«Турон» кутубхонаси тарих саҳифаларида

 

         Феруза НУРИДДИНОВА

               «Турон» АКМ библиографи

 

Ўлкамиздаги илк ўзбек маърифат марказларидан бири бўлган «Турон» кутубхонаси бир асрлик тарихга эга. У 1913 йилда бир гуруҳ тошкентлик тараққийпарвар зиёлилар – Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Убайдулла Хўжаев, Тошпўлатбек Норбўтабеков каби жадид боболаримиз томонидан ташкил этилган «Турон» жамияти негизида майдонга келган ва 1918 йилда собиқ Маҳсидўзлик кўчасида иш бошлаган.

            Мана кутубхона 90 йилдан буён халқимизни илм-маърифат нурларидан баҳраманд этиб, самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг жамғармасида турли соҳаларга оид 350000дан зиёд китоб бўлиб, улар орасида кўплаб нодир ва ноёб китоблар мавжуд. Даврий матбуот нашрлари эса 50000дан ортиқ бўлиб, улар 1918 йилдан то шу кунгача нашр этилган газета ва журналлардан иборат. Улардан 20-йилларда чоп этилган араб алифбосидаги «Қизил байроқ», «Туркистон», «Қизил Ўзбекистон», «Дархон», «Фарғона», «Зарафшон», «Камбағал деҳқон», «Ишчи», «Шарқ ҳақиқати» ва «Қизил юлдуз» газеталари ҳамда «Маориф», «Муштум», «Маориф ва ўқутғучи» «Ер юзи», «Янги йўл» ва «Маориф ва маданият» каби журналлар алоҳида аҳамият касб этади. Чунки улар юртимиз тарихи бўйича қимматли манба ҳисобланади. Шу ҳақиқатни эътиборга олиб, мен 10 йил мобайнида «Иштирокиюн» (1918 йил 21 июн – 1920 йил 9 декабр), «Қизил байроқ» (1920 йил 12 декабр – 1922 йил 10 сентябр), «Туркистон» (1922 йил 13 сентябр – 1924 йил 3 декабр) ва «Қизил Ўзбекистон» (1924 йил 5 декабр – 1930 йил 31 декабр) (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газеталарини тадқиқ этиб, улар саҳифаларида эълон қилинган мақолаларнинг библиографиясини туздим. Унга 7500 та мақола киритилган. Фурсатдан фойдаланиб, мен шуни маълум қилмоқчиманки, мазкур библиографик кўрсаткич нашрга тайёр. Лекин кутубхона ночор аҳволда бўлгани боис китоб чиқаришга қодир эмас. Шу сабабли ушбу китобни нашр этишдек савоб ишга холис ёрдам бергувчи ҳомийлар топилса, биз хушнуд бўлар эдик.

            Энди мавзуга қайтсак, ушбу библиография соҳалар бўйича тасниф этилган бўлиб, 25 та бўлимга ажратилган. Улардан «Кутубхонашунослик» бўлими асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Унда 103 та мақола ва хабар қайд қилинган. Агар биз ўша материаллар билан яқиндан танишсак, газеталарда энг кўп ва энг хўб тилга олинган кутубхона – «Турон» кутубхонаси эканлигининг шоҳиди бўламиз. Шунинг учун библиографик кўрсаткичда «Турон» кутубхонаси» алоҳида рукнга ажратилган ва унга 61 та мақола жамланган. Чунки ўша йилларда газеталарда кутубхонанинг ҳар ойдаги ҳисоби берилар ва у ерда бўлган турли йиғилиш ва тадбирлар хусусидаги мақола ва хабарлар мунтазам чоп этилар эди. Улар кутубхона ҳақида жонли тарихдир. Қуйида биз рукндан жой олган ўша материаллар хусусида сўз юритмоқчимиз.

            «Иштирокиюн» газетасининг 1918 йил 25 декабр сонида «Ориф Кливлеев кутубхонаси» номли эълон босилган. Унда «Турон» санойи нафиса тўгараги иона дафтари очиб, халқдан кутубхона учун китоб ва қўлёзмалар иона қилишни сўраган.

            Кутубхонага Ориф Кливлеев  (1874–1918) номининг қўйилишига сабаб шуки, у Туркистон ўлка Ҳарбий Шўроси раҳбари, сўнгра Миллий ишлар халқ комиссари ҳамда «Иштирокиюн» газетасининг ташкилотчиси ва биринчи муҳаррири бўлган. Унинг вафотидан сўнг кутубхона «Ориф Кливлеев шарафига очилган «Турон» кутубхонаси» деб номланган. Шу билан бирга  Миллий ишлар комиссарлиги унга 10 минг сўм иона берган. Бу сармоя билан кутубхонада ишлар бироз жонланган.

            Яна шу газетанинг 1919 йил 1 февраль сонида кутубхона мудири Абдулвоҳид Расулийнинг «Ватан авлодидан миллат номига бир рижо» номли мақоласи босилган. Унда муаллиф халқдан кутубхонага моддий ва маънавий кўмак беришларини сўраган. Газетанинг 9 феврал сонида яна Расулийнинг «Баёни ташаккур» номли мақоласи эълон қилинган. Унга кутубхонага китоб ҳадя этган кишиларнинг рўйхати берилган бўлиб, муаллиф ул зотларга ўзининг ташаккурини изҳор қилган. Газетанинг 17 июн сонида «Абдулвоҳид» имзоси билан шундай эълон чоп этилган: «Рамазони шариф муносабати билан кутубхона Шайхонтаҳур мозори сайргоҳига кўчди ва кеч соат 6 дан 12 гача очиқ бўлади.»

            Мазкур эълондан ҳам маълум бўладики, кутубхона Рамазон ойида рўзадорларга катта қулайлик яратган.

            «Иштирокиюн» газетасининг 1920 йил 23 июн сонида атоқли ёзувчи Абдулла Қодирийнинг «Жу-бой» имзоси билан ёзилган «Қироатхоналаримиз» сарлавҳали катта мақоласи эълон қилинган. Унда ёзувчи «Турон» қироатхонасининг муаммолари ҳақида куюнчаклик билан шундай ёзган:

            «…Бизнинг Тошкандда биринчи мартаба очилған қироатхона 1918 йилнинг декабиринда бир икки йигитларимизнинг ғайрати ила «Турон» жамиятининг Ориф Клеблеев номинга очилған қироатхонаси бўлди. Лекин биринчи мартаба очилған бу қироатхона яхши йўлға кета олмади. Чунки китоб келтурмакка атроф йўллари ёпиқ ва бунинг устига қироатхона учун ҳукуматдан ёрдам ҳам йўқ эди. Бошида қироатхона маҳаллий кишиларнинг ҳадя этган китоблари ила юриб турса ҳам, сўнгроқ Миллий ишлар комиссарлиғининг Ориф Клеблеев исмига ёдгор бўлсун, деб берган ўн минг сўм оқчаси билан баъзи маданий ишлар ишлаб турди. Лекин бу оқча ва бу ҳол ила қироатхона ўзинда бор китоблар билан халқни қаноатландирув мумкин бўлмағач, шахсий китоби бор кишилардан китоблар реквизисия тариқасинда қироатхонаға олинди…

            Клеблеев номиға очилған қироатхонада ҳозир тўрт юз жилдга болиғ мусулмон китоблари бўлуб, Тошканд мусулмонлари каби икки юз минглаб ҳисобланған бир халқ учун бўлган бу қироатхонаға нол даражасинда оздир. Энг ози тўрт–беш минг жилдларга еткурилуви матлуб бўлуб, бунинг учун ички Русия, Боку каби жойларға вакиллар юбориб, китоб келтирилуви керакдир…»

            Кутубхона 1920 йилда Эски шаҳар маориф шўъбаси қарамоғига ўтган. Буни газетанинг 1920 йил 1 июл сонида Эски шаҳар маориф шўъбаси мудири Акбархўжа Қосимхўжа ўғли ва кутубхона ва қироатхоналар шўъбаси мудири Назир Иноятий томонидан эълон қилинган билдириш ҳам тасдиқлайди. Ундан маълум бўлишича, кутубхонадан китоб олган кишиларга китобларни топшириш учун 5 кун муҳлат берилган ва ҳатто қарздорларнинг исм-шарифлари ҳам келтирилган.

            «Қизил байроқ» газетасининг 1920 йил 21 декабр сонида кутубхона мудири Яъқуб Хўжанинг «Турон» кутубхонаси ва ўқувчилар» номли мақоласи босилган. Унда муаллиф кутубхонадан олинган китобларни ўз вақтида топшириш ҳақида китобхонларга мурожаат қилган.

            Шу ўринда яна бир нарсани қўшимча қилиш керакки, ўша йилларда кутубхоналар томонидан «Чақирув» номли варақа чиқарилган. У кутубхона мудири томонидан китоб олиб топширмаган кишининг уй манзилига юборилган ҳамда ундан китобларни кечиктирмай топшириш талаб этилган.

Кутубхонанинг кейинги мудири М. Саидали ҳам шу хусусда «Марказий «Турон» кутубхонасидан фойдаланувчиларга» номли мақоласида («Қизил байроқ»,1922 йил 16 январ) китобхонларга шундай хитоб қилган:  

«… Кейинги вақтларда ўқувчиларнинг кўпайиши билан кутубхонадаги китобларнинг етишмаслигини эътиборга олиб, русча, мусулмончадан бирор донадан берила бошланди. Шул ҳолда ҳам етишсизлик оша борди. Табиий, юз минглаб халққа 3-4 минг жилд китоб етишмайдир. Шу етишсизликни кўра туруб, кутубхонанинг сурўги 10 кун бўлғони ҳолда, баъзи бир ўқувчилар олғон китобларини ойлаб, йиллаб тута бошладилар. Ҳатто, баъзилари ўзлаштириб кетдилар…

            Шунинг учун ҳалиги ўртоқларга яна бир мартаба таклиф ва илтимос қиламиз: кутубхонадан олғон китобларингизни тезлик билан топширингиз. Уни ўзлаштириб кетолмассиз, чунки ул элнинг мулки. Эл сиздан уни ҳар вақт талаб қилади. Ўзингиздан бошқа ўқувчиларнингда борлигини эсингиздан чиқармангиз!…»

            «Туркистон» газетасининг 1922 йил 22 сентябр сонида босилган «Турон» қироатхонаси очилди» номли хабарга кўра, қироатхона таъмирдан сўнг қайтадан очилган.

Яна шу газетанинг 1923 йил 13 феврал сонида «Турон» кутубхонасини мукаммаллаштириш» деган хабар босилган. Унда ёзилишича, кутубхонани мукаммаллаштириб, марказий бир мусулмон кутубхонаси қилиш учун сиёсий маориф томонидан раҳбарлар белгиланган, шунингдек, кутубхонани 3 та бўлимга: яъни русча бўлим, катталар ва болалар бўлимига ажратиш режалаштирилган.

            Газетанинг 1923 йил 28 апрел сонида эса «Турон» кутубхонасида мутолаа  қилганларнинг ҳисоби берилган. Унга кўра, январ ойида 643, февралда 836, мартда 648 киши китоб мутолаа қилган. Яна шу сонда «Кутубхона олинди» деган хабар босилган бўлиб, унда оренбурглик китобчи Аҳмад Исҳоқийнинг бутун кутубхонаси 235 миллиард сўм баробарига «Турон» кутубхонаси учун сотиб олинганлиги ёзилган. Шундай қилиб, кутубхона жамғармаси яна 5 минг жилд китобга ортган.

Янги олинган китоблардан хабар топган китобхонлар уларни ўқишга шунчалик муштоқ бўлганларки, ҳатто ўқувчилардан биттаси «Қачон ўқир эканмиз?» деган мақола ҳам ёзган. («Туркистон», 1923 йил 12 сентябр)

            Бу ҳам халқимизнинг ниҳоятда китобсевар эканлигидан далолат беради.

            Газетанинг 1923 йил 10 декабр сонида «Ўқувчи» имзоси билан «Турон» кутубхонаси» сарлавҳали мақола чоп этилган. Унда таъкидланишича,  Эски шаҳар вақф шўъбаси кутубхонага чироқлар ўрнатиб берган. Шундан сўнг, кутубхона эрталабдан кечаси соат 22 гача ишлаган.

            Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, вақф шуъбаси «Турон» кутубхонасини оталиғига олган бўлиб, доимо ёрдам бериб келган. Масалан: 1924 йилда кутубхона эҳтиёжлари учун 4255 сўм, 1925 йилда эса китоб жавонлари ясаттириб берган.

            «Туркистон» газетасининг 1924 йил 3 январ сонида «Ташаббус ҳайъати» томонидан ўзбек маориф ва маданият ходимлари диққатига шундай билдириш берилган:

            «3 январ пайшанба куни соат тўртда «Турон» қироатхонасида Ўзбек билим ҳайъати, «Нашри маориф» жамияти», «Кўмак» уюшмаси ва матбуот ходимларининг қўшма ўлтириши бўладир.

Кўриладурғон масала:

1.      Маориф ва маданият ишининг юксалишида жиддият ва маорифга ёрдам ойиға иштирок.

2.      Маориф уюшмаларининг кучларини бириктириш.

16 январда эса қуйидаги «Чақириқ қоғоз» эълон қилинган:

«17 январ пайшанба куни соат 4 да Эски шаҳар «Турон» қироатхонасида ўзбек маориф ва маданият ходимларининг мажлиси бўлур, шунга қуйидаги ўртоқлар чақирилиб, келмай қолмасға таклиф этиладир:

Мажид Қодирий, Муродхўжа, Шокиржон Раҳим, З. Носирий, Усмонхон, Охунов, Орифхонов, Т. Мусабоев, Миржалилов, Мунаввар қори, Маннон Рамз, Шоҳрасул, Наби, Жулқунбой, /ози, Муҳсин, Элбек, Боис, Ҳидой, К. Алимов, Салимхон, Олим қори, Иброҳим афанди, Чўлпон, Шаҳид Эсон, Аълам домла, Мамаджон қори, Вали Бурҳон, Маъруф Расулий, Вадуд, Саъдулла қори, /улом Зафарий, Айюб, Санжар, Қамчинбек, Хатибзода, Насрий, Мўминжон, Босит, «Нашри маориф» ва «Кўмак» муассасалари ва бошқа маориф ва маданият ишига алоқадор йўлдошлар.

Ҳа, чиндан ҳам бу даргоҳ мана шундай маърифий тадбирларнинг кўп ўтказилганлиги ва барча ўзбек маърифатпарвар зиёлиларнинг қадами текканлиги билан-да табаррукдир.

1924 йилдан бошлаб «Туркистон» газетасида кутубхонанинг ҳар ойдаги ҳисоби мунтазам бериб борилган. Газетанинг 1924 йил 12 феврал сонида босилган «Турон» кутубхонасининг ойлик ҳисоби» номли хабарда ёзилишича, январ ойида кутубхонадан 705 киши китоб олиб мутолаа қилган, қироатхонадан газета-журнал ўқувчилар эса 2335 та бўлган.

Газетанинг 1924 йил 9 апрел сонида босилган «Бир киши» имзоси билан ёзилган «Ҳужумларга жавоб» мақоласида кутубхонага шундай таъриф  берилган:

«…Тошкантдаги «Турон» кутубхонаси ҳозир ўлкадаги мусулмон кутубхоналари ичида намуна бўла олурлиқ ва таъриф этилишка жуда мустаҳиқдир. Самарқанд 16 йилда бир мукаммал кутубхонага эга бўла олмағони ҳолда, Тошкант беш йилда мукаммал бир кутубхонага эга бўлуб турубдир…»

            1924 йил мартда кутубхонадан китоб олиб ўқувчилар 1500 кишини, қироатхонадан газета-журнал ўқигувчилар эса 2527 кишини ташкил қилган.

            Газетанинг 1924 йил 1 июн сонида «Эшитгувчи» имзоси билан «Китоб тўғрисида илмий гап» номли катта мақола чоп этилган. Унда ёзилишича, «Турон» кутубхонасида 27 май куни «Китоб ҳафтаси» муносабати билан Усмонхон Эшонхўжаев томонидан «Китобнинг аҳамияти ва ундан фойдаланиш йўллари» мавзуида маъруза ўқилган. Бундан ташқари, қироатхонада матбуот кўргазмаси очилган бўлиб, ундан кутубхонанинг очилиш тарихига доир материаллар ҳам ўрин олган.

Усмонхон Эшонхўжаев (1899-1938) ҳақида бир неча сўз:

 У 1922 йилда Маориф комиссарлигининг Билим кенгаши раиси, 1924 йилда Маориф комиссари бўлган. 1922-1925 йиллар оралиғида «Қизил байроқ», «Туркистон» ва «Қизил Ўзбекистон» газеталарига муҳаррирлик қилган, қатағон қурбони.

У китобнинг аҳамияти ҳақида шундай фикр билдирган эди:

«… Мутолаа учун киши ўз вақтиға риоя қилмоғи зарурдир. Бекорчилик ва майда нарсаларга қимматлик вақт сарф қилиш ёмон бир ҳодисадир. Вақтни ҳурмат қилмоқ, исроф қилишдан сақланиш, вақтни бекор ўтказмаслик замон томонидан бизга юкланган муҳим бир вазифадир.

Кўпчиликнинг маданий савиясининг юксалиши ва сиёсий ҳаракатларга аралашиши учун бизда қироатхона ва кутубхоналар муҳим воситалардан ҳисобланадир. Китоб ва умуман нашриётни кенгайтирмак, кўпайтирмак учун халқ орасида замин бор, чунки ҳозирда илм ва маорифнинг зарурати юртнинг ҳар қандай қоронғи бурчакларигача билингандир.»

Газетанинг 1924 йил 12 август сонида «Мутолаачи» имзоси билан ёзилган «Эски Тошкент «Турон» кутубхонаси» деган катта мақолада билдирилган фикрлар ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир:

«…1918 йилда очилғон бу кутубхона кун сари ўсиб ва ўзбек, татар, озарбайжон, форс, араб ва русча ёзилғон асарлар билан бойиб келди. Унинг ўтган йилда Аҳмад Исҳоқийдан олғон жуда кўб китоб ва рисолалари орасида Шарқ тарихига оид жуда муҳим асарлар бор. Кутубхонада борлиғи 15 минг китоб бўлуб, улар жуда тартиб билан ўринлаштирилғонлар, кутубхонанинг қироатхонасига Туркистон ўлкасида чиқадурғон газета ва журналлардан бошқа Боку ва Татаристонда чиқадурғон 4 турлик газета ва 2 турлик журнал ва 2 турлик русча газета олинадир.

Кутубхона ва қироатхонага ўрта ҳисоб билан ҳар куни 70 одам кириб ўқийдир. Келганларнинг кўпи 15-25 ёшлар орасида бўлуб, кўбрак адабий асарларни сўрайдирлар.»

«М. Қ.» (кутубхона мудири Маҳкам қори Сайдалиев бўлса керак – Ф. Н)  имзоси билан ёзилган  «Турон» кутубхонасини бойитиш йўлида» (1924 йил 13 октябр, 371-сон) номли мақолада келтирилган маълумотлар ҳам диққатга лойиқдир. Ундан маълум бўладики, кутубхонага ўша пайтгача китоб, газета ва журналлар пулга сотиб олинган. Сўнгги пайтда китобларни бепул олиш йўлида бирмунча муваффақиятларга эришилган. Жумладан, Туркистон Давлат нашриётида чоп этиладиган асарлардан кутубхонага 2 нусхадан олиб туришга муваффақ бўлинган. Ундан ташқари, Озарбайжон Марказ Ижроқўми раиси Оғамали ўғли ҳам Озарбайжонда чиқадиган китоб, газета ва журналлардан 2 нусхадан юбориб туришга ваъда берган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1925 йил 8 январ сонида яна «М. Қ.» имзоси билан ёзилган «Турон» қироатхонасининг 1924 йил учун ҳисоботи ҳам унинг тилаги» сарлавҳали катта мақола эълон қилинган. Унда тубандаги маълумотлар баён этилган: 1924 йилда кутубхонадан китоб олиб ўқигувчилар  7027, қироатхонадан газета-журнал ўқигувчилар 26086 кишини ташкил қилган. Ўқилган китобларнинг ҳаракати 10836 тадир. Энг кўп ўқилган китоблар тарихий, сиёсий, ижтимоий ва бадиий адабиётга доир китоблардир. Китобхонлардан 1105 таси эркаклар, 42 таси аёллар бўлган. Маълумотларига келсак: ибтидоий маълумотлилар 960 та, ўрта 174 та, олий 13 та. Миллатига кўра: ўзбеклар – 997, татарлар – 86, руслар – 15, қозоқлар – 25, эронликлар – 3, араб – 1, усмонлилар – 5, туркманлар – 4, уйғурлар – 4, черкас –1, яҳудийлар – 4, тунган – 1, арман – 1та. Китобхонларни ёшларга ажратганда 18 ёшгача 566 та, 18 дан 30 ёшгача 501 та, 30 дан 70 ёшгача 80 тадир. Ўқилган 10836 та китобни тилларга бўлганда: ўзбекча 4176, татарча  28851, усмонлича 3366, қозоқча 92, озарбайжонча 417, арабча 245, форсча 89, туркманча 13, ҳиндча 12, русча 571 та.

Кутубхонада Европадаги каби ўнинчи усул қўлланилган. Бу усул бўйича ҳар қандай китоб ўқувчига 2 дақиқада топиб берилган. Китоблар 1923 йилнинг октябридан уйга берилмайдиган бўлган. Мақолада яна болалар қироатхонасини ташкил этиш масаласи ҳам кўтарилган.

Газетанинг 1925 йил 16 декабр, 303-сонида Эски Тошкент сиёсий маориф қўмитаси томонидан «Муҳим йиғилиш» номли қуйидаги билдириш чоп этилган:

«16 декабр чоршанба куни соат 3 да «Турон» кутубхонаси биносида Эски Тошкентдаги ҳамма қлуб қошидағи қироатхона мудирлари ва қизил чойхона мудирларининг умумий мажлиси бўладир.

Кўриладурғон масала:

Кутубхоналар иттифоқи ташкил қилиш ва кутубхоналар иттифоқининг аҳамияти тўғрисида Янги Тошкент кутубхона иттифоқидан айрим маърузалар бўлур.

Кутубхоналар иттифоқини ташкил қилиш масаласи ҳам долзарб бўлиб, кутубхоналарга бўлган эътибордан дарак беради.

Кутубхоналар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка яққол мисол бўладиган далил шуки, 1925 йилда Ўзбек Давлат кутубхонаси (ҳозирги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси) «Турон» кутубхонасига 2000 нусха китоб совға қилган. Улар асосан Шарқ тилларидаги китоблар бўлиб, баъзилари Шарқ хусусида чет тилларда ёзилган китоблардир.

Газетанинг 1926 йил 17 январ, 14-сонида яна «М. Қ.» имзоси билан «Турон» кутубхонасининг 1925 йил учун ҳисоботи ва келгусида бўладирғон янги бино» деган мақоласи эълон қилинган. Ундан парча келтирамиз:

«1923 йилдан 1925 йил 31 декабргача кутубхонага 1608 киши аъзо бўлиб ёзилғон. Шу аъзодан 25 йил ичида китоб олиб ўқиб давом этканлар 797 киши бўлиб, шуларнинг ижтимоий аҳволи қуйидағичадир: ҳунарманд 42, деҳқон 30, илмий юмушчилар 66, қора ишчи 17, савдогар 21, турли ишда меҳнат қиладурғонлар 79;  шундан 18 ёшгача 405, 30 ёшгача 319, 70 ёшгача 73; ибтидоий маълумотлилари 673, ўрта маълумотли 118, олий 6.

Шундан қироатхонага келиб газет-журнал ўқиб кетгучилар 28526 кишидир.

Китобларнинг фанга бўлинишлари ва ҳаракатлари: умумий фанлар 12144, фалсафа 2233, диний китоблар 369, ижтимоиёт 41351, тил илми 5566, соф фанлар 61063, маишатга доир фанлар 7357, санойи нафисага доир 8169, адабиёт 94463, тарих ҳам жуғрофия 2000. Шу ўн фандаги ҳаракат қилғон китобларнинг ҳаммаси 12395 тадир…

Еврўпа ва Русияда амалга ошиб келмакда бўлғон ўнинчи усулни чин маъноси билан йўлға қўйишда кутубхонанинг биноси чиндан ҳам кутубхона учун айрим қурилғон бино бўлиши тегишдир. Агарда бу кутубхонада шу ўнинчи усул қўлланилса-да, бинонинг торлиғи учун 18 ёшдан пастдагилар маҳрум бўлиб қоладирлар. Хотин-қизларнинг кам келишига сабаб ҳам айрим бўлманинг йўқлиғи, ҳозирғи кутубхона биносининг ноқулайлиғидир.

Эски Тошкент думахонасининг бош қўйиши соясида 26 йил ичида кутубхонага айрим бино солиниши учун ижарага берилди. Бунинг лойиҳа ва планлари битиб қуйидағи бўлимлардан иборат қурилади: битта умумий зал, битта 20 газ бўйида болалар кутубхонаси, битта 20 газ бўйида хотин-қизлар кутубхонаси, 2000 китоб сиғадирғон ўтдан сақлайдирғон китоб уйи.

Кутубхона 1926 йилда китобхонларга қулайлик туғдириш мақсадида кечаси соат 21 гача ишлаган. Унинг китоб жамғармасида Алишер Навоийнинг 12 хил асари бўлиб, таржимаи ҳоли тўғрисида 11 та китоб мавжуд бўлган. Унинг 1926 йил ҳисоботи «Турон» кутубхонасининг бир йиллик ҳисоби» мақоласида («Қизил Ўзбекистон», 1927 йил 27 март, 70-сон, 4-бет) баён этилган. Унда ёзилишича, 1926 йилда кутубхонадан 759 киши 6610 марта китоб олиб ўқиган, газета-журнал ўқувчилар эса 13 минг 366 тани ташкил қилган. Аъзоларнинг умумий сони 1885 тадир. Шу йили кутубхонага 2000 та янги китоб олинган. Бундан ташқари Маориф комиссарлиги ҳамда Туркманистон китоб палатасидан текинга китоблар келиб турган. Кутубхона ўз ўқувчиларини 38 хил газета-журнал билан таъминлаган. Мутолаачиларнинг сони кундан-кунга ортиб борганлиги сабабли бино торлик қила бошлаган. Лекин Эски шаҳар думахонаси томонидан барпо этилиши мўлжалланган янги бино қуриш иши тўхтаб қолган. Агар бино масаласи ҳал бўлса, вақф шуъбаси китоб етказиб беришни ўз зиммасига олган.

1928 йилда замона зайли билан кутубхонанинг номи ўзгарган ва «Октябрь номидаги марказий кутубхона ва қироатхонаси» номи билан юритиладиган бўлган.

«Қизил Ўзбекистон» газетаси қошидаги ҳафталик янги алифбе газетаси (лотин имлосидаги) «Қизил тамға» газетасининг 1928 йил 21 сентябр, 5-сонида «Октябрь» кутубхонасида» номли мақолада ҳам кутубхонада бўлган ўзгаришлар хусусида сўз боради. Унда ёзилишича, 1928 йилга ёздирилган газета-журналларнинг пули ҳамда 1927 йил учун электр ҳақи тўланмаган, китоблар учун кам маблағ ажратилган. Кутубхона ҳомийларидан бўлган вақф шуъбаси ҳам бу пайтга келиб тугатилган эди. Камчиликларга қарамай, кутубхона ўзининг оммага зиё тарқатишдек шарафли вазифасини тўла адо этган. 1928 йилнинг январ-июн ойларида китоб мутолаа қилганлар 3177 та. Фойдаланилган китобларнинг сони 5742 та бўлиб, асосан ўзбекча ва татарча китоблардир. Даврий матбуот нашрларидан фойдаланувчилар 30000 кишини ташкил қилган. 5017 та китоб эса тегишли идоралар томонидан тузилган бешлик комиссия томонидан мафкуравий саёз китоблар деб топилиб, тақиқлаб қўйилган. Чиқарилган китоблар ўрнини қоплаш учун Ўзбекистон китоб палатасидан олинган китоблардан ташқари, 600 сўмлик китоб сотиб олинган. Кутубхонага аъзо қилинганларнинг сони 500 тадир.

1928 йилда кутубхона мудири Абдулла Носиҳий бўлган. У кутубхонага раҳбарлик қилишдан ташқари, ўзбек эртак ва мақоллар тўплаш билан ҳам шуғулланган.

Энди кутубхонанинг номланишига келсак, у узоқ йиллар давомида, яъни 1928 йилдан то мустақилликка эришгунимизча «Октябрь» кутубхонаси деб юритилган. Фақат 1992 йилда унинг асл номи бўлмиш «Турон» деган ном қайта тикланди ва Тошкент вилояти «Турон» илмий-универсал кутубхонаси» деб аталди. 2006 йилдан эса Тошкент вилояти «TURON» ахборот-кутубхона маркази» деб юритилмоқда. Гарчи кутубхона турли даврларда турлича аталган бўлса-да, халқимиз орасида «Турон» кутубхонаси» номи билан машҳур.

Энди китобларнинг сақланиши ва бино масаласига тўхталсак. Ёшларнинг илму фан сирларидан воқиф бўлишлари, касбу ҳунар эгаллашлари учун, албатта,  ақл қайроғи бўлмиш – китоб даркор. Китобсиз илм олишнинг имкони йўқ. Ахир бежизга «Китобсиз ўқиш – қанотсиз учиш» деб айтмайдилар. Мана шундай бебаҳо хазинани келгуси авлодлар учун мукаммал ва беками-кўст етказилиши учун уларни яхши сақланишини таъминлайдиган махсус, айнан кутубхона учун мослаб қурилган бино талаб этилади. Шу билан бирга, у китобхонларнинг мутолаа қилишлари учун ҳам ҳар томонлама қулай бўлиши зарур.

Таассуфлар бўлсинким, бино масаласи бугунги кунда ҳам ҳал бўлмаган. Чунки кутубхона ҳозирда таъмир талаб, зах ва совуқ бинода фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда мазкур маърифий марказ моддий ва маънавий мададга муҳтож. Шу боисдан уни қўллаб-қувватлайдиган ҳомийлар топилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ўйлаймизки, юқорида келтирилган маълумотлар сизда кутубхонанинг ўтмиши тўғрисида маълум тасаввур ҳосил қилади.

Хулоса тарзида шуни айтиш керакки, 20-йиллар газеталарида эълон қилинган материаллар «Турон» кутубхонасининг ўша даврда ўлкамиздаги энг кўзга кўринган ва мавқеи баланд кутубхоналардан эканлигидан ҳамда халқимизнинг ушбу зиё масканига бўлган катта эътиборидан гувоҳлик беради.