Ҳуррият 2006 йил 9 август

 

МИРАЗИЗ АЪЗАМ

 

“Турон” янги саройга кўчади!

 

“Турон” кутубхонаси 93 йиллик тарихга эга бўлган қутлуғ маскан, маърифат ва маънавият ўчоғидир. У 1913 йилда Тошкент жадидларининг “Турон” номли маърифат жамияти томонидан ташкил этилган. Бу жамиятнинг асосчиси машҳур маърифатпарвар, шоир, драматург ва журналист Абдулла Авлоний (1878-1934) эди.

Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғулом Зафарий, Шокиржон Раҳимий, Юсуф Алиев сингари машхур ёзувчи ва шоирлар ҳамда бошқа зиёлилар ўз шахсий китобларини инъом этиб ва пул маблағи эҳсон қилиб кутубхонанинг китоб фондини яратдилар.

1915 йилдан бошлаб кутубхона, Россия, Туркия ва бошқа қўшни мамлакатлардан обуна бўлиш йўли билан газета ва журналлар ола бошлади. 1917 йилга келиб Шарқ халқлари тарихи ва маданиятига оид энг нодир китоблар билан кутубхона бут ва тўкис қилиб қўйилди. 1923 йилда оренбурглик олим Аҳмад Исҳоқов ўзининг араб, форс ва турк тилларидаги 5 минг нусха китобини кутубхонага совға қилди. Шу тариқа “Турон” 20-йилларнинг ўрталарида жаҳонга номи таралган обрўли маданият ўчоғига айланган эди. Афсуски, ўзбек алифбоси ўзгаргандан кейинги қатағон замонларида, сталинчи каллаварам тўнкалар араб алифбосидаги китоблар гўё ҳаммаси динни тарғибот қилувчи асарлар деб, барча тарихий-илмий адабиётларга қўшиб жадидлар адабиёти намуналарини ҳам истеъмолдан чиқариб, йўқ қилдилар. 1943 йилда “Турон” кутубхонаси ўзининг шарқ тилларидаги 13 минг нусха ноёб адабиётларини янги ташкил бўлган Беруний номли Шарқшунослик Институтига топширди (А.И.Кормилицин. “Библиотековеды и библиографы Узбекистана. Очерки и воспоминания”. Ташкент, 2005. 128—129 бетлар).

Кутубхона шакллангандан бошлаб бу ерда атоқли жадидлар турли йиғилишлар ўтказиб туришди, янги ёзилган асарлар ва бастакорлар ҳам чақирилиб мусиқа ва қўшиқлар ҳам тингланарди. Кейин бу анъана жуда узоқ йиллар давом этди, кейинги авлодлар ҳам бу ишларнинг давомчилари бўлдилар. Машҳур олимлар, ёзувчилар, артистлар, жамоат арбоблари билан учрашувлар мунтазам ўтказилиб турарди, шунингдек, катта анжуманлар, адабий кечалар, ўзбек ва жаҳон адабиёти сиймоларининг таваллуд кунлари нишонланарди. Бу ерда И.Х.Ҳусанхўжаев, Т.Содиқов, Ю.П.Шамшурина сингари кутубхоначилик ишининг энг тажрибали мутахассислари фаолият кўрсатдилар ва кутубхонага янги келган ёшларга ўз тажрибаларини улашдилар.

1938 йилда “Турон”га Тошкент вилояти кутубхонаси мақоми берилди ва у бу минтақадаги 501 кутубхона учун тажриба улашадиган услуб маркази ҳамда илмий-тадқиқот муассасасига айланди.

ХIХ аср нашрлари ва ХХ аср бошларидаги газета-журналлар тахламлари, жаҳон адабиёти намуналари, энциклопедиялар (қомуслар) ва Луғатлар, 370 минг китоб фондига ва 200 номдаги доимий даврий нашрларга эга бўлган “Турон” кутубхонаси республикада биринчилардан бўлиб ишларни автоматлаштиришни бошлаб юборди. Кутубхона фондидаги ўзбекча 60 минг китобга электрон каталог тузилди. 1999 йилда “Миллий матбуот саҳифаларида” номли
“Қизил Ўзбекистон” газетасида босилган асосий мақолалар библиографияси (1921-1926)” нашр этилганди, унинг маълумотлари компьютер базасига олинди.
Кутубхонанинг 8 компьютери бўлиб, компьютер тармоғи Интернетга ҳамда “Право”, “Норма” номли ҳуқуқий базалар билан боғланди.

Кутубхоначилик ишининг билимдонлари ва жамоатчиликнинг фикрича, бу ишлар кутубхоначи-библиограф, бу соханинг, фаол адабиётимизнинг билимдони. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Вазира Толиповна Собирова номи билан боғлиқ.

Кутубхона директори Вазира опа Собирова билан гаплашиш жуда мароқли кечади. У шу қадар камтарин ва билимдон, майин ва тафаккури бой аёлки, сира
ажрашгингиз келмайди.

- Талабалик йилларимда, - дедим мен, - кўпинча шу ерга келардим. Жаҳон классиклари асарларини, чунончи Генрих Гейне, Есенин шеъриятини, Тургеневнинг барча ҳикоя, қисса ва романларини, фондда мавжуд бўлган турк адабиётининг барча намуналарини, татар адабиётини шу ердан олиб ўқиганман. Келганимда ўқув залида ёзувчиларни кўп кўрардим.

- Ҳа, - дейди Вазира опа, - мен ишга келган биринчи кунимда Миркарим Осимни кўргандим. Доим келардилар. Назаримда, “Ўтрор”, “Карвон йўлларида” қиссаларини шу ерда ёзгандеклар. Насавийни, Бартольдни кўп ўқиганлари ёдимда қолган.

- Кутубхонанинг номи менга жуда ёқади.

- Ҳаммамиз ҳам фахрланамиз “Турон” номи билан. Бирор ерга “Турон” номи билан ишга борсак, биласизми, “Симсим, оч Эшигингни!” дейилгандек, эшиклар бизга кенг очилиб кетади. Четэлликлар ҳам кутубхонамиз номини эҳтиром билан тилга олишади... Буни қарангки, совет тузумига бу ном ҳам ёқмай қолганди. Бу ном 1928 йилда “Октябрь” деб ўзгартирилганди. Мустақиллик йилларида кутубхонанинг асл номини тиклашга муваффақ бўлдик.

- Ноёб адабиётларингиз ҳақида нима дея оласиз?

- Энг ноёблари сталинизм даврида йўқ қилинди. Жуда катта қисмини Шарқшунослик Институтига ўтказганмиз. Аммо халқимизда “Қатиқ тўкилса юқи қолар, айрон тўкилса неси қолар?” деган гап бор. Ҳар қалай кутубхонамиз айрон эмас, қатиқ экан, ҳалиям ноёб нарсаларимиз кўп. 20-30 - йилларда араб ва лотин имлосида нашр этилган “Маориф ва ўқитувчи”, “Маориф ва маданият”, “Муштум”, Қизил байроқ”, “Камбағаллар товуши”, “Қизил Ўзбекистон” каби қатор газета-журналлар тахламлари сақланади. Абдулла Қодирийнинг ҳажвий қарамони Калвак махзум эсингиздами?

Вазира опа жавондан Қодирийнинг Кичик Асарлар китобини олиб, Калвак махзумнинг “Турон”га кириб кутубхоначи билан қилган суҳбатини ўқий бошладилар:

“Қандай китобларингиз бор, фақир ҳам ўқусам жойиз, яъни имкони борми?” “Китоблар ҳисобсиз, тақсир, ҳар кимарса учун кутубхонамиз очиқ!” “Шарҳи виқоя”нгиз борми?” “Йўқ, тақсир.” “Шарҳи Мулло Жомий?” “Йўқ.” “Маслаки муттақийн?” “Йўқ.” “Бас, сизда нима бор?” “Бизда ҳар бир китобдан бор.” “Далойили хойрот?” “Йўқ.” “Канзили Ҳусайин?” “Йўқ.”  “Нурномаи шариф?” “Йўқ.” “Кимиёйи саодат?” “Йўқ.”

Менимча, бу диалогда давр сиёсатининг ҳолати ўз ифодасини топган. Маълум-ки, у пайтларда бундай китоларни нашр этиш у ёқда турсин, ўқиш ҳам тақиқ остида эди. Мустақиллик йилларимизда Қуръони Каримнинг ҳам, Имом Бухорий ва Имом Термизий Ҳадисларининг ҳам таржималари чиқди. Эндиликда Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Кимиёйи саодат”и ҳам, бошқа асарлари ҳам, Бахоуддин Нақшбанд китоблари ҳам, хуллас, Дин ишлари қўмитасининг рухсати билан чоп этилган барча китобларни оламиз. Техника университети талабалари ҳам, Ислом Университети талабалари ҳам – барчалари истаган китобларини олиб, истаган рефератларини ёзишлари мумкин. Замонавий электрон китобларимиз, компьютерларимиз ҳам хизматнинг ҳамма турига ҳозирдирлар.

- Яқинда хукуматимизнинг “Турон” кутубхонасини бошқа жойга кўчириш ҳақида қарори чиқди. Унга асосан “Шарқ” концернига тегишли газетлар корпусининг биринчи бўлмаси “Турон” илмий универсал кутубхонасини жойлаштириш учун берилди.

Ҳозирги кунда бизга сарой бўлиб хизмат қиладиган бу муаззам жой энг замонавий ашёлар, жавонлар, компьютерлар ва бошқа электрон буюмлар билан жиҳозланмоқда. Биз вақтинча Қоратошдаги Ўқувчилар Саройидамиз. Ишимиз бир кун ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Фондимизни бойитиш учун китоблар сотиб олиш давом этмоқда. Учрашувлар, турли тадбирлар ўтиб турибди. Яқинда Зангиота тумани кутубхонасида Китоб Марафони ўтказдик. Унда бир қатор ёзувчилар Зангиота кутубхонасига ўз китобларидан совға қилишди.

“Турон” кутубхонаси яқинда янги саройда ишлай бошлайди!