Халқ сўзи, 2005 йил 23 феврал

Фатхиддин Муҳиддинов

«ЭСКИ  ШАҲАРНИНГ  ЯНГИ  ТАРИХИ  

ЯРАТИЛМОҚДА»

(мақоласидан парча)

 

«Тошкентни Тошкент қиладиган, унга файзу тароват бағишлайдиган қадимий шаҳримизнинг даҳалари, маҳаллалари, дарвозалари десак, хато бўлмайди. Шу маънода, Эски шаҳар — қадимийлик,  миллийлик тимсолидир».

Ислом КАРИМОВ

 

...Эски Жўвада бир табаррук маскан бор. Мана, бир асрдан ошдики, у одамларга маърифат зиё улашиб келади. У нафақат Эски шаҳар аҳли, пойтахтликлар, балки бутун мамлакат зиёлилари яхши биладиган, интиладиган, кўҳна «Турон» кутубхонасидир. Бу кутубхонага кириб Тошкент ва унинг тарихига оид китоблар, қўлёзмаларни варақлар экансиз, Эски шаҳарнинг юртимиз ҳаётида қанчалик муҳим роль ўйнаганини, бу ердан етишиб чиққан не-не алломалар халққа сидқидилдан хизмат қилганининг гувоҳи бўласиз. Кутубхонанинг ўзи юз йиллик тарихга эга, лекин унинг нодир китоблари минг йиллик ўтмишимизнинг кўзгусидир. Чунончи, бу ердаги манбаларда Шайх Хованд Тоҳур, Туркистон ва Хуросонда пиру муршид мақомига кўтарилган Хожа Аҳрор Валий, қасидачиликда шуҳрат таратган шоир Бадриддин Чочий, ҳазрат Навоий ўз тазкирасида меҳр билан тилга олган истеъдод соҳиби Аълоий Шоший, муаррихлардан Банокатий, Ҳофиз Кўҳакий, Абубакр Шоший, Мирза Олим Тошкандий, Ёрмуҳаммад Тошкандий ва бошқа улуғ зотлар ҳақида қизиқарли ва ноёб маълумотларни  учратиш  мумкин....