ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ "TURON" АХБОРОТ-КУТУБХОНА МАРКАЗИ

 

2016 йил -  Соғлом  она ва бола йили

 

 

 

 Соғлом она ва бола  - бахтли келажак таянчи

 

Методик - библиографик қўлланма

 

 

 

 

 

                                                                                                          ТОШКЕНТ   -  2016

 

       Илмий -услубий  бўлим томонидан  тайёрланди

          

              Тузувчи:                                 Н. Аманкелдиева

              Масъул мухаррир:                 Н. Кузибаева            

              Матн терувчи:                        Н. Усмонова

 

 

                         

                Соғлом она ва бола  - бахтли келажак таянчи:

                    Методик - библиографик қўлланма/  Тузувчи:  Н. Аманкелдиева;

                          Масъул мухаррир:   Н. Кузибаева;   

 

               2016 йил- "Соғлом она ва бола йили"га бағишланган ушбу методик -библиографик қўлланма   оналар ва келажагимиз бўлмишфарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жихатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту -саодати, фаровон келажаги, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган баркамол авлод сифатида тарбиялаш, ҳуқуқий билимларини ошириш, уларда ватанпарварлик, инсонпарварлик  хусусиятларини шакллантириш, маънавий дунёсини бойитиш, бугунги кундаги ўқиши ва таълим олишлари борасидаги  давлатимиз томонидан уларнинг манфаатлари йўлида узоқ йилларга мўлжаллаб ишлаб чиқилган давлат дастурларида белгилаб берилган бир қатор вазифалар, ҳуқуқий -меъёрий ҳужжатлар ва ушбу йўналишга оид адабиётларни улар ўртасида оммавий тадбирларнинг турли шакл ва усулларидан фойдаланиб тарғиб  этишларини  назарда тутган ҳолда ишлаб чиқилган.

 Ушбу методик-библиографик қўлланма "Соғлом она ва бола йили"га бағишланган тадбирларни ўтказишда мутахассислар ва ўқитувчи ҳамда мураббийларга ёрдам бериш мақсадида тузилган.

 

 

 

 

 

 

 

М У Қ А Д Д И М А

 

                                                                    Фарзандларимиз   биздан   кўра   билимли,                                              кучли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт.    

                                                       Такрор айтаман: мана шу эзгу мақсад бугунги

                                                        кунда ҳар биримизнинг ҳаётимиз мазмунига

                                                        айланиши даркор.

                                                                                                             И.А.Каримов

                    

           Юртимиз мустақилликка эришгач, барча ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти инсон манфаатларини таъминлаш, турмуш тарзини юксалтиришга қаратиб келинмоқда. Бундай ёндашув Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан йилларга муайян ном бериш анъанасида ҳам ўз ифодасини топди.

Президентимиз ташаббуси билан 2016 йилнинг мамлакатимизда "Соғлом она ва бола йили" деб эълон қилиниши ҳар томонлама етук авлодни тарбиялаш масаласини янада юқори босқичга олиб чиқади.

Нуфузли халқаро ташкилотлар рейтинги натижаларига кўра, Ўзбекистон болалар саломатлиги муҳофазаланган етакчи ўн мамлакатдан биридир. Ривожланиш кўрсаткичлари бўйича фарзандларимизнинг 92 фоизи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келаётир. Буларнинг бари Президентимиз раҳнамолигида оналар саломатлигига қаратилаётган эътибор, соғлом фарзандларнинг дунёга келиши юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирлар  самарасидир.

Мамлакатимизда тиббиёт, таълим ва спорт соҳаларининг бир-бирига уйғун ривожлантирилаётгани ўғил-қизларни ҳар жихатдан соғлом тарбиялашда муҳим омил бўлмоқда. Баркамол улғайган авлоднинг келгуси насли ҳам тоза ва саломат бўлиши шубҳасиз.

Истиқлол йилларида соғлом ва баркамол авлод тарбияси умуммиллий ҳаракатга айланди. Мазкур йўналишдаги ишлар янгича мазмун билан бойитилмоқда. Оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Ёш  авлодга бағишлаб буюк қомусий олимлар, мутафаккир ва алломалар,  шоир ва ёзувчилар яратган қатор рисолалар, давлатимиз томонидан чиқарилаётган қонун, фармон, қарорлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам чоп этилган. Вақтли матбуот саҳифаларида оналар ва болаларга бағишланган мавзуларни ёритувчи мақолалар  бериб борилмоқда.

Ушбу методик қўлланмада берилган барча маълумотлардан фойдаланган ҳолда ахборот-кутубхона муассасалари ходимлари  оналар ва келажагимиз бўлмиш болалар,  ёш авлоднинг бугунги кундаги ўқиши ва таълим олиши, маънавий камол топиши, бахтли  келажаги, давлатимизнинг уларга билдирган юксак ишончини оқлашига қаратилган тарғибот ишларини китобхонлар ўртасида олиб боришлари талаб этилади ва  бу ишда мутахассислар оммавий тадбирларнинг турли шакл ва усулларидан фойдаланишлари мумкин.

 

ФАРЗАНДЛАРИ СОҒЛОМ МАМЛАКАТНИНГ

 КЕЛАЖАГИ БУЮКДУР

Халқимизнинг асрий анъаналарини ҳисобга олиб, "Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади" деган ҳаётбахш қадрият ва олижаноб ғоя жамиятда чуқурроқ англаб етилишига ва қарор топишига йўналтирилган кенг чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг даражасини янада юксалтириш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, жамиятда оналарга алоҳида ҳурмат-эҳтиром муҳитини шакллантириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, оиланинг мустаҳкам, соғлом  ва аҳил бўлишида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида  2016 йилнинг юртимизда "Соғлом она ва  бола йили" деб эълон қилинганини халқимиз катта мамнуният билан кутиб олгани ва кенг қўллаб - қувватлаётгани  ва бу қарор эл -юртимизнинг олижаноб орзу -интилишларига нақадар ҳамоҳанг  эканидан далолат беради.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2016 йилнинг мамлакатимизда "Соғлом она ва бола йили" деб эълон қилингани замирида ҳам бу борадаги ислоҳотларимиз самарадорлигини навбатдаги янги босқичга, янада юксак даражага кўтаришдек. қатъий мақсад мужассамдир. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида соғлом боланинг дунёга келиши, бақувват бўлиб ўсиб улғайиши билан боғлиқ энг муҳим омиллар ва ҳал қилувчи мезонларга атрофлича тўхталди.

Ҳақиқатдан ҳам, болаларимизнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши, уларнинг бахту иқболини кўриш -ҳар бир ота -она,  ҳар қайси оиланинг энг улуғ ва муқаддас орзусидир. Шу билан бирга,  жисмоний жиҳатдан етук, замонавий билимга,  ўз фикр ва қарашларига эга бўлган, Ватанимизнинг тақдири ва  келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган янги авлодимизни камол топтириш  - биз кўзлаган обод ва фаровон ҳаёт барпо этишнинг асосий гарови ва  ҳал қилувчи шартидир.

2016 йилда оналар ва болаларнинг  соғлик-саломатлигини мустаҳкамлаш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, жамиятда оналарга алоҳида ҳурмат-эҳтиром муҳитини шакллантириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, оиланинг мустаҳкам, соғлом  ва аҳил бўлишида, умуман баркамол авлодга ғамхўрлик борасида янада салмоқли юмушларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Албатта, бу эътибор ва ғамхўрлик - келажаги буюк Ўзбекистонни ривожланиши, юртимизнинг илғор тараққий топган давлатлар қаторидан ўрин олиши, улуғвор ниятларимизнинг рўёбга чиқиши кўп жиҳатдан дилбандларимиз - келажагимиз эгалари зиммасига тушади.

Ақлан ва жисмонан етук болаларни соғлом оналаргина дунёга келтира олиши ҳамда фарзандларини ҳар томонлама баркамол, бақувват ва эл иши учун фидойи қилиб вояга етказиши кўпчиликка аён ҳақиқат. Шунинг учун ҳам Президентимиз Ислом Каримов бошчилигидаги республикамиз ҳукумати аёллар, улар орқали юртимиз келажаги бўлган болалар соғлигини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратмоқда. Ўзига хос ном берилган ўтган йиллар ичида аёллар соғлиғини мустаҳкамлашга, болаларни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялашга қаратилган эътиборнинг кўплиги ҳамда бу борада кўзга кўринарли ишлар амалга оширилгани ана шу эътибор самарасидир.

Болаларда ирсий касалликлар натижасида келиб чиқувчи ақлий заифликнинг олдини олиш ҳамда ҳомила туғма ривожланиш нуқсони билан туғилиш хавфини аниқлаш учун аёлларни текширувдан ўтказиш мақсадида Республика "Она ва бола скрининг" маркази ва унинг филиаллари ташкил этилди. Барча марказлар замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланди ва улар ҳозирда оналар ва болалар  соғлигини текширувдан ўтказиш, ташхис қўйиш ҳамда барча касалликларнинг олдини олиш учун хизмат қилмоқда.  Бу борада "Соғлом она ва бола йили " давлат дастури ишлаб чиқилиб, кўпгина хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

                                ЎЗБЕКИСТОН  РЕСПУБЛИКАСИ  ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОЙИШИ

"СОғЛОМ ОНА ВА БОЛА ЙИЛИ" ДАВЛАТ ДАСТУРИНИ ИШЛАБ ЧИқИШ ВА АМАЛГА ОШИРИШНИНГ ТАШКИЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎғРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 50-сон, 624-модда)

Халқимизнинг асрий анъаналарини ҳисобга олиб, "Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади" деган ҳаётбахш қадрият ва олижаноб ғоя жамиятда чуқурроқ англаб етилишига ва қарор топишига йўналтирилган кенг чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг даражасини янада юксалтириш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, жамиятда оналарга алоҳида ҳурмат-эҳтиром муҳитини шакллантириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, оиланинг мустаҳкам, соғлом ва аҳил бўлишида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида, шунингдек 2016 йил Ўзбекистон Республикасида "Соғлом она ва бола йили" деб эълон қилинганлиги муносабати билан:

1. "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича Республика комиссияси иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

2. Республика комиссияси (Ш. Мирзиёев):

манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, бошқа жамоат ва ноҳукумат ташкилотларини кенг жалб этган ҳолда бир ой муддатда "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурининг лойиҳасини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин;

"Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурининг асосий йўналишларини чуқурроқ ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳлар ташкил этсин ва уларга республиканинг етакчи мутахассислари ва олимларини, кенг жамоатчилик вакилларини жалб этсин.

3. "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш, хотин-қизларнинг турмуш шароити ва даражасини ҳар томонлама яхшилаш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли ишларни янада мантиқий давом эттириш мақсадида, қуйидаги устувор вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилсин:

оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом болани тарбиялашда уларнинг ролини ошириш, кучли, барқарор ва равнақ топаётган давлатнинг негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш;

олис ва чекка туманлардаги қишлоқларда яшаётган аҳоли, айниқса аёллар учун зарур ижтимоий, маиший ва тиббий нуқтаи назардан зарур шароитлар яратиш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жойлар, ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш, қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик сув, табиий газ билан таъминлаш, хизматлар кўрсатиш ва сервис даражасини юксалтириш борасидаги ишларни изчил давом эттириш;

тиббиёт муассасаларининг, жумладан перинатал ва скрининг марказларнинг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг иш самарадорлигини ошириш, патронаж тиббиёт ҳамшираларининг сонини кўпайтиришни таъминлаш, акушер-гинекологлар ва болалар шифокорлари малакасини ошириш;

никоҳга кираётган шахсларнинг никоҳдан олдин тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаш учун тиббиёт ходимларининг масъулиятини кучайтириш, шу асосда туғма ва ирсий касалликлар сонини камайтириш ҳамда ушбу мақсадларда поликлиникаларни замонавий ташхис ускуналари билан жиҳозлаш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, мустаҳкам оила қуриш ва соғлом фарзанд туғилиши учун никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг муҳимлигини аҳоли кенг қатламлари онгига сингдирган ҳолда катта тушунтириш ишларини олиб бориш;

аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, санитария ва гигиена, ҳомиладор аёлларнинг соғлиғини сақлаш ва психофизиологик аҳволини яхшилаш, ёш оналар ва болаларни тегишли тарзда парвариш қилиш соҳасидаги ишларни кучайтириш, уларнинг овқатланиш рациони сифати ва калорияси яхшиланишини таъминлаш;

ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, ёшларни, айниқса қишлоқ жойларда қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, янги спорт объектларини қуриш, ишлаб турганларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш, юқори малакали тренер кадрлар ва мураббийлар билан таъминлаш;

мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва фаровонликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим шарти сифатида оилаларда соғлом маънавий муҳитни, хусусан, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, эр-хотин ўртасида, ота-оналар билан фарзандлар, қайнона-келинлар ўртасида, қўни-қўшнилар ўртасида меҳр-оқибат руҳини яратиш;

қиз болалар- бўлажак оналарни - жисмонан соғлом ва интеллектуал ривожланган тарзда шакллантириш, уларнинг академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида албатта таълим олишини, замонавий билимлар ва касб-ҳунарларга эга бўлишларини таъминлаш, уларнинг ҳаётда муносиб ўринни эгаллашларида, келажакда соғлом ва мустаҳкам оила қуришларида асосий шарт ҳисобланмиш мустаҳкам ҳаётий позицияни ва мустақил фикрлашни шакллантириш;

соғлом болани шакллантиришда таълим тизимининг ролини кучайтириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини янада ривожлантириш, бошланғич таълимнинг юқори сифатини таъминлаб, илғор педагогика ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этган ҳолда болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш тадбирларини амалга ошириш;

касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг, аввало қизларнинг иш билан бандлигини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, ўз бизнесини йўлга қўйиш иштиёқидаги ёшларга имтиёзли кредитлар, ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ипотека кредитлари, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш учун истеъмол кредитлари ажратиш ишларини янада кенгайтириш;

 дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда маҳаллий ҳокимият органлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар ва ёшлар бирлашмалари, фахрийлар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, бу ишларга жамиятда ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган кекса авлод вакилларини кенг жалб этиш;

 оммавий ахборот воситалари, шу жумладан электрон ахборот воситаларининг ва Интернет тармоғининг имкониятларидан фаол фойдаланган ҳолда "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурининг мақсадлари ва вазифалари ҳамда Дастурнинг амалга оширилиши тўғрисида кенг ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этиш.

4. Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари раҳбарлигида "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурининг аниқ тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, уларни Республика комиссиясига тақдим этиш бўйича ҳудудий комиссиялар тузилсин.

5. Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2015 йил 10 декабрь,

Ф-4577-сон

 

 

 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ  И. А. КАРИМОВ

БОЛАЛАР ТЎҒРИСИДА

Фарзандларимиз биздан кўра билимли, кучли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт. Такрор айтаман: мана шу эзгу мақсад бугунги кунда ҳар биримизнинг ҳаётимиз мазмунига айланиши даркор.

*  *  *

Фарзандларимиз - бизнинг ғуруримиздир. Биз ҳақиқатан ҳам ўз фарзандларимиз ва набираларимиз билан фахрланишни истасак - улар замонавий билим ва тажрибага эга, иймонли-эътиқодли бўлишларига, Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирган аждодларимизнинг ишларини давом эттиришларига эришишимиз лозим!

*  *  *

Дунёга умид билан қадам қўйиб келаётган навниҳол инсон ҳаётдан муносиб ўрнини топса, турмушдан, тақдиридан, ватанидан рози бўлиб яшайди, умр бўйи бунёдкорлик фаолияти билан машғул бўлади.

*  *  *

Биз фарзандларимизнинг баркамол руҳий дунёси учун, уларнинг маънавий- аҳлоқий жиҳатдан етук, жисмонан соғлом бўлиши учун доимо қайғуришимиз зарур.

*  *  *

Ногирон болаларга меҳр-саҳоват билан қарайдиган, қўли очиқ кишилар ва уларнинг ибратли, савоб ишларини ҳам тарғибу ташвиқ этиш мақсадга мувофиқ.

*  *  *

Бу ҳаёт гуёки оқар бир дарё, кўз очиб юмгунча ўтади-кетади. Лекин бизнинг ортимизда соғлом ва баркамол фарзандларимиз қолиши ва бошлаган ишларимизни  давом эттириши лозим.

*  *  *

Биз Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ соғлом авлод тарбияси устувор вазифа деб белгиладик. Баркамол авлодни тарбиялаш масаласини давлат сиёсати даражасига кўтардик.

*  *  *

Биз соғлом авлод деганда нимани тасаввур қиламиз? Соғлом авлод ғояси орқали биз олдимизга қандай мақсадларни қўямиз?

Соғлом авлод деганда, шахсан мен : энг аввало, соғлом наслни, нафақат жисмонан бақувват, шу билан бирга руҳи, фикри соғлом, иймон-эътиқоди бутун, билимли, маънавияти юксак, мард ва жасур, ватанпарвар авлодни тушунаман. Буюк давлатни фақат соғлом миллат, соғлом авлодгина қура олади.     

*  *  *

Бугунги кунда бир оддий ҳақиқат барчамиз учун аён бўлиши керак: олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз - мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятида қандай ўрин эгаллаши ҳам - буларнинг барча-барчаси, авваломбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир. 

*  *  *

Бу мақсадларимиз моҳиятини аввало ёшларнинг ўзи яхши тушуниб олиши керак. Сен соғлом бўлишинг керак, шундагина халқимиз, миллатимиз янада кучли бўлади, деган фикрни уларнинг қалби ва онгига сингдириш лозим.

*  *  *

Агар биз чекка қишлоқларда яшаётган, келажакка катта умид билан қарайдиган, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол қилиб тарбияламоқчи бўлсак, болалар спортини фақат Тошкентда ва бошқа катта шаҳарларимизда эмас, балки мамлакатимизнинг олис-олис жойларида ҳам ривожлантиришимиз керак. Олдимизда турган катта-кичик барча муаммоларнинг калити айнан мана шу масаланинг қандай ҳал этилиши билан боғлиқ. 

*  *  *

Мен замонавий фикрлайдиган, Ватанга садоқат руҳида тарбия олаётган, жаҳон тараққиёти ва маданияти билан ҳамқадам бўлишга интилаётган юз минглаб ёшларимиз билан фахрланаман.

*  *  *

Юртимизда яшаётган ҳар бир боланинг ўзига  хос қобилияти ва истеъдодини ўз вақтида пайқаш, тарбиялаш ва рўёбга чиқариш - бу ўта муҳим вазифа нафақат ота-оналарнинг эзгу мақсади, балки жамиятимизнинг бурчи сифатида ўртага қўйиш керак.

*  *  *

Ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат аввало ўз фарзандлари қиёфасида униб-ўсиб келаётган ёш авлод тимсолида шу халққа хос хусусият ва фазилатларни намоён этадиган, унинг азалий орзу-интилишларини рўёбга чиқарадиган  буюк кучни кўради.

*  *  *

Фарзандларимиз, ёшларимиз бизнинг нафақат ишончимиз ва келажагимиз, бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир.

*  *  *

Юртимизда яшаётган барча-барча ёшлар менинг фарзандларим.

*  *  *

Биз истеъдодли фарзандларимиз билан, уларнинг жаҳон спорт майдонлари, халқаро фан олимпиадалари, маданият ва санъат оламида эришаётган катта ютуқлари билан хақли равишда фахрланамиз.

 

ЎЗБЕКИСТОН   РЕСПУБЛИКАСИ  КОНСТИТУЦИЯСИДА

 БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ

 

41-модда

Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади.

 

45-модда

Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир.

64-модда

Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарнинг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантиради.

 

65-модда

Фарзандлар ота-оналарининг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар,  қонун олдида тенгдирлар.

Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади. 

                

"Бардавом эзгу мақсад сари"

номли китоб кўргазмаси

 

1- бўлим.     "Оналик ва болалик давлат муҳофазасида"

     

Ихтибос:       Соғлом авлод деганда, шахсан мен : энг аввало, соғлом наслни, нафақат жисмонан бақувват, шу билан бирга руҳи, фикри соғлом, иймон-эътиқоди бутун, билимли, маънавияти юксак, мард ва жасур, ватанпарвар авлодни тушунаман. Буюк давлатни фақат соғлом миллат, соғлом авлодгина қура олади.     Биз фарзандларимизнинг баркамол руҳий дунёси учун, уларнинг маънавий- аҳлоқий жиҳатдан етук, жисмонан соғлом бўлиши учун доимо қайғуришимиз зарур.

                                       Ўзбекистон Республикаси Президенти   И. Каримов

 

2- бўлим.   "Аёлини, фарзандини ардоқлаган эл" 

  Ихтибос:      

                         

                           Миллат шаъни ҳар он офтобдек буюк!

                          Сиз миллат қалбида жўшиб турган қон.

                          Ўзбекнинг жонига жон бўлган суюк,

                          Сиз ўзбек улғайтган темурий ўғлон".

                                                                                               Муҳаммад Исмоил

 

3 - бўлим.    "Соғлом бола -соғлом оила меваси"

 

Ихтибос:    Биз истеъдодли фарзандларимиз билан, уларнинг жаҳон спорт майдонлари, халқаро фан олимпиадалари, маданият ва санъат оламида эришаётган катта ютуқлари билан хақли равишда фахрланамиз.

                                                                                                      И. А. Каримов

 

4 - бўлим.  "Огоҳлик-давр талаби"

 

БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ ТЎҒРИСИДА КОНВЕНЦИЯ

ҳақида маъруза учун материал

 

 "Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция" - Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган халқаро ҳужжатдир.  Ушбу Конвенция болаларга тааллуқли стандартлар умумий мажмуини ноёб восита тарзида бирлаштирган ҳамда бола ҳуқуқларини юридик жиҳатдан шарт бўлган зарурат сифатида белгилаб берган биринчи шартномадир.

Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция икки мамлакатдан бўлак барча мамлакатлар томонидан ратификация қилинган. Шундай қилиб, Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция жаҳонда жуда кенг кўламда ратификация қилинган, дунё халқларининг ҳамма даврларда болалар манфаатларига алоҳида диққат билан қараш кераклиги тўғрисидаги мажбуриятини кўрсатувчи конвенция ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси "Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция"ни 1992 йилда тасдиқлади.

Конвенция муқаддима,  3 та қисм ва 54 та моддадан иборат.

Бу ҳодиса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш йўли билан бутун жаҳонда адолат, тинчлик ва эркинликни мустаҳкамлаш бўйича халқаро ҳаракатларнинг муҳим босқичи сифатида кутиб олинди.

Болаларнинг ҳуқуқлари соҳасида аввал қабул қилинган ҳужжатлар билан таққослаганда, Конвенция -  бу ҳуқуқларнинг халқаро ҳуқуқ нормалари кучини олган биринчи ва нисбатан тўлиқ ҳужжатдир.

Конвенциянинг бу қадар катта аҳамияти яна шу билан изоҳланадики, у келажакка оид мажбуриятларни ҳам ўз ичига олади.

Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, жамиятнинг ўз болаларига бўлган муносабатидан бошланади. Меҳрибон жамият, болалар ўз қобилиятларини тўлиқ намоён қила оладиган ва балоғат ёшига етганда тўлақонли ҳамда самарали ҳаёт кечириш асосларига негиз сола оладиган шароитларни яратиб, уларнинг эркинлиги ва қадр-қимматини таъминлаш тўғрисида қайғуради.

Конвенция келажакка қаратилгандир, чунки унда, жаҳон аҳолисининг ярмини ташкил этувчи бугунги болалар, келажакда адолат ва инсонпарвар ижтимоий тартиб ўрнатиш ишини давом эттириш олдида турганликлари эътироф этилади.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, шунингдек замонавий ҳужжат ҳамдир.

Инсон ҳуқуқларининг баъзилари, болаларнинг алоҳида ғамхўрлик ва эътиборга муҳтож эканлиги, уларнинг заифлиги ва катталар оламидан фарқлилигини акс эттирган ҳолда, бевосита болалар билан боғлиқдир. Бу воқелик 1959 йилда қабул қилинган бола ҳуқуқлари Декларациясида эътироф этилди.

Аммо Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ушбу Декларация қабул қилингандан буён ўтган  йил мобайнида кўпгина тасаввурлар ўзгарди ва янги тушунчалар пайдо бўлди. Хусусан, бола ҳуқуқлари концепцияси янада кенг тавсифга эга бўлди.

Айни пайтда, чэт элда болаларни ҳуқукларидан бўлган маҳрум қилишлар ва суистеъмол ҳолатлари ҳақида тобора кўпроқ фактлар маълум бўлиб борган сари, халқаро ҳамжамиятнинг болаларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлашга бўлган интилиши ҳам кучайиб бормоқда. Қуйида, аниқланган фактлардан баъзилари келтирилган:

- оиласи ташлаб кетган 100 миллионга яқин болалар фақат ҳолдан тойдирадиган меҳнат, майда ўғрилик, фоҳишалик ёки тиланчилик ҳисобига кун кечирмоқдалар,

- 50 миллиондан зиёд болалар соғлик учун хавфли ва зарарли шароитларда меҳнат қилмоқдалар,

- 6 ёшдан 11 ёшгача бўлган 120 миллион бола мактабга бориш имкониятидан маҳрум,

- ҳар йили 3,5 миллион бола олдини олиб ва даволаб бўлмайдиган касалликлар туфайли ҳаётдан кўз юммоқда,

- ривожланаётган мамлакатларда 5 ёшгача бўлган қарийб 155 миллион бола тамомила қашшоқликда яшамоқда,

- миллионлаб болалар, жумладан нисбатан бой жамиятларда ҳам, ғамхўрликдан маҳрум бўлиб, ёмон муомалага дучор бўлмоқдалар,  гиёҳвандлик моддаларини суистеъмол қилиш қурбонларига айланмоқдалар.

  Ҳар битта  бола қуйидагиларни  билиши зарур:

-                     Конвенциянинг мавжудлиги тўғрисида билиши;

-                     унда эълон қилинган ҳуқуқларини англаб етиши;

  Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция дунёнинг барча минтақаларидаги халқлар учун бир хил мазмунга эгадир.

Гарчи конвенцияда умумий нормалар белгиланган бўлса-да, шунингдек унда алоҳида давлатларнинг турли маданий, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсийвоқелиги ҳисобга олинганки, уларнинг натижасида ҳамма учун умумий бўлган ҳуқуқларнинг асосида ҳар бир давлат ушбу нормаларни бажариш учун ўзигахос миллий воситаларни танлаши мумкин бўлади.

Конвенциянинг асосий мақсади бола манфаатларини максимал даражада ҳимоя қилишдан иборат. 

Конвенцияга биноан, агар миллий қонунларда нисбатан барвақт балоғат ёши белгиланмаган бўлса, 18 ёшгача бўлган ҳар бир шахс бола ҳисобланади.

Конвенция инсоннинг фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларининг бутун мажмуини қамраб олган ҳолда, битта ҳуқуқнинг амалга оширилишини бошқаларни амалга оширишдан ажратиб бўлмаслигини эътироф этади. У боланинг ақлий, аҳлоқий ва маънавий қобилиятларини ривожлантириши учун зарур бўлган эркинлик, бундан бўлак, соғлом ва хавфсиз муҳитни, соғлиқни сақлашдан фойдаланиш ҳуқуқи ва овқатланиш, кийиниш ҳамда яшашнинг энг минимал нормалари бўлишини талаб этади.

Конвенция янги соҳаларни қамраб олади. У боланинг ўз ривожланишида фаол иштирок этиши, ўз эътиқодларини ифода этиши ҳамда унинг ҳаётига тааллуқли қарорлар қабул қилинганда буларнинг инобатга олинишини талаб қилиш ҳуқуқларини белгилайди.

Баъзилари ғоят муҳим бўлган, бир қатор бошқа соҳаларда Конвенция амалдаги ҳуқуқий нормалар ва амалиётдан четга чиқади. Шулар қаторига унинг: яшаш, омон қолиш ва соғлом ривожланишга бўлган ҳуқуқлари, туғилган лаҳзадан бошлаб ном ва фуқаролик олиш ҳуқуқи, фарзандликка олиш билан боғлиқ ҳуқуқлар, ногирон болалар ва қочоқ болаларнинг, шунингдек, ҳуқуқбузарлик қилган болаларнинг ҳуқуқларига тааллуқли қоидалари киради.

Конвенция болаларни, улардан ҳар қандай ҳолатда фойдаланишдан ҳимоя қилиб, миллий камчиликни ташкил этувчи халқлар ва туб жой аҳолиси гуруҳларининг вакил болалари тўғрисидаги масалаларни, шунингдек гиёҳвандлик моддаларини суистеъмол қилиш ва болалар тўғрисида ғамхўрликнинг йўқлиги муаммоларини кўриб чиққан ҳолда, инсон ҳуқуқларининг  ҳуқуқий доирасини кенгайтиради.

Конвенция болаларни ҳимоя қилиш ва уларга ғамхўрлик кўрсатишда оила ва ота-оналарнинг биринчи даражали ўрнини эътироф этади, уларнинг ўз мажбуриятларини бажаришига  ёрдам кўрсатиш эса давлатнинг вазифасидир.

Ниҳоят, унда жуда кўп халқаро шартномаларда қирқ йил давомида эълон қилиб келинган бола ҳуқуқлари замонавий ва глобал асосда бир ерга тўпланган.

 

        ФАРЗАНДЛАРИМИЗНИНГ БАХТУ ИҚБОЛИ КАФОЛАТИ

мавзусида ҳуқуқшунос  билан 

давра суҳбати ўтказиш учун материал

 

Ўтган 23 йиллик тарихан қисқа даврда Конституциямиз янги демократик давлатчилик ҳамда эркин фуқаролик жамияти қарор топишининг мустаҳкам кафолати бўлди. Бош Қомус олдимизга қўйган улуғвор вазифаларга эришиш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга қанот бахш этиб, мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётини янгилаш, ижтимоий адолатни қарор топтириш ва қонун устуворлигини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Айниқса,  унда ёш авлодни ҳар томонлама соғлом вояга етказиш билан боғлиқ кўплаб моддалар борки, истиқлол йилларида бу масала давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани бежиз эмас.

Конституциямизнинг 45-моддасида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги мустаҳкамланган бўлса, 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари, давлат ва жамият етим ёки ота-оналар васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, хайрия фаолиятини рағбатлантириши белгиланган.

Конституциянинг 65- моддасида фарзандлар ота-оналарининг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши мустаҳкамланган. Шулар асосида ёшлар манфаати ва ҳуқуқларини янада тўлиқ таъминлаш йўлида янги қонунлар қабул қилиниб, амалдаги қонунчилик халқаро доирадаги ҳужжатлар асосида изчил такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ)  ёш авлод ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга оид универсал аҳамиятга эга муҳим қуйидаги ҳужжатлари ратификация қилинди:      

"Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси",

"Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция",

"Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида"ги халқаро пакт,

"Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида"ги халқаро пакт,     

"Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида"ги конвенция,

"Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида"ги халқаро

конвенция,

"Аёлларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларига барҳам бериш     

тўғрисида"ги  халқаро конвенция шулар жумласидандир.

 

2004-2009 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурини амалга ошириш доирасида фарзандларимиз бахту -- саодатини таъминлаш учун 8,5 мингдан зиёд мактаб қурилди ва капитал таъмирланди. Уларнинг аксарияти қишлоқларда жойлашган. Ўзбекистонда 12 йиллик мажбурий таълимга ўтилиб, кадрлар тайёрлашнинг ўзига хос миллий модели вужудга келди. Бу миллий таълим моделимизнинг юқори малакали кадрлар тайёрлашга йўналтирилганлигининг яна бир  тасдиғидир.

Таълим соҳасига берилаётган юксак эътибор жаҳон жамоатчилиги томонидан эътироф этилаётгани ҳар бир ватандошимизда ғурур ва ифтихор ҳиссини уйғотмоқда.  Зеро  "Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур", деган улуғвор ғоя ҳар биримизнинг қалбимизга чуқур ўрнашди.

Шу ўринда бир мулоҳаза: ҳозирги таҳликали дунёнинг бир қатор мамлакатларида кузатилаётган турли талотўп ва тартибсизликлар сабаби нимада? Бу, аввало, ўша давлатнинг ўсиб-униб келаётган ёшларга, уларнинг ҳаётдаги қизиқишлари, ҳуқуқ ва манфаатларига эътиборсизлиги туфайли келиб чиқаётган бўлса, ажаб эмас. Бундай мамлакатларда давлат ва ёшлар ўртасида узилиш пайдо бўлганлигини кузатиш мумкин. Айниқса, бугунги замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган асрда кимлардир ундан бунёдкорлик, илм-фанни ривожлантириш мақсадида  фойдаланса, кимлардир ижтимоий тармоқлар орқали миллионлаб онги мўрт, мустақил фикрлашга, фаол фуқаролик позициясига эга бўлмаган ёшларни тузоққа тушириб, ўз қабиҳ ниятларини амалга оширгиси келади. Бундай ҳолатга асло йўл қўймаслигимиз керак.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори мустақиллик йилларида олиб борилган босқичма-босқич, тадрижий ислоҳотларнинг мантиқий ва қонуний давоми бўлиб, бу борадаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берди. Ёшларга келажагимиз эгалари, деб қараймиз, улар қўллаб-қувватланади, рағбатлантирилади. Ҳамма яхши нарсалар фарзандларимиз  бахту-  саодати, порлоқ келажаги учун хизмат қилади. Президентимиз Ислом Каримовнинг "Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт", деган сўзлари болажон ўзбек халқининг тилак ва истакларини ўзида ифодалаб турибди. Бу эзгу мақсадни амалга оширишда эса Бош Қонун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

 

 

КОМИЛ ИНСОН - МИЛЛАТ КЕЛАЖАГИ

мавзусида маҳаллаларда сиёсатшунослар иштирокида маънавият соатлари ташкил қилиш учун материал

 

Қайси миллат, халқ бўлишидан қатъий назар, кимдан бўлмасин, "Ота-онанинг энг катта бойлиги нима?"-деб сўралса, табиийки, ҳамманинг ўзига хос жавоби бўлади. Бошқаларни билмадигу, лекин ўзбекнинг айтадигани аниқ: "Асосий бойлигим - фарзандларим!",  дейди у фахр билан.

Агар яна "Энг катта орзу-умидинг нима?"-деб сўралса, кимнинг нима дейишига кафолат беролмаймизу, бироқ ўзбекнинг жавоби битта бўлади: "Фарзандларимнинг бахтини, камолини кўриш"!

Чиндан ҳам бутун умрини, жони-жаҳонини ўз зурриётига бағишлайдиган халқмиз. Токи кўзимиз очиқ экан, қувончу-ташвишларимиз уларнинг соғлиғи, турмуши, муаммолари билан боғлиқ бўлади. Ўзингдан кўра фарзандларингни кўпроқ ўйлайсан, ўзингнинг ютуғингдан кўра, уларнинг ютуғидан кўпроқ қувонасан. Ота-она юз ёшга кирса ҳам етмиш-саксон ёшли боласи ташвишини қилади. Азал-азалдан шундай, қонимизга сингиб кетган одат бу. Чунки фарзанд ота-она умрини, эзгу амалларини давом эттиради. Вақти-соати келиб шу азиз Ватанни ҳам уларга мерос қилиб қолдирамиз. Аммо фарзанд эртага ота-онани рози қила оладими, шаънига раҳмат ёғдирадими, энг муқаддас мерос Ватанни кўз қорачиғидек асрай оладими, унинг шон-шуҳратини оширадими? Ёки...

Оила бутунлиги, миллат келажаги, Ватан тақдири бугун ёшларга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлигимизга боғлиқ бўлади.

Бу аслида ҳеч кимга сир бўлмаган ҳақиқат. Лекин билиш бошқа, амалий иш қила олиш бошқа. Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ Президентимиз ташаббуси билан баркамол авлод орзуси давлат сиёсатининг долзарб масалаларидан бири сифатида кун тартибига қўйилди. Ёшлар тарбияси мустақиллигимиз мустаҳкамлиги, абадийлиги, ватанимиз тараққиётини таъминловчи асосий куч эканлигига имон келтирдик. Энг оғир дамларда - дон, нон, валюта топиш катта муаммо бўлиб турган бир пайтда ёшларимиз замонавий касб-ҳунарларни ўргансин, билим олсин, ҳеч кимдан кам бўлмасин, деган буюк орзу-умидлар билан уларни дунёнинг энг илғор  мамлакатларига ўқишга юбориш йўлга қўйилди. Улуғ аждодимиз Абдулла Авлонийнинг "Тарбия биз учун ё ҳаёт- ё мамот, ё нажот- ё халокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир", деган оташин сўзларини дилимизга жо қилиб олдик. "Ҳар бир миллатнинг саодати давлатларнинг тинчлиги  ва роҳатда яшаши ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир", деган ўгитлари, "Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат, бошқа миллатларга поймол бўлур" каби даъватлари қалбимиздан чуқур жой эгаллади. Ёшлар соғлом, илм-маърифатли, эътиқодли бўлса, замонавий касб-ҳунарларни эгалласа ва ҳеч кимдан кам бўлмаган авлод камол топсагина, орзуларимизга етишимиз ва шундагина, Ватанимиз гуллаб-яшнашини англаб етдик.

Давлатимиз таъсис этган биринчи орден  "Соғлом авлод учун" ордени бўлди ва шу номда халқаро жамғарма ташкил этилди. Муҳташам спорт иншоотлари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар барпо этишга киришилди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги орасида биринчи бўлиб бизда "Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида" (1991 й. 20 ноябрь) қонун қабул қилинди. Бундан кўзланган асосий мақсад -"Ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, иқтидорини тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашдан иборат"лиги таъкидлаб ўтилди. 1992 йил 22 июлда "Таълим тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. У болаларга таълим, илм  бериш ва тарбиялашни ўз ичига олади,  фарзандларимиз ақл заковати ва илм борасидаги куч-қувватини ривожлантириш, жамият, оила ва давлат олдидаги ўз масъулиятини англайдиган ҳар жиҳатдан баркамол,  эркин шахсни шакллантириш мақсадини кўзлайди.

Ёшларга эътибор кун сайин кенг қамров ола бошлади. "Камолот" ёшлар жамғармаси тузилди, Президентимизнинг "Ўзбекистоннинг ўқувчи ёшларини рағбатлантириш чоралари тўғрисида"ги Фармони (1993 йил 5 февраль) чиқди.

Ижодкор ёшларнинг "Истеъдод" республика жамғармаси, иқтидорли ёшларнинг чет элларда таълим олишларини қўллаб- қувватловчи "Умид" жамғармаси ташкил этилди. Яна кўплаб қонунлар, фармонлар, қарорлар баркамол авлод тарбиясига қаратилди.

Президентимизнинг Республика Олий Кенгашининг навбатдан ташқари тўққизинчи сессиясидаги маърузасида  болалар ва ёшлар сиёсатининг мақсад -моҳияти яна бир бор аниқ-равшан ифодалаб берилди: "Келажак бугундан бошланади. Ҳозир тарбия масаласига эътибор қилинмаса, келажак бой берилади. Тарбиядан ҳеч нарсани аямаймиз. Маънавий ва аҳлоқий покланиш, иймон, инсоф, диёнат, ор-номус, меҳр-оқибат ва шу каби чинакам инсоний фазилатлар ўз-ўзидан келмайди. Ҳаммасининг замирида тарбия ётади".

Давлатимиз тарбиядан ҳеч нарсани аямаётгани, ёшлар сиёсати изчиллик билан давом эттирилаётгани, ёшларимиз ўз истеъдодларини рўёбга чиқариши учун имконият майдони кенгайиб бораётганини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Масалан, таълим соҳасидаги миллий дастурларни ҳаётга татбиқ этиш бошланганидан буён 1 минг 140 тага яқин академик лицей ва касб-ҳунар коллежи, 4 минг 680 тадан зиёд умумтаълим мактаби янгидан қурилди ва капитал таъмирланди. Ўтган йиллар мобайнида замонавий, ҳар томонлама жиҳозланган ўқув юртларини барпо этиш учун 5 миллиард доллардан ортиқ бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар йўналтирилди.

Буларнинг барчаси ўз кучимиз, меҳнатимиз билан амалга оширилди. Умид билан суқилган таёқ бир кун берар меваю- япроқ, деганларидек, қисқа вақт ичида ёшлар тарбияси билан боғлиқ саъй-ҳаракатларимизнинг натижалари бўй кўрсата бошлади. Бир неча йиллардан бери ўтказиб келинаётган "Ниҳол", Зулфия номидаги мукофотлар, "Янги авлод" республика болалар ижодиёти фестивали ва "Келажак овози" кўрик-танловлари, "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга ошираётган хайрли ишлар, "Баркамол авлод", "Универсиада" мусобақалари юртимизнинг деярли барча вилоят ва туманларида, олис қишлоқларида истеъдодли ёшлар вояга етаётгани, улар буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари бўлишга интилаётганларидан далолат беради. Биргина спортнинг ўзида кейинги йилларда ёшларимиз эришган ютуқлардан ҳар қанча фахрлансак оз.

Юртбошимиз яна бир улуғ вазифани илгари сурди: "Ёшларимизнинг маданий савиясини юксалтириш, маънавий оламини бойитиш, санъат ва гўзалликка интилишини кучайтириш мақсадида янги йилда республикамиздаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган давлат дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш муҳим вазифаларимиз қаторидан жой олиши керак".

Бу вазифа замирида қандай маъно-мақсад ётганини чуқур ўйлаб, мағзини чақиб олмоғимиз зарур, албатта. Мусиқа ва санъатга ошуфта қалб фақат яхшиликка, эзгуликка интилади. Санъатнинг юксаклиги миллатнинг маънавияти ва маданияти асосий белгилардан ҳисобланади. Санъат, спорт, адабиёт, фан миллатни, мамлакатни дунёга энг тез танитадиган, унинг тараққиёти, нуфузи, интеллектуал куч-қудратини намоён этадиган вазифалардан эканлиги бугун ҳеч кимга сир эмас.

Болаларга яратилаётган шарт-шароитлар, кўрсатилаётган ғамхўрликлар қадрини чуқурроқ англаш, ҳис қилиш учун дунёга назар ташлаб, мулоҳаза юритишга тўғри келади. Шундай мамлакатлар борки, болаларини ўқитиш, қорнини тўқ, устуни бут қилишга қурби етмайди. Камбағаллик, очарчилик, турли хил касалликлар гирдобидан чиқиб кетолмай бошқаларга қўл чўзиб, хайрия сўраб яшайди. БМТ маълумотларига кўра, дунёда 854 миллион одам очарчиликдан азият чекмоқда. ЮНЕСКО маълумоти бўйича дунёда мактаб ёшидаги, 100 миллион  бола  ўқиш имкониятидан маҳрум.

Оналар ва болалар йили ҳақида гап кетганда айримлар кўпроқ қандай шарт-шароитлар яратилиши, имтиёзлар берилиши, моддий ёрдамлар кўрсатилиши ҳақида ўйлаши мумкин. Булар Давлат дастурида ўз ифодасини топиши муқаррар, албатта. Аммо шу ўринда ҳар бир ота-она, фарзандларимизнинг вазифаси, бурчи ҳам муҳимлигини унутмаслиги  керак.

Оналар ва болалар йилида барчамиз уларнинг сиҳат -саломатлиги, маънавияти, таълим-тарбияси, аҳлоқ-одоби, миллий ғоя ва мафкура тарғиботига эътиборни янада кучайтиришимиз, миллий ғурур, миллий қадриятларимизни улар онгига янада чуқурроқ сингдиришимиз талаб этилади. Ҳар қанча билим берилмасин, касб-ҳунар ўргатилмасин, агар улар эътиқодли, фидойи, қатъиятли, маънавиятли бўлмаса, юрагида Миллат, Ватан туйғуси ётмаса кўзланган мақсадга етолмаймиз. Яхши мутахассис бўлиш мумкин, лекин унинг қалбида ҳалоллик, иймон, эътиқод, ирода, ор-номус, ватанпарварлик ҳукмрон бўлмаса, исталган пайтда хиёнат йўлига ўтиб кетиши мумкин.

Инсоният тарихидан маълумки, давлат ва жамиятнинг куч-қудрати асосан икки нарсага боғлиқ. Бири - ИЛМ-ФАН бўлса, иккинчиси - ТАРБИЯ. Ўз ўтмишимиз ҳам бунга ёрқин мисол бўла олади. Қайси замонда илм-фан, маданият, маърифат тараққий этган бўлса, айнан ўша даврда юртимиз гуллаб-яшнаган, куч-қувватга, обрў-эътиборга эга бўлган.

Назаримда, ҳаётга қарашларнинг, муносабатларнинг шакллана боришини кўрсатувчи умрнинг бекатлари бўлади. Бу одамизотнинг болаликдан елиб-югуриб етиб олгани ўсмирлик, куч-қуввати жўшиб, ҳис-туйғулари жунбушга келган даври ёшликдир. Худди шу даврда унга янада эътиборлироқ бўлиш, кези келганда қўллаш, рағбатлантириш, иқтидору имкониятларини тўғри йўналтириш муҳим масаладир. Шу маънода тан олмоқ керакки, Ёшлик умрнинг қиёссиз, вақти келганда дунёларни алмашлаб ҳам топиб бўлмас палласи. Бу даврдаги шашту шижоат, завқ-шавқ кўпгина эзгу ишларга қодир бўлмоғи мумкин. Айни пайтда ўсмирлик, яъни ўтиш даври  қайсидир жиҳатдан умрнинг эргашувчан фасли ҳамдир. Президентимиз И.Каримов 2001 йилнинг февралида "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббус гуруҳи билан учрашувида сўзлаган нутқида "етаклаш" сўзига алоҳида урғу берган эдилар. Мутахассисларнинг фикрича, шу ёшдаги инсон юрагидаги ёниб турган ҳарорат бир парча ўтга айланиб, ўзини мустақил фикрловчи эркин "катта", ғурурли, сўзидан қайтмас шахсдай тута бошлайди. Ғоялар ортидан эргашиш "дарди"ни  баъзан тан олиб, олмайди. Унинг шу бекатда тўғри йўл танлай олиши, ёхуд ўзлигини йўқотиб, аросатда қолиши эса муҳит, жамият ва айни пайтда катталарнинг масъуллиги билан чамбарчас боғланиб кетган. Ёшлар тарбиясига масъуллик ҳақида гап кетганда, турли мулоҳазалар билдирилади. Энг аввало, кимдан сўраш керак ёки ким кўпроқ масъул? Оилами, мактабми, маҳаллами, давлатми? Ҳаммасининг ўз ўрни, вазифаси бор, албатта. Аммо ернинг думалоқлигию, тепамизда қуёшнинг ягоналигини инкор этиб бўлмаганидек, бола тарбияси энг аввало ота-она, оила муҳитига боғлиқлигини ҳам рад этиб бўлмайди. Фақат бу азалий ҳақиқатни онгу- шуурига сингдириш, қалбларига муҳрлаш осон кечмаётганини ҳаёт сабоқлари кўрсатиб турибди. Кўз юмиб бўлмайди, озми-кўпми, жиноят кўчасига кириб қолаётган, гиёҳвандлик балосидан умри завол топаётган, ёт ғоялар, ёвуз кучлар домига тушиб, ҳаёти ҳазон бўлаётган ёшларнинг ҳам борлиги ҳаммамизга маълум. Айрим ота-оналар тасаввурида эса Худо берган фарзанд ўзидан ўзи ўсадигандек, улғайиб кетаверадигандек. Бола йўлдан адашиб, тарбияси оғирлашиб, боши деворга теккач, ота-она бағри, дили куйиб, ойлаб-йиллаб елиб-югуради. Қисқаси, ёшлар тарбиясидек муҳим масала Ватанимизнинг эртанги ёруғ кунини, ўғил-қизларимизнинг  бахту - иқболини истайдиган ҳар бир юртдошимиз учун шон - шараф ишига, мамлакат ва миллат олдидаги фарзандлик ва фуқаролик бурчига айланиши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз томонидан  миллатимиз келажаги бўлган оналар ва болаларга кўрсатилаётган юксак эҳтиромга муносиб бўлиб, яратилган катта имкониятлардан фойдаланиб, элу юртимиз,  Ватанимиз ва миллатимиз учун билимли, тарбияли, фидоий инсонларни камол топишига барчамиз, яъни маҳалла, ўқув юртлари, ахборот -кутубхона муассасалари, шу ишларга масъул барча корхона, ташкилотлар ҳамкорликда  маънавият ва маърифат сабоқлари улашиш, нур ва  зиё  тарқатиш орқали ўз хиссамизни қўшишимиз  мақсадга мувофиқ ва зарур вазифалардан биридир.

 

         "Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенцияни биласизми?"

мавзусида билимдонлар беллашувини ташкил қилишга тавсиялар

 

        "Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенцияни биласизми?" мавзусидаги билимдонлар беллашувини ташкил қилиш учун 2 та гуруҳдан иборат ёшлар танлаб олиниб, улар ўртасида  беллашув қуйидаги савол - жавоблар асосида ўтказилади:

1. Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенцияга таъриф беринг.

(Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция - халқаро ҳужжат бўлиб, у Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Бош ассамблеяси томонидан 1989 йилнинг 20 ноябрида қабул қилинган).

 

2. Ўзбекистон Республикаси Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни қачон тасдиқлади?  (1992 йилда)

 

3. Конвенция нечта қисм ва моддалардан иборат?   

(Конвенция муқаддима,  3 та қисм ва 54 та моддадан иборат)

 

4. Конвенция барча мамлакатлар томонидан  ратификация  қилинганми?

   (Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция икки мамлакатдан ташқари барча мамлакатлар томонидан ратификация қилинган)

 

5. Республикамизда болалар ҳуқуқлари билан шуғулланувчи қандай ташкилотни биласиз?

(Республикамизда БМТ Болалар жамғармаси - ЮНИСЕФ фаолият кўрсатади)

 

6. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан ЮНИСЕФга қандай ваколат берилган?

(Болалар ҳуқуқларини илгари суриш, уларнинг асосий эҳтиёжлари қондирилиши ва тўла салоҳиятга эга бўлишлари учун имкониятларни кенгайтиришда кўмаклашиш ваколати берилган)

 

7. Болаларга ғамхўрлик, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси билан шуғулланаётган қандай нодавлат нотижорат ташкилотларни биласиз?

("Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, Болалар жамғармаси, "Соғлом авлод учун", "Сен ёлғиз эмассан" Республика болалар жамоатчилик жамғармаси, Республика болаларни ижтимоий  мослаштириш маркази ва ҳ.к.)

 

8. Истиқлол йилларида болаларга ҳар томонлама ғамхўрлик, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлодни камол топтириш мақсадида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

(Инсон манфаатлари йили, Оила йили, Аёллар йили, Соғлом авлод йили, Меҳр ва мурувват йили, Сиҳат-саломатлик йили, Ижтимоий ҳимоя йили, Баркамол авлод йили ҳамда Соғлом авлод йили ва бу йил Она ва болалар  йилларида ҳаётга кенг тадбиқ этилаётган давлат дастурлари доирасидаги улкан қамровли ишлар  амалга оширилиб килинмоқда)

 

9. Конвенцияда неча ёшгача бўлган ҳар бир шахс бола ҳисобланади?

(Конвенцияга биноан, агар миллий қонунларда нисбатан барвақт балоғат ёши белгиланмаган бўлса, 18 ёшгача бўлган ҳар бир шахс бола ҳисобланади)

 

10. Республикамизда болаларнинг таълим-тарбияси тўғрисида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

(Мамлакатимизда "Таълим тўғрисида"ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури доирасида юзлаб янги касб - ҳунар коллежлари, академик лицейлар барпо этилди, замонавий талабларга мос жиҳозланди)

 

11. Бутунжаҳон болаларни ҳимоя қилиш куни қачон? (1-июн Бутунжаҳон болаларни ҳимоя қилиш куни)

 

12. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан "Соғлом авлод учун" ордени қачон таъсис этилди?

(Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 7 майдаги Қонунига мувофиқ икки даражадан иборат  "Соғлом авлод учун"  ордени таъсис этилди).

 

      Тадбирни болалар ҳуқуқларига оид шундай саволлар билан давом эттириш ва тадбир якунида ғолибларни фахрий ёрлиқ ва совғалар билан рағбатлантириш мумкин.

 

 

 

"ПОРЛОҚ КЕЛАЖАК ВОРИСЛАРИ"

мавзусида адабиётшунос олимлар билан ўтказиладиган

давра суҳбати учун материал

 

Аждодларимизнинг мозийга муҳрланган фаолият сарҳадларида бунга аниқ далиллар бисёр. Соҳибқирон Темур бобомизни, Навоий, Бобур ҳазратларини олайлик. Уларнинг камоли учун даврнинг шиддатли буҳронлари ҳам тўсиқ бўла олмаган. 5 ёшли Алишернинг бийрон шеър мутолаа қилишлари, Бобур мирзонинг ўтли ғазаллари, дунёни лол қолдирган адолатпеша Темурнинг 7 ёшиданоқ жанг сирларини ўрганиши, овчилик, мерганлик усулларини эгаллаб олиши ҳақида жуда кўп манбаларда ҳикоя қилинади. Биз ана шундай фикри теран, иқтидори бутун, зукко ва донишманд аждодларнинг ворисларимиз. Уларнинг тарихда қолдирган излари асрлар оша сайқалланиб, биз учун ибрат мактаби бўлиб яшаб келмоқда.

Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш муҳим ва устивор вазифага айланди. Ривожланаётган жамиятимизнинг ўз олдига қўйган олийжаноб мақсади - келажаги буюк давлатни барпо этиш вазифаси шуни тақозо этади.

Жисмонан соғлом, билимли, маънавий баркамол, етук инсонни тарбиялаш мавзуси шарқ алломалари томонидан чуқур ўрганилган. Арасту, Ибн Сино, Баҳовуддин Нақшбандий, Нажмиддин Кубро каби улуғ алломаларнинг асарлари ва назарий таълимотларида ҳам ёш вужудни камол топтириш, тарбиялашга катта аҳамият қаратилганлиги бежиз эмас.

Азалдан зукко аждодларимиз ўз миллийлигини, маънавий бойлигини сақлабгина қолмасдан, эзгулик, илму -маърифат, мустақиллик сингари эзгу ғоялар сари интилганлар. Миллатимизга хос ана шундай интилиш, миллатпарварлик, ватанпарварлик, инсонпарварлик каби фазилатлар, шунингдек, буюк мутафаккирлар ҳамда маърифатчилар хатти-ҳаракатлари туфайли халқимиз ҳар қандай шароитларда ҳам баркамол, маънан етук фарзандларни тарбиялаш вазифасини ёддан чиқармаган. Бу жараён бевосита жамият ривожланишининг пойдеворини мустаҳкамлаш мақсади билан ҳам узвий боғлиқдир. Аммо бу мақсад нафақат кундалик фаолият мезонида балки, жамият ва оила ҳаётида миллий ва умуминсоний қадриятларни ўзаро уйғунлаштиришда ҳам намоён бўлган ва бугунги кунда ҳам ўзига хос тараққиёт йўлимизда намоён бўлмоқда.

Баркамол авлод - кўнглида, қалб-қўрида ишонч ва ифтихор туйғулари мавжланиб турган авлоддир. У нафақат ҳақ-ҳуқуқини, балки фуқаролик бурчини ҳам чуқур англайди. Худди шу англаш, ҳис қилиш қайси илм даргоҳида таълим олмасин, қай бир соҳада меҳнат қилмасин, улуғ юртнинг анъаналарига муносиб бўлишга ундайди.

Ҳеч шубҳасиз, ҳар қандай миллат ўз фарзандларининг баркамол бўлишини орзу қилади. Аслида баркамоллик жуда кенг тушунча. Тилимизнинг изоҳли луғатида баркамоллик қуйидагича таърифланади: "жисмоний ва ақлий жиҳатдан камолот, вояга етиш, бекаму кўст мукаммаллик ҳолати ва ҳоказо". Дарҳақиқат, биз ҳар қандай одамга унинг нечоғлик камолотга эришганига қараб баҳо берамиз. Жумладан, баркамол шахс, баркамол ижод деймиз. Ғоят етукликни эса табиат баркамоллигига қиёслаймиз.

Балоғат ва камолотнинг турли-туман қирралари бор. Албатта, бу қирраларнинг жилолари бир-биридан асло кам эмас.

Давлатимизнинг бош сиёсати ҳам келажак авлоднинг истиқлолини таъминлашга, зарур шарт-шароит яратишга, уларни етук инсонлар қилиб тарбиялашга қаратилган. Юзлаб коллеж ва лицейлар, кўплаб спорт иншоотлари, компьютер ва интернет каби замонавий техника воситалари ёшларимиз ихтиёридадир. Кечаги деҳқон боласи бугун тил ўрганиб, Лондондай жойларда ўқиб юрибди. Буларнинг бари таҳсинга сазовордир.

Бугун юксак чўққиларга эришаётган ёшларни кузатиб, ҳайратимиз ортади. Спорт ареналарида, санъат пиллапояларида эришаётган ютуқларидан беҳад ғурурланамиз. Ҳар йили адабиёт, санъат, маданият, фан ва таълим  соҳаларида кашф этилаётган иқтидорли ёшлар Зулфияхоним номидаги давлат мукофоти лауреатлари, "Келажак овози" ғолиблари шулар жумласидандир.  

"Келажак овози" ёшлар танлови - ўз номи билан келажакнинг ёруғ манзилларига интилаётган иқтидорли ёшларни кашф эта бошлади. Нигоҳларимиз мазкур танловнинг мазмун ва моҳиятига қаратилди. Буни қарангки, бугуннинг ёшлари қалбида ўз яратувчанлик ишлари намуналарига ишонч бисёр.

Бугунги давр ёшларини китоб мутолаасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Китоб дўст, китоб суянчиқ, китоб маънавий камолотимиз таянчидир. Ундан зиё оламиз, куч топамиз. Эзгу ишлар орқали юксаламиз. Китоб оламидаги буюк кашфиётлар, севган асарларимиздаги қаҳрамонларнинг кечинмалари, эзгу ишлари қалбларимизни нурлантиради.

Санъат ҳақида сўз кетганда давримиз ёшлари бу мавзуга жуда яқин муносабатда эканлигини алоҳида таъкидлаш мумкин. Ҳаётимизни санъатсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Санъат инсонни тарбиялайди. Камолга етказади. Инсон ҳақиқий санъат асарларидан эстетик завқ олади, завқланиш баробарида руҳий кўтаринкиликни ҳам теран ҳис қилиб улғаяди. Хўш давримиз ёшлари ҳаётида санъатнинг ўрни қандай аҳамият касб этади, деган савол олдида бир мушоҳада қилиб кўрайлик. Кино санъати ёки бугунги эстрада санъатининг турларига бугун ҳар қачонгидан-да яқинроқ нафас билан ёндашишмоқда. Буни даврга ҳамоҳанглик дейиш ҳам мумкин. Кино санъати ҳам худди шундай мазмун касб этади. Кутилган мақсад эса битта: Юртимиз ёшлари юксак маънавият доирасида камол топишлари даркор.

Асримиз ахборот технологиялари билан ҳамқадам одимламоқда. Ёшлар ахборот-ресурс, ахборот-кутубхона марказлари хизматларидан фойдаланмоқдалар. Компьютер сабоқларидан баҳраманд бўляптилар. Интернетга боғланиб дунё тамаддунидаги ўзгаришлардан баҳраманд бўляптилар. Хорижий тилларни ўрганяптилар. Хусусан олганда инсоният манзиллари, чўққилари юртимиз ёшлари учун катта йўлга чиқиш дебочасидир.

Мамлакатимиз ёшлари эртанги кунимизга теран назар билан боқар эканлар, "Мен Ватанимга муносиб фарзанд бўла оламанми, бунинг учун яратилаётган имконият чўққиларига эриша олаяпманми?", дея интилишларини ошириб бормоғлари зарур. Хассос шоиримиз Ғафур Ғулом айтганларидек:

      Аъло мамлакатнинг, аъло фарзанди,

                                     Билиб қўйки, сени Ватан кутади...

Одамзод ўз юртини фақат асл бойликлари учун севмайди, ҳар бир инсон: "Мен нечун севаман Ўзбекистонни" деган теран маъноли саволга ўзи жавоб бера олиши, она заминининг ҳосиятини қалбан ҳис эта билиши керак. Шунинг учун Президентимиз "Ватан - ягонадир, Ватан - биттадир",  деган ғояни, шу мўътабар заминимизда яшаётган ҳар бир инсон, авваламбор униб-ўсиб келаётган ёш авлод онги ва тафаккурига сингдириш, унинг ҳаётий эҳтиёжига айлантириш муҳим вазифа эканлигини такрор-такрор таъкидлайдилар. Ватан равнақи деганда юртимиз ҳаётининг барча соҳалари бўйича ривожланиш ва юксалиши мамлакатимизнинг жаҳондаги обрў-эътибори, янада ортишини тушунамиз.

Бир сўз билан айтганда, юртимиз ёшларининг ҳар бир вакили эртанги кунининг ёруғ орзуларига энг эзгу умидлар билан боқа билиши фарз. Токи, ёшларга бўлган ишонч ва умид устунлари кўкга бўй чўзган улкан дарахтлар сингари юксалаверсин.

                                       

САЛОМАТЛИК МАКТАБИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШГА

ТАВСИЯЛАР

 

Ёшларга хизмат кўрсатувчи ахборот -кутубхона муассасаларига "Саломатлик мактаби"ни ташкил этишни таклиф қиламиз. Бу мактабнинг вазифаси фойдаланувчиларни жисмоний, маънавий,  ижтимоий жиҳатдан соғлом ва ҳар томонлама баркамол бўлишлари учун нималарга эътибор бериш кераклигини кўрсатувчи адабиётлар билан таништиришдир.

Бу "Мактаб"нинг асосий вазифаси,  ёшларга саломатлик нақадар катта бойлик эканлигини тушунтиришдир. Энг асосийси инсонни қийинчиликларга дош беришга ва бу қийинчиликларнинг вақтинчалик эканлигига ишонтириш.

Ҳар бир киши соғлиғи ҳақида қайғуриши ва курашиши керак. Чиниқиш, ўз вақтида овқатланиш, рухий жиҳатдан ўз-ўзини бошқаришга эътибор бериш керак. Буларнинг ҳаммасини ёшларга тушунтириб бериш керак. Кутубхоначининг асосий вазифаси китобхонни ўз соғлиғини мустахкамлаш ва сақлаш кўникмаларини тарбиялашдир.

Бу ишга мутахассислар- врачлар, психологлар, ота-оналар, бувию-бувалар жалб қилинади.

"Саломатлик мактаби"нинг тахминий режаси (4-5 синф)

1 - дарс:

1. таништириш (суҳбат)

"Саломатликнинг асосий қонунлари".

2."Ёшликдан соғлиғингни асра" кўргазмаси учун адабиётларнинг тахминий рўйхати.

2 - дарс:

1. Шахсий гигиена тўғрисида (суҳбат)

2. Амалий машғулот "Тишларни қандай парваришлаш керак?"

3 - дарс:

Оғзаки журнал "Ҳаракат, ҳаракат, ҳаракат" (физкультура ва спортнинг ўсмир соғлиғига таъсири).

4 - дарс:

1. Шамоллашнинг олдини олиш тўғрисида мутахассис маслахати (суҳбат)

2. "Пўлатдек мустахкам бўлиш" инсон танасини чиниқтириш тўғрисида.

5 - дарс:

1. "Қандай овқатланиш керак" врач диетолог билан суҳбат.

2. Ўйин "Витаминия мамлакатига саёҳат".

6 - дарс:

1. "Йўқолсин наркомания" врач нарколог билан учрашув.

2. Ичиш, чекиш ва наркоманиянинг зарари тўғрисидаги фильмни намойиш этиш.

7 - дарс:

1. "Ёшларда травматизм - йиқилиш сабаблари"  тўғрисида травматолог билан суҳбат.

2. Эсдалик "Соғлом турмуш тарзи".

3. "Биринчи тиббий ёрдам"  ҳақида  амалий машғулот.

8 - дарс:

1. Суҳбат "Иш кунини тўғри ташкил этиш"

2. Амалий топшириқ   "Менинг куним"

9 - дарс:

1. "Сенинг бўш вақтинг" - дам олишни тўғри ташкил қилиш тўғрисида таклифлар.

2. Спорт ўйинлари.

10 - дарс:

Тематик кеча  "Гўзаллик саломатликда".

 

"КИТОБ - МЎЪЖИЗАГА ЧОРЛАЙДИ"

мавзусидаги  адабий-мусиқий кеча сценарийси

 

Тадбир қуйидаги шароитда ўтказилади: хона ёки зал шиорлар, ўқиш ва илмга чорловчи плакатлар билан безатилади. Китоб кўргазмаси ташкил этилади.

Бошловчи: Ассалому-алайкум ҳурматли меҳмонлар! Хуш келибсизлар!   Биз бугун Сизларнинг эътиборингизга    "Соғлом она ва бола йили" га бағишланган "Китоб - мўъжизага чорлайди" номли тадбирни ҳавола этмоқчимиз. Тадбирда кутубхонамизнинг бир гуруҳ  фаол ўқувчилари иштирок этадилар. Уларнинг чиқишлари сизларга манзур бўлади, деб умид қиламан.  Марҳамат----

1-ўқувчи: Китоб - офтоб. Заминни, она табиатни офтоб иситса, одам қалбини китоб илитади, нафақат илитади, балки ёритади, нурлантиради. Китобга энг қисқа таъриф бериш жоиз бўлса, уни маънавият қуёши деб таърифлаш ўринлидир. Яъни, қуёш бўлмаса оламнинг, табиатнинг, ҳаттоки ҳаётнинг бўлиши шубҳа остида қолади, китоб бўлмаса, маънавиятнинг ривожланиши ҳам мавҳум бир фикр бўлиб қолаверади. 

Кенгроқ мушоҳада юритадиган бўлсак, миллат баркамоллиги, Ватан тараққиёти элнинг китобхонлик даражасига, яъни ўқимишлилигига боғлиқ. Истиқлолдан сўнг мустақил мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси ва бевосита эътибори туфайли соғлом авлодни тарбиялаш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Меҳнат жамоаларида спорт-соғломлаштириш иншоотлари, теннис майдончалари барпо этилди. Бироқ соғлом авлод деганда фақатгина жисмонан бақувват инсоннигина тушуниш масалага бирёқлама ёндошиш бўлур эди. Авлод баркамоллиги унинг маънавий камолотига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ. Ана шуни назарда тутсак, китоб дўконлари ва  ахборот -кутубхона муассасалари ёшларнинг энг севимли масканларидан бирига айланса, нур устига аъло нур бўлар эди.

 

2-ўқувчи:

Ҳар кўнгилнинг орзуси шул эрур оби ҳаёт,

Қадрини билган кишига шубҳасиз жондир китоб.

Кўзнинг нури, дил сурури дилларнинг дармонидир,

Ҳар қоронғу дилга гўё моҳитобондир китоб.

 

Ҳар балодан асрагувчи энг муҳим қиммат яроғ,

Тийри ваҳшат ханжари зиллатга қалқондир китоб.

Ҳар киши ёшликда қилса вақтида ғайрат агар,

Тез замонда ошно бўлмоғи осондир китоб.

 

3-ўқувчи: Ўқувчилар қалбида юксак маънавиятни шакллантиришда китоб ва китобхонликнинг аҳамияти беқиёсдир.

Китоб асрларни - асрларга, замонларни - замонларга, ришталарни-ришталарга уловчи восита. "Китобсиз хонадон жаҳолатга ўхшайди",  деган экан бир донишманд. Лекин тўғри келган китобни ўқиш ҳам ярамайди. Чунки бунинг бир қатор сабаблари бор. Аввало, инсоннинг умри барча китобларни ўқишга етмайди. Бундан ташқари, дуч келган асарни ўқиб кетавериш кишининг савиясига, унинг дунёқарашининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин.

4- ўқувчи:

Илм калити - китоб,

Гар ўқисанг бобма-боб,

Ўрганиб бор билимни,

Очар баҳри дилингни.

Сафарга чиққан чоғинг,

У энг яқин ўртоғинг.

Ошно бўлсанг китобга,

Юксаласан офтобга.

 

5- ўқувчи : Инсон табиати, феъл-атвори, руҳиятига мос нарсаларга қизиқади. Кимдир тарихий китобларга қизиқса, кимдир фалсафий романларни ўқийди, кимдир саргузашт асарларни ёқтирса, яна кимдир ҳажвий асарлар ихлосманди. Яна бир бошқа одам эса шеърият шайдоси бўлади. Шунингдек, китобларнинг даврийлиги улар учун муҳимдир. Масалан, мумтоз-анъанавий, замонавий адабиёт намуналарининг ихлосмандлари ҳам ўзига яраша топилади. Одамнинг ўқиётган  китобига қараб ҳам унинг мақсад ва интилишлари, феъл-атвори, кайфиятини аниқлаш мумкин. Шу маънода унга ана шу қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда китоб ўқишни тавсия қилиш мумкин.

6- ўқувчи:                  

                                    Кишилар савдоси бошимдан йироқ

                                 Эрта-кеч бўлмишам китобга ўртоқ 

 

7-ўқувчи:  Ўқувчиларнинг китоб ўқишга бўлган ҳаваслари оиладан бошланади.

Ота-боболаримиз хонадонларида Машраб, Навоий, Бедил ва бошқа шоирларимизнинг асарларини мушоиралар ташкил қилиниб, мароқ билан ўқишган. Фарзандлари китобхонлик давраларида иштирок этишган. Натижада уларда китоб ўқишга ҳавас уйғонган.

8- ўқувчи: Билим манбаи бўлган китобни севиш ва ўқиш учун уни танлай олиш ва ўқиш маданиятини билиш керак. Китоб ўқиш маданиятини шакллантириш учун кутубхона фондини мунтазам бойитиб боришга алоҳида эътиборни қаратиш, китоб сақлаш одоби, ўқиш жараёнида унинг мазмун - моҳиятини тўлиқ тушуна билиш, ўқиганни уқиб, ўзига ва ҳаётга татбиқ этиш каби яна ўнлаб масалалар киради.

9- ўқувчи :

Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда,

Ғамхўринг бўлгай у ғамли замонда.

У билан қол танҳо, ҳеч бермас озор,

Жонингга юз роҳат беради такрор.

10-ўқувчи: Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида"ги қарори эълон қилинди. Ёшлар ўртасида китобхонликни юксалтириш учун мана шундай ғамхўрлик зарур эди. Бу ўз вақтида чиққан қарор, келгусида ўз самарасини бериши шубҳасиздир.

11- ўқувчи: Биз ўқувчилар эса ўз навбатида кутубхоналаримизни турли жанрдаги адабиётлар билан бойитишимиз мумкин. Бунинг учун ҳар бир талаба ўз ихтиёри билан биттадан китоб олиб келиб топширса, кутубхона 20-30 дона китоб билан қўшимча равишда бойийди. Натижада 1 дона китоб олиб борган  талаба яна 20-30 дона янги китоб ўқиш имкониятига эга бўлади. Бу ишга ҳомийларни ҳам жалб этиш мумкин.

Фарзандлари камолини, юрт келажагини, Ватан равнақини ўйлайдиган саҳоватпеша инсонларнинг бу ишда фаол иштирок этиши катта савоб деб ўйлаймиз.

Бошловчи : Аммо, ҳозирги кунда ранг-баранг воқеа ва ҳодисаларга бой фильмлар, саргузаштлар ҳақида ҳикоя қилувчи бошқа воситалар - телевизор, компютер, Интернетнинг таъсири кучаймоқда. Одам китоб ўқимаса, диванга ётволиб кунига ўн соатлаб ФМ радиосини тинглайдими, ё икки-учта телесериал кўрадими-бошининг гаранг бўлгани қолади.

Телевизор, радио ҳеч қачон китобнинг ўрнини боса олмайди. Ўқиш ва унинг орқасидан келадиган заковат мамлакатни дунёга танитишдан ҳам зарурроқ бўлган нарсага - маърифатга йўл очади. Маърифатли, яъни маънавияти юксак ва билими теран бўлган кадрлар юртни фаровон қилади, мамлакат тараққиётини тезлаштиради. Чинакам билимни эса китоб ўқимасдан туриб эгаллаш асло мумкин эмас. Шундай экан "Ҳар доим бўлсин китоб" деймиз(барча ўқувчилар ушбу хитобни  баланд овозда айтадилар).

Ўқувчиларнинг чиқиши тугагандан сўнг навбат мусиқага берилади.

 ( қўшиқ ёки рақс ижро этилиши мумкин).

Мусиқа тугагач бир неча ўқувчилар саҳнага чиқиб "Соғлом она  ва бола йили" муносабати билан Ўзбек халқ мақолларидан намуналар айтиб берадилар.

1-ўқувчи:

Бол- ширин, болдан - бола  ширин.

Бола бешикдан йиқилгунча,

Подшо тахтидан йиқилсин.

Бирни берсанг отангга,

Мингни оласан болангдан.

2- ўқувчи:

Бола - қалби гул.

Бола - хондан улуғ.

Бола - кўнгли подшо.

3-ўқувчи:

Фарзандинг -давлатинг,

Фарзандинг - зийнатинг.

Фарзандим - асал - қандим.

Фарзандим - жонга пайвандим.

 

Ушбу чиқиш якунлангач, бошловчи 2 ой давомида АРМга фаол қатнаган китобхонни даврага таклиф этади ва унга эсдалик совғаларини: китоблар, ўқув қуролларини  тақдим этади.

Сўнгра бошловчи меҳмонларга, ўқувчиларга ва барча томошабинларга доимо китоб билан ҳамроҳ бўлишларида яхши тилаклар билдириб, тадбирни ёпиқ деб эълон қилади.

 

Фойдаланилган адабиётлар

 

1.     Абдикаримова С. Оила ва жамият фаровонлигининг муҳим омили // Халқ сўзи. - 2015. - 13 дек.

2.     Абдушукурова Д. Соғлом бола-соғлом ва аҳил оила меваси // Sog'lom avlod. - 2015. - 17 дек.

3.     Адашбаева К. Онани асрасак - болани асраймиз // Oila va jamiyat. - 2016. - 6 янв.

4.     Атаджанов М. Онам ҳақида айтилган сўз // Vatanparvar. - 2015. - 18 дек.

5.     Аъзам Т. Ўзбекистонла соғлом ва баркамол авлод вояга етмоқда // O'zbekiston ovozi. - 2015. - 13 дек.

6.     Баҳодиров Н. Соғлиғингиз ўз қўлингизда. - Т.: Медицина, 1986. - 94 б.

7.     Бобожонова Ш. Соғлом фарзанд - жамият бойлиги // Тошкент оқшоми. - 2015. - 14 дек.

8.     Болалар соғлом улғаймоқда // Ишонч. - 2016. - 7 янв.

9.     Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция. - Т.: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, 2005. - 24 б.

10."Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида"ги қонун лойиҳаси концепцияси // Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари. - 2006. - № 1,2. - Б. 32.

11.Болаликдан китобга мехр. "Бошланғич таълим" журнали. - Т.: 2008 й. - 4 сон.

12.Дадаходжаева М. Оналик ва болалик-давлат муҳофазасида // Халқ сўзи. - 2015. - 10 дек.

13.Достон Н. Болаликнинг нурли йўллари // O'zbekiston ovozi. - 2015. - 15 дек.

14.Зуннунов А. Ўзбек педагогикаси тарихи. - Т.: Ўқитувчи - 1997й.

15.Имамова С. Бардавом эзгу мақсад сари // Sog'lom avlod. - 2015. - 11 дек.

16.Иномжонова Г. Ота - она ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш // Қонун ҳимоясида. - 2004. - №10. - Б.32 - 33.

17.Исмоилов С. И. Она ва болада йод етишмовчилиги ҳолатлари ва унинг олдини олиш. - Т.: Абу Али Ибн Сино, 2001. - 12 б.

18.Исмоилов М. Болалар ва ўсмирлар гигиенаси. - Т.: Ибн Сино,  - 1994. - 205 б.

19.Исоқов Н. Она ва бола соғлом бўлса, оила баҳтли, жамият мустаҳкамдир // Маҳалла. - 2016. - 6 янв.

20.Йўлдошева Ш. Оила мустаҳкам бўлса - жамият барқарор // Миллий тикланиш. - 2016. - 6 янв.

21.Каримов И. Ёшларимиз - халқимизнинг ишончи ва таянчи: Тўплам. - Т.:Маънавият, - 2006. - 93 б.

22.Каримов И. А. Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура. 1 - жилд. - Т.:Ўзбекистон, 1996. - 364 б.

23.Каримов И. А. Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. 3- жилд.- Т.: Ўзбекистон, 1996. - 366 б.

24.Каримов И. А. Янгича фикрлаш ва ишлаш-давр талаби. 5 - жилд.- Т.: Ўзбекистон, 1997. - 384 б.

25.Каримов И. А. Хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлида. 6 - жилд. - Т.: Ўзбекистон, 1998. - 429 б.

26.Каримов И. А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. 7 - жилд. - Т.: Ўзбекистон, 1999. - 410 б.

27.Кенгбоева М. Она ва бола соғлом бўлса //Оila davrasida. - 2015. - 10 дек.

28.Маврулов А. Маънавий баркамол инсон тарбияси. - Т.: Ўзбекистон, 2008. - 76 б.

29.Маврулов А. Аёлини, фарзандини ардоқлаган эл // Ma'rifat. - 2016. - 6 янв.

30.Мадалиева З. Ҳуқуқий маданият ва ёшлар. - Т.: Академия, - 2008. - 31 б.

31.Маматуропова Ш. Тўғри овқатланиш - саломатлик омили // Тошкент оқшоми. - 2015. - 21 дек.

32.Маҳкамова М. Баркамол авлод тарбияси // Ma'rifat. - 2015. - 12 дек.

33.Мусаев Ҳ. Мустаҳкам оила - юрт таянчи // Тошкент оқшоми. - 2015. - 14 дек.

34.Мусурмонова О. Оила маънавияти - миллий ғурур. - Т.:Маънавият ,1999. - 202 б.

35.Мухторов М. Минг дардга минг даво. - Қ.: Насаф, 2009. - 266 б.

36.Назаров Г. Болалар ҳуқуқлари прокуратура ҳимоясида // Қонун ҳимоясида. - 2005. - № 4. - Б. 27 - 28.

37.Насриддинов Ф. Камолот ва маънавият сабоқлари. - Т.: Абу Али Ибн Сино, 1998. - 221 б.

38.Низамходжаев З. Соғлом авлодни тарбиялашнинг мустаҳкам кафолати // Халқ сўзи. - 2015. - 11 дек.

39.Она ватаннинг бунёдкорлик солномаси // Халқ сўзи. - 2015. - 10 дек.

40.Она ва бола саломатлиги // Ўзбекистон овози. - 2016. - 7 янв.

41.Онани асрасак - болани асраймиз // Оила ва жамият. - 2016. - 6 янв.

42.Ортиқова М. Мустаҳкам оила - жамият таянчи // Mahalla. - 2015. - 16 дек.

43.Раҳимова М. Аёл бахтли бўлса, оила бутун, жамият мустаҳкам бўлади // Ishonch. - 2015. - 10 дек.

44.Раҳимова Г. Оила бахти // Халқ сўзи. - 2015. - 11 дек.

45.Раҳмонов С. Фарзандлар камоли ҳар бир ота - онанинг эзгу мақсадидир // Халқ сўзи. - 2015. - 16 дек.

46.Саломов Ҳ. Соғлом она ва бола // Миллий тикланиш. - 2016. - 6 янв

47.Самадов А. Оналари бахтли, болалари соғлом мамлакат // Тошкент оқшоми. - 2015. - 10 дек.

48.Сатторова Г. Чақалоқ ҳиди // Қишлоқ ҳаёти. - 2016. - 7 янв.

49.Сатторова Г. 2016 йил -соғлом она ва бола йили // Оила ва жамият. - 2016. - 6 янв.

50.Табобат дурдоналари. - Т.: Ибн Сино, 1993. - 399 б.

51.Тарбия: (ота - оналар  ва мураббийлар учун энциклопедия). - Т.:Ўзбекистон миллий энциклопедияси Т.8, - 2004 - Б. 270.

52.Тўхтаева Г. Эзгуликка йўғрилган тадбирлар // Ишонч. - 2016. - 7 янв.

53.Тўраев Ж. Ювенал адлия муаммолари // Ҳаёт ва қонун. - 2004. - № 4. - Б. 75 - 76.

54.Умарова И. Ўзбекистонда ҳар бир бола ҳимояда // O'zbekiston ovozi. - 2015. - 10 дек.

55.Умаров Т. Болалар ҳуқуқларини норматив-ҳуқуқий тартибга солиш муаммолари // Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари. - 2006. - № 1. - Б 1 - 23.

56.Умаров Т. Болалар ҳуқуқи ва манфаатлари. Уларни кафолатлаш муаммолари хусусида // Ҳаёт ва қонун. - 2003. - № 1. - Б. 56 - 57.

57.Умирова А. Соғлом авлод келажаги ўз қўлимизда // Ҳуррият. - 2015. - 23 дек.

58.           Фарзанд - азиз, она - мўътабар. - Т.:Ўзбекистон, 2000.

59.           Хидирова Б. Оила соғлом - жамият соғлом// Қишлоқ ҳаёти. - 2016. - 1 янв.

60.  Хидирова Б. Патронаж ҳамшира - саломатлик посбони // Тошкент оқшоми. - 2016. - 8 янв.

61.           Худоёрова Г. Оила бахтли- жамият мустаҳкам // Xabar. - 2015. - 25 дек.

62.           Холманова З. Миллий қадриятларимиз ифодаси // // Ma'rifat. - 2015. - 16 дек.

63.           Шадманов А. Ватан қудратининг сўнмас манбаи //Adolat. - 2015. - 11 дек.

64.           Шарипова М. Фарзанд соғлом-оила мустаҳкам // Ma'rifat. - 2015. - 12 дек.

65.           Эрматов Х. Соғлом она - жамият таянчи // Тошкент ҳақиқати. - 2015. - 16 дек.

66.Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. - Т.: Ўзбекистон, 2008. - 40 б.

67.Ўзбекистон Республикаси Қонун Ҳужжатлари Тўплами // Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури тўғрисида"  - 2016. - № 6-7. - Б 3 - 53.

68.Ўзбекистонда Ювенал адлия тўғрисидаги қонунчиликни ривожлантириш концепцияси // Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари. - 2006. - № 1. - Б 32 - 38.

69.Ғуломов Э. Улар борки ҳаёт бардавом //  Тошкент ҳақиқати. - 2016. - 1 янв.

70.Ҳазратқулов М. Насл-насаби тоза авлод // O'zbekiston adabiyoti va san'ati. - 2015. - 11 дек.

71.Ҳамидова М. Ювенал юстиция соҳасида халқаро ҳамкорлик // Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари. - 2004. - № 3. - Б 37 - 45.

72.Ҳамраева Ш. Аёллар ва ёшларнинг ҳуқуқий муҳофазаси // Ҳаёт ва қонун. - 2002. - № 6. - Б. 71 - 72.

73.Ҳасаний М. Навоий даври табобати. - Т.: Ибн Сино ,1991. -125 б.

74.Ҳидоятов Б. Она қачон баҳтли бўлади? // O'zbekiston ovozi . - 2015. - 17 дек.

75.Ҳусанова М. Инсон ҳуқуқи бола ҳуқуқидан бошланади // Ҳаёт ва қонун. - 2002. - №3 - 4. - Б. 78 - 79.

76.Қодиров Қ. Алкоголь, гиёҳвандлик - камолот душмани. -Т.: Ўқитувчи, - 1988 - 27 б.

77.Қулмуродов А. Эртасини ўйлаган элнинг онаси ҳам, боласи ҳам соғлом бўлади // Qishloq hayoti. - 2015. - 10 дек.

78.Қурбонов Ш.  Овқатланиш маданияти. - Т.: Маънавият, 2005. - 203 б.