Тошкент вилояти "TURON" ахборот -кутубхона маркази

 

 

 

 

А ОРИПОВ

 

Ноёб   истеъдод   эгаси

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон қахрамони  Абдулла Орипов

таваллудининг 75 йиллигига услубий қўлланма

 

 

 

 

Тошкент-2016

                                      

 

 

Абдулла Орипов

      Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов асарларини севиб ўқимайдиган инсон топилмаса керак. Ардоқли шоиримизнинг қалами халқимиз қалбидаги энг эзгу, энг теран туйғуларни, озод ва ҳур диёримизни тараннум этиб келмоқда.

Бу йил Абдулла Орипов таваллуд топганига 75 йил тўлади. Шу муносабат билан ишлаб чиқилган қуйидаги услубий қўлланмада шоир Абдулла Ориповнинг ҳаёти ва ижодини ўрганишга бағишланган "Эл ардоғидаги шоир" номли китоб кўргазмаси, адибнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти хақидаги маълумотлар, "Шеъриятимиз юлдузи" мавзусида адабий кеча сценарийси ва адабиётлар рўйхатини иш жараёнида қўллаш учун тавсия этамиз.

 

Адибнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти

Ўзбекистон халқ шоири, таниқли жамоат арбоби Абдулла Орипов 1941 йил 21 март куни Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Некўз қишлоғида дунёга келди. Ўрта мактабни 1958 йили олтин медаль билан тугатгач, Тошкент давлат университети филология факультетининг журналистика бўлимига кириб, уни 1963 йили муваффақият билан битирди. 1968 йилдан буён турли нашриётларда муҳаррир, Ёзувчилар уюшмасида масъул котиб, "Муаллифлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш" агентлигининг раиси, сўнгра Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси вазифаларида хизмат қилиб келди.  Абдулла Ориповнинг ижоди талабалик йилларида бошланган бўлиб, унинг биринчи шеърлар тўплами "Митти юлдуз" 1965 йили чоп этилган. Кейин шоирнинг "Кўзларим йўлингда" (1967), "Онажон" (1969), "Руҳим" (1971),"Ўзбекистон" "Қасида"(1972) ,"Хотирот" (1974),"Юртим шамоли" (1974),"Ҳайрат" (1979), "Нажот қалъаси" (1981), "Йиллар армони" (1983) шеърий тўпламлари босилиб чиқди. Мазкур тўпламларга кирган шеърларни кўздан кечирар эканмиз, уларда шоирнинг шеърдан-шеърга, тўпламдан-тўпламга, йилдан-йилга ўсиб, ижоди баркамоллашиб борганлигига гувоҳ бўламиз. Айниқса, 70-йиллардан кейинги асарларида ҳаёт ва инсон, жамият ва табиат ҳақидаги фалсафий мушоҳадаларининг тобора чуқурлашиб бораётганлиги сезилади ва уларда кучли эхтиросли туйғулар ўзининг юксак талқинини топиб боради. Бу, бора-бора теран фикр билан юксак бадиийликнинг омухтасига айланиб, шоирнинг ижодий камолотга эришганидан дарак беради. Бунга Абдулла Ориповнинг "Сайланма" (1996) тўпламини ўқиб амин бўлишимиз мумкин. Айниқса, истиқлол ғояси, эл-юрт мустақиллиги, она Ватанни озод ва  обод кўриш истаги сатрдан-сатрга парвариш топиб, ажиб бир порлоқлик ҳосил қилади. Шоирнинг "Мен нечун севаман Ўзбекистони", "Ўзбекистонда куз", "Куз" каби  1960-йилларда ёзилган шеърларидаёқ  истиқлол нурлари жилва қилгандек  бўлади. Хуллас, Ватан ва халққа меҳр-мухаббат, табиатни севиш, ардоқлаш, имонли, виждонли инсонларга мадҳиялар ўқиш, гоҳ йиғлаб, гоҳ қувониб куйлаш шоир туйғулари уммонини ташкил этади. Абдулла Орипов ижодининг ҳозирги босқичи яна ҳам туйғуларга бой, файзли сербаракадир. Жумладан, "Ҳаж дафтари" (1992) туркумига кирган шеърларида энди шоир маънавиятимиз манбаларини кашф этиш  йўлидан боради. Қуръони Карим, Ҳадиси шарифлардан замонавий маънолар излайди ва топади. У достоннавис ва драматург сифатида ҳам маълум ва машҳурдир. Хусусан, "Жаннатга йўл" достони ва "Соҳибқирон" (1996) шеърий драмаси шоирга катта шуҳрат келтирган асарлардир.

Абдулла Орипов истеъдодли таржимон сифатида Дантенинг "Илоҳий комедия" асарини ўзбек тилига юксак маҳорат билан ўгирган. Некрасов, Л.Украинка, Шевченко, Р.Хамзатов, Қ.Кулиев асарларини ҳам она тилига таржима қилган. У Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи ҳамдир. 2000-2001 йилларда Абдулла Орипов асарларининг тўрт жилди нашр қилиниб, кенг китобхонлар оммасига манзур бўлди.

Ижодкорнинг шеърий мажмуалари қатор хорижий тилларга таржима қилинган ва алоҳида китоб ҳолида нашр этилган. Абдулла Орипов- ноёб истеъдод эгаси. Чуқур фалсафийлик, миллий руҳ, диний-аҳлоқий мезонларга садоқат шоир шеърияти асосларини ташкил этади.  Ўзбек халқининг миллий тикланиши, ҳурфикрлилик ва мустақиллик учун курашида Абдулла Орипов шеърияти катта ўрин тутуади.

Нодир истеьдод соҳиби Абдулла Ориповнинг туғёнли, ўйчан фалсафий чинакам халқчил, юксак ватанпарварлик руҳи жо бўлган шеърияти халқимизнинг катта муҳаббати ва эҳтиромига сазовор бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов 1992 йил 10 декабрда Олий кенгашнинг Ўзбекистон Давлат мадҳияси муҳокамасига бағишланган сессияси мажмуасида Абдулла Ориповнинг Олмос истеъдодига юксак баҳо бериб, Абдулладек шоирлар юз йилда бир марта дунёга келади,- деб лутф қилди. Ҳа хақиқатдан ҳам у юксак истеъдод эгасидир. А.Орипов Наврўз ва мустақиллик байрамларини ўтказиш бўйича ёзилган сценарийларнинг аксариятини муаллифидир.

Ўз навбатида, унинг асарлари ҳам рус, инглиз, болгар, турк, украин, туркман, озарбайжон каби кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган.

  1990 йилдан Ўзбекистон Олий кенгаши, 1995 йилдан Ўзбекистон Олий Мажлиси Депутати. А.Орипов Калифорния (АҚШ) фан, таълим, саноат ва санъат халқаро академиясининг ҳақиқий аъзоси. Сока университетининг (Япония) профессори. Ўзбекистон миллий энциклопедияси нашриёти Бош тахрир ҳайъати аъзоси (1997 йилдан), Ҳамза номидаги (1983) ҳамда А.Навоий номидаги (1992) Ўзбекистон Республикаси  давлат мукофотлари лауреати.

 

"Эл ардоғидаги шоир" номли китоб кўргазмаси

 

1.    Шоирнинг  ижодий йўли

         "Шеъриятда кутилмаган янги нафас пайдо бўлди. Томчини кузатган бўлсангиз, тўлишгандан кейин томади. Абдуллажоннинг шеърлари ҳам ана шундай. Олдин сўзма-сўз, сатрма-сатр юраги қонида қайнаб пишади".

 

Абдулла Қаҳҳор

2.    Абдулла Орипов - достоннавис ва драматург.

 

3.    Абдулла Орипов - моҳир таржимон.

         "У дунё адабиётининг мумтоз намунаси, улуғ итальян шоири Данте Алигъерининг "Илохий комедия" сини маҳорат билан ўзбекча сўзлатди".

 

Дониёр Бегимқулов

4.    Абдулла Орипов Ўзбекистон куйчиси.

 

Юртим, сенга шеър битдим бу кун,

Қиёсингни топмадим асло.

Шоирлар бор, ўз юртин бутун

Олам аро атаган танхо.

Улар шеъри учди кўп йироқ,

Қанотида кумуш диёри.

        Абдулла Орипов шеърларидаги ғоялар унинг юрагидан, қалбидан жўш уриб чиққан. Бу ғоялар бамисоли камалак, асрлар оша ўз юксакликларини, ранг-баранглигини, энг муҳими ҳаётийлигини намойиш қилаверади.

Матёқуб Қўшжонов

Ўзбекистон фанлар академияси мухбири

 

         Йиллар ўтар шоирларнинг янги-янги авлоди Ватан ҳақидаги ўз гапларини шеърга солишар. Бироқ  шоир Абдулла Ориповнинг "Мен нечун севаман Ўзбекистонни", "Ўзбекистон", "Ўзбекистонда куз", "Баҳор" каби шеърлари ўз аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмас. Чунки Ўзбекистонимиз, шу дилбар юртимиз, ўзбек халқи жаҳон айвонида бардавом экан, бу шеърга сингган қалб ҳарорати ҳам асло ўз тароватини йўқотмагай.

                                                                                    Дониёр Бегимқулов

Ўзбек шеъриятининг таниқли ва бетакрор шоири, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон қахрамони  Абдулла Ориповнинг таваллуд кунига бағишланган "Шеъриятимиз  юлдузи" номли адабий кечанинг тахминий сценарийси.

  Кутубхона зали байрамона безатилиб, ранг-баранг шар ва гуллар билан безатилади. Кутубхона зали ёшлар ва адабиёт ихлосмандлари билан гавжум. Абдулла Орипов  ҳаёти ва ижодига бағишлаб "Эл ардоғидаги шоир" номли китоб кўргазмаси ташкил этилади. Кечада кўнгилни кўтарувчи мусиқа янграмоқда. Мусиқа тиниб даврага бошловчи кириб келади.

Бошловчи:

Мен шоирман, истасангиз шу,

Ўзимники эрур шу созим.

Бировлардан олмадим туйғу.

Ўзгага хам бермам овозим.

 

         Ҳа, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон  халқ шоири Абдулла Орипов ўз сози, ўз туйғуси билан шеъриятга кириб келди. А.Орипов сертуйғу шоир, унинг хис ва туйғуларининг чеки йўқ, у туйғулар билан тўлиб-тошган, дарёдек жўшади.

  Йиллар ўтди у ўзбек шеъриятини янги босқичга олиб чиққан ёрқин юлдузга айланди, шуъласи йироқ-йироқларга таралиб, бутун туркий адабиётнинг, шарқнинг йирик сиймолари қаторидан жой олди, шеърлари кўплаб ғарб тилларига таржима қилинди. Нафосат оламида "Абдулла Орипов шеърияти" деган  тушунча мустаҳкам қарор топди.

         Абдулла Орипов шеъриятини ноёб адабий ҳодиса-феномен даражасига кўтарган нарса унинг қалбида буюк ҳиссиёт  ота-боболаримиздан мерос маънавий жасорат туйғусининг ҳаққоний бадиий сўз, ёрқин образлар орқали зулмат ҳукмрон бўлган энг оғир замонда ҳам юлдуздек порлаб, бошқаларда ҳам умид учқунларини миллий ғурур туйғусини уйғотганидадир. Абдулла Орипов шеърияти ҳақида 50 йилдан буён ёзилади, ҳар ким бетакрор ва беназир шеъриятдан ўзича  завқ олади, ўзи туйган туйғулар оғушида қувонади, ўкинади, ўйлайди ва фикрлайди. Ўзи англаган фалсафани баён этади. Ярим аср одамларининг қалбига йўл топиб, улар билан маънавий суҳбатдош бўлиб яшаш нинг ўзи ижодкор учун улкан бахт эмасми!

         Шоирнинг илк ижодиёқ жаннатмакон юртимиз Ўзбекистонга бўлган юксак мухаббат, ватанпарварлик, миллий ўзликни англаш асрлар қаъридан келаётган муқаддас қадриятларимизни  кўз қорачиғидек асраш руҳи ўзига хос шеърий мисраларда жо бўлди. Бугунга келиб хрестоматик шеърларга айланган, олтмишинчи йилларнинг биринчи ярмидан бошлаб қоралана бошлаган "Мен нечун севаман Ўзбекистонни?" "Ўзбекистонда куз" шеърлари ва "Ўзбекистон" қасидасидан бошланган бу руҳ йиллар оша тиниқлашиб, ўткирлашиб, янги жозиба касб эти, яхлит катта бир туркумга айланди.  Хозир ёшларимиз Абдулла Орипов шеърларидан айтиб беришади.

 

"Ўзбекистон"

Йигит:

Юртим сенга шеър битдим бу кун, Қиёсингни топмадим асло.

Шоирлар  бор, ўз юртин бутун Олам аро атаган танхо.

Улар аро атаган танхо.  Улар шеъри учди кўп йироқ. 

Қанотида кумуш  диёри, бир ўлкам дунёда бироқ,

Битилмаган достондир бори.

Фақат ожиз қаламим маним,

 Ўзбекистон Ватаним маним

Юрмасман ҳеч беҳиштни излаб,

Тополмасман чекмасман алам.

 Ўтирмасман эртаклар сўзлаб

Мусалла деб йўнмасман қалам.

Кўкламингдан олиб сурурни,

Довруғ солди  устоз Олимжон,

Ғафур Ғулом туйган ғурурни

Қилмоқ мумкин дунёда достон.

Олис тарих қадамим маним,

Ўзбекистон Ватаним маним.

Завол кўрма ҳеч қачон, ўлкам,

Завол билмас шу ёшинг билан.

Музаффар бўл, ғолиб бўл ўктам,

Дўст-у ёринг, қардошинг билан.

Асрларнинг силсиласида

Боқий тургай кошонанг сенинг.

Улуғ башар оиласида

Мангу ёруғ пешонанг сенинг.

Мангу ёруғ масканим маним,

Ўзбекистон, Ватаним маним.

 

 

 

Мен нечун севаман Ўзбекистонни?     Қўшиғи

Қиз:   

 

Шоирона, гўзал сўзлардан  олдин

Мен таъзим қиламан она халқимга.

Халқим, тарих хукми сени агарда

Мангу музликларга элтган бўлсайди,

Қорликларни макон этган бўлсайдинг,

меҳрим бермасмидим ўша музларга?

Ватанлар, ватанлар Майли гулласин,

Боғ унсин мангулик музда ҳам аммо

Юртим, сени фақат бойликларинг учун

Севган фарзанд бўлса, кечирма асло!

 

Узр   шеъри

Шоир дейди: -Топдим шон-шуҳрат,

Хаёлимни нурга ўрайман.

Ҳасадгўйлар кўп экан фақат,

Мен улардан узр сўрайман.

 

Бемор дейди:- Ўлдим, тирилдим,

Энди жонни зарга ўрайман.

Бетобликда безоата қилдим,

Дўсту ёрдан узр сўрайман.

 

Чақалоқ дер:- Салом, эй олам.

Сени шаксиз гулга ўрайман.

Остонангда турибман мен ҳам,

Замин, сендан узр сўрайман

 

 

Шундай яшар  одатда одам

 

 Йўқ, керакмас, қўйинг, керакмас,

Менга ором истаманг, дўстлар.

Хилват соз деб қистаманг дўстлар,

Қўйинг, бундай ором керакмас.

Ногаҳонда  ҳаёлга ботсам,

Ё ухласам, уйғотинг дарров,

Номим тутиб, сўз қотинг дарров,

Беҳудага бир ёққа борсам,

Қўлларимдан ушлаб ўшал дам,

Курашларнинг сафига қўшинг,

Қур, ярат денг, хайқир ден,г хуш денг,

Шундай яшар одатда одам.

 

 

"Ўзбекистонда куз" шеъри

 

Юргил, далаларга кетайлик, дўстим,

Диққанафас уйда ётмоқ пайтимас.

Олтин Ўзбекистон тупроғи бу кун

Шабнам шовуллайди боғлар қўйнида,

Салқин тонг ичра бўзарар тонглар.

Қуёшнинг эринчоқ ёғдуларида

Нафис ялтирайди барги хазонлар.

Ҳар ёнда тўкинлик...

Куздан нишона...

Ҳар ёнда гўзаллик ёймиш дафтарин.

Сонсиз эгатларга согилмиш, ана

Менинг шодликларим, эзгу дардларим,

Менинг она халқим...

Эй қадим ҳалол,

Ризқи она ерга сепилган халқим,

Ушоқ чигитни хам этмай деб увол,

Миллион эгатларга эгилган халқим!

 

"Ватан учун яшайлик" шеъри

 

Ўн гулингдан бир гулинг очилмаган дердилар,

Йўлларингда соқчилар соғилмаган дердилар,

Ўн гулинг ҳам чарақлаб очилди-ку, оҳ юртим,

Йўлларингда зар-кумуш сочилди-ку, оҳ, юртим.

Ўзбекистон-ягона Ватан учун яшайлик,

Ватан ичра бу гўзал чаман учун яшайлик.

Айтмасинлар ғанимлар, кимларгадир зар бу юрт,

Буюк соҳибқирони, Амири бор бу юрт.

Аллоҳ ўзи етказган инъомини асрагай,

Тупроғини, тахтини, Исломини асрагай.

Кел азизим ёнимга, юлдузмисан, оймисан,

Ўзбегимсан ҳамиша, юпунмисан, боймисан.

Ватандошим, шу тенгсиз Ватанни куйлашайлик

Замон келди, бизлар ҳам дунёга бўйлашайлик.

Ўзбекистон-ягона Ватан учун яшайлик,

Ватан ичра бу гўзал чаман учун яшайлик,

 

Бошловчи:

     Шоир лирикасидаги яна бир катта мавзу-бу инсон мавзуси, инсон ҳақидаги янги хақиқатларни очиб бериш. Шоирнинг бутун ижоди мана  шу инсон заковати, унинг бутун сир -синоати, англаб бўлмас сеҳру - жодуси, юксаклиги ва тубанлиги қаршисида лол бўлган қалбнинг хайратидек, тассурот қолдиради. У бир шеърида:

 

Қанча-қанча сир яшар ҳар кимнинг бисотида,

Шул сабаб инсондир, шул сабаб у Зот эрур.

 

Деб ёзади. Ҳозир шоирнинг шеърларидан эшитамиз.

"Инсон қалби" шеъри

 

Инсон қалби билан ҳазиллашманг сиз,

Унда миллат яшар, унда тил яшар.

Унда аждод фаҳри яшайди сўзсиз,

Унда истиқомат қилади башар.

Инсон қалби билан ҳазиллашманг сиз.

Унда она яшар, Яшайди Ватан

Уни жўн нарса деб ўйламанг ҳаргиз,

Ҳайхот! Қўзғалмасин бу қалб дафъатан!!

 

Бошловчи:

        

         Башарти шоир шеъриятини  мавжланиб оқаётган улкан дарёга, унинг асосий йўналишларини бу сўз уммонига қуйилаётган ирмоқларга қиёслайдиган бўлсак, бу ирмоқлардан бирининг номи Ўзбекистон, Ватан миллий уйғонишга даъват. Истиқлол уйлари, иккинчисининг номи ҳаёт, инсон ҳақидаги образли фалсафий мулоҳазалар ва ниҳоят учинчисининг номи севги ҳақидаги оташин сўздир. Шоирнинг бутун шеърияти сингари муҳаббат лирикаси ҳам ўзига хослиги, теранлиги, туйғуларнинг табиийлиги, ҳаётийлиги, реал воқеаликка монандлиги билан ажралиб туради. Абдулла Ориповнинг  "Биринчи мухаббатим" шеърини ўқимаган, уни ёд олмаган, қўшиғини эшитиб маст бўлмаган чин ошиқлар бўлмаса  керак. Ҳозир шу қўшиқни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

Биринчи муҳаббатим

 

Кеча оқшом фалакда ой бўзариб ботганда,

Зуҳра юлдуз милтираб, хира ханда отганда.

Руҳимда бир маъюслик, сокинлик уйғотганда.

Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим

Ўтди ёшлик завқ билан, гоҳи тўпалон билан,

Гоҳида яхши билан, гоҳида ёмон билан,

Айри ҳам  тушдим баъзан қалб билан, имон билан,

Лекин сени йўқотдим, биринчи муҳаббатим,

Дунё дегани шундайин, англаб бўлмас сир экан,

Гоҳ кенг экан, гоҳида туйнуксиз қаср экан.

Лекин инсон ҳамиша бир хисга асир экан.

Нечун билмовдим аввал, биринчи муҳаббатим.

Парво қилмовдим аввал, биринчи муҳаббатим.

Йўлин йўқотса одам- муҳаббатга суянгай,

Ғуссага ботса одам- муҳаббатга суянгай,

Чорасиз қотса одам- муҳаббатга суянгай,

Мен кимга суянгайман, биринчи муҳаббатим

Фақат эслаб ёнгайман, биринчи муҳаббатим.

 

 

                                                      "Аёл"

 

Йигитлар мактубин битганда қондан,

Келинлар фироқдан чекканда ёху,

Унинг ҳам паноҳи қайтмайди жангдан,

Ўн тўққиз ёшида бева қолди у.

Севгидан етиму, умрдан ярим,

Қуриган кўксида ёлғиз беланчак.

Абадий фироқни хайхот дўстларим

Абадий висол деб билди келинчак.

Қаҳраган лабларда оловли нафас,

Кечалар кечмишин айлади кўмир.

Паришон сочлари ёр кўкси эмас,

Муздайин болишда қолди бир умр.

Йиллар ҳам ўтдилар, ҳамон у ёлғиз,

Мунғайиб термулар ботгувчи кунга.

Эй номард табиат, борми сенда хис,

Қайтадан бахт берсанг бўлмасу унга ??

Наҳот ишқ қисмати бунча бераҳм,

Бунчалар буюксан вафо шеваси.

Сенгадир ҳурматим, сенга шарафим,

Қаҳрамон жангчининг содиқ беваси.

Сиз-чи эй, садоқат сатридан нолиб,

Надомат комида қолганлар айтинг.

Ўзини минг битта бозордан олиб,

Минг битта бозорга солганлар, айтинг.

Шу чўлпон кўзларнинг буюк ҳурмати,

Шу ақиқ лабларнинг рост сўзи дея,

Сўйланг-чи вафонинг нодир қиммати,

Сиз ҳам кутганмисиз, бирор сония?!

Баъзида тирноқлар безаш учун,

Саҳардан шомгача қилурсиз тоқат.

Бироқ ёрингизни кутгали нечун,

Топилмас тирноқча сабру қаноат.

Назокат пайтимас, яқинроқ келинг,

Буюк зот қошида айлангиз салом.

Шу содиқ бевага саждалар қилинг,

Шу содиқ бевага айланг эҳтиром.

Хатто зеб-зийнатни юлқиб зиёда,

Ҳайкал ҳам қўйингиз бамисли ҳаёл,

Шундайлар бўлмаса агар дунёда,

Бу қадар муҳтарам бўлмасди аёл.

 

"Муножат" ни тинглаб

 

Қани, айт мақсадинг нимадур сенинг,

Нега тилкалайсан бағримни, оҳанг,

Нечун керак бўлди сенга кўз ёшим,

Нечун керак, рубоб, сенга шунча ғам!

Эшилиб, тўлғаниб ингранади куй,

Қайлардан келмоқда бу оҳу -фарёд.

Ким у йиғлаётган, Навоиймикин, хайхот!

Ва ё май куйчиси  Ҳайёммикин, дод!

Бас, етар, чолғучи, бас қил созингни,

Бас етар, Кўксимга урмагил ханжар,

Наҳотки дунёда шунча ғам бордир...

Агар шу "Муножат" рост бўлса агар.

Агар алдамаса шу совуқ симлар,

Гар шул эшитганим бўлмаса рўё.

Сен бешик эмассан, дорсан, табиат

Сен она эмассан, жаллодсан дунё!

Эгилиб, тўлғониб ингранади куй,

 Асрлар ғамини сўйлар "Муножот"

Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига,

Қандай чидай олган экан одамзод!

 

"Сен баҳорни соғинмадингми" қўшиғи

 

Уйғонувчи боғларни кездим, Топай дедим қирдан изингни.

Ёноғингдан ранг олган дедим- Лолазорга бурдим юзимни,

Учратмадим аммо ўзингни. Сен баҳорни соғинмадингми?

Узоқлардан зарворли тоғлар, хаёлимни келдилар босиб.

Кечди қанча интизор чоғлар, Васлинг менга бўлмади насиб.

Сенсиз мен ҳам, баҳор хам ғариб, Сен баҳорни соғинмадингми?

Мана, бугун Наврўзи олам, дўстларимга гуллар тутарман.

Қайлардасан, севгилим, эркам... қўлимда гул, сени кутарман,

Умрим бўйи чорлаб ўтарман: Сен баҳорни соғинмадингми?

 

"Она деган ном" шеъри

Йигит:

 Дейдилар, қаҳрли баҳодирлар ҳам

Жангларда жон берар чоғи мардона,

Беҳад азобларга чидаб сўнгги дам,

Битта сўз демишлар шивирлаб:    Она.

Улуғ бир донишманд оламни шархлаб,

Ахийри танибди туққан элини.

Забон бахш этганча эҳтиром сақлаб,

Она, деб атапти илк бор тилини.

Дунё шоирлари Ватан шаънига

Сифат ахтармишлар қатор ва қатор,

Ниҳоят келишар битта маънога:

Она Ватан дея битмишлар ашъор.

Бисёр бўлса агар, бол ҳам беқадр.

Такрор айтилганда рангсиздир калом.

Бу ёруғ оламда Ватан биттадур.

Биттадир дунёда Она деган ном!.

 

Бошловчи:

         Абдулла Орипов бедорлик шеърида Ўзбекистоннинг буюк келажаги учун тинимсиз иш олиб бораётган, бу йўлда бор куч ва имкониятларини ишга солаётган, унга жонини ҳам фидо қилишга тайёр турган Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов билан камарбаста шоир қалбидаги ўртанишларни, юртмиз барқарорлиги ва тинчлигига даъватни туямиз. Ҳозир шу шеърни тингланг.

 

                                                                                  

                                   "Бедорлик" шеъри

 

Қиз: 

Дер эдим истиқлол шукуҳи билан,

Рўзғорни бутламоқ фурсати етди.

Шундай пайт, кўнглимга кирди бир илон,

 Кимдир остонамга ўт қўйиб кетди.

Дер эдим: Ҳур замон келиб ниҳоят,

Асрий ғалвалардан холи бўлди бош.

Шундай пайт, қўзғалиб қайтди қабохат,

Юртбошим кўксига отмоқ бўлди тош.

Дер эдим: босқинлар, вахшот,ур-сурлар

Қолдилар мозийнинг кечаларида.

Шундай пайт, дафъатан жонланарди улар.

Қон оқди Тошкентнинг  кўчаларида.                     

Йигит: Ногоҳ аён бўлди, ғанимлар бисёр,

Бисёр орамизда оламизгача.

Энди огоҳ бўлсин, бўлсинлар хушёр.

Ҳатто бешикдаги боламизгача.

 

Истиқлол, садағанг кетай, Истиқлол!

Бурда-бурда қилсин уни қўлларинг.

Мен эса, Истиқлол, яловинг тутиб,

Метин сафларингда собит кетурман.

Ўтган шаҳидларнинг  номин этиб ёд,

Юртбошим ёнида бедор ўтурман.

 

Бошловчи: Истеъдод- бу инсонга хақнинг инъоми. Аммо Абдурахмон Жомий ҳазратлари айтганидек: "Истеъдод" инсонга ўзини эмас-ўзгаларни бахтиёр қилмоқ  учун берилади." Шу ўринда Абдулла Орипов ижоди ҳақида ўзбек адабиётининг саркорлари, адабиётшунослик илмининг дарғалари айтган фикр-мулоҳазалардан ўнлаб иқтибослар келтириш мумкин. Буни шеъриятимизнинг зоқий мухлислари биздан аълороқ биладирлар.

         Абдулла Орипов бутун ижоди мобайнида "Жаҳон ичра тенгсиз жаҳоним" дея улкан муҳаббат билан куйлаган Ўзбекистон -Она Ватанимиз Президентимиз И.Каримов раҳнамолигида дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллади. Бундай буюк воқеаларнинг гувоҳи бўлиб, уларни юксак пардаларда куйламоқ  ва яшамоқ- энг улуғ саодатдир. Яна бир эътироф этиш жоиз бўлган хақиқат борки, устоз 70 ёшда ҳам қаламидан қўр тўкиб, фаол ижод қилмоқда. Шогирдларини ёнига олиб, қайси туман, қайси вилоятга чорлашса, шу жойда кўнгилларга чўғ, дилларга завқу- шавқ бағишлайдиган шеърлари билан барчани   хушнуд этмоқда. Илоҳим, бу бахт шоиримизга яна узоқ йиллар насиб этсин.

 

 

Ҳамдам бўлдинг мен билан ҳар қандайин кунларда,

Юлдуз бўлдинг чарағон энг қоронғу тунларда,

Суҳбат қурдик гоҳ шодон. Гоҳо ҳазин унларда,

Энг олий бахтим менинг, Онажоним, шеърият.

Топган тож-тахтим менинг, жонажоним, шеърият.

 

         Шу билан Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, шеъриятимиз юлдузи Абдулла Ориповнинг таваллуд кунлари ва ижодларига бағишланган адабий мусиқий кечамизни якунлаймиз. Абдулла Орипов шеъриятининг умри безавол ва боқийдир. Шу билан кейинги тадбирларда учрашгунча хайр, омон бўлинг.

 

Орзуим шул, ўчмасин ёнган чароғинг,

Юлдуздай нур сочсин чашминг- қароғинг,

Магар чинор бўлсанг, чинордай яша.

Бевақт узилмасин бирор япроғинг.

 

Адабиётлар рўйхати

 

1.    Абдулла Орипов. Узр: шеър// Kitob dunyosi.-2015.-14 январь.

2.     Абдулла Орипов. Истиқлол, муаззам дарёсан ўзинг! : "Соҳибқирон" номли  беш пардали шеърий драманинг учинчи саҳнасига  қўшимча// Шарқ зиёси.-2014.-14 авг.

3.    Орипов Абдулла. Янги шеърлар: Муҳаббат; Собиқ сафдошлар; Набирамга; Қушларим; Икки Ҳамроҳ; Шифохонада; Ўғри ва тўғри; Шеърлар // Ёшлик.-2014.-№ 6. -б.2-3.

4.    Орипов Абдулла. Орзу  ҳавасларга тўлиқ  бу олам// Kitob dunyosi.-2014.-28 май. шеърлар.

5.    Муҳаммад Очил. Абдулла Орипов сабоқлари// Hurriyat.-2014.-21 март.

6.    Абдулла Орипов. Дунёга боқ қадри сендек ким бор яна, халқ бўлишга хадди сендек ким бор яна. // O'zbekiston adabiyoti va san'ati.-2014.-25  апрель. Муҳаммад Юсуф хақида

7.    Орипов Абдулла. Майсаралар салом деб кўтармоқда бош. // Kitob dunyosi.-2014.-26 март. Абдулла Орипов шеърлари

8.    Абдулла Орипов. Наврўз. // Халқ сўзи.-2014.-21 март. Бир парча шеър.

9.    Орипов Абдулла. Тонгги шабодалар таратар ифор.// " O'zAS".-2014.- 14 март.

10.           Абдулла Орипов. Юрак арш мисоли сирли қароргоҳ: Мухаббат: Шеър// Kitob dunyosi.-2013.-13 ноябрь.

11.           Абдулла Орипов. Олтин водийларим кумуш тоғларим. Ободлик : Ҳаёт сабоқлари; Бобо дуоси; Ўзбекистон мадхияси; Гулдаста; Тўртликлар; Шеърлар // " O'zAS".-2013.- 1 ноябрь.

12.           Орипов Абдулла. Кема; Туғилган кун;  Шеър// Халқ сўзи.-2013.-7 август.

13.           Орипов Абдулла. Ватанинг тинч, бўлса, юртинг тинч бўлса... Тинчлик; Умр манзаралари; Нажот; Устоз Миртемир сабоқлари; Нафс ;  Шеърлар // O'zbekiston ovozi.-2013.-15 июнь.

14.           Орипов Абдулла. Адиб шукронаси; // " O'zAS".-2013.-14 июнь.

15.           Орипов Абдулла. Ғазал; // Kitob dunyosi.-2013.-24 апрель.

16.           Орипов Абдулла. Баҳор тилаклари; Назм гулшани; // Даракчи: -2013.- № 12.- 21 март

17.           Орипов Абдулла. Кўнгил деган бир ватан қурди: шеьр. // " O'zAS".-2013.-15 март.

18.           Орипов Абдулла. Навоий дахоси.. //  Ўзбекистон адабиёти ва санъти.-2013.- 8 февраль

19.           Орипов Абдулла. Она тилим: Шеьр. // Hayot .-2012.-18 октябрь.

20.           Раҳимхўжаев И. Адабиёт мухлислари хузурида: учрашув. // " O'zAS" .-2012.-  15 июнь. Ўзбекистон қаҳрамони,  Халқ шоири Абдулла Орипов билан Паркент тоғ бағрида бўлиб ўтган учрашув хақида. 

21.           Орипов Абдулла. Ранглар ва оханглар туркумидан: Муфти; Эътиқод; Яхшилик; хақиқат; Ватан; Кўнгил; Синов:  Шеьрлар. // Kitob dunyosi .-2012.- № 5.-8 май.

22.           Орипов Абдулла. Мухаббатнинг шундоқ синоати бор:  Шеьр // Hurriyat.-2012.-  21 март.

23.           Абдуллаев М. Ҳур фикр, Озод руҳ. Абдулла Орипов шеьриятида Ватан суврати // Hurriyat.-2012.-  21 март.

24.            Орипов Абдулла. Муаллимларга:  Шеьр // Postda.-2011.-  24 сентябрь.

25.            Абдулла Орипов. Зар ва зиё: Ҳикоят // Hurriyat.-2011.-  21 сентябрь.

26.            Орипов Абдулла. Башарият фарзанди // Инсон ва қонун.-2011.- 13 сентябрь.

27.            Орипов Абдулла. Озарбайжон: Шеьр // Postda .-2011.- 10 сентябрь

28.            Орипов Абдулла. Бир марта. Шеър .// " O'zAS"  -2011.- 1 сентябрь

29.            Орипов Абдулла. Истиқлол манзаралари: Достон.// " O'zAS"  -2011.- 8 июль.  Йигирма йил; тоғлар ҳикояси; Элобоз; Қамчиқ довони; Женева: шеърлар.

30.           Тўрақулов О. Ватан, Халқ, истиқлол куйчиси .// Ўзбекистон овози.- 2011.- 26 март. Ўзбек миллий академик драма театрида Ўзбекистон қаҳрамони халқ шоири А.Орипов таваллудининг 70 йиллигига бағишланган ижодий кеча хақида. 

31.           Жонихонов М. Бетакрор ижод завқи.// Халқ сўзи.- 2011.- 26 март.  Миллий академик драма театрида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири А.Орипов таваллудининг 70 йиллигига бағишланган  ижодий кеча бўлиб ўтди.

32.           Махмуд Тоир. Шоирлик саодати .//  Ўзбекистон адабиёти ва санъати  -2011.- 25  март.  Абдулла Орипов шеърияти хақида.

33.            Орипов Абдулла. Ҳаётимнинг унитилмас лаҳзалари .// Сухбатдош: Орипов Д// Туркистон -2011.- 19 март. Ўзбекистон қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов билан суҳбат.

34.           Орипов Абдулла. "Фасохат мулкининг соҳибқирони" .// " O'zAS"  -2011.- 11 фев.  Алишер Навоий-570.

35.           Орипов Абдулла. Бир  парча нур, бир парча ҳаёл... . Шеър .// Ўзбекистон овози.   -2010.- 8 февраль.

36.           Орипов Абдулла. Митти қалбда ухламас ҳавас; Янги шеърлар: Қишлоқ оқшомлари; Болажон; Кибр .// Ўзбекистон овози.-2009.-31 окт. 

37.           Орипов Абдулла.Ижод аҳлига юксак эътибор.// Ўзбекистон овози.-2009.-7 июль

38.           Абдулла Орипов  Ўзбекистон қахрамони, Халқ шоири. Қадрдон дўст каби ...   .// " O'zAS"  -2009.- 5 июнь. Улуғ рус шоири Александр Пушкин ижоди ҳақида.

39.           Умирова А.  " Сен баҳорни соғинмадингми?".// Моҳият  -2009.- 20 март.

40.           Орипов Абдулла. Ватан. Шеър .// Инсон ва қонун  -2008.- 5 август.

41.           Орипов Абдулла. Олис муҳаббатинг сўнмаган ҳамон:  Шеърлар .// " O'zAS"  -2008.- 25 июлъ.

42.           Мингбоева Д. Ёмғирнинг кўҳна қўшиғи. Шеъриятда ёмғир тимсоли. " O'zAS"  -2008.- 4 июлъ. Севимли шоиримиз Абдулла Орипов "Ёмғирнинг кўҳна қўшиғи" шеърлари ҳақида.

43.           Мирзо Ғ. Истиқбол масъуллиги .// " O'zAS"  -2008.- 2 май. Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири, А.Орипов ёшларга давлат ва жамият томонидан кўрсатилаётган изчил эътибор ҳамда ғамхўрлик жиҳатлари ҳақида сўзлаб берганлиги тўғрисида.

44.           Абдуллаев М. Адабиёт- кўнгил изҳори эмас: Абдулла Орипов сабоқлари.//  Ўзбекистон адабиёти ва санъати. -2008 йил .- 21 март..

45.           Орипов Абдулла. Айрилмас:  Шеър // Халқ сўзи -2008.- 11 март.

 

Тузувчи:                Н. Усмонова