«Жадид мактаблари: уларда она тили ва адабиёт ўқитишнинг илмий-назарий ҳамда амалий асослари»

 

У. Долимов Педагогика фанлари доктори

илмий даражасини олиш учун ёзилган

диссертация авторефератидан кўчирма.

 

Мактаб очиш – улуғ иш. Аммо пул, маблағ билан ҳал қилинадиган катта-катта муаммолар ундан кейин чиқа бошлайди. Айниқса, мустамлака шароитида маҳаллий маорифга маблағ ажратиш у ёқда турсин, у таъқиб ва тазйиқлар остига олинган бир пайтда, мактаб учун бинодан тортиб, ўқитувчилар маошигача, ўқувчилар учун ўқув қуролларидан тортиб, мактаб мебелигача, дарслик ва ўқув қўлланмалари яратиш ва уларни нашр этишдан тортиб, етим-есирларга ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам кўрсатишгача бўлган муаммолар катта маблағни талаб қилар эди. Жамиятларни ташкил қилиш, улар фаолиятини замон талабларига мослаштириш борасида Бехбудий, Мунавварқори, Авлоний, Айний, Фитрат, Ҳамза каби жадидчилик ҳаракати раҳбарлари катта ишларни амалга оширдилар. Уларнинг ҳаракатлари билан Тошкентда «Турон», Бухорода «Тарбияи атфол», Қўқонда «Ғайрат» хайрия жамиятлари, ўндан ортиқ ширкатлар, нашриётлар, кутубхоналар ташкил этилди. Мунавварқори ва Авлонийлар 1909 йилда Тошкентда илк бор очилган «Жамияти хайрия»нинг асосчилари бўлдилар. 1913 йилда улар «Жамияти хайрия» заминида Тошкентнинг маърифатпарвар зиёлилари, бойлари билан биргаликда «Турон» жамиятини вужудга келтирдилар. «Турон» жамияти кошида «Турон» драмтруппаси, «Турон» кутубхонаси ва қироатхонаси, «Туркистон кутубхонаси» нашриёти, «Турон» газетаси фаолият кўрсатган. Жамият фақатгина маърифатли бойларнинг ионаларига қараб турмасдан, пул тушадиган йўллардан унумли фойдаланиш режасини тузиб чиқди: бунинг учун оммавий томошалар уюштирди. Авлоний 1911 йилда ўз ўқувчиларига «Мактабга тарғиб» шеърини хор бўлиб ўқишга ўргатади ва Рига «Граммофон» ширкатида пластинкага ёздиради, ундан жамият икки минг сўм фойда кўрди.