ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ  TURON” АХБОРОТ-КУТУБХОНА МАРКАЗИ

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

СЕН УМРИМНИНГ ТОНГИСАН, ВАТАН!

 

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ижодига

бағишланган услубий қўлланма.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Тошкент-2012

Бу йил  истеъдодли шоир ва ёзувчи, Ўзбекистон халқ шоири  Хуршид Даврон  60 ёшга тўлади. Шу муносабат билан Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон таваллудининг 60 йиллигига (20.01.1952) бағишлаб “Истеъдодли шоир ва публицист” мавзусидаги услубий қўлланмани барча қизиқувчилар ва кутубхоначилар эътиборига ҳавола этамиз. Қўлланма ўз ичига қуйидаги материалларни олади:

1.     Хуршид Даврон ҳаёти ва ижоди.

“Сен умримнинг тонгисан, Ватан!” номли китоб кўргазмаси учун материаллар.

 

2.  Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон шеъриятига бағишланган ижодий учрашув ўтказишга оид тавсиялар.

 

3. “Баҳордан бир кун олдин” китоби асосида давра суҳбати.

 

4. “Мирзо Улуғбек”, “Бобур шоҳ”, “Аврангзеб” каби тарихий мавзудаги драматик асарлари муҳокамаси учун материаллар.

 

5. Адабиётлар рўйхати.

 

 

Хуршид Даврон (1952)

        

Истеъдодли шоир ва публицист Хуршид Даврон 1952 йилнинг 20 январь куни Самарқанд вилояти Самарқанд туманидаги Чордара қишлоғида хизматчи оиласида туғилган.

         Ўрта мактабни тугатгач, 1969 йили Тошкент Давлат университети журналистика факультетининг кечки бўлимига кириб, кундузи Тошкент қурилишларида ишлайди.

         1971 – 1973 йиллар давомида ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, ўқишни давом эттиради. 1974 йилдан 1992 йилгача турли нашриётларда ишлайди.

         Унинг илк шеърлари 1976 – 1977 йиллардан бошлаб туман ва вилоят газеталарида босилган.  Катта адабиётга кириб келиши 1976 йили “Гулистон” журналида устоз шоир Эркин Воҳидовнинг “Оқ йўл”и билан бошланган.

         1976 – 1978 йиллар давомида унинг бир қатор шеърлари чоп этилади. 1979 йили биринчи ва иккинчи китоблари: “Қадрдон қуёш”, “Шаҳардаги олма дарахти” босилиб чиқади. Шундан сўнг шоирнинг қуйидаги китоблари  нашр этилади: “Тунги боғлар” (1981), “Учиб бораман қушлар билан” (1983), “Тўмариснинг кўзлари” (1984), “Болаликнинг овози” (1986), “Қақнус” (1987), “Самарқанд ҳаёли” (1991). Сўнгги тўплами ўзбек халқи тарихига оид кўркам қиссалардан иборат.

         Унинг истиқлолимизни ардоқловчи янги шеърлар китоби “Баҳордан бир кун олдин” номи билан нашр этилди.

         Бундан ташқари, Хуршид Даврон “Соҳибқирон набираси” (1995), “Шаҳидлар шоҳи” (1997) каби тарихий қиссалар ҳам ёзган. Драматург сифатида “Мирзо Улуғбек”, “Бобур шоҳ”, “Аврангзеб” каби тарихий мавзудаги драмаларни яратган.

         Хуршид Даврон шеърий таржима билан ҳам шуғулланиб келади.

         Ҳозирги кунда шоир тарихий ҳикоя ва қиссалар ёзиш билан банд.

Хуршид Даврон хоҳ шеъриятда, хоҳ насрда қалам тебратмасин, ундаги тарихни чуқур билиш қобилияти, кенг илмий тафаккурнинг сахий нурларини сочиб туради.

         Унга “Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилган.

 

 

“Сен умримнинг тонгисан, Ватан!” номли

китоб кўргазмаси учун материаллар

 

Ушбу китоб кўргазмасини ташкил қилишдан  кўзланган мақсад кутубхонада ўтказиладиган маънавий- маърифий тадбирларда фойдаланувчиларни Ўзбекистон халқ шоири — Хуршид Даврон ҳаёти ва ижоди билан мукаммал таништириш, китобхонларнинг мустақил фойдаланишлари учун кенг имконият яратишдан иборат.

Кўргазманинг бўлимлари:

1.     Хуршид Даврон ҳаёти ва фаолиятининг саҳифалари.

 

Ихтибос:    Унинг шеърларида она-юрт, табиат манзаралари, болалик, ёшлик                      лавҳалари, ўтмиш ва келажак ҳақидаги ўйлари рангин ташбеҳлар орқали ифодаланади.

 

2- бўлим:   Хуршид Даврон драматург

         

        3- бўлим:    Хуршид Даврон публицистикаси

 

 

ХУРШИД ДАВРОН ИЖОДИ

ҲАҚИДА МУЛОҲАЗАЛАР

 

 

Хуршиднинг шоирона назарида ҳам, ташбеҳларида, шеърининг вазнида ҳам беҳаловат кечинмалар руҳи ва тўлқин сезилиб туради.

Унинг шеърларида ёшликка хос оташ бор, туғён бор.

Эркин Воҳидов

 

Клод Лоррен сувратларин кўрганман. Уларда қасрларнинг вайроналари жуда қадим замонлардан қиссалар айтаётгандай. Сокин кўрфазлар, Қанотли малоикалар, кўпириб ётган оқ булутлар, тонглар, тунлар, сўлим чошгоҳлар. Эски ғишт кўприклар чуқур оқаётган дарёлар узра... Дарахтлар эса... Клод Лоррен сувратларида дарахтлар доим марказда, доим борлиқ узра юксалиб сирли ҳикоятлар сўйлайдилар. Улар гўё кўп юриб, Заминни айлана-айлана ҳориб шу ерга чўккандайлар, нафас ростлагандайлар. Хуршид Давроннинг шеърларини ўқиганда Клод Лоррен сувратлари ёдимга тушади. Ўхшашлик бор эди улар ўртасида.

Тарих ҳам ҳайқиради, дам узоқ сукутга кетади бу шеърларда. Хуршид Давронга санъат, китоблар, тарих, қадим адабиёт кўпроқ илҳом беради. Унинг шеърларида давримизнинг зиёли кишиси образи анча бой кечинмалари билан гавдаланади.

Иброҳим Ғафуров

 

Хуршид—табиатан ёруғ кечинмалар, некбин қарашлар шоири. Унинг кўз ёшлари қанақадир тиниқ, дардларида масъум бир тортинчоқлик бор. У ҳатто қаҳрамонларининг фожеий кечинмаларини ёритишга интилганда ҳам масъумлигича қолади. Унинг қайғуси ҳам ҳаётий қонун бўйича қувончига узвий: “Нега бахт тўлдирса юрак ичини, Биз ўлим ҳақида ўйлай бошлаймиз?... ўлим ҳақидамас бу ўйлар, Ҳаётга муҳаббат эрур балки ғам”...

Ван Гог умуман санъатни назарда тутиб: “Энг юксак бадиият —одамларни севишдир”,—деган эди. Одамларни севиш, Ватанга, табиатга, халққа муҳаббат —ҳаммаси умуман шоирнинг борлиққа поэтик муносабатини, шеъриятнинг ижтимоий моҳиятини белгилайди. Хуршид дунёни узвий  умумий меҳрда кўришга мойил, У бундай мураккаб ҳаётий фалсафани содда поэтик талқин этадики, бу камолот йўлидан бораётган маҳоратдир.

Аҳмад Аъзам

 

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон шеъриятига бағишланган ижодий учрашув ўтказишга оид тавсиялар

 

Хуршид Даврон шеъриятига бағишланган ижодий учрашув ўтказиш катта таёргарлик ишларини талаб этади. Бу тадбирни ўтказиш учун тайёргарлик ишлари бир ой олдин бошланади. Маълумки шоирнинг 1976 – 1978 йиллар давомида бир қатор шеърлари чоп этилган. Бунда китобхонлар ўқиб чиқишлари учун 1979 йили биринчи ва иккинчи китоблари: “Қадрдон қуёш”, “Шаҳардаги олма дарахти” номли китоблари китобхонларга таништирилади. Сўнгра шоирнинг қуйидаги  “Тунги боғлар” (1981), “Учиб бораман қушлар билан” (1983), “Тўмариснинг кўзлари” (1984), “Болаликнинг овози” (1986), “Қақнус” (1987)  каби мазкур китоблар китобхонлар ўртасида тарқатилади ва улар асардаги воқеалар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишлари керак. Мактаблар, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари, маҳаллалар, ташкилотларга эълонлар осилиб, таклифномалар юборилади. Маҳаллий матбуот, радио ва телевидения орқали ўтказиладиган ижодий учрашув тўғрисида ҳабар берилиши, унда кўпчиликнинг иштирок этишини таъминлайди. Тадбирни юқори савияда ўтказиш учун аудитория танлаб, безатилади. Хуршид Даврон ҳаёти ва ижодига бағишланган китоб кўргазмаси ташкил қилинади ва ундаги адабиётлар асосида обзор ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

Ижодий учрашувни кутубхоначи ёки адабиёт ўқитувчиси олиб бориши мумкин. Мазкур тадбир ўтказилиши мобайнида китобхонлар ва иштирокчиларга асар ҳақида саволлар берилиб, улардан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришлари сўралади. Тадбирнинг янада қизиқарли ўтиши учун ёзувчининг ўзини, адабиётшунос, тарихчи олимларни, адабиёт ўқитувчиларини таклиф қилиш мумкин.

 

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг турли йилларда чоп этилган “Қадрдон қуёш”( 1979), “Шаҳардаги олма дарахти”( 1979) “Тунги боғлар” (1981), “Учиб бораман қушлар билан” (1983), “Тўмариснинг кўзлари” (1984), “Болаликнинг овози” (1986), “Қақнус” (1987) номли китобларига киритилган шеърлардан намуналар.

 

Ёз эртаги

 

Далаларнинг қоқ ўртасида

Еру осмон аро бир эртак –

Юлдузларнинг майин сасидан

Тебранади оппоқ беланчак.

 

Ухлаб қолар ҳориган ота.

Ухлаб қолар теримчи – сулув,

Ухлаб қолар чорбоғ ортида

Ариқчада жилдираган сув.

 

Фақат қора кўзларин очиб,

Ҳайратларга тўлдириб қучоқ.

 Онасига ўхшатиб ойни

 Тамшанади ойдек чақалоқ.

 

Ва меҳрдан ийиб, кўксини

Чақалоққа тутар ой хушҳол.

Сўнг аллалар айтиб, ўксиниб,

Беланчакни тебратар шамол.

 

Ёнаётган гулханлар

 

Кўз ўнгимда бепоён боғлар,

Япроқларда тилларанг ғубор.

Яқинлашиб қолгандек тоғлар,

Ҳаво шундай тиниқ, беғубор.

 

Шитирлаган тунги ёмғир ҳам,

Туманларни қучоқлаган тонг,

Қоп – қорайган дала – ю қир ҳам

Бари менга таниш, қадрдон.

 

Дарахтларда ловуллар гулхан,

Юрагимда унинг тафти бор.

Боғчадаги хазонлар билан

Учиб юрар кечаги баҳор.

 

Мени ташлаб кетмоқчи ,  дўстин   

Тўхтатмоқчи бўлгандай, бу он

Мен жимгина қўлим чўзаман,

Ёнаётган гулханлар томон.

 

Дарахтзор қошига келар бир аёл

 

Тунда силкитаркан дарахтни шамол,

Дарахтлар маҳзун, букчайиб,

Дарахтзор қошига келар бир аёл,

Нозик оёқларин  шабнамга чайиб.

 

У гуллар сочади ҳовуч – ҳовучлаб,

Ҳайратга тўлади армонли боғлар.

У куйлай бошласа, гулларни тишлаб,

Уйғона бошлайди қуриган шохлар.

 

Куз эртаги

 

Теримчи қизлар

Шохлардаги қушлардай енгил,

Қоматли – ҳаёл,

Қуёш иси анқиб турар чеҳраларидан.

Улар

Тўлиб кетган армонлар каби

         Эгатларга сочилган,

Орзулари мезонлар каби

Оппоқ – оппоқ учиб юргувчи

Ойдин шамолларга осилган.

Ҳув... Бўғилиб сайраган

         қушдан ҳам узоқ,

Қишлоғимнинг чексиз далаларида,

Оппоқ шийпонларда кўксини титроқ,

Илиқ, мовий шамоллар ўпиб,

Ухлаб ётар теримчи қизлар

Тушларини қуёшга кўмиб...

 

                                        Аёл, қайғу ва муҳаббат ҳақида

 

1. Аёл

 

У аёлнинг қўллари дағал,

У аёлнинг кўйлаги дағал.

Уни ҳар кун калтаклар эри,

Ҳар кун юзда кўкарар доғлар.

 

Кеча ногоҳ йўлнинг четида

Кўриб қолдим ўша аёлни:

У ҳидларди мен сезмай ўтган

Миттигина марварид гулни.

 

2. Қайғу

 

Латтани ҳўллар экан

Ўтиб қолади,

Ерга эгиб бошини

Ўйга толади.

 

Ажин босган юзларида

Акс этар қайғу –

Кимни ўйлаб, кимни эслаб

Ғам чекади у?

 

                                                          3. Муҳаббат

 

- Мен севаман,- шивирлар аёл, -

Кирларингни ювиб бераман.

Дазмоллайман кўйлакларингни

Сени қучган қўлларим билан

 

Бир кун тонгда тўшакда ётиб,

Қулоғингга шивирласам, бас:

“Юрагимнинг остида кимдир

Худди сендек олмоқда нафас”.

 

Эриб кетар хира туманлар…

 

Эриб кетар хира туманлар,

Капалакдек уйғонар ялпиз.

Осмон дарё бўлиб туюлар,

Ўтлар узра чопқилайди кўз.

 

Қайроғочнинг гули – митти жом –

Жаранглайди – таратар атир.

Тушларимга кирар бу оқшом

Майсаларни қучоқлаб адир.

 

Шамол елар эркин, қутуриб,

Қурий бошлар томлар тўсини.

Гуллаётган олчани кўриб,

Деразалар очар кўксини.

 

Ёритганча то юрак ичин

Сабза ўтлар шабнамга қонар.

Ватанни соғинмоқ учун

Ер остида жангчи уйғонар.

 

Ойбек

 

1.

 

Ойбекнинг шеърини далага чиқиб,

Майсага ағанаб ўқимоқ керак.

Ва сокин шивирни – оҳангин уқиб,

Ойбекми? Майсами? – деб толсин юрак.

 

Ойбекнинг шеърини бедазор аро

Сой саси аралаш тингламоқ зарур,

Билмай қолсин юрак сув узрами ё

Ойбекнинг шеърида ўйнайди бу нур?

 

Ойбекнинг шеърлари бамисли нигоҳ,

Бу нигоҳ асрорин йўқдир поёни.

Худди бўлмагандек майсага изоҳ,

Йўқ Ойбек шеърининг тўла баёни.

 

Ойбек – бу майсага чўккан бужур тош,

Ҳайратдан ёрилиб – ёрилиб кетган.

Ойбек – бу дарахтзор устида қуёш,

Нури то чумоли кўзига етган.

 

Ойбек – бу улкан бир чорбоғ остида

Ёввойи узумзор оралаб, титроқ

Қуёш тангалари ўйнаб сиртида,

Бирдан ёруғликка чиққан шўх ирмоқ.

 

Ойбек – бу оғриқни қари  чол  каби

Юракнинг тубида асраган сўзлар.

Барча ҳасратини, жим туриб лаби,

Энг яқин дўстига сўзлаган кўзлар.

 

2.

 

Шеър – фақат қуш тили, деганди шоир

Қулоқ тутиб қувноқ, шўх товушларга.

Бошида рутубат қилганда қаҳр,

У тилин қайтариб берди қушларга.

 

Шеър – юлдуз киприги, деганди Ойбек,

Ўзи киприк эди Ўзбекистонга.

Сўнгги дам бошида сўнаркан осмон,

Шоир кўзларини берди осмонга.

 

***

 

Юлдузларин кўкка сочди ғайб,

Ой ҳам чиқди сочлари тўзиб,

Гўё қилиб қўйгандайин айб,

Шол рўмол – ла юзини тўсиб.

 

Сукут аро ухлайди дала,

Ой сутини ичиб гўдакдек –

Қайлардадир, қилганча нола,

Бўзлаётир ғамдийда қўшнай.

 

Тиниқ тортиб боради осмон,

Аммо сирин очмас мавжудот.

Поёни йўқ адирда бу он

Ўтлаб юрар киртиллаб бир от.

 

От ёнида чўзала тушиб,

Кўкатларни сийлайди қўлим.

Юлдузларнинг тафтида яйраб

Бундай пайтда исинар қўлим.

 

Ҳув, пастликда шағиллар дарё,

Қирғоғида қамишлар қалин.

У яшириб тургандай гўё

Бу дунёнинг ҳасратли қалбин...

 

 

 

Шоир шеъриятига бағишланган ижодий кеча

 учун тахминий саволлар

 

1. Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг илк шеърлар китоби “Қадрдон қуёш”( 1979) деб номланишига нима туртки бўлган?

2. Шоир ижодининг етакчи концепцияси қайси жиҳатларни ўз ичига олади?

3. Ватан ҳақида ёзган шеърларингиз тарихи ва мазкур мавзу бўйича шеър ёзиш ҳақидаги сизнинг фикрингиз.

4. Китобларингизнинг номланиши ва уларнинг чоп этилиши жараёнида бўлиб ўтган муоммолар ҳақида ўз фикрингизни баён қилинг.

5. “Болаликнинг овози” китобингизни чоп этилиш тарихи ҳақида гапириб берсангиз.

6. Ватанпарварлик туйғуси ва шеърият инсонларнинг қайси ҳислатларида намоён бўлади?

7. Янги ижодий режаларингиз ҳақида гапириб берсангиз.

8. “Қақнус” китоби ҳақида гапириб берсангиз.

9. Шеърларингизда аёллар образи ўзига хос талқинда ифода этилади. Умуман аёлларнинг шеърлардаги тасвирий ифодаси ҳамда ўзаро меҳр оқибати ҳақидаги сизнинг фикрларингиз.

 

Шоир ижодига бағишлаб    “Баҳордан бир кун олдин”

китоби асосида тематик кеча

     

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг “Баҳордан бир кун олдин” китоби 1997 йилда “Шарқ” нашриёт-матбаа ижодий уйида нашр қилинди.

Бу китобда шоирнинг яқин ўтмишнинг аччиқ саҳифаларига бағишланган шеърлари жамланган.  Китобдаги шеърларнинг аксарияти собиқ шўролар тузуми даврида ҳукмрон бўлган ғояларга, миллий қадриятларимиз, бой меросимиз, шонли тарихимизга, миллий ва инсоний ҳақ ҳуқуқларга нисбатан юритилган зуғумкор сиёсатга қарши уйғонган ҳис-туйғулар билан йўғрилган.

Ўзбекистон  Республикаси Мустақиллигининг муҳим санасига бағишланиб нашр этилган ушбу китоб истибдод даври жароҳатлари ва қатағонларини унутмасликка даъват қилади. Зеро, мозий сабоқларини унутган, ўтмиш фожиаларидан тўғри хулоса чиқара ололмаган одам яна бир карра ўша фожеаларга дучор бўлиши муқаррардир.

  “Агар шоир фаолиятининг асл қадр-қиймати бўлса, у шоирнинг инсон қайғу-изтиробини тўла англаши инсониятни оғриқлар чангалидан олиб чиқа олиши ва зулмат қўйнида ёниб турган тафаккур—муҳаббат чироғини шамолу бўронлар ҳамласидан асраб, унинг зуҳурли ёғдусини одамларга етказа олиши билан ўлчанади”— бу шоирнинг бадиий ижодга ва уни қадрига етувчиларга билдирган ўзига хос бир бадиий талқини. Хуршид Даврон барча шеърларида қалам соҳибининг масъулият эгаси бўлиши лозимлигини англатиб келади. Мана унинг Ватан ҳақидаги шеъри:

Мен кўксингга бошимни қўйдим,

Сен чеккан ғам, ҳасратда куйдим.

Суйдим сенинг Оқдарёнгни ҳам,

Ҳамда қора дарёнгни суйдим,

Эй, қалбимнинг онаси, Ватан!

 

Сен боболар битган байтдирсан,

Муҳаббатим қўшиб айтурман.

Ўтмишингга йўл солиб гоҳо,

Келажагинг билиб қайтурман,

Эй, қалбимнинг онаси, Ватан!

 

Сен ўтган йўл—юрагим йўли,

Изтироб ёшлари чўккан йўл.

Боболарим жасоратига

Гувоҳ—алвон қонга чўмган йўл,

Эй, қалбимнинг онаси, Ватан!

 

Бу йўллардан борурман, қадим

Битиктошлар чиқар қошимга.

Улар сўзин кўчираман жим

Юрагимнинг бужур тошига,

Эй, дардимга дармоним, Ватан!

 

Исминг айтиб чиқар куртаклар,

Исминг айтиб чиқади қуёш.

Исминг айтар жангчи юраклар

Кураш чоғи тугаса бардош,

Эй, қалбимнинг онаси, Ватан!

 

Болакайлар қоғоздан ясаб

Оқизган оқ кемачалардай,

Сўлим тонглар, ол тонглар ясан

Оқиб чиқар кечаларингдан.

Сен умримнинг тонгисан, Ватан!

 

Мен кўксингга бошимни қўйдим,

Сен чеккан ғам, ҳасратда куйдим.

Суйдим сенинг Оқдарёнгни ҳам,

Ҳамда қора дарёнгни суйдим,

Эй, қалбимнинг онаси, Ватан!

 

 Дарҳақиқат, Ватан ҳақида шеър ёзиш қалам соҳибидан ўзига хос малака ва кўникмаларни талаб қилади. Бу мавзу қалбга эпкин ташлаган экан албатта шоир маърифатнинг барча чиғириқларидан ўтган бўлиши лозим. Ана шундагина шоир ўзи айтгандек: “Токи қоғоз юзида ботин Ҳайқириқдай пайдо бўлсин шеър”.  

“Шеър қандай ёзилади?” шеърини ўқиб, ўқувчи қалбини эгаллаган барча саволларга жавоб топа олади:

 

Душман босган она юрт учун

Ясалгандек қиличу найза,

Кўкдан тушган ойдин нур учун

Қўйилгандек уйга дераза;

 

Экилгандек гул ёки дарахт,

Қорилгандек нон учун хамир,

Қор нафасин туйганча карахт

Гиёҳ ерга отгандек томир;

 

Сув тутгандек ташна йўлчига,

Оқлагандек баҳорда уйни,

Асраб-авайлаб ўстирган каби

Юрагингда муқаддас ўйни;

 

Ўсганидек далада буғдой,

Ин қургандек шифтда қалдирғоч,

Нур сочгандек одамларга ой,

Дўст очгандек дўстига қулоч;

 

Боғлагандек жангчи ярасин,

Қичқиргандек тоғда ҳайратдан,

Йиғлагандек она кўзини

Узолмасдан хира суратдан;

 

Бесаранжом юрганча дилсўз,

Қафас аро бўкиргандек шер

Уйғонади дил тубида сўз

Ва қоғозга тўкилади шеър.

 

Мана шундай ёзилади шеър!

 

Бу баъзи бир муҳлисларга анъана бўлиб, умумий саволларга шоирни бадиий жавоби. Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ижоди билан танишиш, ҳар бир китобхон ва ижодкорнинг  қайси бир образ орқали талқинига таҳлил нуқтаи назаридан ёндошса, албатта ўзи излаган саволларга жавоб топади. Бунинг учун узоққа бориб ўтириш шарт эмас, шоирнинг турли йилларда нашр этилган китобларини мутолаа қилиб чиқса бас.   

Эътиборингизга унинг аввалги китобларидан, лекин сурури эскирмаган шеърларини яна бир бор ёдингизга солишга ҳаракат қиламиз. Гарчи мангу мавзулар доимо оҳорли, абадий навқирондек туюлаверади.

 

Мовий рангли осмонга боқдим,

Осмонимга айланди осмон.

Зумрад дала меники бўлди

Боққанимда чексизлик томон.

 

Пишиб ётган боғларга боқдим,

Ҳисларимга сингиб кирди куз.

Тонг нурининг тўлқинида жим

Юрагимга киради юлдуз.

 

Ичдим ўтли шамолларни мен,

Шамолларга айланди бағрим.

Севдим гулу аёлларни мен

Ва ҳаётни ёниб куйладим.

 

Ҳар кимнинг ҳам бўлсин осмони,

Ҳа, гуллари бўлсин қалбининг.

Эркдай улуғ Ўзбекистони,

Чексизлиги бўлсин ҳар кимнинг...

 

Ҳурматли адабиёт  ихлосмандлпри шунинг билан  бугунги ижодий учрашув кечамизни якунлаймиз. Эътиборингиз учун рахмат.

 

 

АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

                                                     

 

1.Даврон Хуршид. Баҳордан бир кун олдин: Шеърлар, ривоятлар, таржималар.-Т.: “Шарқ”, 1997-224б.

2.Даврон Хуршид. Bidixonim qissasi.-Т.: “Sharq”, 2006.- 368 b.

3.Даврон Хуршид Мирзо Улуғбек ҳақида ривоятлар.//  Мактабгача тарбия.- 1994.-№3-4 сон. Б. 40-41.

4.Даврон Хуршид Соҳибқирон набираси ёхуд митти юлдуз қиссаси.- Т.: “Шарқ” нашриёт- матбаа концерни Бош тахририяти, 1995.-384

 

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ ХУРШИД ДАВРОН

ИЖОДИ ҲАҚИДА

 

1.Мирвалиев С. Хуршид Даврон. Ўзбек адиблари.- Т.: “Фан” нашриёти, 2007- 229 б.

2.Хуршид Даврон. ХХ аср ўзбек шеърият АНТОЛОГИЯСИ (Тахрир хайъати: А. Орипов ва бошқ. Тузувчи ва нашрга тайёрловчилар: Б. Каримов, Ҳ. Абдиев).- Т.: Ўзбекистон миллий энциклопэдияси, 2007.-285 -290 бб.

3.Тожибоева Д. Хуршид Даврон шеъриятида рамзий ва мажозий тимсоллар //  Тил ва адабиёт таълими.- 2010 -№ 8.-б.34-41.

4.Тўраев Д. Поэтик ғоя ва руҳий таҳлил// Ўзб. адаб. Санъати.-2012.-25 май.           

 

 

 

                         Тузувчи:                     Д. Ражабов

                    Мухаррир:                     Н. Аманкелдиева