ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ “TURON”АХБОРОТ- КУТУБХОНА МАРКАЗИ

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Моҳир шоир ва достоннавис

Ўзбекистон халқ шоири Тўлан   Низом таваллудининг

 75 йиллигига услубий қўлланма

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

                                 ТОШКЕНТ 2014

Тўлан  Низом  (Низомиддинов Тўланбой) Андижон  вилояти   Бўз  туманида 1939  йилда  таваллуд  топган.  Ўрта  мактабни  тугатиб,  Андижон  Давлат  педагогика  институтига  кирган ва уни  1965  йилда  тугатган.  Кўп  вақт  вилоятда  ўқитувчилик  қилган. Ёшлар ташкилотларида раҳбар, туман халқ таълими  бўлимида мудир,   Ўзбекистон  Ёзувчилар  уюшмаси  Андижон  вилояти  бўлимида масъул котиб ва   Бўз туманидаги  Саида  Зуннунова  номли  педагогика  билим  юртида директор лавозимларида фаолият  олиб борган. 

Унинг  илк  шеърий  тўплами  1970  йилда  “Сенинг  эртакларинг” номи  билан  чоп  этилган. Мазкур  тўпламга  кирган  шеърларда  беғубор  туйғулар,  покиза  орзулар  ифодаланган  бўлсада,  ҳали  уларнинг   кўпчилиги  бадиий  жиҳатдан  анча  ғўр  эди . Бундай  ҳолат  хатто  “Ифтихор”  (1982) номли  иккинчи  тўпламида  кўзга  ташланган.  Бироқ  шоир  йиллар  ўтган  сайин  изланишлари   самарасини   кўра  бошлайди,  энди  у  чинакам  қалб  шеърияти,  руҳият  шеъриятини  яратиш  сари  кўтарила  боради.  Инсоннинг  маънавий  оламини,  ўй  ва  ҳаёллари, орзу  ва  умидларини  тараннум  этишга  интилади. Шоир  қалбидан  қалқиб  чиқаётган  мисраларда  эл-юрт  қайғуси,  она  Ватан  муҳаббати ,  ҳалқига  бўлган  меҳр  туйғуси  мустаҳкам  ўрин  ола  бошлайди.

Энди  шоир  яратаётган  лирик  қахрамонлар аввалгидек  меҳнат   жасорати  билангина  намоён  бўлмай,  балки  бир   тирик  инсон,  оддий  одам, шахс  сифатида  ички  оламини,  руҳий  кечинмалари  ва  маънавий  гўзаллигини кўз-кўз  қила  бошлайди. Худди  шу  паллада  унинг  “Муқаддас  руҳ”  (1992)  шеърий  тўплами  пайдо  бўлади . Айниқса,  ундаги  она  мавзуида  яратилган  шеърлари  ўзининг  самимийлиги,  беғубор  ва  меҳр-оқибат туйғуларига  лимо-лимлиги  билан  китобхон  қалбидан  чуқур  ўрин  эгаллайди.

Шундан сўнг Тўлан Низомнинг 1988 йилда  “Ой қизлар”,  1993 йилда “Ватан туйғуси”, 1994 йилда “Акс садо”, “Интизорлик”, 1995 йилда “Даҳр боғи”, 1998 йилда “Сайланма”   каби шеърий тўпламлари эълон қилинган.

         Тўлан  Низом  сўнгги йилларда лиро –эпик жанрларда самарали ижод қилиб, Бобур,  Машраб, Чўлпон, Миртемир, Усмон Носир, Саида Зуннунова ва Муҳаммад Юсуф сингари сиймоларга бағишланган  “Чўлпон”, “Мажнунтол  йиғиси”, “Гиря”, “Руҳи  равоним”, “Уч сўз”, “Оқ гул”, “Ботмай қолган ой”, “Алишер” ва  “Бобур”  каби  лиро – эпик асарлари  турли  давр  маҳсули  бўлса ҳам,  улар  маъно  ва  мазмун  жиҳатдан  бир  умумийликка  эга .  Жумладан,  “Чўлпон” (1993)  достонида  у  шоир  ва  давр фожиасини  умумлаштирса,  Миртемирга  бағишланган  “Мажнунтол  йиғиси”,  шунингдек  “Бобур” каби  достонларида  фожеий  тақдирлар  ҳақида  бахс  юритади  “Руҳи  равоним”да  эса  шоир  Машраб  қисмати  фожиасини  умумлаштиради . Умуман,  Тўлан  Низом  гўзал инсоний  фазилат  ва удумларни  ардоқлаш  билан  бирга  ҳаётдаги  фожиявий  ҳолатларни  тасвирлашга  ҳам  интилади .

Шоирнинг  яқинда  ёзган  асари – Усмон  Носирга  бағишланган “Ботмай  қолган  ой” достони  ва  “Чўлпон” драмаси, шунингдек,  “Довон”, “  Руҳлар  қасидаси”,  “Алишер”,  “Нон ҳиди”, “Суҳбат”, “Аввалу - охир” , (2002-2003) тўпламлари  шоир  ижодий  камолотига  далилдир.

Тўлан  Низом  болалар  ҳақида ҳам  ажойиб  шеърлар  ёзган. Унинг  “Андижонда  бир  қуш  бор”, “Қалдирғоч”, “Офтоб  ишқи” каби  шеърлари  болаларнинг  беғубор  сирли  оламини  очишга  қаратилган.

Адиб  1998 йили “Ўзбекистон  халқ  шоири”   унвонига  эга  бўлди.  2003 йилда  шоир  “Эл - юрт  шуҳрати” ва  «Меҳнат шуҳрати»  орденлари билан  мукофотланган.

 

 «Моҳир шоир ва достоннависномли китоб кўргазмаси

 

1.Бўлим.  Тўлан Низом ҳаёти ва ижоди.

2.Бўлим.  Тўлан Низом рубоийлари.

3.Бўлим.   Тўлан Низом ижодида Бобур тараннуми.

4.Бўлим.   Тўлан Низом – достоннавис шоир.

 

Ихтибос:   Мен учун Тўлан Низом шеърларидаги энг мақбул              

                  фазилат ўзбекона руҳнинг балқиб туришидир....

                   чамамда ана шундай бадиийлик, чуст дўппилик ўзбек                

                   табиатидан жило олган туйғулар Тўлан Низом шеър-

                   ларида мавжланиб туради.

                                                                Ҳожи Сайфиддин Жамол

     

                 Шоир қалбида Ватан туйғуси

                         номли адабий-бадиий кеча

 

 

1-Бошловчи: Ўзбекистон,- деди - хаританг бутун,

                         Менинг юрагимга солинган сурат.

                           Ким эдик, ким бўлдик ахир биз бугун,

                           Сен ўзинг нажотим, сен ўзинг ғайрат.

 

 2-Бошловчи:  Ўзбекистон гуллади чаман-чаман,

                           Ойдай юзи кулади чаман-чаман.

                           Тўлан Низом қалби юрт билан обод,

                           Ундан илҳом келади чаман-чаман.

 

1-Бошловчи: Ассаламу-алейкум, ҳурматли азиз кечамиз қатнашчилари!

Тўлан Низом лирикасига бағишланган “Шоир қалбида Ватан туйғуси” номли адабий-бадиий кечамизга хуш келибсиз!

               Тўлан Низом юртимизда довруқли инсон. Тўлан Низомни танимайдиган инсон кам топилади. Дўстлари, жўралари, мухлислари Тўлан Низомнинг шеърияти ҳақида гапиришдан олдин унинг инсоний фазилатларини тилга олишади. Унинг камсуқимлиги, қўли гуллиги, саҳоватпешалигини айтишади.

2-Бошловчи: Ўзбек шеъриятининг қудратли дарёсига “Тўлан Низом шеърияти” деб аталмиш янги бир ирмоқ келиб қўшилди. Кичик бўлсада жўшқин ирмоқча, ўзининг куйига, ўзининг нафасига эга бўлган ирмоқча.

Тўлан Низомнинг илк шеърий тўплами “Сенинг эртакларинг” деб номланиб, 1970 йилда босмадан чиққан эди.

1-Бошловчи: Тўлан Низом юрагида ёлқинланган Ишқ, унинг кўп шеърларида Ватан мадҳи тарзида намоён бўлади. Бу ишқ – Ватан ишқи, элу-юрт ишқи, Она ишқи, Ёр ишқи, дўст ва қариндошлар ишқи, Инсон ишқи. Тўлан Низом Ватан ҳақида куйлар экан, Она юрти жонажон Ўзбекистоннинг сувратини чизишга ҳаракат қилади. Бу юртнинг тенгсиз гўзаллигини шоир жуда нозик ҳис қилади – унинг тоғлари ҳам, водийлари ҳам, дарёю – денгизлари ҳам, боғу бўстонлари ҳам шоир қалбида бир дунё ҳис – ҳаяжон уйғотади. Кейинги йилларда шоир шеърларида она юрт жамолини конкрет манзаралар, эсда қоладиган ҳаётий деталлар орқали чизишга мойиллик сезилмоқда. У ҳатто ўлканинг кичик бир бўлагини, юртнинг бир парчасини қаламга олганда ҳам, ундан бутун ўлканинг муаттар ҳиди анқиб туради.

 

2-Бошловчи:  Энди шоирнинг  Ўзбекистон шеърини эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

          Бу дунёда бир макон бор,     

          Деҳқон Ўлка, полвон Диёр.

          Мир Алишер илк забони,

             Бобур Мирзо онажони,

             Ҳакимзода тутган қалам,

          Йўлдош ота севган бирам,

             Меҳнат билан кўкраги тоғ,

             Дастурхони азалдан ёғ,

             Карнай, сурнай. най навоси,

             Мукаррамхон таманноси,

             Дўстларини кўрар ўздек,

             Пахта экар, исми – ўзбек,

             Мақтовларга сиғмас, бу ном,

             Жўшқин туйғу, ёруғ илҳом

             Элга айтур: Қуёшистон –

             Ўзбекистон! Ўзбекистон!

 

2-Бошловчи:   Тўлан Низом мумтоз шеъриятимиз бўлмиш рубоийга ҳам асос солган шоирдир. Шоир рубоийларида биринчи кўзга ташланадиган ҳусусият – мавзулар ранг-баранглигидир. Унинг инсон боласини, ҳар қандай йигит ва қизни ғайратга, шижоатга, элу юрт ишига садоқатли бўлишга чорловчи рубоийлардан намуналар тингланг.

 

Йигит:       Кўл бўлма, денгиз бўлма, оқар дарё бўл,

                  Чўлу саҳроларга сен боқар дарё бўл.

                  Тўлан Низом саҳийдир, унга ўхшагил,

                  Эл қалбида чироқни ёқар дарё бўл.

 

Қиз:           Дўстлик нима ўзи? Ким яратади?

                  Дўстсиз ўтган дамлар тез қаритади.

                  Тўлан Низом, дўстлик энг олий неъмат,

                  Қалбингни қайғудан у аритади.

 

1-Бошловчи:     Тўлан Низом улуғ ўзбек ўғлони, подшолик ва шоирлик, сар-

кардалик ва олимлик каби ноёб истеъдодларни ўзида мужассам қилган ҳам-

юртимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида қатор шеърлар ёзган.

“Бобур туғилган кун” шеърида шоирнинг қисматли мураккаб ҳаётини тасвирлаб ёзган.

                     

                   Бобур Андижоний, ўзбакий ўғлон,

                   Бобур – бу мардона, чеки йўқ фироқ.

                   Бобур – ўт – айрилиқ, зорлик ва ҳижрон,

                   Кўнглимиз бирга-ю, орамиз йироқ.

 

2-Бошловчи: Тўлан Низомнинг “Бобур таваллоси” деган шеъри ҳам Ватан фироқида ёнган улуғ юртдошимиз номидан     ажиб ҳиссиётларга тўлиб ёзилган. Шоирнинг ғам-ғуссага тўла ўтган ҳаёти тасвирланган.

“Бобур таваллоси” шеърида унинг мусофирлик, ёлғизлик нидоси шундай жаранглайди:

 

                  Ишқи хорман, гул қани, гулдош қани,

                  Бошни ёрган ул қани, ул тош қани?

                  Хокисорман, қон қани, қондош қани,

                  Бир ўзимман, жон қани, жондош қани?

 

1-Бошловчи: Тўлан Низомнинг “Бобур дуоси” шеъри гўё бобомиз юртига қайтиб келгандек руҳда ёзилган.

                  Ҳиндистондан қайтдим, андижонлик ўғлим,

                  Мен Афғондан қайтдим, андижонлик ўғлим,

                  Мақсадимга етдим, андижонлик ўғлим,

                  Бўлди қайтар пайтим, андижонлик ўғлим,

                  Мана, ҳижрон-байтим, андижонлик ўғлим,

                  Бир дардимни айтдим, андижонлик ўғлим.

2-Бошловчи: Тўлан Низом ижоди ҳақидаги тасаввуримиз тўла бўлмоғи учун унинг достонлари ҳақида ҳам мулоҳаза юритмоғимиз даркор. Тўлан Низом бу жанрга обдан тажриба орттиргандан кейин – 90 йилларда қўл урди ва қисқа муддат ичида бир неча достон эълон қилди. Булар 1991 йилда ёзилган “Мажнунтол йиғиси” деб аталган лирик қисса, яна ўша йили яратилган “Чўлпон” достони, 1992 йилда ёзилган “Гиря” достони ва 1993 йилда эълон қилинган “Руҳи равоним” достонидир.Буларнинг ҳаммаси лирик достонлардир. Бу достонларнинг яна бир муштарак томони бор – уларнинг барчаси ҳам муваффақиятли чиққан ва юксак бадиий фазилатларга эга. Шунинг учун ҳам  улар китобхонлар ўртасида қисқа муддатда ҳурмат ва эътибор қозонди ва Республиканинг нуфузли мукофоти билан тақдирланди.

      Тўлан Низом бутун республикамиздаги шеърият ихлосмандларига татийдиган асарлар яратишда давом этмоқда. Унга янги – янги илҳомлар тилаймиз.

 

Адабиётлар рўйхати

 

1. Низом  Тўлан.   Ватан сурати: Шеърлар ва достонлар //Сўнг.- сўз муаллифи О.Шарафиддинов/. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги  Адабиёт ва санъат нашриёти, 1996.-360 б.

2. Низом Тўлан.  Акс садо: (Шеърлар ва достонлар), - Т.: Чўлпон , 1994.- 96 б.

3. Низом Тўлан.  Уч юз уч рубоий / ( Маъсул муҳаррир: Муҳаммад Али).- Т.: Наврўз, 1995. - 160 б.

4. Низом Тўлан. Давр боғи: Достон. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1995. – 96 б.

5. Низом Тўлан. Шеър айтгим келяпти, онажон. Шеърлар. – Т.: Ёзувчи. – 1992.- 32 б.- (Назм гулшани).

6. Низом Тўлан. Ҳумо: Достон. – Т.: “Камалак” нашриёти. – 1996. – 24 б.

7. Низом  Тўлан. Қуёш йўли: Шеърлар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашр. – 1984. – 120 б.

8. Низом Тўлан. Сенинг эртакларинг. Шеърлар. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. – 1970. – 72 б.

9. Низом Тўлан. Довон: Достон. – Т.: “Чўлпон”. – 2003. – 72 б.      

10.Мирвалиева С., Шокирова Р. Ўзбек адиблари: ХХ аср ўзбек адабиёти: Маъсул муҳаррир: Н.Каримов. – Т.: ЎзРФА “Фан” нашриёти. – 2007. – 270 б.

 

 

             Тузувчи:                        Н. Аманкелдиева