Н. Каримов

Маърифат кошонаси.

         Беназир ўзбек адиби Абдулла Қодирий машҳур ҳажвий қаҳрамони Калвак Маҳзум Каломи шарифни зиёрат этмак истагида Маҳсидўзлик маҳалласидаги «ойнабандлик икки қанот эшиги» бор «кўп олий ғиштин фабрикон»га боради. Маҳзум эшикларнинг биридан кирганда, «атроф ва жавониб»да «девдек-девдек катта суратлар» осиғлиқ, «бир мунча саллалик ва салласиз одамлар», «туппа-тузук ўрис курсига ўтириб газет» ўқиётган, теваракка эса «анвоий турлик китоблар уюб» ташланган экан…

         Калваак Маҳзум тиловатхона деб ўйлаган бу хона айниқса 20-йилларда ўзбек зиёлиларининг қадамжойи бўлган «Турон» кутубхонасининг қироатхонаси эди.

         «Турон» 1911 йилда Тошкент жадидлари томонидан тузилган, ўз олдига маориф ва маданиятни ривожлантириш орқали халқнинг миллий онгини ошириш ҳамда шу йўл билан келажакда миллий мустақилликка эришиш вазифасини қўйган жамият эди. 1913 йилда шу жамият қошида Абдулла Авлоний бошчилигида театр труппаси ташкил этилиб, у ўша даврдаги 25 нафар миллий санъат ва адабиёт қалдирғочларини ўз бағрига олди. Натижада ўзбек миллий театри туғилди. Ҳаёт бу труппа фаолиятининг кенг қанот ёзиши ва миллий драматургларнинг етишиб чиқишини тақозо этди. Аммо Октябрь тўнтаришининг содир бўлиши ва шўро ҳокимиятининг ўзбек зиёлиларини назорат остига олиши, ҳали ҳам миллий истиқлол ғоялари билан яшаётган кишиларни эса таъқиб эта бошлаши билан «Турон» жамияти атрофида уюшган жадидлар парчаланиб кетдилар. Авлоний бошлиқ бир гуруҳ жадидлар Шўро ҳокимияти тарафига ўтиб, «Турон» жамияти ихтиёрида ўзбек тилида яратилган саҳна асарларини тўплаб, бўлажак кутубхонага пойдевор қурдилар. Шу тариқа 1918 йилда «Турон» кутубхонаси бунёд бўлди.

         Ўша йилнинг бошларида РСФСР Миллий Халқ Комиссариати вакили сифатида Тошкентга большевик Ориф Клеблеев келган. Шўро ҳукумати сиёсатининг Ўрта Осиёда сўзсиз амалга оширилишини таъминлаш учун келган бу зот, Тошкентда катта нуфузга эга бўлган татар зиёлилари томонидан «бир буюк: жуда катта дипломат» сифатида кутиб олинган. Туркистон жумҳурияти Мудофаа штабининг аъзоси этиб тайинланган. О.Клеблеев айни пайтда 1918 йил июнида / шу кунларда 75 йиллиги нишонланаётган /«Иштирокиюн»/ ҳозирги «Ўзбекистон овози»/,газетасини ташкил этган ва унинг дастлабки муҳаррири бўлган. У фақат «Иштирокиюн» билангина эмас, балки Ўзбекистонда нашр этилган ва фирқа органи бўлган бошқа газеталарни ҳам таъсир доирасига олган. У хатто Самарқандда Октябрдан кейин илк дафъа чиқа бошлаган ўзбекча газетага «Меҳнаткашлар ўқи» деб ном берган. /Кейинчалик бу газета «Меҳнаткашлар товуши» номи билан нашр этилган./

Ўша йилнинг 20 июлида Оренгбург фронтидан келган Аҳмад Донской билан Вали Алломов «Иштирокиюн» таҳририятига ишга олинган. Бир ҳафтадан кейин О.Клеблеев муҳаррирликни Донскойга топшириб, ўзи Жиззах томонга махсус топшириқ билан борган ва ўша ерда вафот этган.

Шўро ҳукуматининг Ўрта Осиёга «кенг ҳуқуқлар» билан келган бу ишончли вакилини дафн этиш маросими катта сиёсий тадбир сифатида ўтказилди. Туркистон Халқ Комиссарлари Шўросининг қарори билан марҳум большевик номини абадийлаштириш мақсадида «Турон» кутубхонасига Ориф Клеблеев номи берилди, кутубхона фондини кенгайтириш ва таъмирлаш ишлари учун 10 минг сўм ҳажмида маблағ ажратилди. Шундан кейин кутубхона Туркия, Татаристон, Бошқирдистон, Озарбайжон ва Москвада чоп этилган турли-туман даврий нашр ҳамда китобларни олиб туриш имкониятига эга бўлди. 1919 йилнинг 14 апрелида эса барча халқ кутубхоналари қатори «Турон» ҳам давлат ихтиёрига ўтказилди. Аммо Шўро давлатининг моддий имконияти чегараланганлиги сабабли Эски шаҳар вақф шўъбаси ҳам кутубхона ҳолидан хабар олиб туришда давом этди.

Шундай қилиб, 1918-1922 йилларда кутубхона, бир томондан, ўз аъзолари ва ташкилотчилари бўлмиш собиқ жадидлар ёрдами билан, иккинчи томондан, маърифатпарвар кишиларнинг вақф қилиб қолдирган китоблари ҳисобига оёққа турди, учинчи томондан эса, бояги маблағ туфайли ўзимизда ва хорижда чиқиб турган даврий нашрлар ва китоблар билан бойиди.

Кутубхона ўн йил ичида 20 мингдан зиёд тарихий ва замонавий мавзудаги китоблар билан ўз хазинасини бойитиб, 20-йилларда шаклланган ва шаклланиб бораётган ўзбек зиёлиларининг маърифий марказлардан бирига айланди. Чўлпон, Фитрат, Шокиржон Раҳимий, Элбек, Ойбек, Отажон Ҳошим сингари ўнлаб шоир ва ёзувчилар, Бартольд сингари рус муаррихлари, Чўпонзода каби турк алломалари, илм-фан маданиятнинг турли соҳаларини эгаллаб бораётган ёшлар шу табаррук даргоҳда ўз билим уфқларини кенгайтирдилар, ёзажак бадиий ва илмий асарлари учун муҳим манбани топдилар.

Кутубхонанинг кекса аъзоларидан бири, меҳнат фахрийси Қодир Норхўжаев ўз хотираларидан бундай маълумот беради: «Эски Жўва майдони яқинидаги бинода «Турон» кутубхонаси бўлиб, унга Тошкент педагогика техникуми ўқувчилари тез-тез келиб турардилар. Кунларнинг бирида китоб олгани кутубхонага борсам, пештахта олдида қадди-қомати келишган, салобатли, йўғонроқ, очиқ чеҳрали ва файзли нотаниш бир киши турган экан. Салом бердим, у киши алик олиб, кийимим юпун бўлганиданми, бошдан-оёқимга разм солиб: «Сиз қаердан бўласиз йигитча?» деб сўрадилар. Мен одоб билан тошкентлик ва техникум ўқувчиси эканимни айтдим. Шунда севинч оҳангида: «Яхши ўқиш керак, ўзингизга соғлиқ, ўқишингизга муваффақият тилайман», дедилар. Шу вақт ичкаридан Абдулла Носиров /кейинроқ ЎзФА Шарқшунослик институтида библиограф ва илмий ходим бўлиб ишлади/ юпқа бир китобни олиб чиқиб, расмийлаштириб, ҳалиги кишининг қўлига бердилар. Менга омад тилаган одам китобни қўлига олиб варақлар экан, кўзим «Сарвати фунун» деган ёзувга тушди. Бу номдаги асарни биринчи кўришим эди. Мижоз биз билан қуюққина хайрлашиб чиқиб кетди. Одабсизлик саналса ҳам Абдулла акадан бу одамнинг ким эканини сўрадим. «Чўлпон деган шоир шу киши бўлади», деди Абдулла ака. Кейин қўшиб қўйди: «Истанбулда нашр этиладиган «Сарвати фунун»ни олдилар. Зап яхши журнал-да!».

Тушунарлики, сўнгги гуруҳдаги китоблар орасида Туркияда чоп этилган китоб ва даврий нашрлар катта мавқени касб этиб, Чўлпон сингари кейинчалик пешонасига пантуркист тамғаси босилган зиёлилар уларнинг бирорта ҳарфини ҳам қолдирмай ўқиб чиқар эдилар. Афсуски, Шўро ҳукуматининг сиёсати оқибатида Туркиядан олинган барча адабиётлар 30-йилларда кулга айлантирилди. Бу адабиёт билан бирга 1917 йилга қадар Ўзбекистонда нашр этилган «Хуршид», «Тараққий», «Шуҳрат», «Осиё», «Самарқанд», «Нажот», сингари ўнлаб газеталар, «Ойна», «Кенгаш», «Ислоҳ», «Деҳқон» деган журналлар ҳам куйдириб ташланди. 20-30-йилларда кутубхона томонидан олинган турк, озарбайжон, татар, бошқирд тилларидаги 39 номдан иборат газета ва 78 номдаги журналларнинг аксарияти бошига ҳам шундай кун келди. Калвак Маҳзум кўзига чалинган Исмоилбек Гарпарали, Жамолиддин Афғоний, Ризоиддин ибн Фахриддин, Мусо Жорулло Бегий каби турк оламининг машҳур уламолари расмлари ҳам 1927 йилдаёқ олиб ташланиб, улар ўрнида пролетар «доҳий»ларнинг суратлари илинди.

«Маориф ва ўқитувчи» журналининг 1929 йил сонларидан эълон қилинган мақолаларнинг бирида бундай маълумотга дуч келамиз: «инқилобдан сўнг бутуниттифоқ доирасиға чиқғон бутун газета ва журналлар тамом олиниб тўпланғон. Ижтимоий ўзгаришнинг турли даврида, турли соҳада чиқғон даврий матбуотимиз кутубхонада тамом тўпланғонким, бу бизнинг келгусимиз учун катта бой бир материал бўлиб, хусусан илмий-тарихий текшириш билан шуғулланувчи ўртоқларға жуда катта хизмат қилғусидир…. Бутун турк жумҳуриятлари ва иттифоқ доирасида чиқғон бу даврий матбуотимизнинг бир қўл эхтиётланиб тўплана бориши кутубхонанинг нақадар бойлигини очиқ кўрсатадир».

  Ҳозир «Турон» кутубхонаси ихтиёрида 319,4 мингга яқин фан ва маданиятнинг турли соҳаларига оид китоблар ва даврий нашрлар мавжуд бўлиб, олий ўқув юртларининг талабалари, аспирантлари ва илмий ходимлар улардан самарали фойдаланиб келмоқдалар. Бошқа кутубхоналарда аллақачон йўқолган газета ва журнал тахламларининг бу ерда борлиги, кутубхона ходимларининг хизмат бурчларига сидқидилдан ёндошишлари туфайли «Турон» кутубхонаси маърифат кошонаси сифатида халқнинг ҳурмат ва эътиборини қозониб келмоқда.

Бу йил шу муборак кошонанинг ташкил этилганига 75 йил тўлади. Агар республика раҳбарияти маърифат кошонасига бундан кейин ҳам эътибор бериб, унга зарур моддий ва маънавий ёрдам кўрсатса, «Турон» Марказий Осиёдаги энг нуфузли, энг бой ва ўз анъаналарига эга кутубхона сифатида яшашда давом этади.

 

 

1994 йил