Тошкент вилояти  TURON” ахборот –кутубхона маркази

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Обод турмуш – фаровон ҳаёт

Обод турмуш  йилига бағишланган

услубий қўлланма

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

                          

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Тошкент  - 2013

        Ҳар гал Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунга бағишланган тантанали йиғилишда янги йилнинг номини эълон қилганларида мамлакатимиз аҳолисининг ўй –ҳаёли, онг –тафаккурида одамларнинг ҳаёти билан бевосита чамбарчас боғлиқ яна бир ижтимоий йўналишга диққат –эътибор қаратилади. Сўнг эса йил давомида мазкур йўналиш бўйича  қабул қилинган Давлат дастурининг изчил ижросига киришилади.

         2013 йилнинг муҳтарам Юртбошимиз томонидан “Обод турмуш йили”  дея  эълон қилиниши ва бу борада алоҳида Давлат дастурининг қабул этилиши  мамлакатимизнинг жорий йилда ижтимоий –иқтисодий, маънавий ҳамда сиёсий ҳаётини ривожлантиришнинг устивор йўналишлари, аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳар бир оилада ва умуман жамиятимизда ижтимоий барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш йўллари аниқ белгиланган. 

Бунда албатта чуқур маъно бор. Зеро, юртимиз тинчлиги, хавфсизлиги, оилалар мустаҳкамлиги ва ижтимоий барқарорлиги  туфайли халқимиз турмушининг обод ва фаровонлиги таъминланади.

Ушбу методик –библиографик қўлланмада “Обод турмуш  йили” ҳақида тушунчалар, “Обод турмуш  йили”    Давлат дастури тўғрисида,                              “Обод юртга  пок ният посбон” номли китоб кўргазмаси,     Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Биздан озод ва обод Ватан қолсин” асари асосида китобхонлар конференцияси ўтказиш бўйича материаллар, “Озод Ватаним  - Обод Ватаним” мавзусида маънавий-маърифий кеча сценарийси ва адабиётлар рўйхати кутубхоначиларга иш фаолиятлари мобайнида фойдаланишлари учун тавсия этилмоқда.

 

 

                          Обод турмуш йили

 

Обод турмуш тушунчаси  азал -азалдан, авваламбор, тинчлик –осойишталик, фаровонлик, қут –барака деган маънони англатади. Истиқлол йилларида бу тушунчалар янада чуқур маъно –мазмун билан бойиб, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, биз учун энг азиз ҳамда муқаддас бўлган қадриятларни асраб авайлашни ҳам ўзида мужассам этмоқда.

Мамлакатимизда ҳар бир йилга шу давр ичида тараққиётнинг муҳим йўналишларини ифода этадиган ном бериш эзгу анъанага айланган.

         Президентимиз Ислом Каримов 2012 йилнинг 7 декабрида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимда 2013 йилни “Обод турмуш йили” деб эълон қилди. Бунда долзарб ижтимоий–иқтисодий вазифаларни ҳал этиш учун тегишли давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, йил давомида амалга оширилмоқда.

Юртбошимиз 2013 йилни “Обод турмуш йили” деб эълон қилар эканлар: “Ободлик кўнгилдан бошланади”, - деган эзгу ғояни илгари сурдилар.  Бу орқали давлатимиз раҳбари  аввало, ҳар биримиз ушбу шиорнинг мағзини чақишимиз, бошқача айтганда, ободликни бевосита  кўнгилга олиб киришимиз лозимлигини уқтирдилар.

Йилимизнинг “Обод турмуш йили” деб номланишидан кўзланган мақсадлар  айнан нималардан иборат?

Бу ҳар биримизни “Ватан” ва “турмуш” тушунчаларини ўйлашга, уларни бир-бирига чамбарчас боғлаб фикрлашга, сўнг эса уларга “ободлик” тушунчасини қўшишга ундайди.

Ободлик ва фаровонлик эса Ватан ва турмушни ҳар тарафлама безаб туради. Бинобарин, “Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон турмуш барпо этиш”    миллий ғоямизнинг бош мезони ҳисобланади. Ана шу бош ғоямизда Ватаннинг ҳам, турмушнинг ҳам иккитадан жиҳатига эришиш мақсад сифатида акс этган. Ватан озод ва обод, турмуш эса эркин ва фаровон бўлиши керак , ана шунда “обод турмуш” тушунчаси қандай кучли мантиқий асосда юзага келганини янада теранроқ англаймиз. Ҳар биримиз бу йил ўз турмушимизни обод қилишга киришишимиз лозим. Шундагина асл мақсадга эришамиз. Мақсадимиз – яшаб турган она диёримизни обод қилиш, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш, гулзорлар ва боғлар яратишга ҳар бир инсон ўз хиссасини қўшишидан иборатдир. Бундай  Ободликдан ҳамма бирдай баҳраманд бўлади.

Ўзбекистонимизнинг шундай жаннатмонанд тупроғи борки, унга Ер юзининг хохлаган жойида ўсадиган дарахтни олиб келиб эксанг, кўкариб яшнаб кетаверади. Ана шундай мўътабар юртнинг қадрига етиш, шу Ватаннинг нонини еган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир.  Юртнинг қадрига етиш эса уни обод қилиш орқали намоён бўлиши ҳам – айни ҳақиқат.“Обод қилган обод бўлар”, “Турмуш фаровон бўлса, кўнгил – чароғон”, “Кўнгил ободдир – ҳаёт гўзалдир” деган ажойиб ўзбек халқ мақоллари бор. “Обод турмуш йили”да ҳар биримиз шу каби ҳикматларни қалбимизга жо қилиб олишимиз барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Ушбу эзгу мақсадлар   “ Обод турмуш йили” Давлат дастурида ўзининг тўлиқ ифодасини топмоқда. Унда белгилаб берилган чора –тадбирлар ўтган йилларда ҳаётга тадбиқ этилган кенг кўламли ишларнинг мантиқий давомидир.

“ Обод турмуш йили” Давлат дастури 8 бўлим ва 86 банддан иборат бўлиб, уларда мамлакатимизнинг жорий йилда ижтимоий –иқтисодий, маънавий ҳамда сиёсий ҳаётини ривожлантиришнинг устивор йўналишлари, аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳар бир оилада ва умуман жамиятимизда ижтимоий барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш йўллари аниқ белгиланган. 

Дастурда режалаштирилган комплекс чора –тадбирларни амалга ошириш вазифаси давлат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, маҳаллий ўз –ўзини бошқариш органлари, мамлакатимизнинг барча фуқаролари қатнашишини тақазо этади.

Мамлакатимизда барқарорлик ва осойишталик, хавфсизлик, фуқаролар ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамият фаровонлиги ва равнақини изчил юксалтириш мазкур Давлат дастурининг муҳим устивор йўналишларидандир. Ушбу ижобий жараённи таъминлаш мамлакатимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни чуқурлаштириш учун мустаҳкам пойдевор, жадал ижтимоий –иқтисодий ривожланишни изчил давом эттириш кафолати, кучли бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш йўлида эришаётган ютуқларнинг муҳим омилидир.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг шаклланган қонунчилик базасини янада такомиллаштириш энг муҳим вазифалардандир. Давлат дастурида тўртта қонун – Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Фуқоролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги, ёшларни ишга жойлаштириш шарт-шароитларини янада такомиллаштиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал  кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига оила институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, “Юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида“ги , Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги,  “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиши назарда тутилган .

Аҳоли фаровонлиги ва реал даромадлари муттасил ўсишини таъминлаш, бандликни ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликни янада ривожлантириш, аҳолига, аввало, ижтимоий эҳтиёжманд қатламлар ва кам таъминланган оилаларга давлат томонидан манзилли ҳимоя ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш “Обод турмуш йили” Давлат дастурининг муҳим йўналишларидандир.

“Обод турмуш йили” Давлат дастурида халқимизнинг турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини янада ошириш, муносиб яшаш ва ижтимоий-маиший шароитларни яратиш, янги турар жойлар қуриш, замонавий йўллар ва мухандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви, электр ва иссиқлик энергияси билан кафолатли таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

“Электрон ҳукумат” тизимини жадал шакллантириш ҳам муҳим ва долзарб вазифадир. Интернет тармоғида “бир дарча” режимида фаолият юритадиган интерфаол давлат хизматлари ягона порталини яратиш мўлжалланган бўлиб, бу иқтисодий фаолият субъектлари ва бошқарув органларининг ўзаро муносабатларини сезиларли даражада соддалаштириш имконини беради.

Маҳалла халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутади. Шу муносабат билан 2013 йилги Давлат дастурида маҳалла институти ва фуқароларнинг ўзи- ўзини бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, жойларда ижтимоий ва иқтисодий ривожланишга оид масалаларни ҳал этишда уларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш ёш ҳамда кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни  кучайтириш, маҳаллалар ва турар жой массивларининг ташқи қиёфасини яхшилаш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштиришга оид муҳим комплекс чора-тадбирларни бажариш режалаштирилган.

Хусусан, Давлат дастурини ҳаётга тадбиқ этиш доирасида “Ёш оилалар учун турар жой” дастурини, имтиёзли кредитлар тақдим этиш орқали айниқса, қишлоқ жойларда хотин-қизлар тадбиркорлигини ҳар томонлама ривожлантириш ва молиялаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Шу мақсадда “Оила фаровонлигини янада ошириш мақсадида аёлларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш” лойиҳаси рўёбга чиқарилади.

Давлат дастурида янги ишлаб чиқариш ва инфратузилма объектларини қуриш, хизмат кўрсатиш, кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик соҳаларини ривожлантириш, касаначиликни кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган. 2013 йилда биринчи навбатда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳамда касаначиликни барқарор ривожлантириш ҳисобидан 970 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда.

Давлат дастурига мувофиқ тижорат банклари томонидан оилавий, хусусий тадбиркорлик субъектлари, ҳунармандчиликни ривожлантириш, шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари, шунингдек, касб-ҳунар коллежи битирувчиларига ўз бизнесини ташкил этиши учун кредитлар ажратиш амалиётини  кенгайтириш   режалаштирилган бўлиб,  жорий йилда бундай кредитларнинг умумий ҳажми 269,6 миллиард сўмни ташкил қилади.

Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича республика комиссияси зиммасига давлат ва хўжалик бошқарувининг республика органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг унда белгиланган тадбирларнинг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишига доир   ишларни мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган.

Мухтасар айтганда, “Обод турмуш йили” Давлат дастури  мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг барча муҳим йўналишларини қамраб олган. Унинг самарали амалга оширилиши эса халқимизнинг ҳаётини янада яхшилаш, фаровон, тинч ва осуда турмуш кечириши, мамлакатимиз равнақини таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлади.

 

 

 

                       

 

 

 

 

 

 

              Ўзбекистон Республикаси Президентининг  Қарори

               “Обод турмуш йили “ Давлат дастури тўғрисида

 

        2013 йилнинг “Обод турмуш йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан мамлакатда халқнинг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, фаровонлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш вазифаларини амалга оширишга ресурслар ва имкониятларни сафарбар қилиш, давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларини кенг жалб этиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш мақсадида:

          1. «Обод турмуш йили» Давлат дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин, қуйидагилар уни амалга оширишнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин:

         а) мамлакатда барқарорлик ва хавфсизликни,  фуқаролар тотувлигини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва манфаатлари муҳофазасини таъминлаш:

          б) аҳоли фаровонлиги ва реал даромадларининг изчил ўсишини таъминлаш, иш билан бандликни ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни янада ривожлантириш, аҳолини, биринчи навбатда, унинг ижтимоий ночор қатламларини ва кам таъминланган оилаларни давлат томонидан аниқ манзилли муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш;

в) аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, уларни замонавий ташхис ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, касалликлар профилактикасини кенгайтириш ҳамда уларни даволашнинг илғор тиббий технологиялари ва методларини жорий этиш, пировард натижада-одамларнинг айниқса, болалар ва оналарнинг соғлигини мустаҳкамлаш:

г) жисмоний ва маънавий соғлом, уйғун камол топган ўсиб келаётган авлодни, профессионал, замонавий даражада тайёрланган кадрларни тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ҳар томонлама ошириш, таълим савиясини янада такомиллаштириш ва сифатини юксалтириш, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

д) халқнинг турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, янги уй-жойлар қуриш, замонавий йўллар ва муҳандислик–коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш, аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви, электр энергияси ва иссиқлик билан кафолатли таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш:

е) маҳалла институтини ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш, жойларда иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, ёш ва эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам беришни яхшилаш, маҳаллалар ва уй-жой мавзеларининг ташқи қиёфасини сифат жиҳатидан яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш вазифаларини ҳал этишда уларнинг роли ва аҳамиятини ошириш;

ж) оилаларни янада мустаҳкамлаш, аёлларнинг оила ва жамиятдаги роли ва мақомини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда аёлларнинг иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва соҳаларидаги фаолиятини муносиб рағбатлантириш, уларнинг ўз иқтидорини намоён қилиши ва уй-рўзғордаги ишларини енгиллаштириш учун қулай ижтимоий-маиший шароитлар яратиш чора-тадбирларини амалга ошириш  белгилаб берилган.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 13 декабрдаги Ф-3940-сон фармойишига мувофиқ тузилган Республика комиссиясига «Обод турмуш йили» Давлат дастурининг бажарилишини ташкил этиш ва мониторингини олиб бориш вазифаси юкланган.

3. “Обод турмуш йили” Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш \ Республика комиссияси (Ш.М. Мирзиёев)га юкланган.

                   

 

“Обод юртга пок ният посбон”

номли китоб кўргазмаси

 

1. Бўлим:  Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон турмуш барпо этиш.

 

 Ихтибос: Инсон манфаати, хуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳаётимизнинг янада эркин ва обод бўлишига эришиш бизнинг бош мақсадимиздир.

                                                                                            И.А.Каримов

2.Бўлим:   Ободлик кўнгилдан бошланади.

 

Ихтибос: Кимнингки кўнгли обод, қалби пок бўлса, у ҳаётда қийналмай, яхшиликлардан қувониб, ўзи ҳам яхшиликларга бурканиб яшайди. Бундай одамлар қаерга боришса ҳам кўзлари бошқалардаги яхши фазилатларни, яхши ишларни кўради ва ўзлари ҳам ундан шодланади. Мана шу шодлик умр саломатлиги мустаҳкам, кайфияти доимо чоғ бўлишига хизмат қилади.

                                                                                             И.А.Каримов

3.Бўлим:   Маҳалла обод – турмуш чароғон.

 

Ихтибос:   “Биз турмушимизни янада обод қилиш вазифасини олдимизга қўяр эканмиз, бир ҳақиқатни чуқур англаб олишимиз зарур, яъни ҳаётимизнинг обод қилишнинг муҳим шарти – бу аввало, маҳаллани обод қилиш демакдир”.                   

                                                                                           И.А.Каримов  

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг

“Биздан озод ва обод Ватан қолсин” асари асосида

китобхонлар конференцияси ўтказиш бўйича материаллар

 

Ушбу асар бўйича китобхонлар конференциясини ўтказиш катта тайёргарлик ишларини талаб қилади. Конференцияни ўтказиш учун тайёргарлик  ишлари 2–ой мобайнида олиб борилиб, иложи борича шу мавзудаги адабиётлар кўпроқ китобхонларга тарқатилади ва улар ўқиб чиқишади. Агар адабиётлар кам бўлса, унда ушбу китобнинг мазмуни билан таништириш мақсадида турли тадбирлар ўтказиш мумкин. 

Бундан ташқари тадбир АКМ ва АРМлар томонидан ташкилот, Жамоа, уюшма, муассасаларга, мактаб, коллеж, лицей, олий ўқув юртлари, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда  тайёрлаб ўтказилади.

 

Муҳтарам Юртбошимизнинг “Биздан озод ва обод  Ватан қолсин”

асарининг қисқача мазмуни

  

Давлатимизнинг мустақиллик йиллари кенг имкониятга эга бўлган Республика ва унинг аҳолисини танг ҳолатдан, моддий ва маънавий инқироздан чиқариш, миллий давлатимиз пойдеворини қуриш, иқтисодиётимизни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш йиллари бўлди.

Ўзбекистонни жаҳонга намоён қилиш, ахборот ва иқтисодий жиҳатдан четлаштириш ҳолларига барҳам бериш, жаҳон ҳамжамиятининг бошқа мамлакатлари қаторида тенг бўлиб олиш сари қадам ташланди.

Мустақилликнинг дастлабки  икки йили – кўҳна тарихимизни, тарихда бизга ажратилган ўрнимизни чуқур англаш йиллари бўлди.

Бу йиллар шу ҳолатларнинг сабабларини мафкуравий ақидалардан ҳоли равишда, ақл-идрок билан таҳлил қилиш йиллари бўлди.

          Энг муҳими Мустақилликнинг дастлабки йиллари ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини собитқадамлик билан излаш, Ўзбекистонни эркин, қудратли ва гуллаб-яшнаётган мамлакатга айлантириш йўлидаги интилиш даври бўлди. Бу даврда Ўзбекистон ўзлигини англаш йўлида улкан қадам қўйди,  ўзининг тарихий йўлини танлаб олди.

Ҳаётимизни, жамиятимизнинг асосий тамойилларини ва давлатимизнинг сиёсий-ижтимоий, ҳуқуқий, иқтисодий тузилмалари ҳал қилувчи, умуминсоний қадриятларга асосланган, эркин демократик келажагимизни аниқ белгилаб берган Асосий Қонун – Конституциямиз қабул қилинди. Дунёда умумий йўл-йўриқлар, ўхшаш андозалар йўқ. Шунингдек жаҳонда бир-бирига мутлақо ўхшаш кишилар бўлмаганидек, айнан ўхшаш давлатлар ҳам йўқдир. Бизнинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўлимиз республиканинг ўзига хос турмуш тарзини, шарт-шароитлари ва хусусиятларини, халқ анъаналари ва урф-одатларини ҳар томонлама ҳисобга олишга асосланган.Айни пайтда бу йўл жаҳон амалиёти тўплаган, иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатлар қаторига ўтган мамлакатлар орттирган ижобий тажрибаларни ҳам ҳисобга олади.

Ўзбекистон танлаб олган йўл – республика ва унинг халқининг манфаатларига  ниҳоятда мос келадиган, ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришга қаратилган иқтисоддир.

Иқтисодий ислоҳотлар сиёсий манфаатларга бўйсундирилган жойларда иқтисодиёт батамом барбод бўлади. Аҳолининг аҳволи кескин ёмонлашади. Ижтимоий муносабатлар кучая бориб, тангликка олиб келади. Сиёсий кураш ботқоғига ботиб қолган бир қанча мамлакатларнинг аччиқ тажрибаси шундан далолат беради. Иқтисодни ҳар хил сиёсий мафкурадан устун қўйиб, шу соҳада бўлган муаммоларни ҳал қила бориб, ижтимоий барқарорлик таъминланяпти. Бутун жамиятни янгилаш асосини ва инсон учун муносиб шарт-шароитлар-яратиляпти.
          Иқтисодий ислоҳотларни ўтказишга янгича ёндашувларни ҳаётнинг ўзи тақозо этаяпти. Иқтисодий ислоҳотлар моҳиятини чуқурроқ идрок этиш, уларнинг ҳаётий зарурлигини аниқ-равшан англаб етиш лозим.

         Мамлакатимизда йилларнинг алоҳида номлар билан аталиши анъанага айланиб қолгани, фуқаролар маълум бир шиор остида бирлашиб, ҳаётимиз фаровонлиги учун ўз ҳиссаларини қўшишни таъминлаяптилар.

         Мамлакатимизда жорий йилнинг “Обод турмуш йили” деб эълон қилингани ҳамда шу муносабат билан ишлаб чиқилган Давлат дастури бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади. Аҳоли фаровонлиги ва реал даромадлари муттасил ўсишини таъминлаш, бандликни ошириш, оилавий тадбиркорлик, фермерликни янада ривожлантириш, аҳолига, аввало, эҳтиёжманд қатламлар ва кам таъминланган оилаларга давлат томонидан манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш “Обод турмуш йили” Давлат дастурининг муҳим йўналишлари этиб белгиланди.

Давлат дастурининг биринчи бўлимида мамлакатимизда барқарорлик ва осойишталик, хавфсизлик, фуқаролар ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамият фаровонлигини изчил юксалтириш устувор вазифалар сифатида қайд этилган. Уларни амалга ошириш учун миллий қонунчилигимизни янада такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини ошириш, фуқаролар институтларини янада ривожлантириш, давлат ва жамият ишларини бошқаришда фуқароларнинг иштирокига доир конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш, оила институтини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда бутун жамият ишига айланиши лозим бўлган экологик аҳволни янада яхшилашга қаратилган саккизта қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш назарда тутилган.

Давлат дастурини амалга ошириш доирасида қабул қилиниши режалаштирилган аксарият қонунлар лойиҳалари Президентимиз Ислом Каримов томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган.

Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида давлатнинг айрим вазифалари, шу жумладан, назорат функциялари жамоат ҳамда нодавлат ташкилотларига  босқичма-босқич берилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, “Обод турмуш йили” Давлат дастурида кўзда тутилган  миллий қонунчилигимизни такомиллаштириш Президентимиз раҳнамолигида барча соҳаларда инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилаётган кенг   кўламли ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.

        

 

Конференцияни ўтказиш учун саволлар

 

1.  «Биздан озод ва обод Ватан қолсин” асарини ёзишда адиб қандай мақсадни назарда тутган?

2.   Ўзбекистон мустақилликка эришгач, халқимиз ўзлигини англаш йўлида қандай ишларни амалга оширди?

3.    Мустақиллик  -  бизга нима берди?

4.    Ватанимиз ва халқимиз ўзи учун қандай йўлни танлади?

5.    Миллий мафкура деганда нимани тушунасиз?

6.    Фаолиятимизнинг асосий мезони нималардан иборат?

7.    Ҳуқуқий демократик давлат қуриш учун нималарга эътибор беришимиз керак?

8.     Нима учун жорий йилни “Обод турмуш йили” деб эълон қилинди?

9. “Обод турмуш йили” Давлат дастурининг муҳим йўналишлари нималардан иборат?

10. Давлат дастурининг биринчи бўлимида қандай чора тадбирлар белгиланган?

11.    Тадбиркорлик  -  иқтисодиёт келажаги деганда нимани тушунасиз?

12.    “Обод турмуш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар хозирги кунда қандай бажарилмоқда?

 

                                                                                                                     

“Озод Ватаним  - Обод Ватаним” мавзусида

маънавий-маърифий  кеча сценарийси

 

1-Бошловчи: Яхши  замон келди, чиндан озодлик,

                         Бошларда бахт қуши, елкада офтоб.

                         Мана, эл бойиши, мана ободлик,

                         Барчага ер тегди таноб ва таноб.

 

2-Бошловчи:  Ватанга йўл керак, миллатга йўриқ,

                          Оламга чиқамиз, биз ҳам дўсту- ёр.

                         Танлаган йўлимиз нурафшон, ёруғ, -

                         Дейди Юртбошимиз такрор ва такрор.

 

1-Бошловчи:  Ассалому-алайкум ҳурматли меҳмонлар, азиз китобхонлар, даврамиз қатнашчилари! Ушбу “Озод Ватаним - Обод Ватаним” номли маънавий-маърифий кечамизга хуш келибсиз!

Бугунги кечамизга ҳуқуқшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, маҳалла фаоллари ташриф буюришган.

         Меҳр-оқибатли, бағрикенг, меҳнаткаш, Ватан равнақи учун бутун борини беришга тайёр, садоқатда тенгсиз. Бу тариф бизнинг халқимизга хос. Айтиш керакки,  унинг ана шундай ажойиб фазилатлари истиқлол шарофати билан янада яққолроқ намоён бўлди.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Биздан озод ва обод Ватан қолсин” деган эзгу ғояни қалбининг туб-тубига жойлаган юртдошларимиз мамлакат тараққиёти, келажак авлод саодати учун фидойилик билан меҳнат қилмоқда. Юксак марраларни забт этиб, улуғвор мақсадлар сари дадил одимламоқда.

 

2-Бошловчи:  Залга ларза солиб қарсак ёғилди,

                         Кўзларда ловуллар умид учқуни.

                         Одамлар қалбида ғурур туғилди,

                         Тарихга битилди ният шул куни.

 

                         “Ўзбекнинг ўзига хос йўли бордир,

                         Иймон бут, ҳамиша маҳкам эътиқод.

                         Халқига, элига мос йўли бордир,

                         Демак, Ватан яшнар, озод ва обод.

1-Бошловчи:   Юртбошимиз 2013 йилни “Обод турмуш йили” деб эълон қилар эканлар: “Ободлик кўнгилдан бошланади” деган эзгу ғояни илгари сурди. Обод кўнгилда эса ҳалол меҳнат қилиш, теварак- атрофни яшнатиш, шу орқали ўз ҳаётини-да обод этиш иштиёқи жўш уради, ота-боболаримизнинг азалдан меҳнаткашлигининг моҳияти ҳам аслида, шунда.

 

2-Бошловчи:                                                 Тўлан Низом шеъри

                                       Фахрия

 

                        Амир Темур эди – миллатим,

                        Навоийнинг дили – миллатим.

                        Бобурларни берган миллатим,

                        Кўкрагини керган миллатим.

                       

                        Олтин чигит эккан миллатим,

                        Не-не азоб чеккан миллатим.

                        Яхшилик ярашган миллатим

                        Меҳнат қилиб пишган миллатим.

 

                        Икки дарё бўлган миллатим,

                        Қуёш бўлиб кулган миллатим.

                        Шошдек пойтахт қурган миллатим,

                        Жаҳон кезиб юрган миллатим.

 

                        Дунёда дўст топган миллатим,

                        Гул кўтариб чопган миллатим.

                        Тоғлар ошган йўлда миллатим,

                        Ўз тақдири қўлда миллатим.

 

Энди сўз навбатини Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низомга берамиз.

 

1-Бошловчи: Йўқ, жон эмас, қалбимда Ватан яшар,

                        Ватан ичра шеърият – чаман яшар.

                        Тўлан Низом айтур: она-Ер узра

                        Жон учар, тупроқ бўлиб бу тан яшар.

 

2-Бошловчи: Фарёдиман эшитсин жумла жаҳон,

                         Қўлда қалам, тилда шеърим, бағрим қон.

                         Ишқим – Ватан, Ишқим – тупроқ, ишқим – Халқ,

                         Дўстим эса дунёдаги Ҳақ Инсон!

 

1-Бошловчи:  Халқимиз ўзини ҳақиқатан ҳам озод, эркин деб билиб, мухтожлик ва қарамлик исканжаларидан халос бўлган, қаддини ростлаган, эркин нафас олганда иқтисодий ислоҳотлар муваффақиятли ривожланиши мумкин.  Шу муносабат билан эндиги сўз навбатини Хуқуқшунос...га берамиз.

 

1-Бошловчи: Бизнинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўлимиз республиканинг ўзига хос турмуш тарзини, шарт-шароитлари ва ҳусусиятларини, халқ анъаналари  ва урф-одатларини ҳар томонлама ҳисобга олишга асосланган. Аждодларимизнинг руҳи поклари ва урф-одатлари, бизнинг энг яхши анъаналаримиз қайта тикланганда ислоҳотлар муваффақиятга эришади.

 

2-Бошловчи: Ислоҳот шиддати барча тармоқда,

                         Ростланиб бормоқда давлат қомати.

                         Истиқлол тиклаган шонли байроқда

                         Нурланиб кўринур халқнинг омади.  

 

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан қабул қилинган “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида мамлакатимизда маҳалла институти ва фуқароларнинг ўз –ўзини бошқариш органини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турмушимизни обод қилишнинг муҳим шарти – аввало маҳаллани обод қилишдир, деган ҳаракат бутун халқимиз орасида тобора кенг ёйилмоқда

1-Бошловчи: Маҳаллаларда йил давомида халқимизга хос тинчлик осойишталикка интилиш, меҳр-мурувват, ўз халқининг тарихи ҳамда маданиятини ҳурмат қилиш каби қадриятларни тарғиб этадиган маънавий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар ўтказиб келинмоқда. Маҳаллаларда жорий йилда “Маҳалладан бошланур Ватан” шиори остида комплекс маънавий-маърифий тадбирлар, , “Меҳрдан яшнар кўнгил”, “Бир болага етти қўшни ота-она” фото танлови, шунингдек “Энг яхши маҳалла”, “Энг намунали оила” номли кўрик-танловлар ташкил этилиб ўтказилаётганлиги ҳақидаги фикрларини билдириш учун сўз навбатини Ўрта масжид” маҳалласининг  маҳалла фаолларига берамиз, марҳамат!

 

2-Бошловчи   .  Ватанимиз – онамиз.              Искандар Раҳмон

 

Ватан асли маҳалла, остонадан бошланур,

Киндик қонинг тўкилган нурхонадан бошланур.

Отажонинг алласи, таронадан бошланур,

Униб-ўсган маконинг, кошонадан бошланур.

Азиз она табиат, дурдонадан бошланур,

Тўй, маърака, суҳбати жононадан бошланур.

Ватанимиз – онамиз, биз ишқида ёнамиз,

Эртаю кеч қошида жон фидо, парвонамиз.

 

1-Бошловчи: Буюк аждодларимизнинг тафаккурлари ва муддаоларидан бошланадиган халқимизнинг маънавий қадриятлари иқтисодий юксалишлар -нинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади.

         “Обод турмуш йили” Давлат дастури Ватанимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг барча муҳим йўналишларини қамраб олган ва бу вазифалар  самарали амалга оширилиб, халқимизнинг ҳаёти янада яхшиланиб, тинч, осуда ва фаровон  турмуш кечиришлари ҳамда мамлакатимиз равнақини таъминлаш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди.

2-Бошловчи: Мана бугунги кечамиз ҳам поёнига етиб қолди. Кечани якунлар эканмиз, барчангизга тинчлик, фаровонлик, янги ижодий ютуқлар тилаб қоламиз.                      

 

 

АДАБИЁТЛАР  РЎЙҲАТИ

 

1. Каримов И.А. Биздан озод ва обод Ватан қолсин.Т.2.- Т.: Ўзбекистон,1996.-380 б.

2. Каримов И.А. Биздан озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз. Т. 8. Т.; Ўзбекистон, 2000.-528 б.

3. “ Обод турмуш йили Давлат дастури тўғрисида” : Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 февралдаги ПҚ -1920 сонли қарори // Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами. - 2013. - № 8. – сон. – б. 4-56.

4.   Инсон манфаати, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш, ҳаётимизнинг янада эркин ва обод бўлишига эришиш – бизнинг бош мақсадимиздир: Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси // Халқ сўзи. – 2012  8 декабр.

5. Ғуломов Ш. Ободлик кўнгилдан бошланади // Ҳуррият. - 2013. – 3 апрелъ.

6. Раҳимбоева Қ. Ободлик кўнгилдан бошланади // Ишонч. – 2013. – 1 янв.

7. Раҳмонова З. Ободлик оиладан бошланади // Ёш куч. - 2013. –

 № 1 – сон. – б. 26 – 27.

8. Мирзаева Ш. Обод турмуш оила фаровонлиги гарови: Тадбир // Миллий тикланиш. – 2013. – 20 март.

9. Асроров У. Обод манзилларда муҳташам уйлар // Моҳият. – 2013. – 15 март.

10. Обод шаҳрим – озода шаҳрим // Тошкент оқшоми. – 2013. – 14 март.

11. Маҳмудов О. Ободлик кўнгилдан бошланади // Тошкент оқшоми. – 2013. – 28 февр.

12. Юнусов А. Ободлик – маҳалла кўрки // Ишонч. – 2013. – 28 февр.

13. Абдураимова Н. Осуда ва обод маҳалла // Тошкент оқшоми. – 2013. – 4 февр.

14. Қудратилла Н. Ободлик, бунёдкорлик ва тараққиёт // Халқ сўзи. – 2013. – 15 янв.

15. Хўжаниёзов У. Обод турмуш мезонлари // Ҳуррият. – 2013. – 13 февр.

16. Магдиев А.Обод жойда файз – барака бор // Адолат. – 2013. – 1 март.

17. Маматов Х. Озодлигимизнинг ишончли қалқони: тинч тотув ҳаёт обод турмуш кафолати // Адолат. – 2013. – 11 янв.

18. Мустафоева А.Ободлик юксак маънавий муҳитдан бошланади//Адолат.–2012.–14 дек.

19. Эшмуродов А.   Обод юрт ва турмушга кўмакдошмиз//Миллий тикланиш.–2012.–19 дек.

20. Ободлик ва озодлик йўлидаги самарали ишлар // Тошкент оқшоми. – 2012. – 20 дек. 

 

                         

 Тузувчи:                            Н. Аманкелдиева