«Шарқ юлдузи» 1990 йил № 6

Қодир Норхўжаевнинг “МЕН  БИЛГАН  ЧЎЛПОН”

мақоласидан парча.

Менинг Чўлпон билан танишишим 1924 йили тасодифан рўй берган, у вақтда ёшим ўн еттида эди. Ҳамза номидаги театрнинг Хадрадаги собиқ биноси қаршисида жойлашган Тошкент педагогика техникумида ўқир эдим. Эски Жўва майдони яқинидаги кўримсиз бинода «Турон» кутубхонаси бўлиб, унга техникум ўқувчилари тез-тез келиб турардилар. Кунларнинг бирида китоб олгани кутубхонага борсам, пештахта олдида қадди-қомати келишган, салобатли, йўғонроқ, очиқ чеҳрали ва файзли нотаниш бир киши турган экан. Салом бердим, у киши алик олиб, кийимим юпун бўлганиданми, бошдан-оёғимга разм солиб: «Сиз қаердан бўласиз, йигитча», деб сўрадилар. Мен одоб билан тошкентлик ва техникум ўқувчиси эканимни айтдим. Шунда севинчли оҳангда; «Яхши, ўқиш керак, ўзингизга соғлик, ўқишингизга муваффақият тилайман», дедилар. Шу вақт ичкаридан Абдулла Носиров (кейинроқ Ўз ФА Шарқшунослик институтида библиограф ва илмий ходим бўлиб ишлади) юпқа бир китобни олиб чиқиб, расмийлаштириб ҳалиги кишининг қўлига бердилар. Менга омад тилаган одам  китобни қўлига олиб варақлар экан, кўзим «Сарвати Фунун» деган ёзувга тушди. Бу номдаги асарни биринчи кўришим эди. Мижоз биз билан қуюққина хайрлашиб чиқиб кетди. Одобсизлик саналса ҳам Абдулла акадан бу одамнинг ким эканини сўрадим. «Чўлпон деган шоир шу киши бўлади» деди Абдулла ака. Кейин қўшиб қўйди: «Истамбулда нашр этиладиган «Сарвати Фунум»ни олдилар. Зап яхши журнал-да».

Биз ёшлар Чўлпон, Фитрат, Боту, Элбек каби адибларни адабиёт дарслари орқали танир эдик. Чўлпонни шахсан учратганимдан беҳад хурсанд эдим. Шундан сўнг ёшлик истагига бўйсуниб Чўлпон мутолаа қиладиган журнални ўқишга иштиёқим ортди ва Абдулла акадан бир сонини олдим. Туртиниб ўқишга, тушунишга ҳаракат қилдим. Чўлпон туфайли шундай журнал борлигини билганим ва ўқишга уринганим учун Чўлпондан  миннатдор эдим.

Бу учрашувдан кейин орадан анча вақт ўтди. Бир гал Эски Жўвада Чўлпонга яна тасодифан дуч келиб қолдим. Ёнида қадди-қомати келишган бир рус аёли бор эди. Мен ийманиб салом бердим. У киши алик олиб: «Аҳволингиз яхшими, китоб олиб турибсизми?» деб сўрадилар. Алҳол шоирнинг қувваи муҳофизасига, камтарлиги ва олижаноб инсонлигига қойил қолдим. Ёнларидаги рус аёли, кейин билсак, турмуш ўртоқлари экан.

Чамамда, 1925 йили техникум бир қаватли бинога кўчирилди ва номи ҳам «Наримонов» деб ўзгартирилди (илгари «Навоий» номида эди). 1926—27 ўқув йилида адабиёт дарсини Бокуда таҳсил олиб келган Олим Шарафиддинов олиб бордилар. Чўлпоннинг «Уйғониш», «Булоқлар», «Тонг сирлари», Ботунинг «Умид учқунлари» номли шеърий тўпламлари, А.  Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романи биз талабаларнинг қўлидан тушмас эди.

Шу йиллар ичида Тошкентга Бокудан профессор Чўбонзода келганини ва адабиётчилар йиғинида ўзбек адабиётининг ҳозирги ҳолати ҳақида маъруза ўқиганини эшитдим. Чўбонзода Чўлпоннинг ўзбек адабиёти равнақи учун кўп ҳисса қўшганини таъкидлаб, Чўлпоннинг шеъриятдаги бадиий маҳоратини турк шоирларидан Яҳё Камолга таққослаб, ундан ҳам юқори қўйган. «Яҳё Камол ўз асарларини туркларнинг ишланиб вояга етган тилида яратган. Чўлпон эса ўзбекларнинг энди ривож топаётган тилида ёза бошлади, ўзбек шеърияти тилини яратди ва шу тилда ўлмас асарлар ёздиким, бу Чўлпоннинг Яҳё Камолдан устунлигидир»,  деган.

1925 йили Бокуда нашр этилган тўрт жилдли «Турк адабиёти тарихи» асарининг муаллифи Исмоил Ҳикмат Яҳё Камол ҳақида шундай ёзади: «Яҳё Камол туркларнинг «Шоҳномаси»ни яратишга қодир кимса». Кўряпмизки, Яҳё Камол Фирдавсийга тенглаштирилиб, истеъдоди юқори баҳоланади. Чўбонзода эса Чўлпонни туркларнинг катта шоиридан ҳам юқори қўяди. Биламизки, Чўлпон шеърларининг тили содда, равон ўқилади. Шоир янги-янги ташбеҳ ва ўхшатиш. истиоралар қўллайдики, булар шеърларининг бадиий қийматини ошириб юборади.

Чўлпоннинг баъзи шеърларида умидсизлик оҳанглари устивор эди, миллий руҳ кучли эди. Натижада шоирнинг ижоди аёвсиз танқид қилинди. Буларнинг иечоғли тўғри ёки нотўғри эканлигига севимли адибимиз Абдулла Кодирийнинг «Тонг сирлари» китобига ёзган сўзбошиси тўлиқ жавоб беради. Баъзи бир ўртоқлар Чўлпонни «йиғлоқ» деб айбситадилар. Балки ҳақлари ҳам бордир, чунки унинг:

 

Чечаклар ўсгуси кўз ёшларимдан,

Бўғинлар унгуси ўйлашларимдан,

 

деб ҳасратланиши бизнинг кўз олдимизда «Йиғлоқ» бир шоирни гавдалантирадир. Бироқ шоир шу тўккан кўз ёшларидан чечаклар ўстирмоқчи бўлмаса эди, биз ҳам унинг муътаризлар қаторига  кирган бўлар эдик.

Анқов таъначилар шоирни ранжитишга мудовамат қиладирлар. Ҳатто «сен кўк шоири» дегувчилар ҳам бўлиб, чорасиз шоир уларга ўз ҳолидан очиқ жавоб беришга мажбур қоладилар:

 

Сиз дейсизким мен кўкларни ўйлаймен,  

Ер бетига сира назар солмаймен,    

Янглишасиз: мен кўкларга беркинган  

Ер қизидан хаёлимни олмаймен.           

 

Менимча «Тонг сирлари»да кўрилган кўз ёшларининг сирри шудир. Шу қисқа жумлада ўқиғувчини бу кунги Чўлпон билан таништира олган бўлсам ўзимни бахтли санар эдим...