ТОШКЕНТ   ВИЛОЯТИ  "TURON" АХБОРОТ-КУТУБХОНА   МАРКАЗИ

 

 

 

 

Безымянный

 

 

                   

Серқирра  ижодкор

 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, драматург ва ношир Одил Ёқубов

таваллудининг 90 йиллигига бағишланган услубий қўлланма

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ТОШКЕНТ - 2016

                                                            

 

 

 

             Тузувчи: 

                           

     Мухаррир:                

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Одил  Ёқубов - ҳозирги замон ўзбек адабиётининг забардаст намоёндаларидан биридир. Деярли ярим асрдан кўпроқ  вақт мобайнида қизғин ва сермахсул  ижод қилиб келган адибимизнинг ўнлаб ҳикоялар  тўпламлари, бир-биридан мароқли қиссалари, салмоқли романлари ва драматик асарлари ҳамда улкан публицистик ижодиёти ҳақли равишда адабиётимизнинг энг жиддий ютуқларидан ҳисобланади. 

Адиб таваллудининг 90 йиллигига бағишланган ушбу услубий қўлланма Тошкент вилояти "TURON" АКМ томонидан тузилди ва у ўз ичига қуйидаги материалларни олади:

1.    Адибнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти.

2.    Адиб ҳақида "Дарёнинг сўнгги тошқини"  Иброҳим Ғафуров.

3.        "Истеъдодли ёзувчи ва публицист" номли китоб кўргазмаси учун материаллар.

4.        Адибнинг "Улуғбек ҳазинаси" романи асосида китобхонлар конференцияси.

5.        Адабиётлар рўйхати.

ОДИЛ ЁҚУБОВ ҳаёти ва ижодий фаолияти

Одил Ёқубов  Қозоғистон Республикаси Чимкент вилояти Туркистон туманининг Қарноқ қишлоғида хизматчи оиласида 1926 йили туғилди. 1944 йилда ўрта мактабни тугатиб, 1945-1950  йилларда     Армия сафида    хизмат қилди.  Ёш    аскар   совет-япон уруши муҳорабаларида иштирок этади. 2-жахон уруши қатнашчиси.

1951-1956 йилларда у Ўрта Осиё Давлат дорилфунунининг филология факультетида ўқийди. 1955-1959 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида маслаҳатчи, "Литературная газета"нинг (1959-1963, 1967-1970) республикамиздаги махсус мухбири, "Ўзбекфилм" киностудиясида ва Республика кинематография қўмитасида бош муҳаррир, Ғафур Ғулом нашриётида бош муҳаррир (1970-1982) ўринбосари бўлиб ишлади. Сўнгра "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" рўзномасининг (1982-1989) бош муҳаррири бўлиб хизмат этди. Одил Ёқубов Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси бошқарувининг биринчи котиби (1987-1991),  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги Атамашунослик қўмитаси раиси (1991 й.дан) Марказий Осиё халқлари маданияти Ассамблеясининг  биринчи вице-президенти (1995 й.дан). Одил Ёқубов АҚШ ҳалқаро фан, техника ва санъати академиясининг  ҳақиқий аъзоси бўлган.

Одил Ёқубовнипг биринчи йирик асари - "Тенгдошлар" повести 1951 йилда босилиб чиқди. Унинг "Чин муҳаббат", "Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди" (1958) каби комедиялари Ҳамза номидаги ўзбек академик драма театри саҳнасида қўйилди.

1956 йилда "Икки муҳаббат" номли насрий асарлар тўплами нашр этилди. Кейин бирин-кетин "Бир фелетон" қиссаси  (1961), "Муқаддас"   (1963) қиссасида Одил Ёқубовнинг чинакам ёзувчига хос услуби ва йўли намоён бўлди. Мазкур асарда худбинлик йилига туша бошлаган йигитнинг тўғри йўлга қайтиши масаласи қаламга олинган. "Санот жуфт бўлади"   (1969), "Биллур қандиллар"  (1975) каби қиссалари чоп қилинди. Одил Ёқубовнинг "Ер бошига иш тушса" (1966)  романи 2-жахон уруши давридаги фронт орқасидаги ҳаёт, меҳнат қаҳрамонликлар, ҳалқимизнинг ватанпарварлиги ва мардлиги ҳақида. "Қанот жуфт бўлади"   (1969) повести врачлар, меъморлар,  ишчилар   мавзуи  билан  бирга  мураккаб  ижтимоий ва ахлоқий муаммоларни ҳал этишга бағишланган. Муаллиф унда равшан, эсда қолувчи образлар яратган. "Излайман" повестида 1945 йил япон милитаризмига қарши кураш воқеалари акс эттирилади. У маълум маънода автобиографик асар ҳамдир. Чунки, муаллифнинг ўзи ўша воқеаларнинг жонли гувоҳи.

Ёзувчи кейинги йилларда яратилган "Улуғбек хазинаси"  романида (1973) улуғ ўзбек  астрономи Улуғбек ва унинг ўғли   Абдуллатиф   ўртасидаги зиддиятлар, Улуғбек давридаги ижтимоий муносабатлар, олис ўтмишимиздаги нур ва зулмат ўртасидаги кураш, аянчли тақдирлар, фожиалар кўп, аммо оптимистик руҳ-инсон тафаккури ва эзгуликнинг тантанасига ишонч бор. Романда Улуғбекнинг истеъдодли шогирди, машҳур олим Али Қушчининг ҳам улуғвор образи яратилган.

Бошқа бир йирик асари -  "Кўҳна дунё" романида Ўрта   Осиёнинг икки  буюк  алломаси  Беруний ва  Ибн Сино ҳаёти ва фожеали тақдири қаламга олинади. Уларнинг жаҳон илм - фани тараққиётига қўшган буюк ҳиссаларини умумлаштиришга интилади.

Шунингдек, Одил Ёқубов замонавий мавзуларда  ҳам "Диёнат"  (1973), "Оққушлар,  оппоқ қушлар"   (1988)   каби йирик полотнолар яратди. Агар ёзувчи ўзининг "Диёнат" романида адолатнинг ноҳақлик, тубанлик устидан ғолиб келишини кўрсатса, "Оққушлар", оппоқ қушлар" романида эса турғунлик даври иллатларини, илдизи ва оқибатларини рўйи-рост гавдалантириб беради. Ҳар икки ҳолда ҳам замондошларимизни маънавий,  ахлоқий покизаликка даъват этади. "Адолат манзили" (1998) романида ўзбек халқининг 20-а.нинг 60-70-йилларидаги ҳаёти ва кураши манзаралари ҳаққоний тасвирланган. Гарчи бу асарларнинг асосий қаҳрамонлари турли соҳаларнинг  вакиллари, характерлари ҳам турлича бўлса-да, тақдирлари, мақсад ва интилишлари билан бир -бирларига  ўхшайдилар. Улар нопоб тузумда яшаб кўп нохақликларни, фожиаларни бошдан кечирган, аммо тинмай меҳнат қилган ва курашган, миллий мустақиллик пойдеворини қурган, мустаҳкам иродали, мард ва олижаноб инсонлардир. Одил Ёқубов мазкур романлари билан ўзбек насридаги  ижтимоий руҳ, кескин конфликт, характерлар, психологиямизни  сезиларли даражада кучайтирди, уни янги характерлар, янги бадиий хулосалар билан бойитди.

Одил Ёқубов республикамиз театрларида намойиш қилинган "Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим" (1956), "Юрак ёнмоғи керак" (1957), "Олма гуллаганда" (1960) ва бошқа пъесаларнинг муаллифидир. У моҳир таржимон,  мунаққид, публицист сифатида ҳам баракали ижод қилиб келган. Ёқубовнинг Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Хамид Олимжон, Абдулла Орипов ва бошқаларнинг  ижодига бағишланган адабий портрет ва мақолалари бор. Асарлари чет тилларига ва қардош туркий халқлар тилларига  таржима қилинган. Одил Ёқубов ижоди ҳақида адабиётшунослар Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Леонид Теракоян, Умарали Норматов, Норбой Худойберганов, Ботир Норбоев ва б. Илмий тадқиқот ишлари қилишган. 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси  (1985)   Одил Ёқубов Меҳнат Қизил Байроқ ордени ҳамда Япония устидан қозонилган ғалаба учун медали билан тақдирланган. "Улуғбек хазинаси" романи учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти, "Дўстлик" (1994), "Эл-юрт ҳурмати" (1998) орденлари билан мукофотланган.

Одил  Ёқубов  2009 йилнинг  21 декабр куни Тошкент  шаҳрида  вафот этди.

ДАРЁНИНГ СЎНГГИ ТОШҚИНИ

Одил Ёқубов XX асрнинг реализм қон-қонига сингиб кетган адиблардан бири эди. У гўдаклик чоғлариданоқ, айниқса ўсмирлик ва ёшлик чоғларида 30-40 йилларда ҳаёт ичида, унинг кетмакет ёғилган алғов-далғовларида қайнаган, пишиган, тобланган инсон эди. Даврнинг барча катта тарихий воқеалари унинг юрагидан, онгидан ва тақдиридан ўтганди. Ҳаёт ичида обдан пишган инсон реалист ёзувчи бўлмай бошқа ким ёзувчи бўлади. Албатта улуғ Марсел Пруст каби уйдан узоққа чиқмай фақат кибор салонларда юриб ёки Жюл Верн каби ҳеч қаёққа саёхатга чиқмай хам буюк саёхатлар тўғрисида пайдар пай романлар яратиш ва китобхонларнинг оғзини очириб қўйиш ҳам бадиий адабиёт амалиётларида кўрилган. Лекин Одил Ёқубов қисмат тақазо қилганча очарчиликларни ҳам кўрди, одамларни жамоага хайдаб келиб, бирлаштиришларни хам кўрди, мол-мулк, ер-сув,  давлатларни тортиб олишларни ҳам кўрди. Худо берган азиздан-азиз жонларнинг увол ва абгор бўлганликларини ҳам кўрди. Ўсмирлик чоғлари ҳали ёши етмай урушга кетиб жаҳон урушининг қонли майдонларини ҳам кўрди. Даврнинг кураш ва меҳнатга, муҳаббат ва машаққатга, ҳиёнат ва зулмкорликка толиб, не-не йирик шахсларни ҳам кўрди. Кўрганлари уни ёзувчи қилди. Шунча синовлардан ўтиб, у ёзувчи бўлмаслигини сира иложи йўқ эди. Унинг ҳодисасининг ҳар бир дамида иложсиз қисматнинг овози эшитилиб туради. Одил Ёқубов реализм деганда ҳаётни теран билиш ва шунга чамбарчас уйқаш акс эттиришни тушунарди. Ҳамма вақт ҳаёт дерди ва ҳаёт деганда халққа хизмат қилишни англарди.

Одил Ёқубовнинг инсоний характери шундай эдики, у бир зум ёзмасдан туролмасди. Умри, ҳаётининг бутун мазмунини ёзувчилигида, халқ учун ҳаққоний асарлар яратишда кўради. У оҳирги дақиқаларигача ҳар куни 10-15 саҳифа оқ қоғозни  ҳаёт нафаси билан тўлдирмаса ўтган кунни кун, деб хисобламасди. Айниқса, ёши етмишдан ўтгандан сўнг вақтнинг тазийқини жуда қаттиқ сеза бошлади. У ўйлаган нарсаларини ёзиб улгуриш учун нақадар шошилмаса бўлмаслигини ҳис этарди.

Одил Ёқубов ўткир қалами ва тасвир маҳорати билан тарихий шахсларни бадиий ҳаққонияти ва салобати билан гавдалантиради, реал шахсларни ўта таъсирчан бадиий образларга айлантиради. Давр, мафкура инсонлар тақдирига қанчалар кучли таъсир кўрсатиши мумкинлиги, улуғ ижтимоий ўзгаришларга сабаб бўлишини қилқалами билан ишонарли акс эттиради.

Одил Ёқубов билими иродага айланадиган ўта фаол инсонлардан бири эди. Унинг иродаси, билими, иқтидори ҳаётнинг бадиий ҳақиқатларига ва мураккаб, ўта зиддиятли бўлишига қарамасдан, ҳаётий теран баркамол образларга айланди. Улар ўқувчини ҳар қачон ўз нурли муҳитига чорлаб туражак.

 

                                                                            Иброҳим Ғофуров

 

"ИСТЕЪДОДЛИ ЁЗУВЧИ ВА ПУБЛИЦИСТ"

номли  китоблар  кўргазмасини ташкил этиш учун тавсиялар

           Ушбу китоб кўргазмасини ташкил қилишдан  кўзланган мақсад кутубхонада ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда фойдаланувчиларни Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов ҳаёти ва ижоди билан мукаммал таништириш, китобхонларнинг мустақил фойдаланишлари учун кенг имконият яратишдан иборат.

       Кўргазма  қуйидаги  бўлимларни  ўз  ичига  олади:

1.бўлим.   Одил   Ёқубов  ҳаёти ва фаолиятининг  саҳифалари.

   Бу бўлимда:

   Одил Ёқубов  ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақидаги нашрларни намойиш қилиш мақсадга мувофиқ.      

2. бўлим. Одил Ёқубов  романнавис.

   Бу бўлимда:

   Одил Ёқубов яратган романлар, қиссалар тўпламларини ҳамда шу нашрлар ҳақидаги асарларни ҳам намойиш этиш мақсадга мувофиқ. У моҳир таржимон, мунаққид, публицист сифатида хам ижод қилган,  адибнинг чет тилларига таржима қилинган асарлари намойиши ҳам кўргазмани турли   мавзудаги адабиётлар билан бойитилади.                                      

3. бўлим. Бетакрор истеъдод эгаси.

        Иҳтибос:

Безымянный

 

  Ёшларга битта тилагим-Ҳаёт ҳақиқатини тўлақонли, гўзал бера олиш ёшларимизга насиб этсин. Бунинг учун шишилмасалар, тўғрироғи шишқалоқлик қилмасалар, бас. Сўз айтишдан, бировнинг тақдири борасида қози бўлишдан дунёда оғир масала бўлмаса керак. Ҳар бир инсон бунинг масъулиятини вақтида англаб етсин.

Одил Ёқубов

 

Одил Ёқубовнинг "УЛУҒБЕК ҲАЗИНАСИ" романи  асосида  конференция 

ўтказиш бўйича материаллар

Одил Ёқубовнинг "Улуғбек ҳазинаси" романи  асосида конференция  ўтказиш жараёни катта тайёргарлик ишларини олиб боришни талаб этади. Конференцияга тайёргарлик 2-ой олдин бошланади. Кутубхона томонидан эълон ёзилиб, ўқув масканлари ва маҳаллалар  худудига осилади. Китобхонларга ушбу асар мутолла учун тарқатилади. Китобхонлар романни ўқиб бўлганларидан кейин  уларга таклифномалар юборилади.  Тадбирни ўтказилиши учун  аудитория ва тингловчилари тайёрланади. Ёзувчи  ҳаёти ва ижодига бағишланган китоб кўргазмаси ташкил қилинади. Конференцияни кутубхоначи ёки фаол ёшлардан бири олиб бориш мумкин.

Конференция янада қизиқарли ўтиши учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан  адабиётшунос олимлар, адибнинг устоз ва шогирдларидан таклиф қилиш  мақсадга мувофиқ бўлади.

Конференцияни олиб борувчи, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида қисқача маълумот беради.  Адибнинг "Улуғбек ҳазинаси" романи ҳақида тўҳталиб ўтади. Тадбирнинг қизиқарли, жонли ўтиши учун  романдан  айрим  парчаларни китобхонлар эътиборига ҳавола этилади. Китобхонларга саволлар билан мурожаат этилади.

Бошловчи:  Ассалому алайкум, ҳурматли тадбиримиз қатнашчилари! Бугун биз атоқли адибимиз -Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов таваллудининг  90 йиллиги муносабати билан адибнинг "Улуғбек ҳазинаси" романи асосида конференция ўтказиш учун йиғилдик. Адибнинг асарларини ўқимаган ўзбек китобхони топилмаса керак. Ёзувчининг асарлари ўқувчилар томонидан  доимо зўр қизиқиш билан кутиб олинади.  Ёзувчи яратган "Улуғбек ҳазинаси" романини ўзбек адабиётида  ўзига ҳос бадиий ходиса бўлган асарлар сафига киритиш мумкин. Бу романда  ёзувчи Улуғбек, Али Қушчи  каби ажойиб тарихий шахслар  образи ва характерини очиб берар экан, ўзининг психологик ва фалсафий тафаккур тарзига эга  бўлган романнавис эканлигини намоён этди. Одил Ёвубов  бу романида, айрим танқидчилар фикрига зид ўлароқ, воқеанависликдан қочади. Асарда Улуғбек ва Али Қушчининг ҳаёти, фаолиятига боғлиқ воқеалар жуда кам. Аксинча, романда воқеалар, яъни сюжет линияси меъёрида, асосий персонажларнинг характер ва руҳий оламини очиб бериш учун лозим бўлган даражада ишлатилган. Қаҳрамонлар характерининг фожеали жиҳатларини псиҳологик таҳлил қилиш вазифаси  тарихий воқеа- ходисаларни қуюқ тасвирлашни талаб қиларди. Ўқувчилар диққатини шунчаки  воқеалар тасвири эмас, балки у ёки бу вазиятга тушиб қолган одамлар, уларнинг характерлари, оламга  муносабати ўзига жалб этади. Иккинчи томондан, романда  характерлар  ижтимоий муҳит таъсирида шаклланган ҳамда айни пайтда индивидуал инсон сифатида мустақил фаолият кўрсатадиган маънавий ҳодиса сифатида чуқур, реалистик жиҳатдан тўғри очиб берилган. Романнинг бош қисмида ўқувчи кўзи олдида буюк олим Улуғбек ва унинг содиқ шогирди, талантли олим Али Қушчи намоён бўлади. Ёзувчи уларнинг ҳаётида, содир бўлаётган  воқеаларга   муносабатини  ифодаловчи психологик ҳолати ва портретини тасвирлайди.

"Улуғбек ҳазинаси" романидан бир парчани этиборингизга ҳавола этамиз.

                   Улуғбек билан бўлажак учрашувни кутаётган Али Қушчи чуқур ҳаёлга чўмган, кейинги пайтда севимли  устозининг боши узра қора булутлар тобора қуюқлашиб бораётган эди.

"Нечун, нечун" шундай бўлди? Нечун  фалакиёт илмини идрок эта олган, ўткир тафаккур билан коинот сирларини очиб, янги юлдузлар кашф этган алломалар сарбони тахт ва салтанатнинг бевафолигини  идрок эта олмади. Нечун ҳамма даври-даврон, ҳамма давлат ва  шоҳ ва фотихларнинг тарихини беш қўлдай  биладиган бу зукко донишманд тож ва ҳокимият  ҳеч бир кимсага вафо қилмаганини тушунмади, ёхуд тушунса-да, уни тарк этишга иродаси етмади? Нечун ҳокимият деб аталмиш бу сохта шону -шафкатдан воз кечиб, бутун тафаккур, ўткир мушоадаси, бутун салоҳиятини илм-фанга, инсонни улуғловчи зиё- маърифатга бахш этмади? Нечун?"

Али  Қушчининг ана шу ўйларида  фожеали воқеалар  яқинлашиб келаётганлиги сезилиб турар эди. Али Қушчи Улуғбекнинг нега тож-тахтдан воз кечиб, ўз умрини бутунлай фанга баҳшида этолмаслиги сабабини тушуна  олмайди. Одил Ёқубов диққатини  Улуғбекнинг худди ана шу ҳолатига жамлайди: Унинг сал тўлиша бошлаган новча бўй-бастида, мисдай қорамтир узунчоқ юзида, қалин қошлари тагидан тикилиб қараган ўйчан нигоҳида  ҳам темурийларга хос кишини  ўзига ром этувчи шиддат ҳам қандайдир пинҳоний мажруҳлик бор эди.

         Мирзо Улуғбек лабларини қаттиқ  қимтиб:

-             "Бургут! - деди ичида, - Қора бургут ! "...

-                    Куч - қудратингга ишониб, -деди, Мовароуннаҳр сархадига  қадам қўймай қиёмат- қойим қиласен-му?

Шаҳзоданинг ранги ўчиб, бежо кўзлари тунги алангадай ялтиллаб кетди.

-                    Нечун қадам қўймагаймен? Мовароуннаҳр улуси оёғим остидадур!

-                    Эсингда бўлғай, бу тупроқни оёқ ости қилдим, деган не-не фотиҳлар, не-не жаҳонгирлар ўтгандур. Уларнинг хоки қайда- тирик бир банда билмайди ва лекин бу эл, тупроқ  абадул-абад туражакдур!

.... Қўрқма! Менга ҳеч нарса керак эмас. Бу тожу тахт, салтанат, шон-шуҳрат- бари ўзинга буюргай!

 Отангга ёлғиз расадхонани инъом этсанг бас. Бир бурда нон, бир қумғон совуқ сув бўлса етар. Азизим-қолган умримни "Зижи Кўрагоний"ни тугатиб,  мутолаа  билан  кун  кечирмоқдир!

         Шаҳзода кескин бурилиб қаради. Сийрак мўйловининг устлари дикрайиб, лаблари титраб :

-                    Тағин расадхона! Тағин расадхона! Тағин "Зижи Кўрагоний", деди бўғилиб. - Мударрис дасторини ўраган барча  муртадларни қанотингиз остига олиб, дин пешволарини оёқ ости қилмишсиз! Бул учун ҳақ таолонинг қаҳрига,  пайғамбар алайҳисаломнинг қарғишига учраб, тожу тахтдан, салтанатдан айрилмишсиз... Кофиру даҳрийлар макони расадхонага ўт қўяман, ўт! ... "       

Бу диалог жаҳолат ва мутаассибликнинг вакили, фан ва маърифатнинг ёвуз душмани сифатида майдонга чиқувчи Абдуллатиф билан мамлакат яхлитлиги, илм тараққиёти ҳимоячичи Улуғбек дунёқарашлари ўртасидаги тўқнашувни ўзида мужассам этади.

Улуғбек образининг ҳозирги замон кишиларининг  маънавий оламига эстетик таъсири- юксак инсонпарварлик, ҳақиқатга ва эзгуликка садоқат руҳида тарбиялашдан  иборат эканлиги шубҳасиз. Улуғбекнинг эътиқодига кўра, ким она ерини топтаса,  халқ душмани эканлигини қайта-қайта уқтиради. 

                             Асар мухокамаси учун тахминий саволлар

                1. Одил Ёқубовнинг "Улуғбек ҳазинаси" романидаги асосий қаҳрамонларнинг  қайси  хусусиятларини очиб беришга ҳаракат қилди? 

            Одил Ёқубов бу романида воқеанависликдан қочади.  Асарда Улуғбек ва Али Қушчининг ҳаёти ва фаолиятига боғлиқ воқеалар  жуда кам. Аксинча, романда воқеалар, яъни сюжет линияси меъёрида, асосий персонажларнинг характер ва руҳий оламини очиб беришга харакат қилган.

2. Мушкул дамда Улуғбек шогирди Али Қушчига нималарни йўқотишдан  қўрқишини  айтади. ?

- Мен салтанатдан айрилишдан қўрқмаймен. Фақат бу элга қирқ йил раҳнамолик қилиб орттирган   бойлигим -мадраса-ю расадхонам, нодир хазинам- тўплаган кутубхонам ва ниҳоят яратган асарларим-барчаси поймол бўлишидан қўрқамен. Яна бир нарсадан - келгуси авлодлар бандаи ожиздан ҳазар қилмасму, деб қўрқаман. Мирзо Улуғбекдай  коинот сирларини  очмоқни тилаган, фозилликни  даъво этган мавлоно;  ҳайҳот, ахир оқибат барча шоҳ, барча тахт  соҳибларидай салтанатни деб, ўз пушти камаридан бўлган фарзанди билан тожу тахт  талашибдурд-а , деган ном қолдирмоқдан қўрқамен.

 3.  Асардаги  Абдулатиф   образини  таъсвирлаб  беринг?

        Абдулатиф Мирзо Улуғбекнинг ўғли бўлиб, Мирзо Улуғбекнинг волидаи мехрибони  Гавҳаршод бегим неварасини яъни шаҳзода Абдулатифни Улуғбекга қарши қайраган. Шахзода эса  Нақшбандилар жамоасининг раҳномаси шайх Низомиддин Хомуш янглиғ дин пешволарининг домига илиниб қолган. Хурофот ботқоғига ботиб қолган бу жохил уламолар! Илгари, Мирзо Улуғбек тахтда муқим ўтирган маҳалда улар тишларини тишларига қўйиб бўлса ҳам, юришган эди. Лекин Мирзо Улуғбек Хуросон юришидан ғолибиятсиз қайтди ҳамки,  дархол бош кўтариб чиқишди.                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                               

4.  Мавлоно Муҳиддин  нима  сабабдан  ўз устозидан  юз  ўгирди?

        Мавлоно  Мухиддин  қизи Хуршида Бонуни амир  Иброхимбек тархонинг кенжа ўғлига никоҳлаб берган . Кўп  ўтмай  Мирзо Улуғбек ўғли Абдуллатифга  қарши лашкар тортиб, Жайхун бўйларига  кетганида, Самарқандда қолган Мирзо Улуғбекнинг суюкли фарзанди шахзода Абдулъазиз амир Иброхимбек ўғлини қатл қилдириб, унинг ёш қайлиғини ўз ҳарамига олган, шаҳзоданинг бу иши амирлар орасида қаттиқ норозилик ўйғотган хам эди. Шу сабадан Мавлоно Муҳиддининг отаси Салоҳиддин заргар                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                    

5. Мирзо Улуғбек Али Қушчини "Кўк сарой"га чақиртириб нималарни илтимос қилади?

Мирзо Улуғбек  Али Қушчидан: қирқ йил салтанат тебратиб, орттирган бойлиги яъни расадхонава ва кутубхонаси, битилган ва хали ниҳоясига етмаган рисолаю, китобларини барчасини Али Қушчига топширмоқчилигини, Али Қушчи эса уларни жоҳил гумроҳлардан, маҳдуд мутаасиблардан  асраб қолишини илтимос қилади, ва Али Қушчига қизил чарм халтача олиб, пиёладай-пиёладай қуйма олтиндан ўнта ва кафтларини тўлдириб, беш-олти ҳовуч гавҳару жавоҳирлардан солиб бу олтинларни китобларни асраш учун ишлатишига деб беради.

6.  "Аждар ғор"  хақида  Али Қушчи  қаердан  билар  эди?

 Ўн беш йил муқаддам Али Қушчи "Аждар ғор" хақида Мирзо Улуғбек билан Ургут тоғларида ов қилиб юрганларида кўрган эди. Ғор зимистон, камбар лаҳимдан ўтиб борилса, кенг ғорга кириларди. Ғорнинг деворлари қуббасимон шифти гўё инсон қўли билан  ясалгандай  силлиқ, оппоқ мармар тошлардан барпо бўлган эди. 

7. Абдулатиф жигар гўшаси ва отасини кимга қатл қилдиради. ?

Абдулатиф ўз отасини ва укаси Абдульазизни Амир Жондор га қатл эттирди.

8. Мавлоно Мухиддини қизи Хуршида Бонуни кимлар ёқтирар эди. ? 

Мавлоно Мухиддиниyu қизи Хуршида Бонуни шоир Қаландар Қарқоний, шаҳзода Абдулъазиз. 

9. Али Қушчига Мирзо Улуғбек асарларини ва бошқа асарларни жаҳон ахлига етказишига кимлар ёрдам қўлини чўздилар?

Абдурахмон Жомий ва Мир Алишер Навоий  ҳазратлари Ҳиротда туриб Али Қушчига ёрдам қўлини чўзишди.

10. Али Қушчи Устози М.Улуғбекдан қолган хазинани кимларга (ишониб топширди) қолдириб кетди ? 

Мовароуннаҳр донишларининг ақл дурдоналари йиғилган бу ноёб хазина бўлғуси авлодларга, узоқ зурриятларга хизмат қилиши учун Мирам Чалабий ва Мансур Коший га топшириб кетади. 

Адибимиз бутун ижоди давомида ҳаёт ва инсон тўғрисида одил ҳақиқатларни баралла айтиб келмоқда ва худди шу хислати билан халқимизнинг самимий меҳрига сазовордир. 

                                     Фойдаланилган  адабиётлар  рўйхати

1.    Қайдасан Морико: Қиссалар, драмалар, ҳикоялар, этюдлар, мақолалар. - Т.:шарқ, 2002. - 432 б.

2.    Эр бошига иш тушса... Роман. - Т.:Тошкент, 1966. - 280 б.

3.     Эр бошига иш тушса... Роман. 2 - нашри. - Т.:Бадиий адабнашр, 1969. - 270 б.

4.    Улуғбек  хазинаси: Роман. - Т.: Адабиёт ва санъат нашри, 1994. - 334 б.

5.    Севги  қиссалари. -Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1982. - 368 б.

6.    Оққушлар, оппоқ қушлар: Роман. - Т.: Адабиёт ва санъат нашр., 1988. - 336 б.

7.    Ота изидан. Повесть. - Т.: Ўзадабийнашр,1959. - 133 б.

8.    Икки мухаббат: Ҳикоялар. - Т.: Ўздавнашр, 1965. - 144 б.

9.     Диёнат: Роман / масъул муҳаррир А.Отабой. - Т.: Шарқ, 1998. - 350 б.

10.           Адолат манзили: қиссалар, эссе. -Т.: Адабиёт ва санъат нашр., 1996 . - 320 б.

11.           Танланган асарлар: 4-жилдлик, Ж1 - Т.: "Шарқ" 2005.

12.          Муқаддас: Қисса. - Т.: Ғ.Ғулом номидаги нашриёт - матбаа ижодий уйи, 2009. - 128 б.

13.          Осий банда. Хотиралар. Қарноқ: Асарлар/ нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифи  И.Ғафуров; Масъул муҳаррир А.Жўраев. - Т.: Ўзбекистон, 2012. - 192 б.