Тошкент вилояти “TURON ахборот-кутубхона маркази

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Китоб – қалб гавҳари, кўнгил офтоби

 

 

Халқаро болалар ва ўсмирлар китоб ҳафталиги ўтказиш учун услубий материаллар

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Тошкент  2013                   

         Китобга тафаккурнинг толмас қаноти деб таъриф беришганда, у инсоннинг маънавий оламини бойитиш, юксак ижодий ва яратувчанлик орзулари ичида ҳаракат қилиб яшаши назарда тутилган бўлса керак. Буюк бобокалонларимиз бола тарбиясида китобнинг ўрни катталигини, китобни ниҳоятда қадрлаш, шунингдек бундай  бебаҳо адабий меросдан самарали фойдаланиш кераклигини таъкидлаб ўтганлар. Улар қаҳротон қиш кунларида ҳам ойдин ва қоронғу кечаларда ҳам бир жойга тўпланиб китобхонликлар, ғазалхонликлар ўтказишган,  яъни ҳозирги тил билан айтганда адабий ва шеърият кечалари уюштириб ўтказишган.

       Китоб пайдо бўлгандан буён инсонга ҳамроҳлик қилиб келади. Китоб ҳамма давр ва халқларнинг энг улкан кашфиёти бўлиб, аждодларнинг тажрибасини жамлаш ва жамғаришга кўмак бериб келади. Қабилалар, одамлар, давлатлар йўқолиб кетаверган, аммо  улардан эсдалик бўлиб китоб қолган.     

        Республикамизда ҳар йили 1-5 апрел кунлари болалар ва ўсмирлар китоб ҳафталиги кунлари ўтказилади. Шу муносабат билан  ахборот - кутубхона муассасаларнинг вазифаси китобхонлар ўртасида турли оммавий тадбирларни ташкил қилиб, уларда  китоб, унинг тарихи, китоб иши, китоб ўқиш маданияти ҳақидаги маълумотлар билан  нафақат таништириш, балки уларнинг маънавий  бойлигини юксалтириш ҳамда китоб билан ишлай олиш малакаларини шакллантиришга ёрдам беришдан иборат.

       Айниқса болалар ва ўсмирлар китоблар орқали атрофидаги оламнинг ранг-баранглигини кўради ва ўзини қизиқтираётган  турли саволларга жавоб топади.  Она  Ватанимиз қудратини янада мустаҳкамлаш учун қўшаётган хиссасини чуқурроқ тушунади ва турли соҳалардаги янгиликлар, адабиёт ва санъатга доир, ёзувчи ва шоирлар ҳаёти ҳақида,  ватанимиздаги  ўзгаришлар ҳамда янгиликлар ҳақида кенгроқ билимга эга бўладилар. Китобхонларни ахборот ресурслари ва бошқа манбалар билан таништириш, айниқса китоб ҳафталигини ўтказиш орқали китобларни кенгроқ ва кўпроқ тарғиб қилишда кутубхонанинг хизмати каттадир. Шу муносабат билан Тошкент вилояти  “TURON”  ахборот -кутубхона маркази  томонидан болалар ва ўсмирлар ўқишига раҳбарлик қилувчилар, кутубхоначи ва  ўқитувчиларга мўлжалланган “Болалар  ва ўсмирлар китоб ҳафталиги”ни ўтказиш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқилиб, унда атоқли ёзувчи ва шоирларнинг юбилей саналарига бағишлаб шеърият кечаси, учрашув  ва портрет кечалари, мўъжизалар майдони, адабиётлар аукциони, адабий ўйинлар, эрталиклар, брейн –ринглар, адабий викториналар каби тадбирлар асосида уларнинг асарларини тарғиб этадиган бир қанча  оммавий тадбирларни ташкил қилиб, ўтказиш бўйича тавсиялар берилган.

        Юқоридаги тадбирлар туркумини ташкил этиш учун китобшунослар, нашриёт ходимлари, журналистлар, ёзувчилар ва шоирларни жалб этиш тавсия этилади.

 

Китоб – ақл чироғи

мавзусида давра суҳбати ўтказиш учун материаллар

 

        Китоб – инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақлнинг чироғи, билим манбаидир. Китоб – фикрлаш қуроли, ҳазина ва тафаккур калити.  Китоб – нондай азиз, мўътабар ва муқаддасдир.

Китоб инсоният онгли ҳаётининг, маънавият оламининг бош тимсолларидан саналиб келинади. Китоб – бепоён олам: бағри кенг, осмони баланд, туби теран... Донолар таърифича, китоб билим манбаи, инсоният тўплаган ҳикматлар ҳазинаси.

       Зеро, у ижтимоий онг маҳсулидир. Ўтмишдагилар ўзларида бўлган жамиий  завқ-шавқ ва лаззатни, илм-ҳунар  гавҳарини кейинги авлодларга наслдан-наслга мерос бўлсин деб ардоқлаб, китоб саҳифаларига битиб қолдирганлар. Кейинги авлодлар эса аждодлардан ибрат олиб, замондошлари ҳаётини, улар яратган ноёб  маънавий бойликларни жамлаб, китоблар ёзиб қолдирганлар. Шунинг учун ҳам китоб инсоннинг энг яқин дўсти, маслаҳатчиси, билим манбаи ҳисобланади.

        Китоб инсоният онгли ҳаётининг, маънавият оламининг бош тимсолларидан саналиб келинади.

        Инсониятнинг жуда кўп машҳур донишмандлари китоб шаънига миннатдорчилик ва тахсин сўзлар айтиб қолдирганлар. “Китоб – мангуликка йўл олган донолар хотирасига қўйилган ёдгорлик” - деб айтган эди  ХУ11 аср  инглиз шоири Уильям Девенант. 1740 йили Парижда чиққан “катта тарихий луғат” саҳифаларида берилган “китоб бирор нима ёзилган ёки босилган муайян миқдордаги варақлар тўплами”дир дейилади.

         Халқаро статистикада ЮНЕСКО тавсиясига кўра, ҳажми 48 саҳифадан кам бўлмаган, табоқлаб тикилган нодаврий нашрни шартли равишда Китоб дейиш қабул қилинган.

Китоб иши – китобни яратиш, тайёрлаш, уни тарқатиш, сақлаш, тавсифлаш ва ўрганиш билан боғлиқ катта жараённи ўз ичига олади. Фан, адабиёт, санъат асарларини матбаада кўпайтириш ва тарқатиш учун танлаш, уларга илмий ва бадиий нуқтаи назардан ёндошиш, таҳрир қилиш, бадиий безак, матбаа ижросини белгилаш ва нашрга тайёрлаш ноширликнинг  вазифаси. Китобни кўплаб чиқариш – китоб босиш иши  полиграфия  саноатида олиб борилади.

        Китобларни тўплаш, сақлаш, ўқувчилар ўртасида  тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш, улардан китобхонлар фойдаланишлари учун қулай шароит яратиш  ахборот-кутубхона муассасалари иш фаолияти доирасига киради.

        Китобнинг пайдо бўлиш тарихи ёзувнинг яратилиши ва шаклланиш жараёни билан узвий боғлиқ. Ёзувнинг тузилиш хусусиятлари (белгилар тизими, уларнинг жойлашиш тартиби), ёзув материали ва қуролининг ўзига хос томони ва бошқалар маълум даражада китобнинг тузилишини ҳам белгилаб беради. Қадимги Миср, Рим, Юнонистон ва Ўрта Осиёда кишилар тош, пальма дарахти барглари, сопол ва бошқа материалларга ёзиб фикр изҳор этганлар. Ҳар бир китоб ўнлаб шундай материаллардан тайёрланган плиталардан иборат бўлиб, оғирлиги бир неча килограмм бўлган. Ёзув материали сифатида папирус ўсимлигининг  ишлатилиши (мил. ав. 4-3 минг йилликларда) билан  ўрама китоблар пайдо бўлган. Бундай китобларнинг узунлиги ўртача 10 метр атрофида бўлиб, ингичка, юмалоқ таёқларга ўралган ва махсус чарм ёки ёғоч ғилофларда сақланган. Шарқ мамлакатлари, Қадимги Рим ва Юнонистондаги  кўпгина нодир асарлар папирусга битилган.

          Ўрта Осиёда, хусусан, Хоразмда милоддан аввалги 1-минг йилликнинг 1-ярмида вужудга келган зардўштийлик динининг муқаддас китобларидан “ Авесто” нинг қадимги нусхаси ҳам 12 минг мол терисига битилган. Арабларнинг Ўрта Осиёдаги истилосига қадар (8-10 асрлар) у ерда кўп нодир китоблар сақланган кутубхоналар бўлган. Лекин уларнинг кўпи  босқинчилик  урушлари натижасида йўқотиб юборилган.

        Қоғознинг кашф қилиниши китоб тарихида янги давр очди. Айрим маълумотларга қараганда, 650 йиллардаёқ Самарқандда қоғозли китоблар бўлган. ХII асрдан бошлаб Европада қоғоз асосий ёзув материали бўлиб қолди. Қоғоз китобнинг кўпайишига ва тарқалишига янги имконият очди.

         Х-Х11 асрларда Мовароуннаҳрда муайян соҳа сифатида шаклланган китобот санъати ХIV-ХV асрларда янги тараққиёт босқичига кўтарилди. Ҳар бир китоб қоғозидан тортиб муқовасигача, сиёҳидан то бўёқлари-ю, зарҳалигача маълум меъёрдаги модда, режа ва қоида асосида тайёрланади, ҳатто китобдан хушбўй ҳид анқиб туриши учун баъзан сиёҳга гулоб ёки анбар қўшилар эди. Қўлёзмалар нафис ҳуснихат билан сувли бўёқлар ва ҳошияга нафис нақшлар билан ишлов берилиб, бадиий безатиларди. ХV-ХVI асрларда бир қанча истеъдодли ҳаттот, мусаввир, лаввоҳ ва саҳҳофлар (Абдураҳмон Хоразмий, Султонали Машҳадий, Мирали қилқалам ва бошқ.) етишди. Ҳирот хаттотларига устозлик қилиб, китобат санъати равнақига улкан ҳиссасини қўшган хушнавис хаттотлардан бири Султонали Машҳадий эди. У Низомий, Ҳофиз, Саъдий, Навоий, Ҳусайн Бойқаро ва бошқаларнинг асарларини кўчириб шуҳрат қозонди. Султонали томонидан кўчирилган 50 дан зиёд китоб бизнинг давримизгача етиб келган. Темурий ҳукмдорлар девонхоналари қошида, хусусан, Самарқанд ва Ҳиротда махсус сарой кутубхоналари ташкил этилган. Бундай кутубхоналар ўрта асрнинг ўзига хос ҳунармандчилик корхонаси бўлиб, уларда қўлёзма китобларни тўплаш ва сақлаш билан бирга китобсозлик билан боғлиқ бўлган бир қанча амалий ишлар бажарилди. Бундай сарой кутубхоналарининг бошлиқлари “кутубхона доруғаси” ёки “китобдор” деб аталган. Уларнинг қўл остидаги кўплаб хушнавис ҳаттот, наққош-мусаввирлар, лаввоҳ, саҳҳофлар китобни яратишга доир турли вазифаларни бажаришган. 1425-1429 йилларда Жаъфар Бойсунқурий томонидан  Абулқосим Фирдавсийнинг машҳур “Шоҳнома” асари  кўчирилиб, 20 та турли мазмундаги рангдор миниатюралар билан безатилган. Ноёб санъат асари сифатида бу китоб Теҳрон музейида сақланади. Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий сарой кутубхонаси ҳам ўз даврида машҳур бўлган. Навоий бадиий қўлёзма санъатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Унинг бевосита кўмаги билан Беҳзод, Султонали Машҳадий, Шоҳ  Музаффар каби ўнлаб китобсоз усталар етишиб чиқди. Бу усталарнинг услуб ва анъаналари кейинги йиллардаги каллиграфия санъатининг асосини ташкил этди. Туркистонда ҳаттотлик йўли билан китоб тайёрлаш узоқ вақт давом этди. Ҳатто китоб босиш кашф қилингандан кейин ҳам, дастлабки вақтларда китоблар қўлёзма йўли билан кўпайтирилар эди.

Китоб нусхаларини  оммавий кўпайтириш йўлидаги изланишлар натижасида ксилография пайдо бўлди. ХУ асрнинг 40 йилларида Германияда Иоганн  Гутенберг томонидан китоб босиш ихтиро қилиниши китоб тараққиётида янги даврни очди. Китоб босиш техникаси аста-секин такомиллашиб, бошқа мамлакатларда ҳам тарқала бошлади.

        Туркистонда босма усул билан китоб чиқариш Ўрта Осиё Россияга қўшиб олингандан кейин тарқалди. 1868 йили  Тошкентда Туркистон ҳарбий округи штабининг босмахонаси ташкил  этилди. Шу босмахонада нашр этилган рус олими ва сайёҳи Н.А.Северцовнинг “Чу ва Ноин тизмалари этагидаги тоғли ўлка тўғрисида лавҳалар” (рус тилида) китоби Туркистондаги илк босма китобдир. Ўзбек тилидаги биринчи босма китоб Шоҳимардон Иброҳимовнинг 1871 йили Хивада босилган “Календар”идир.

           Истиқлолдан кейинги йилларда китоб маҳсулотлари мавзу –мундарижасида кескин ўзгариш бўлди. Тарихий, диний, миллий қадриятларга тааллуқли китоблар нашрига алоҳида аҳамият берилди. Қуръони каримнинг ўзбек тилидаги таржимаси икки бор нашр этилди. Имом Бухорийнинг 4 жилдли “Ҳадис”лари ,  Амир Темур мавзуи билан боғлиқ ўнлаб китоблар чиқарилди. Алишер Навоийнинг 20 жилдли мукаммал асарлари тўплами чоп этилди. Турли нашриётларда Форобий, Беруний, Ибн Сино, Нажмиддин Кубро, Маҳмуд ал-Замахшарий, Улуғбек, Яссавий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Мунавварқори, Фитрат, Усмон Носир ва бошқаларнинг асарлари, “Ўзбекистон” нашриётида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг 14 жилдли асарлари нашр қилинди.(1997-2007). Мавжуд нашриётлар омманинг

талаб-эҳтиёжларидан келиб чиқиб бадиий, илмий-оммабоп,  дарслик ва бошқа турли китоблар нашр этмоқдалар. Китобларнинг бадиий ва матбаа ижроси ҳам жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган  даражада юксалиб бормоқда.

          Китоблар қандай ўқувчилар оммасига мўлжалланганлиги, мақсади ва мавзуига қараб турларга ажратилади. Китобхонлар ёш хусусиятларига  кўра  китоблар оммабоп,  мутахассислар учун ва болалар китоби бўлиши мумкин. Мақсадига  кўра  расмий, илмий, илмий-оммабоп, ўқув, адабий-бадиий, маълумотнома, реклама ва ҳоказо асарларга бўлинади Илмий китоблар ичидан монография кенг тарқалган. Ўқув китоблари дарслик, ўқув қўлланмаси, ўқув методик қўлланма ва бошқа турларга ажратилади. Маълумотномалар эса энциклопедия, луғат, календарь, йўл кўрсаткичлар кабиларга бўлинади.

2006 йили Ўзбекистон Республикаси  Президентининг “Республика аҳолисини  ахборот-кутубхона билан  таъминлашни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ёшлар ўртасида китобхонликни юксалтириш учун мана шундай ғамҳўрлик зарур эди. Бу ўз вақтида чиққан қарор бўлиб, халқимизнинг, айниқса келажагимиз бўлмиш ёшларнинг маънавий бойлигини юксалтириш учун замон талаби даражасидаги кенг имкониятларни яратиш йўлида олиб борилаётган энг олий мақсадлардан бири бўлиб,  уларнинг Ватанимиз тараққиётига муносиб хисса қўшишлари ва порлоқ келажакларини  ўз қўллари билан яратишларида ўз самарасини бериши шубҳасиздир.

        Шунинг билан давра суҳбатимизни якунлаймиз, эътиборингиз учун раҳмат.

 

 

Ҳафталикнинг 1 –куни:

1. Болалар ва ўсмирлар китоб ҳафталигининг очилиши:

 

“Китоб - тафаккурни ёритувчи офтоб”

номли китоб кўргазмаси учун материаллар

 

1- бўлим: “Китоб – маънавият мактаби”

 

Ихтибос: “Китоб барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл –идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир.”     

А. Темур

 

2 -бўлим: “Китоб – кутубхона – интернет”

Ихтибос: “Китоб фикрлаш қобилиятимизни харакатга келтирувчи ихчамгина қуролдир: у ақлий танбаллигимиз билан курашишимизда бизга кўмаклашувчи тафаккур қувватидир.”                       

Э. Фаге

 

 

“Китоб – қалб гавҳари, кўнгил офтоби”

Адабий-бадиий кечанинг сценарийси

 

Шиоримиз:         Китоб - маънавиятга етакловчи қурол.

 

Бошловчи:        

 

 Китоблар бор уммонлардан қаъри чуқур,

 Китоблар бор гулшанлардан тароватли.

 Китоблар бор тўлқинлардан юксак ғурур,

 Китоблар бор шифо қўлдан саҳоватли.

 

   Ассалому-алайкум ҳурматли меҳмонлар,  Азиз китобхонлар!  Мана сиз билан биз бугун китоб хафталигининг очилиш маросимига йиғилдик. Китоб хафталигини ўтказишдан мақсад, Сиз азиз китобхонларни китоблар дунёсидан баҳраманд этиш, қолаверса бугунги кечамиз шеъриятга бағишланган бўлиб, шеърият чаманида қалам тебратган ва китобхонларимизга яхши таниш бўлган  шоирларимиздан:  Азим Суюн, Анвар Обиджон, Тўлан Низомларни бугунги кечамизга таклиф этдик.

 

2 – бошловчи:  Инсон юраги ҳам бир олам,  унинг ҳам баҳори, кузлари, тонг ва тунлари, ором ва зилзилалари бор. Шеърият юрак садоси бўлганлиги учун ҳам ана шу мураккаб туйғулар оламини ифода қилади. Шунинг учун ҳам бир шеърни ўқиб қувонсак, кўксимиз сурур ва ифтихор туйғуларига тўлса, иккинчи шеърни ўқиб ҳаёлга бериламиз, инсон дардларига ошно бўламиз.

Шоирлик ўша туйғуларнинг табиийлигига ва ҳақиқийлигига  шеърхонни ишонтира олишидир.

Тонглар зиёсидан зиёли дунё,

Шодлик дарё каби шарқираб оқар.

Бахт сингари олис юлдузлар гўё,

Азал гўзалликнинг шамини ёқар.

 

1-бошловчи:    Қадрли меҳмонлар,  китоб хафталигини очиб бериш ва Сиз азиз китобсеварларни байрам билан табриклаш учун сўзни________га берамиз.

  2-бошловчи:    Азиз дўстлар, муҳтарам тадбир  қатнашчилари!

        Алломаларимиз айтганидек, китоб ҳақиқатдан ҳам бебаҳо ва туганмас ҳазинадир. Китоб инсон тақдирини уйғунлаштирувчи маънавий куч ва ғоявий қуролдир..

Китоб инсоннинг яқин  дўсти ва доимий йўлдоши бўлиб, унинг ақлий тараққиёти ва маънавий камолотига ёрдам беради. Китоб киши онгини бойитади, унинг табиат ва жамиятда юз бераётган ўзгаришларни билиб олишига имкон беради. Китоб беминнат дўстдир, чунки ундан исталган вақтда фойдаланишимиз мумкин. Китоб ўтмишни ҳам, бугун ва эртани ҳам боғлаб турувчи кучли воситадир.

     Бугунги кечамиз меҳмонлари – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Азим Суюн,  Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон, Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низомларни китобхонлик байрами билан табриклаб, бугунги учрашув кечамизга таклиф этилган 213 ва 215-мактабларнинг  ўқувчилари, яъни  китобхонларимиз уларнинг ёзган  асарларидан намуналар ўқиб берадилар.

 

1-бошловчи:    Китоб хафталигини 1946 йилдан буён мамлакатимиз бўйлаб баҳор фаслида, апрель ойининг биринчи хафтасида ўтказиш анъанага айланиб  қолган .

Буюк адиб Абдурахмон Жомий айтганидек:

Жаҳонда китобдан яхши ёр бўлмас,

Давр ғамхонасида ғам ғусор бўлмас.

Ёлғизлик кунида ундан ҳар қачон,

Юз роҳат етар лек, бир оз бўлмас..

 

2-бошловчи:    Эндиги  сўз  навбати  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими  Азим Суюнга.  (Шеър ўқилади)

2-бошловчи:     Билим китобда. Уни мулоҳазали мутолаа қилган кишигина билимли бўлади. Лекин орттирган ҳар қандай бойликни, жумладан китобдан олган  маънавий  бойликни ҳам ўз ўрнида ишлатиш ва унга амал қилиш вожибдир. Бу борада улуғ адиб Саъдий Шерозийнинг бир ўгитини эсга олмоқ ўринлидир:

.....Икки тоифа одам беҳуда ишлаб, беҳуда ҳаракат қилган бўлади: бири мол-мулк йиғиб, фойдаланмаганлар ва иккинчиси эса илм олиб, унга амал қилмаганлар.

Ҳарчанд ўқийсан, билимдонсан,

Агар амал қилмадинг, нодонсан.

Устига китоб ортилган ҳар  (эшак)

На олим, ва на донодир бешак!

 

1-бошловчи:   Эндиги  сўз  навбати  Ўзбекистон халқ шоири   Анвар Обиджонга.       (Шеър ўқилади)

   Китоб тўғрисида кўп донолар қимматли гаплар айтганлар, шоир ва ғазалхонлар байтлар  битганлар. Шоира Анбар отиннинг отин ойиси Дилшод Барно Ҳўқандий китобга бўлган ҳурматини шеър билан шундай изҳор этади:

 

Энг яқин дўсти азиз, ҳамдарду дармондур

Ҳамдамим, ҳамсуҳбату, ҳам қадрдондур китоб.

Менга илм ўргатувчи устоз, билимдондур китоб,

Дилғуборин аритгувчи ғамкори жонондур китоб

Танда жоним хизматиға рангдаги қондур китоб.

 

2-бошловчи:   Ҳар бир санъат туриниг ўз қоидаси бор. Мусиқачи тўғри чала олиши учун ўз мусиқа асбобининг ҳамма жиҳат ва хусусиятларини, нозик пардаларини яхши билиши зарур, қўшиқчи эса бир ғазал ёки шеър устида узоқ вақт шуғулланиб, ўз овозини тарбиялаши лозим, рассом ҳам махсус тайёргарликсиз жиддий асар ярата олмайди. Худди шунингдек, шоир ҳам тил бойликларидан тўғри ва тўлиқ фойдалана олиши учун маълум билимга эга бўлиши керак.

 

1-бошловчи:    Адабиёт, санъат  қалбнинг гавҳари, юракнинг иши. Шоир, ёзувчи юрагининг сўзи, қалбининг амри билан қўлига қалам оладиган одам. Адабиёт аҳли ҳамма замонларда инсон қалбининг эрки учун курашган  ва шундай замонлар бўлганки, унда рост гапни айтиш жасорат ҳисобланган. Ёзувчи ва шоирнинг нияти  - битта у ҳам бўлса халққа хизмат қилиш.

Ҳурматли меҳмонлар, азиз китобсеварлар,  у борада шеъриятимизнинг буюк дарғаларидан бири, юбиляр шоиримиз Эркин Вохидовнинг қуйидаги мисраларини  сизларга эслатиб ўтишни жоиз деб топдим:

 

То тирикдир табиат

То қуйи сочгайки нур,

Уч эгиз, бордир тушунча,

Уч сўз ёндош юрур:

 

Моҳиру, меҳри, маҳорат,

Олими, илму, амал,

Ошиқи, ишқу, машаққат.

Шоиру, шеъру, шуур.

 

2- бошловчи:    Энди сизларнинг эътиборингизга болаларнинг севимли шоири Илёс Муслимнинг “Кутубхоначи “ шеърини  ҳавола этаман:

 

Кутубхоначи.                            И. Муслим    шеъри

 

Китоб – билимлар кони,

Унда  кўпдир гавҳар – дур.

Варақлаб кўр-чи, қани,

Кўз олдингда чақнар нур.

Шу нур ёритар ҳамон,

Бизнинг онгу – фикримизни.

Ҳар хил ажойиб китоб,

Оширар зеҳнимизни

Ҳамма жойда очилган

Кўркам кутубхоналар.

Кўриб завқланишади,

Барча ота-оналар

Кутубхоналарда ҳам,

Меҳрибонларимиз кўп.

Бизга танлаб беришар,

Қизиқ китобларни хўп.

Уларнинг меҳнатларин,

Келди мақташ хонаси:

---Бизга ғамхўр, мураббий

Ҳар бир кутубхоначи.,

 

Азиз дўстлар!   Ҳаммамизга маълумки мамлакатимиз бўйлаб фасллар келинчаги баҳор кезмоқда. Мен фурсатдан фойдаланиб, барчангизни баҳор байрами билан яна бир бор қутлаб , бугунги кечамизни якунламоқчиман. Бугунги учрашув кечамизда қатнашган ҳурматли адибларимизга чин юракдан миннатдорчилик билдириб, келгуси ҳаёт ва ижодий фаолиятларига муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.Эътиборингиз учун катта рахмат.

 

Хафтанинг      2 - кун

 

“Китоб – ақл чироғи”   мавзусида давра суҳбати

(Ушбу давра суҳбатининг матни  юқорида берилган )

 

Хафтанинг 3 - куни

 

Китоб кўргазмаси      “Китоб бизнинг дўстимиз”

деб номланади ва у 5-6 синф ўқувчилари  учун мўлжалланиши мумкин.

 

1-бўлим:    “ Китоб  -  билим манбаи”

 

Ихтибос:        “Китоб –энг азиз олам,

                         Китоб – одам жамоли,

                         Китоб – олам жамоли,

                         Китоб – одам камоли,

                         Китоб –одам ёдгори,

                         Яхши, ёмони – бори,

                         Бари китоб ичида,

                         Тарих китоб бурчида”.

                      Қ. Муҳаммадий

 

Ихтибос:       “Жаҳонда китобдан яхши ёр бўлмас,

                        Давр ғамхонасида ғам ғусор бўлмас.

                        Ёлғизлик кунида ундан ҳар қачон,

                        Юз рохат етар лек, бир оз бўлмас”.

А.Жомий

“Ўзбек адиблари болаларга”

 мавзусида  болалар ёзувчи ва шоирлари асарлари  бўйича савол-жавоб тарзида адабий ўйинни  эътиборингизга ҳавола этамиз, марҳамат.

 

Ҳурматли болалар!  Топингчи, қуйидаги ўқиладиган мисралар қайси адибнинг қаламига мансуб?

 

Эй, азиз китобхоним,

Етганча куч имконим.

Сизга шеър гулдаста туздим,

Қарзимни бир оз уздим.

Очиғи кўпдир қарзим,

(Лекин йўқ сира арзим)

Қолмайин деб гинада,

Қудуқ қаздим игнада.

 

Пўлат Мўмин

 

 

 

Ушбу мисралар қайси адибнинг қаламига мансуб?

 

 

Биримизни биримиз

Қаттиқ ҳурмат қиламиз.

Қаттиқ ҳурмат қилганни

Чин инсон деб биламиз.

                                               Миразиз Аъзам     ( Ерга довруғ соламиз)

Энди-чи, болажонлар ушбу шеърни қайси шоир ёзган?

Бойчечакнинг боласи, боласи,

Қулоғида донаси, донаси.

Донасини олай десак

Югуриб чиқди онаси, онаси.

                                              Азиз Абдураззоқнинг “Энг чиройли                     

                                              бойчечак” эртагидан.

 

Азиз болажонлар ! Қуйидаги асардан парча қайси адибнинг қаламига мансуб?

...    Шу  ердан ертўла эшиги очилиб, букчайган бир кампир ташқарига чиқибди ва   қизга хира кўзлари билан тикилиб:

--- Ҳой болам, кимсан?  Адашиб қолдингми? – дебди.

Қиз кампирга савол берибди-да, кейин унга акасини излаб юрганини айтибди. – Акангнинг исми нима, афти-башараси қандай? – деб суриштирибди кампир

Қиз акаси ҳақида шу сўзларни айтибди:

Менинг акам ботирларнинг сараси,

Ўсган ери баланд тоғлар ораси.

Қадди-басти хўп келишган азамат,

Иродаси букилмас, гўё пўлат,

Қўрқоқ бўлса, борармиди жанг сари,

Кучсиз бўлса кетармиди илгари?

 

(Турғунбой Ғойиповнинг “Сўзловчи чироқ” асаридан.)

 

Қуйидаги шеърдан олинган мисралар қайси шоирнинг қаламига мансуб?

Бизнинг Ватан – буюк  Ватан, жонажон,

Дала, дарё, ўрмонлари бепоён.

Ер юзида гўзалликда тенги йўқ,

Эркин нафас олар бунда ҳур инсон.

 

Болалар шоири Қуддус Муҳаммадийнинг “Одам-олам” қўшиғи китобидаги  “Ватан ҳақида қўшиқ” шеъридан.

Викторинани мана шундай давом эттириш мумкин.

 

Хафталикнинг  4 -куни

 

Адабиёт зукколари танлови.      ( 8-9 синфлар учун)

 

    Адабиёт зукколари танловини битта ёки иккита синф яъни 8-9 синф ўқувчиларидан орасидан танлаб ўтказиш мумкин.

Адабий қаҳрамонлар гуруҳи намойишида фаол  китобхонлар - болалар шоири ва ёзувчилари  Н.Носов “Чиполлино”,  “Билмасвой”, Михалковнинг “Степа амаки”, Миразиз Аъзамнинг “Ерга довруғ соламиз”. А.Обиджоннинг “Мешполвоннинг саргузаштлари”, Х.Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб”, Қ.Муҳаммадийнинг “Табиат алифбеси”, П.Мўминнинг “Одоб ва офтоб” ва бошқа асарларидаги қаҳрамонлар образини акс эттириб, саҳна кўринишлари  намойиш этишлари мумкин.

          Танловни  ўтказилишида хакамлар хайъати сайлаб олинади  ва уни адабиёт ўқитувчиси ёки кутубхоначи олиб боради. Танлов қатнашчиларига бир қатор саволлар орқали топшириқлар берилади.

 

1-топшириқ

1. Л .И.Толстойнинг қайси асаридаги бош қаҳрамони унинг “Уруш ва тинчлик” асаридаги  қаҳрамонига ўхшаш фикр юритади? Асарнинг ва асардаги қаҳрамоннинг номини айтинг.

2.  Мешполвон ва унинг аскарларидаги ватан туйғуси, ота-онасига, эл-юртига садоқати ҳақида  нима дея оласиз? Бу қайси адибнинг асари шунга ўхшаш ғояни ўз олдига қўйган ва яна қандай асарни мисол келтира оласиз?

 

2-топшириқ

Гулханийнинг “Тошбақа  ва чаён” асаридаги образлар ҳақида сизнинг фикрингиз?  Ҳозирги ҳаётимиздан мисоллар келтиринг.

 

2. Рус адибларининг шунга ўхшаш қандай асарларини биласиз?

Асарнинг номи ва мазмунини қисқача тушунтириб беринг.

(Крылов  “Басня”)

 

3-топшириқ

Ҳурматли қатнашчилар! Ҳозирги сизларга бериладиган топшириқлар орқали сизларнинг қанчалик тез ва тўғри гап тузишингизни аниқлаб оламиз.

Сизлар стол устидаги ҳар тарафга сочиб ташланган сўзлардан маъноли гап тузишингиз керак.

 

4-топшириқ

Ҳозир сизга бериладиган топшириқда сиз ўзингиз ўқиган асарлардан саҳна кўриниши намойиш этишингиз керак. Масалан:  Ғофур Ғуломнинг “Шум бола”,  Ҳудойберди Тўхтабоевнинг “Беш болали йигитча” ва бошқа асарлари асосида саҳна кўриниши намойиш этиш.

 

5-топшириқ

Навбатдаги 5-топшириқ шундан иборат бўладики, ҳурматли танлов қатнашчилари, диққат қилиб эшитинг.

Бу топшириғимиз “Адабий изланиш” деб номланади ва бу қуйидагилардир:

1. “Сариқ девни миниб” асари қаҳрамонлари изидан”- деб номланиб, ундаги воқеалар ҳақида  қисқача сўзлаб, иккита асарни таққосланг.

2  Шерлок Холмснинг бошқа асарлардаги адабий образ издошлари.

 

Тадбир якунида хакамлар ҳайъати танлов ғолибларини фахрий ёрлиқ ва эсталик совғалар билан тақдирлайди

 

Хафталикнинг ёпилиши:   5 – кун

 

Мутолаа   маданияти ва маънавий камолот

 

“Мутолаа инсонни билимдонлик сари,

суҳбат топқирлик сари  етаклайди”.                 Френсис Бэкон

 

Одамзот яратилибдики, доимо комилликка интилиб яшайди. Болаликдан ўз дунёқарашини бойитиб боради. Ҳар бир инсон дастлабки тарбияни, яъни маънавий озуқани оилада ота-онадан олади. Кейин эса мактабга боради. Жамоада ўзини қандай тутишни ўрганади. Маънавий озуқа олишнинг, чин инсон бўлиб етишишнинг бирдан бир йўли бу китоб мутолааси бўлиб, бугунги тадбиримиз мутолаа маданиятига бағишланади.

Мутолаа арабча сўздан олинган бўлиб, диққат билан ўқиш, ўрганиш деган маънони билдиради.

Китоб мутолааси ҳақида Гёте шундай фикр билдиради:

а) ниҳоятда машаққатли машғулот бўлиб, дарҳақиқат,  у кишидан қунт ва сабр, кучли хотира ва юксак фаҳм талаб этади.;

б) беқиёс шарафли, чунки  китоб мутолааси туфайли инсон ҳаёт қонуниятларини чуқур англай олиши, билим доираси кенгайиб,тушунчаси, дунёқараши ўсади, маънавий жиҳатдан юксалади;

в) ҳузурбахш,  акс ҳолда,  инсон китоб мутолааси билан муттасил шуғулланмаган бўларди.

Жамиятда мутолаа маданиятининг таркиб топиши, шаклланиши ва ривожланишида ҳам умумий маданиятнинг, яъни аҳолининг ялпи ижтимоий, иқтисодий, маънавий тайёргарлик даражасининг ўрни ва роли беқиёсдир.

Шундай қилиб, қайд этиш жоизки, “мутолаа маданияти умумий маданиятнинг  ҳосилавий  кўринишидир”.

      Мутолаа маданияти ўз навбатида, китобга қизиқиш, одамларнинг адабиётлар билан кенгроқ танишиш рағбати, китоб ва у билан ишлаш ҳақидаги махсус билимларга эга бўлишни, шунингдек, ахборот манбаларидан тўлиқ фойдаланишда кўникма ва малакага эга бўлишни тақозо этади.

      Мутолаа маданияти кишининг манбани тўлақонли тушуниши, ундан эстетик завқ олиши, муаллиф фикри ва ғоясини англаши ҳамда уни баҳолай олиши каби хусусиятларга эга  бўлишини таъминлайди. Китобни танлаш, уни ўқиш, авайлаб сақлаш, шахсий кутубхона ташкил этиш, ўқилган китобларни бошқаларга тавсия эта олиш ҳам мутолаа маданиятига киради.

Ҳар қайси даврда мутолаа маданиятини шакллантириш биринчи ўринда оилада ўз аксини топиш лозим бўлган  ва ҳозир ҳам ана шуни тақозо қилмоқда . Жумладан, оилада шахсий кутубхона ташкил этиш, уни янги нашрлар билан тўлдириб бориш биринчи омил саналади. Кимдир шахсий кутубхонаси фондини бойитишни ва ундан фойдаланишни афзал билса, кимдир китоб мутолаа қилиш учун кутубхонани танлайди. Тўғрисини айтганда, ёшлар ўртасида китоб мутолаа қилиш, китобга бўлган қизиқиш бироз сусайгандек гўё. Бироқ замон билан ҳамнафас бўлиш, шиддат билан кечаётган тараққиёт жараёни бу муаммони ўз-ўзидан бартараф этди, десак муболаға бўлмас.

Китобсиз илму- маърифатга эришишни, илмий маърифатсиз эса тўкис жамият қуришни тасаввур қилиб бўлмайди. Демак, ҳамма нарса инсоннинг билимига, маънавий камолотига бориб тақалар экан, китобхонлик анъаналарини ривожлантириш, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини шакллантириш ва ривожлантириш ўта зарур вазифалиги ўз-ўзидан аён.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки,  китоб мутолаа маданияти халқ анъанавий тарбия усулларига кўра жуда кенг тушунча ва бағоят мураккаб муаммо бўлиб, тахминан қуйидаги ҳолатларни ўз ичига олади.

1) китоб танлай олиш;

2) китобни қандай ўқишни билиш;

3) китоб ўқиганда нималарга эътибор бериш ва нималарни эсда сақлаб қолиш;

4) керакли маълумотларни қаердан, қандай, қайси воситалардан топиш.

5) олинган билимни ёки хабарни қандай етказиб бериш;

6) қайта ўқиш – китобхонлик кўникмасига одатлантириш;

7) кутубхона картотекалари билан ишлай билиш;

8) китобни тез ва секин ўқишни фарқлай олиш;

9) китобни ўқиб, унинг фусункор оламига кира билиш;

10) китобни мустақил ўқий билиш;

11) китобни тарғиб – ташвиқ қила билиш.

         Бундан ташқари Китоблар олимлар фикрининг паноҳгоҳи, доно кишилар бўстонининг чамани, оддий кишиларнинг тамошагоҳидир. У кимсасиз кишиларга дил очувчи боғ, кўнгли шикасталарга раҳнамодир. У барча ерда инсонларга ошино, дардли кишилар дилига даводир.

Орифий китоб васфида қуйидагича тараннум қилган:

 

Бир дўстки, ҳеч кимга бермаган азоб,

Узоқ синаб кўрдим, билсанг, у китоб!

Сирни яширмайди ўқувчисидан,

Хабар берар сенга ёзувчисидан.

Ҳилватда сен билан бўлиб у улфат,

Жимгина қуради ёқимли суҳбат.

Ҳеч кимдан қолишмас билимли аҳбоб,

Ундан сўрамасанг, бермайди жавоб.

Муҳаммад Жабалрудий

 

2.  Адабий қаҳрамонлар намойиши (5-6 синф)

Адабиётлар қаҳрамонларининг намойишини ташкил этишда таниқли ўзбек ва рус ёзувчиларидан: Қ. Муҳаммадий, П. Мўмин, М. Аъзам, Х. Тўхтабоев,

       А. Обиджон, Н. Носов, С. Михалков ва бошқаларнинг асарларидан фойдаланиш мумкин.

 

 

Адабиётлар  рўйхати

 

1.  Аъзам М. Бир чўнтак ёнғоқ: Шеърлар. – Т.: Чўлпон, 1990. – 192 б.

2.  Аъзам М. Ерга довруғ соламиз: Шеърлар, достонлар. – Т.: Ёш гвардия, 1976. – 96 б.

3.  Воҳидов Э Менинг юлдузим: Шеърлар. – Т.: Адабиёт ва санъат. 2000. – 40 б.

4.  Муҳаммадий Қ. Боғларда болалар: Шеърлар, эртаклар. – Т.: Ёш гвардия, 1976. – 24 б.

5.   Муҳаммадий Қ. Дастурхоним ёйилди: Шеърлар. – Т.: Чўлпон, 1998. – 24 б.

6.  Муҳаммадий Қ. Одам-олам қўшиғи: 5-китоб. – Т.: Ёш гвардия, 1981. – 206 б.

7.  Муҳаммадий Қ. Табиат алифбеси: Шеърлар. – Т.: Ёш гвардия, 1971  – 128 б.

8.  Мўмин П. Аҳил бўлиб, дадил бўлиб: Шеърлар, декламациялар, қўшиқлар,  масал ва эртаклар. – Т.: Ёш гвардия, 1984. – 272 б.

9.  Мўмин П. Одоб ва офтоб: Шеърлар ва қўшиқлар. Достон ва  балладалар, эртаклар. Топишмоқлар. – Т.: Ёш гвардия, 1972. – 384 б.

10.   Мўмин П.  Чаққон бола – ёққан бола. – Т.: Чўлпон, 1996. – 40 б.

11. Обиджон А.  Мешполвоннинг жанглари: Қисса, достон. – Т.: Чўлпон, 1994. – 192 б.

12.   Орипов А. Мустақиллик қўшиғи: Шеърлар. – Т.: Адабиёт ва санъат,

2000. – 56 б.

13. Толиб Р.  Сеҳргар дўстим бор: Шеърлар ва эртаклар. – Т.: Чўлпон, 1991. – 128 б.

14.  Толиб Р.  Ҳамма ҳайрон: Ҳикоялар. – Т.: Ўқитувчи, 1996. – 128 б.

15.  Тўхтабоев Х. Сариқ девни миниб: 3 қисмли саргузашт роман. – Т.:

Чўлпон, 1998. – 208 б.

16.  Шукрулло. Яхшики муҳаббат бор: Шеърлар ва драматик достон. –Т.: Адабиёт ва санъат, 1991. – 206 б.

17.   Ғулом Ғ. Шум бола. – Т., 2004. – 115 б.

18   Ҳошимов Ў.  Дафтар ҳошиясидаги битиклар. – Т.: Шарқ, 2001. – 176 б.

19.   Ҳошимов Ў. Ер фарзандимиз. – Т.: Ўзбекистон, 1977. – 119 б.

20. Каримов И.А. Баркамол авлод. – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори: Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси 1Х сессиясида сўзлаган нутқи. – 1997 й. 29 авг. – Т.; Шарқ, 1997. – 63 б.

21.  Йўлдошев Э. Кутубхона ва ёш китобхон. – Т.; Ўзбекистон, 2003.     – 298 б.

22.  Йўлдошев Э. Кутубхонада болалар ўқишига раҳбарлик қилиш: Ўқув қўлланма. – Т.: Ўзбекистон, 2002. – 128 б.

23. Матжон Сафо. Китоб ўқишни биласизми?: (китобхон билан мулоқот) – Т.: Ўқитувчи, 1993. – 144 б.

24. Оталар сўзи – ақлнинг кўзи / Тузувчи – муаллиф Е. Саитов. – Т.: Ўқитувчи, 1992. – 176 б.

25. Абдуғаниев М. Китобхонлик урфдан қолмайди: (Ҳозирги даврда кутубхона, китобхонлик масалалари хусусида) // Адолат. – 2006. –         3 март.

26.  Бобомуродов Б. Китоб ўқиганнинг қалби  // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. – 2002. – 8 февр.

27.  Дадаева О. Нега китоб ўқимай қўйдик?: (Бугунги кун ёшлари, китоб, кутубхоналар ҳақида) // Тошкент ҳақиқати. – 2005. – 24 дек.

28.  Жуманиёзова А. Кутубхонами ёки интернет... Сиз нима дейсиз? // Маърифат. – 2007. – 10 янв.

29.   Жўраева Қ. Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда // Жамият. – 2008. – 18 апр.

30.  Жўрақулов У. Китобхонлик – маънавий эҳтиёж. // Талабалар дунёси. – 2009. – № 7. – Б.14-15.

31. Ибрагимов Ҳ. Китоб – офтоб // Фидокор. – 2006. – 14 февр.

32. Муталова Д. Китобимиз қадрига  етайлик: (Китоб ва китобхонлар хусусида ) // Қадрият. – 2006. – 21 янв.

33. Норқулов Х. Китоб инсон маънавиятини бойитади // Ҳуррият. – 2009. – 19 апр.

34. Отабоев А. Кўпроқ ўқиш руҳингизни бойитади // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. – 2002. – 12 авг.

35.   Саъдинов Ж. Оламнинг ойнаси // Маърифат. – 2006. – 15 март.

36. Тўраева О. Оз-оз ўрганиб, доно бўлар // Маърифат. – 2008. –           11 июнь.

37.  Умаров А. Китоб – олам чироғи // Халқ сўзи. – 2007. – 8 авг.

38. Умаров А. Кутубхона – ёшлар мулоқот маскани // Бетгерхонлик – 2008: “Кутубхона: ёшлар тилида мулоқот” мавзусидаги давра суҳбати материаллари тўплами. – Т.: Алишер Навоий ном. Ўзбекистон Миллий к-наси нашриёти, 2009. – Б.9-12.

39. Ҳамидова Г. Китоб – билим булоғи // Тошкент оқшоми. – 2003. –   19 сент.

 

                Тузувчи:                               Н. Аманкелдиева