Мирпўлат Мирзо

 

 

 

 

«ТУРОН» КУТУБХОНАСИ

 

  Дил бу издиҳомдан тушар титроққа,

  Қайнар бозор ичра тумонат, ёҳу!

  Унинг ёнбошида – ундан тикроқда

  Турар кўҳна бино – кутубхона у.

 

 

  Кимдир – ташвишлари бошда уриб чарх,

  Растадан растага ошиқар шитоб.

  Кимдир – мозий, балки – келажакка ғарқ,

  Осуда хонада варақлар китоб.

 

 

  Яхшиям оломон билмас, ул бино –

  Кутубхона эрур, энг мўътабар жой.

  Пайқаб қолсамиди уни шу асно,

  Роса кулар эди бундан, ҳойнаҳой.

 

 

  «Илм кимга керак ушбу замонда,

  Илм ила қозонинг қайнамас зотан…»

  Лекин тубандаги бу оломонга

  Бир ўсмир тикилар кутубхонадан.

 

 

  Теран кўзларида теран бир сурур,

  Бари бир у бир кун ғолиб келажак!

  Аммо, авом ҳақми ё ҳақми ўсмир,

  Ўзинг айтиб бергин, ўзинг Келажак!

 

                                                                                             

2003 йил