Тошкент вилояти «TURON»  ахборот –кутубхона маркази

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

           

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол – 75 ёшда

услубий  қўлланма

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ТОШКЕНТ 2013

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол – 75 ёшда

 

       Жамол  Камол  мумтоз  шеърий  анъаналар  билан  замонавий  шеърият тизимини  уйғунлаштирган  истеъдодли  шоир  ва  таржимондир.  Жамол  Камол 1938  йили  Бухоро  вилоятининг  Шофиркон  туманидаги  Чикарон  қишлоғида, деҳқон  оиласида  таваллуд  топган. Ота- онадан  эрта айрилган Жамол тоғаси  қўлида  тарбия  кўради. Ўрта  мактабни  тугатгач, Бухоро  педагогика  институти  (ҳозирги  университет)нинг  филология факулътетида  ўқийди. Ўқишни  тугаллаб, шу  ерда  муаллимлик  қилади.

       Жамол  Камол  1965-1969 йилларда “Бухоро ҳақиқати” номли  вилоят  газетасида  муҳаррирлик  қилади. 1969-1972  йилларда   Фанлар  академияси  Тил  ва  адабиёт  институтининг  аспирантурасида тахсил олиб,  “Лирик  шеъриятда композиция” деган  мавзуда номзодлик   диссертациясини  ёқлайди. 1970-1972  йилларда  Ўзбекистон  Ёзувчилар  уюшмаси  Бухоро  вилояти  бўлимида  маъсул  котиб  бўлиб  ишлайди. 1986 -88 йилларда Ғофур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош мухаррир лавозимида, кейинчалик  Ўзбекистон  Ёзувчилар  уюшмаси  раиси  лавозимида  самарали  фаолият  олиб  борди.  Унинг  илк  шеърий   тўплами  “Олам  кирар  юрагимга”  1968 йилда чоп  этилган  бўлиб,  ундан  кейин  ўнлаб  шеърий  тўплам, достон  ва  таржима  асарларни  яратди.  Жумладан , “Чўққиларга ёғилди ёғду”  (1970),  “Тош  туғёни” (1972), “Ҳасан  ва ой”  (1974), “Қуёш  чашмаси”   (1975), “Достонлар” (1980),  “Тафаккур”  (1979), “Сувайдо”  (1982), “ Умидли  дунё ”  (1988)  каби шеърий тўпламларига кирган шеър- ларида  мумтоз шеърий анъаналар билан замонавий шеърий жараён ўзаро уйғунлаштириб олиб борилди.

     Шоирнинг ,  “Армон”,  “Варахша”, “Эшикдаги  ой  тўлқини”, “Тош  туғёни” ва  “Шаҳрибону”  каби  достонлари  ҳам  китобхонлар  эътиборини қозонган.  Жамол  Камол  ижодида  таржимонлик  фаолияти  ҳам  алоҳида  ўрин  тутади. В. Шекспирнинг   “Ҳамлет”, “Отелло”,  “Антоний  ва  Клеопатра”,  “Қиш  эртаги ”,  “Венеция  савдогари”,  “Қирол  Генрих  IV ” ,  “Макбет” каби  ўндан  ортиқ  асарларини   тўғридан – тўғри  инглиз  тилидан  ўзбек  тилига  таржима қилган. Унинг  таржимонлик  фаолиятида  яна бир  хайрли  холат  учрайди, у ҳам бўлса бир қатор диний-тарихий қиссаларнинг инглиз тилидан қилинган таржималаридир. Шу ўринда “Муҳаммад алайҳиссалом қиссаси”,”Мусо алайҳиссалом қиссаси”,“Будда қиссаси”, ”Акбар ва Бирбал” кабиларни эслатиш кифоя. Бундан ташқари Р.Фишнинг “Жалолиддин Румий ва С.Улуғзоданинг “Фирдавсий” каби романлари таржимаси ҳам Жамол Камол қаламига мансуб.

Адиб  публицист сифатида “Маккайи Муккаррама, Мадинайи Мунаввара”(1992) асарини яратиб, ислом маърифати ва маънавиятини улуғлайди. Жамол Камолга 1992 йили  Ўзбекистон халқ шоири   унвони берилган.

  

 

Жамол Камол  -  Истеъдодли шоир ва таржимон

номли китоб кўргазмаси.

 

1 – бўлим.        Шоирнинг ҳаёти ва ижоди.

2- бўлим.          Шоир шеърларида аруз жилвалари.

3- бўлим.          Шоирнинг ижодида таржимонлик фаолияти.

 

Ихтибос:           Бугун Бухородан қалбини излар,

                           Излар минг йўлларга кирган ҳаёлин....

                                                                                       Зулфия

 

Ихтибос:            Сўз майдонга чиқдими – энди у кўпчиликнинг мул-                                      

                            кига айланади – энди унинг вазифаси шу кўпчилик-

                            нинг манфаати, обрў-ўйлари, ғам-ташвишлари, қу-

                            вонч ва дардлари бўлиши керак, энди у тинимсиз

                            курашуви керак. Сўз – давр қийинчиликларига дош     

                            бера олгандагина, шу қийинчиликлар тўфонида    

                            ҳам ўз кучини сақлай олгандагина ҳақиқий  - Сўз бўла-

                            олади. Шундагина унинг ортидан эргашиш, унга

                            ишониш мумкин. Жамол Камол шеъриятида  -Сўз

                            ўзининг ана шу улкан вазифасини оқлайди.

                                                                    

         Шукрулло

                                                                           Ўзбекистон  халқ шоири

                     

 

Шоир  Жамол Камол  таваллудининг 75 йиллигига

бағишланган  “Олам кирар юрагимга” номли

адабий – мусиқий кечанинг сценарийси

 

1   Бошловчи.   Ассалому – алайкум ҳурматли кечамиз қатнашчилари! Бугунги адабий – мусиқий кечамиз Ўзбекистон  халқ шоири, Ўзбек шеъриятига ўз ҳиссасини қўшган истеъдодли шоир ва таржимон Жамол Камол таваллудининг 75 йиллигига бағишланади.

2   Бошловчи.   Жамол Камол фақат ўзбек шеъриятини эмас, балки елкасида адабиётнинг хилма-хил жанрлари юкини ортмоқлаган ҳасос ва йирик шоир , теран фикрли олим, бир неча хорижий тилларни эгаллаган моҳир таржимон сифатида ҳам юртда эътибор қозонди, танилди.

Жамол Камол ижоднинг қай соҳасига қўл урмасин виждонни, инсофни, меҳнат машаққатини ўзига устод қилиб олди.

Жамол Камол шеърларида ҳам, достонларида ҳам, таржима ва илмий ишларида ҳам ўз яхши ниятларини , олижаноблик ва ҳалоллик, муҳаббатни элу- юрт қалбига сингдира  олиш дарди билан яшади.

 1.Бошловчи.   Шоирнинг илк шеърий тўплами   “Олам кирар юрагимга” деб номланиб, у 1968 йилда чоп этилган бўлиб, ундан кейин ўнлаб шеърий тўплам, достон ва таржима асарлар яратди.

         Шоирнинг “ Чўққиларга ёғилди”,  “Тош туғён”, “Ҳасан ва ой”,  “Тафаккур”, “Қуёш чашмаси”,  “Достонлар”,  “Сувайдо”, Умидли дунё”  каби шеърий тўпламлари фикримиз далилидир.

Энди Жамол Камол шеъриятидан намуналар тингланг.

                   

2.Бошловчи.       Эй буюк тупроқ  шеъри

 

Тўрт буюк уфқингда нур тошаётир,

Тўрт буюк уфқингда юлдуз жилови.      

Кўзларим севинчдан ярқираётир,

Қанот боғлаётир дилбандинг жони.

 

Отамнинг отаси , эй буюк тупроқ,

Онамнинг онаси, эй буюк тупроқ.

Бир жигарпорангман, қутлуғ ватансан,

Шараф остонаси, эй буюк тупроқ,,,

 

Кунда қадамлаган ҳар қаричингни,

Бағримга босаман чароғон тунда.

Кўнглим шайдосидир келажагингнинг,

Мен кўрар жамолинг тилсимдир унда...

 

Кошки она, мен ҳам дил гавҳаридан,

Уфқингда бир дона чироқ ёқолсам.

Юлдуздай нур сочиб тиниқ меҳримдан,

То абад бошингда пирпираб ёнсам

 

1.Бошловчи. Шоирнинг “Ҳамлет”, “Футбол”, “Клубатра”, “Файласуф билан суҳбат”, “Қўғирчоқлар” каби қатор шеърларида айтилган фалсафий теран

фикрларни бирор донишманднинг китобида учратмайсиз. Бу шоирнинг дарди, шоирнинг дунёқараши, шоирнинг фалсафаси. Фалсафа бу – бир нарсани нималигини айтиш эмас, унинг моҳиятини очиш, дунё ҳақида кишиларга янгича муносабат билдира олиш. Бу фазилатлар шоир ижодига хос афзалликдир.

2.Бошловчи:     Юртим” шеъри

 

Қуёш битта, ҳар бир юртнинг қуёши бор,

Осмон битта, ҳар бир юртнинг осмони бор.

Замин битта, ҳар бир юртнинг тоғу тоши,

Жаҳон битта, ҳар бир юртнинг жаҳони бор.

 

Ўзбекистон, айрилмагин қуёшингдан,

Ўзбекистон. айрилмагин осмонингдан.

Ўзбекистон, тупроғингдан жудо бўлма,

Айру тушма, юртим, турфа, жаҳонингдан...

 

Ҳар бир элнинг бошида бор жудоликлар,

Жудоликлар келса, бошинг омон бўлсин.

Ўта берсин подшоликлар, гадоликлар

Озодлигинг, юртим, сенга имон бўлсин.

 

Нурли-нурли айёмларинг бўлиб турсин,

Насиб этсин сенга олтин саҳроларинг.

Овозингга тўлиб турсин, тўлиб турсин,

Юртим чаман водийларинг, дарёларинг.

 

1.Бошловчи.  Бу вафо ҳақида насихат эмас, Бу шеър! Бу ижод! Ижодий машаққат меваси. Киши қалбини ларзага солиб, бир умр ёдда қоладиган шеър.

2.Бошловчи. Жамол Камол достон жанридаги асарлар билан ҳам ўз сўзини айтган, шеъриятни янги тасвир ва образлар билан бойитган талант соҳибидир.

Шоирнинг “Сайланма”сини ушбу биринчи жилдига унинг 1960-80 йилларда ёзилган энг сара шеърлари, ғазал ва мухаммаслари жамланган. Китобга шу даврда яратилиб, шеърият ихлосмандлари томонидан севиб қаршиланган “Жамила”, “Тош туғён”, “Эшикда ой тўлқини”, “Армон”  достонлари ҳам киритилган.

1.Бошловчи. Шоир Жамол Камол кўпдан буён аруз вазнида қалам тебратиб келади. Аруз умрбоқий, мукаммал санъат. Ўзбек арузи мавжларида найнинг сеҳрли наволари, рубоб ва чангнинг биллурин садолари, дутору танбурнинг ҳаёлчан тўлғанишлари  яшайди. Шоирнинг дилрабо, нозик ғазаллари китобхонлар тахсинига сазовор бўлган.

“Қуёш чашмаси” деб аталган тўпламида шоирнинг қадимий арузда яратган энг яхши асарлари жам этилган.

2.Бошловчи. Азиз кечамиз қатнашчилари! Энди навбат шоир шеърларида аруз жилваларидан намуналар тингланг.

 

Дўстлик     ғазали

 

Бизда дўстлик чин муҳаббатнинг

Улуғ дунёсидир,

Бағрида оққан саодатнинг

Тиниқ дарёсидир.

 

Шу гўзал дарёга лаб очдию

Бўлди дуриёб,

Бу Ватаннинг неча гулшан

Боғидир, саҳросидир.

 

Боғ ила саҳро наинким,

Нурли дўстликдин нишон,

Юртимизнинг ҳар чаманда

Наргису раъносидир.

 

Қалбимизда эл-элатларга

Садоқат жавҳари,

Қонимизда шу шарофатнинг

Асл кимёсидир.

 

Биз бу равшан қуёш ости

Шу олам бир китоб,

Жонажон дўстлик, биродарлик

Унинг имлосидир.

Дўст бўлиб, дўстлик чаманзорин

Яратдик, шул сабаб –

Юртимиз аҳли башарнинг

Зебидир, зебосидир.

 

Ёзди дўстликка Жамол

Ширин ғазални гўё,

Аслида айтган шивирлаб

Булбули гўёсидир...

 

1.Бошловчи.Жамол Камол тарихий асарларнинг таржимони. Таржима асарларининг фойдаси бошқа бирор халқнинг ҳаёти билан ўзбек китобхонларини таништириш эмас, балки тилимизнинг бойишига ҳам ҳисса бўлиши керак. Бу фикримизнинг ёрқин ифодасини Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий” романини Жамол Камол таржимасидадир. Буларнинг асосий қисми жаҳон адабиётининг дурдоналари; Шекспирнинг ўн иккита

драмаси, Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут тайр” ва “Илоҳийнома”си,

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг олти жилдлик “Маънавийи маснавий”сидир.

2.Бошловчи. Жамол Камол қайси жанрга қўл урмасин сидқидилдан машаққат чекишни лаззат санайди. Атторни, Румийни ва Ҳазрати Али шеърларини таржима қилган киши бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.

1.Бошловчи. Жамол Камол чиндан сермаҳсул шоир, моҳир таржимон, билими кенг диди юксак шеършунос ва адабиётшунос ҳамдир.

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолнинг ёзган қатор достонлари, шеърий тўпламлари, аруз вазнида ёзилган “Армон” достони китобхонлар томонидан юксак баҳоланган.

2.Бошловчи. Ардоқли шоир, улкан таржимонимиз Жамол Камол мақтовларга бардошли, ҳар қандоқ қийинчилик ва машаққатга юзланса, мамнуният кўрсата олиш даражасидаги қудрат соҳибидир. Шундай қилиб сархушлик ва чароғонликда шоиримиз узоқ умр кечириб, янги ижодий ютуқларга эришишни биз яратгандан тилаб қоламиз.

 

Адабиётлар рўйхати

 

1. Камол Ж.  Достонлар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1978.-136 б.

2. Камол Ж.  Лирик шеърият./.ФА, А.С.Пушкин номидаги тил ва адабиёт ин-ти.- Т.: Фан, 1986.- 144 б.

3.  Камол Ж.   Маккайи Мукаррама. Мадинайи мунаввара / Муҳаррир О.Мўмин. – Т., 1992. – 166 б.

4.  Камол Ж.   Олам кирар юрагимга:  Шеърлар. – Т.: Ғофур Ғулом номидаги нашр., 1968. – 84 б.

5.  Камол Ж.   Сайланма / Маъсул муҳаррир: Ж. Эшонқул. Ж.1.–Т.: Фан, 2007

     Ж.1: Аср билан видолашув: Шеърлар, достонлар. – 336 б.

6.   Камол Ж.   Сувайдо.: Шеърлар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашри,1983.-238б.

7.   Камол Ж.   Шеърлар. – Т.: Ёш гвардия, 1979. – 79 б.

8.   Камол Ж.   Тош туғён. Шеърлар ва достон. – Т.: Адабиёт ва санъат нашр, 1973.- 67 б.

9.   Камол Ж.   Умидли дунё: Шеърлар, ғазаллар, достонлар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашр., 1988 – 480 б.

10. Камол Ж.    Чўққиларга ёғилди ёғду: Шеърлар. / Катта ёшдаги болалар ва ўсмирлар учун. – Т.: “Ёш гвардия”, 1971.-62 б.

11. Камол Ж.     Қадаҳ: Лирика. – Т.: Адабиёт ва санъат нашр., 1980.- 168 б.

12. Камол Ж.     Қуёш чашмаси. Ғазаллар, мухаммаслар, қасида, достон. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1975.- 103 б.

                                    

 

Тузувчи:                          Д. Қаландарова