАсадуллахўжаев, Н.Исомиддинхўжаев, К.Бобохўжаев номлари қаторида 3 рақами остида Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг номи ёзиб қўйилган. Бинобарин, у номлари зикр этилган кишилар билан бирга жамият мафкураси ва артист-режиссёрларнинг фаолиятини ва вазифасини белгилаш масаласида фаол иштирок этган.

Низомда асосан қуйидаги тўрт модда кўзда тутилган:

1. Тошкент шаҳрида «Турон» номли мусулмон драма санъати ҳаваскорлари Жамияти ташкил этилади, мақсадлари қуйидагича:

а) аҳоли ўртасида саҳна ишлари ва ҳайрияга жиддий муносабат муҳаббатни ривожлантириш; б) халқ учун спектакл кўрсатиш, унга соғлом томоша бериш ва в) Туркистон ўлкаси ҳудудида яшовчи муҳтож аҳли муслимнинг моддий ва маънавий аҳволини яхшилаш учун моддий ёрдам кўрсатиш.

2. Кўзда тутилган мақсадларни амалга ошириш учун Жамият кечалар, концертлар, спектакллар ва бошқа оммавий томошалар ўтказиш ҳуқуқига эга. Ўз номига клуб ва мусиқа курслари очади, ўзининг кутубхона ва қироатхонасига эга бўлади. Бошланғич мактаблар очиш ва сақлаш, мухтожларга, жумладан, ўқувчиларга ёрдам пули бериш, ўрта ва олий мактабларда ўқишни давом эттириш учун стипендия тўлаш, шунингдек, давлатникими, хусусийми, жамиятникими қандай тизимда бўлишидан қатъий назар, мавжуд ҳайрия ва маърифат муассасаларини моддий қувватлаш.

3. Мавжуд ҳайрия ва маърифат муассасалари — давлатникими, хусусийми ё жамиятникими —барибир, «Турон» жамияти спектакллар, концертлар ва бошқа халқ сайилларини ташкил қилиш билан боғлиқ ҳаражатдан ташқари соф фойданинг 20 фоизини ушлаб қолади, бу миқдор мазкур Низомнинг 42-моддасида кўрсатилган сарфни қоплашга ишлатилади.

4. Жамият «Тошкент шаҳридаги «Турон» номли мусулмонлар драма санъати ҳаваскорлари жамияти» деб ёзилган муҳрига эгадир».

Низом тўрт қисм: «Жамиятнинг таркиби», «Ижрочи аъзоларнинг вазифалари», «Жамиятишларини бошқариш», «Жамият бошқармаси»дан иборат. Театр ва артистлар, режиссёрлар, бошқарув, кўчмас мулк масалалари атрофлича муҳокама қилинган ва белгиланган бу «Низом» ўз даври ва малакали театр томон илк қадамини ташлаган жамоа учун катта вазифаларни юклаган ва жамоатчилик кўз олдида жиддий ва ватанпарвар ташкилот сифатида ҳайбатини кўрсатган эди.

Миллий театр тарихини яратган М.Б.Солиҳов, Қ.Рамазон, А.Авлоний, Чўлпон сўзларига кўра ўз фаолиятини 1912 йилдан бошлаган ўзбек театри 1913 йилда кенг омма орасида ўз спектаклларини кўрсатган бўлсада, бироқ ҳукумат томонидан театр труппаси сифатида тан олинган ҳолда, ўзининг расмий фаолиятини илк мавсумини 1914 йил 27 февралда бошлайди. Театрнинг илк режиссёри Зоки Боязидский Валеевнинг сўзи билан айтганда, ўзбек театри «миллий драматургия, миллий тил, миллий артистлар тайёрлаган» асарини кўрсатади. Спектаклнинг Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг нутқи билан очилиши унинг фақатгина жамиятда эмас, балки бутун ўзбек халқи олдида тутган ўрни ва ролини намоён этади.

Тошкент шаҳрининг энг катта театри Колизейда, ўзбек, рус, татар, яҳудий томошабинлари омма қаршисига пешвоз чиққан улуғ адиб ўз хурсандчилигини яшира олмайди. У Тошкентда аввал ҳам миллий тилда бир неча спектакллар ўйналганини таъкидлар экан, театр санъатининг мазмун моҳиятини томошабинга қуйидагича тақдим этади: «Туркистон тилида ҳануз бир театр ўйналмағонлиги барчангизга маълумдир. Шул сабабли баъзи кишиларимиз театрга эҳтимолки, ўйинбозлик ёҳуд масҳарабозлик кўзлари ила боқурлар. Ҳолбуки, театрнинг маъноси «ибратхона» ёки «улуғлар мактаби» деган сўздир, Театр саҳнаси ҳар тарафи оинабанд қилинғон бир уйга ўхшайдурки, унга ҳар ким кирса, ўзининг ҳусн ва қабиҳини, айб ва нуқсонини кўриб ибрат олур».

Инсон ўзи ҳақидаги ҳақиқатни ҳар вақт ҳам қабул қилавермайди, айниқса, ўзгалар томонидан айтилганини, бинобарин жамиятҳам. Аммо «ҳусн ва қабиҳа»ни у кимникидан бўлишидан қатъи назар саҳнадан кўрсатилса жамият ҳам, инсон ҳам ўзини тарбиялашга тушади. Чунки саҳнанинг тиғи инсонни жиғига тегмасдан аҳлоқини, маънавиётини, руҳиятини тарошлайди. Қаерда, қандай ўрин ва ҳолатда бўлишига қарамай саҳна деган кўзгу қилич яланғочлаб уни таъқиб этаверади. Охир-оқибат таслим бўлишга мажбур этади. Шунинг учун Мунаввар қори «театр саҳнасига чиқиб, юзига ун суртиб, бир масҳарабоз шаклига кирган зотлар гўёки табиби ҳозиқ мисолидадир», деб артист ва режиссёрларга юксак баҳо беради. Ёшликдан кенг миқёсда диний тарбия кўрган кишининг театр санъатининг ташкилотчиси ва тарғиботчиси сифатида элга намоён бўлиши ўша даврда кутилмаган воқеа бўлган. Аммо у санъатнинг тарбиявий қувватига тан берди, шу сабабли дўсти Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» асарини малакали равишда элгатақдим қилишда жонбозлик кўрсатди. Буунинг дунёқараши ниҳоятда кенглигидан, билимининг кўламдорлигидан, тафаккурининг теранлигидан далолатдир.

Улуғ адиб бундай хулосага келишидан аввал тараққий этган, маданиятли халқлар маънавий ҳаёти билан, шу билан бирга театр санъатини яқинларда қабул қилган усмонли турк, озарбойжон, татар халқлари маданий ҳаётида бу санъат турининг тутган ўрни ва роли билан яхши танишган. Шу боис ўзбек томошабинларига: «Биз шу зотларга (яъни театр санъаткорларига) ва театрларга қандай кўз ила боқмоғимиз керак?» —деган савол қўяди ва ўзи: «Муни ўрганмак учун биз ўзимиздан бошқа мутараққий миллатларга боқайлик: мисола, устимизга ҳоким бўлиб турғон русларға ва бошқаларға. Кўп узоқ кетмайлик, энг яқин қўшниларимиз бўлғон тоторларға ва Кофкоз мусулмонларига», деб жавоб берган. Агар XIX асрнинг охири ва XX асрнинг бошларида Шекспир, Шиллер, Гюго, Руссо асарлари турк ва озар тилларига, Толстой, Островский ва Гоголнинг айрим асарлари татарчага ва шундан кейин ўзбекчага ағдарилганини ҳисобга олсак, унинг форс, араб, турк, татар, рус тилларини билишини эътиборда тутсак, Мунаввар қори юқорида баён қилинган фикрларга чуқур кузатиш ва ўрганиш орқали келганига иқрор бўламиз. Бундан ташқари у таниқли турк драматурглари Номиқ Камол, Абдулҳақ Ҳомид, файласуф шоир Тавфиқ Фикрат, Озарбойжон фаҳри Мирза Фатҳали Охундов, Ж.Маматқулизода, Н.Везиров, Аақбердиев, М.Ордубодий каби драматурглар, татар файласуф олимлари Ризоиддин Фаҳриддинов, Мусо Жоруллоҳ, Зиёиддин Камолий, драматурглардан А. Камол, С.Ромеев ва бошқаларнингасарлари ҳамда ижтимоий фикрлари билан яхши таниш бўлган. Адиб, айниқса, Охундов ҳаёти ва фаолиятига алоҳида бир муҳаббат билан қараган ва уни ўзбек зиёлиларига ибрат қилиб кўрсатган. У Охундов туфайли озар халқи катта ишларни амалга оширганини таъкидлар экан, миллий театрни ташкил этган «Нажот» жамиятининг санъат «миллатнинг номуси ва обрўсини хифз қилур» деган хулосасига қўшилган.

Мунаввар қори миллатобрўсини ўзинингҳаёти мазмуни, уни ривожлантиришни асл мақсади деб билди. Элининг номуси, обрўсини сақлаш пайида юргани учун: «Бизим Туркистон мамлакати туфроғ, сув ва ҳаво жиҳатидан энг бой мамлакатлардан бўла туриб, на учун ўзимиз бундан фойдалана олмаймиз?» деб дард чекди, халқ манфаати учун аёвсиз курашга бел боғлади. «Мана, кетама-кет етган бундай саволларга жавоб бермак учун нодонлик ва оламдан хабарсизлик, демакдин бошқа чора йўқдир. Бу нодонлик ва оламдан хабарсизлик, балосидан қутулмак учун аввал орамизда ҳукм сурган бузуқ одатларнингбузуқлигини билмак ва ўрганмак керакдир», —дейди адиб.

У театр санъатига «бузуқ одатларнинг бузуқлигини билмак» ва тузатмак муассасаси, юқорида айтилганидек, «табиби ҳозиқ» деб қаради ва бу йўлда катта ишлар олиб борди, хусусан тор фикрли кишиларнинг театр санъатига қаршилигини синдирди. «Турон» труппасининг 1914 йилдан 1924 йилгача фаолияти фикримизга далил бўла олади.

Миллат ходими, театр жонкуяри Мунаввар қори Абдурашидхонов ёш шоир ва адибларни ҳам маънавий, ҳам ижодий қўллабувватлаган. Хусусан, шоир ва драматург Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийга самимий ёрдам кўрсатган. Буни Ҳамзанинг «Саёҳат вақтларинда охирги муҳаббат ила ортдирдиғимиз аҳбобнингадрес ва маълумот тарихлари» қайдларидаги битиклари ҳам тасдиқлайди. У танишлари ҳақида маълумот берар экан, шундай ёзади: «9-нчи Пирлардан: муҳтарам устози олий муаллим Мунаввар қори Абдулмажидхон ўғли ... Адреслари: Эски Тошканд, Шайхантахур, усули савтия мактабида, маҳалла Меҳрободда, мулоқотимиз 1908-нчи милодий 11-нчи декабрда». Ҳамза мазкур учрашувдан сўнг ўзининг пири, маънавий устози билан кўп марта учрашган ва доим мактуб орқали алоқа қилиб турган. Буни Ҳамзанинг қуйидаги хатлари ва Мунаввар қорининг жавоблари ҳам тасдиқлайди. Масалан, Ҳамза 1915 йил октябр ноябр ойларида пирига ушбу мактубни йўллайди.

«Ҳурмагпли Қори афанди!

Ушбу юбордиғим китобларни тезда адреси заказной бандерол ила юбормоғингизни рижо қилурман. Мумкин қадар қўлёзмалиги пўчта маъмурларина маълум ўлмайдурғон тарзда ўрамоқ лозим.

Қанча ҳаражат бўлса, мен берурман.

Адрес: Стар. Маргелан, Чайний базар, г-ну Зайнуллину. Ҳамза Ҳакимзода махсус.

Ҳисоблар нима бўлди? Тамом бўлиши учун қачон йиғин қиламиз? Шуни ҳам ёзиб юборинг!

Ҳамза Ниёзий».

Мактубдан сезилиб турибдики, Ҳамза ўз пиридан асарларини бостириш сарфаражати масаласида ёрдам сўраяпти. Жавобни ҳам тез олишни истаяпти. Чунки, ўша даврда Мунаввар қори «Туркистон кутубхонаси»нинг муассисларидан бири ва раҳбари эди. Бинобарин, нашр, таҳрир масалалари унинг зиммасида бўлган. Шу боис Ҳамзанинг ёрдам сўраши табиий. Хўш, унда қайси асар хусусида гап боряпти. Нима учун қўлёзма сир тутилмоқда. Бу саволга қуйидаги мактуб ойдинлик киритади.

«Биродари азизим Ҳамза афанди!

Китобларингиз бундан бир неча ой муқаддам баним қўлимға тегмиш эса-да, тамом кўриб чиқиб, бир фикр баён этмакка фурсат топа олмадиғимдан таваллойи мактубларингизга жавоб ёза олмадим. Энди, ҳозирда, тамом кўруб чиқтим. Шеърингиз ила «Ферузахоним»ингиз босилурлик. Фақат хеле ислоҳға муҳтож. Хусусан, «Ферузахоним»нинг мавзуи бик яхши. Фақат ичиндаги «малъун, бедин» каби адабдин ҳориж сўзларни чиқарилса, эшон ила бойни — бедин ва малъунлиги сўз ила эмас, қилиқлари, ёмон ишлар ила кўрсатилса, ҳамда: «Чойи қўлида, сўзи бўғзида қолғон Норбобо ўрнидан турди-да дўконга кетди» каби жумлаларни «Норбобонинг чойи қўлида, сўз бўғзида қолди-да, ўрнидан туруб, дўконга кетди» равишда ёзилса, дахо очиқ ва сучукроқ бўлурди. Ҳамда Мансур ила Ферузанинг ёзишқон мактублари бир оз қисқароқ бўлуб, суҳбатлари бир оз узайтирилса, муассирроқ чиқарди. Шеърингизда яхши. Фақат «Марҳабо» каби баъзи шеърингиз чиқарилуб ўрнига кичикроқ шеърлар оралаштирулса яна яхшироқ бўлурди. «Турдиқул» ила «Икки мактаб» китобингиз унча мақбул кўрилмади. Агарда ислоҳ қилуб юборсангиз, шеър ила «Ферузахоним»ни Туркистон кутубхонаси нашр қилуб кўрадур. Иккинчи табъининг иҳтиёри ўзингизга қолмак шартила. Фақат биринчи табъидан сизга ҳаққалам ўлароқ юз дона китоб бериладир. Рози ўлсангиз гўндирурсиз. Ҳозирда китобингиз менда. Олтмиш тийинлик марка юборсангиз «заказной бандерол» ила қайтарурман.

1915 йил, 4-5 ноябр,

Муҳиббингиз Мунаввар қори».

 

«Биродари азизим Ҳамза афанди жанобларина!

Аввалги мактубингиз келган куни китобхона очиқ ўлмадигиндан пучталён бошқа бир дўконға топшурғон экан. Маалтаассуф ул дўкондорнинг хотиридан чиқуб, ҳануз манга топшурмагон экан. Сўнгғи мактубингиз восили дастбусим ўлғоч суруштуруб аввалғи мактубингизни ҳам топуб олдим. Шеърингиз ҳам саломат етушди.

Эмдиликда ушбу шеър китобингизни қўлимдан келгунча ислоҳ қилуб, баъзи сиёсий сўзларини чиқоруб, китобхона тарафиндан бостурмак ниятидаман. Сизга берилажак қалам ҳақи эса, ҳар табъидан юз дона (мингдан эмас) бўлур. Зотан, ўзи ҳам мингдан ортиқ бостурмакни кўтаролмайдур.

«Ферузахоним» ила бошқа китобларингизни эса эртага пўчтадан иншооллоҳ юборурман. Агарда «Ферузахоним»ни ман айтгонча, яъни:

«1) Эшон ва бойларнинг малъун ва аблаҳликларин очиқдан очиқ «малъун, жоҳил, хоин, мажнун, палид, нобакор» каби сўзлар ила эмас, қилғон ишларининг ёмонлиги ила кўрсатилса.

2) Мансур ва Ферузахонимларнинг мактублари бир оз қисқартирилса, чунки бундай ёширин мактублар фақат қисқа бўлур.

3) Бир-бирлари ила қурушқондағи ҳоллари бир оз узоқроқ тасвир қилинса, чунки романга руҳ киритадирғон ва ўқувчиларни қизиқсиндурадирғон ўринлар
шул
васл ҳоллари бўлур.

4) Аввал, мувассифлар зикр қилинуб, сўнгра сифатлар зикр қилинса, яъни «Ҳар бир назир қилинмиш қизларни йигирма бир ёшига киргизуб, сўнгра
нико
ҳина олувға одатланган нобакор Тоҳир эшон» каби жумлаларни «Ул Тоҳир эшон ҳар бир назир қилинмиш қизларни 21 ёшигача умрини ўтқоруб, сўнгра никоҳига олишга одатланган эди» каби қисқароқ жумлаларға таҳвил қилинса...»

Ислоҳ қилиб юборсангиз аввалги шарт ила буни ҳам бостируб, нашр этмак ниятидаман.

«Енгил адабиёт»ингизға келгонча намуналаридан маълум ўлдиғина кўра вазн жиҳатидан шогирдлар учун кўп яхши тартиб этилган кўрунадир. Фақат тил, маъно ва мазмун жиҳатидан ҳам бир оз соддароқ ўлса эди, даҳо мувофиқроқ улурди. Чунки янгигина адабиёт бошламиш ёш шогирдларга сув остида кезув, ҳавода учув, ҳамият, жасорат, миллат ва миллият каби мушкул масалалардан ва қуруқ насиҳатлардан кўра, болаларни инсон ва ҳайвонларнинг ҳаракат ва сукун отидин алҳосил болаларнинг қувваи фикрия ва ақлиялари етушадурғон масалалар топуб, мумкин қадар енгил ва туркий сўзлар топуб, шеър қилуб бермак фойдалироқ ўлса керак. Тажриба ҳам кўрсатадурки, шогирдларға ҳозирги шеър китобларимизнинг вазни эмас, луғат ва мазмунлари оғирлик қиладир.

Сониан: Сизнинг мактубингиз ила баробар эски Марғинондан, Акбарали Умарзода имзоли бир мактуб олдим. Аввал, мактубда жанобингизни ҳам имзоингиз ўлдиғиндан алоҳида жавоб ёзмай, ушбу мактубда жавоб ёзаман. Бухусусда Умарзода жанобларидан маним учун афв ўтинурсиз.

Театр ва консертларға жавоб, ўшал ўйналажак шаҳарнинг ҳокимидангина олинур.

Фақат мунда рижотидин ҳокимни огоҳлантирмак лозим. Агарда Тошкандга келуб театру ва консерт қўймоқ ниятида ўлсангиз, лоақал бир ҳафта бурунроқ келуб ижозат, эълон ва жой ва билетлар сотув каби ҳаракатларнинг барчасини шунда қилурсиз. Томошага қўйилажак нарсаларни эълонға ёзуб, барчасига бирдан Тошканд ҳокимидан ижозат олурсиз.

Боқий иҳват дўстингиз

Мунаввар қори.

1916 йил, 1 январ».

Ҳамза ва Мунаввар қори ўртасида ёзишмалар кўп. Аммо биз Мунаввар қорининг бевосита театр ва таҳрир билан боғлиқ учта мактубини ажратиб олдик. Сабаби, билибми, билмайми, 30 йилларнинг ашаддий танқидчиси ва Ҳамза ижодинингтарғиботчиси Сотти Ҳусайн шоирга бағишланган мақолаларидан бирида Мунаввар қорининг номини келтирмай, у Ҳамзага асаридаги айрим нобоб сўзларни ҳаракатда, фаолиятда кўрсатишни уқдирган тавсияларни олиб, уни шоирга душман қилиб қўйган. Бу нарса кейинги даврларда ҳам Ҳамза ижоди тарғиботчиларининг кўпгина асарларига текширилмай кўчирилган. Оқибатда Ҳамза ижодига душман киши қиёфаси шакллантирилган. Аммо Мунаввар Қоринингюқорида келтирилган мактубларидан кўриниб турибдики, Ҳамза ижоди сира ҳам камситилган эмас, балки унга услуб жиҳатдангина таклиф берилган, холос. Ҳамза ўз саҳна асарлари хусусида устози билан тез-тез фикр алмашган ва уларни бостириш ҳақида ёрдам сўраб мурожаат қилиб турган. Мунаввар қорининг Ҳамзага 1916 йил 4 апрелда ёзган жавоб хатида: «Театру китобларингиздан бирини суроб-да, мактуб ёзилган эди» жумласи ва Ҳамзанинг ўз хатларидан бирида «саҳнага қуюлмоғи жамияттарафидан мақбул кўрилиб, бир вақтга мавқуф қолдирилган бўлса...» ва «рисолаларни бутун қолдириб» деган сўзлари шунга ишорат.

Мунаввар қорининг юқорида келтирилган мактубларидан шу нарса аён бўляптики, гап асосан, Ҳамзанинг «Ферузахоним», «Миллий ашулалар», «Турдиқул», «Икки мактуб» номли асарлари («китобингиз» сўзига эътибор беринг) ҳақида боряпти. Бироқ мактубда сўнгги асарнинг жанри ҳақида ҳеч гап йўқ. Аммо «Ферузахоним» айрим тадқиқотчилар ўйлаганидек, «Заҳарли ҳаёт» драмасининг биринчи нусхаси бўлмай, насрий асардир. Тадқиқотчиларни «эшон», Мансур, Феруза образларининг «Заҳарли ҳаёт» персонажларига ҳамоҳанглиги ва «малъун» каби сўзларнинг ишлатиши чалғитган кўринади. Мунаввар қори эса асарнинг жанрини аниқ кўрсатиб, ёзади: «чунки романга руҳ киритадурғон ва ўқувчини қизиқ синдирадурғон ўринлари шул...»

Демак, «Ферузахоним»Ҳамзанинг тақдири номаълум романидир.

Мактублардан яққол сезиляптики, Мунаввар қори доимо шоир олдига тўғри талабларни қўйган ва ҳамиша шогирдининг ижодига ҳайрихоҳ бўлган. Бундан ташқари, унинг яхши услубчи эканлиги кўзга ташланяпти.

Мунаввар қорининг Ҳамзага ёзган ўндан ортиқ хатлари ва Ҳамзанинг устозига ёзган ёки у ҳақида фикр билдирилган талайгина мактублар сақланган. Мактубларга ва матбуот материалларига қараганда, устоз ва шогирд ўртасидаги ижодий алоқа узоқ давом этган. Ҳамза турли-туман китоблар, таржималар олиб турган, уларни Мунаввар қори ёрдамида нашр эттиришга интилган ва ўзининг иқтисодий аҳволини яхшилаб олган. Унинг 1917 йил 10 октябрда Тошкентга келиб, Мунаввар қори билан учрашгани маълум. У бир қоғоз парчасига: «1917-нчи 9-нчи октябр, душанба куни Саидносир афанди уйига Кабир Бакир, Фарид Тоҳируф, чиновник (А.) Диваевлар билан бўлишдик...». «Шул кун эртаси Мунаввар қори ҳамда Пиримурсалзода Қопқозий Фаҳмиддинлар била бўлдик. (Пири) Мурсалзода бир шеъримни ёзуб олди. 11 октябрда 10-нчининг оқшоминда кетушдилар» деб ёзган. Демак, Мунаввар қори Ҳамзанинг Кавказ зиёлилари билан алоқасини мустаҳкамламоқчи бўлган ва шу ниятда улар билан таништирган.

Мунаввар қори шоир учун том маънода пирлик вазифасини ўтаган ва шогирдини доимо қўллабувватлаган. Унинг ижодига кенг йўл очган. Афсуски, икки адиб, устоз-шогирднинг 1921 йилдан кейинги алоқалари номаълум. Чунки бу даврга келиб Ҳамза ижодий ишлардан бироз чекинган, Мунаввар қори эса «Миллий иттиҳод» ташкилотининг иши билан Бухорога кетиб қолган эди. Мунаввар қори архивининг ГПУ ходимлари томонидан куйдирилиши, Ҳамза архивини тўла ўрганилмай қолгани кўпгина масалаларни, хусусан Мунаввар қори ва Ҳамза муносабатларини кенгроқ ёритишга имкон бермайди. Бироқ «ноумид шайтон», деганларидек келажак тадқиқотлар бу масалага янада кенгроқ ойдинлик киритади, деб ўйлаймиз.

XX аср ўзбек миллий уйғониш даври қаҳрамони Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг ёш умри шўро-лар ҳукумати томонидан бевақт маҳв этилган бўлса-да, бироқ у ҳамон барҳаёт. У пойдеворини қурган миллий театрнинг фаолияти шундай демоққа тўла асос беради.

Сирожиддин Аҳмаднинг

2007 йилдаги 1-сон “Театр” журналида чоп этилган

“Мунаввар этди оламни” номли мақоласи асосида