Тошкент вилояти  «TURON» ахборот кутубхона маркази

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

                            

 

 

 

 

                               Серқирра ижодкор

                  Пўлат Мўмин таваллудининг 90 йиллигига

                       бағишланган услубий қўлланма

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

                                      Тошкент-2012

               Пўлат Мўмин ўзининг қувноқ шеърлари, қанотли қўшиқлари, маъно ва мазмунга бой достонлари, ҳаяжонли драмалари, ажойиб-ғаройиб эртак-достонлари, болалар зеҳнларини  чархловчи топишмоқлари билан кенг китобхонлар оммасига манзур бўлган қаламкашлардан биридир.

       Унинг қирқдан зиёдроқ турли ном ва тилдаги шеърий гулдастаси ўзбек болалар адабиётининг тараққиётига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

       Бу йил ўзбек халқининг севимли шоири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Пўлат Мўминнинг 90 йиллик юбилейи нишонланмоқда.

     Пўлат Мўмин таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан Республикамиздаги ахборот-кутубхона муассасалари қатори «TURON» ахборот-кутубхона маркази ва вилоятдаги ахборот ресурс марказлари хамда кутубхоналарида бу санани турли кечалар, асарлари бўйича кўргазма ва обзорлар, адибнинг шогирдлари билан учрашув кечалари ва бошқа қизиқрли тадбирлар орқали  кенг нишонланади. Шу муносабат билан ушбу услубий қўлланмада адибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида  маълумот,  «Серқирра ижодкор» номли китоб кўргазмаси, «Қанотли қўшиқлар муаллифи» мавзусида адабий- мусиқий кеча, асарлари асосида тузилган викторина ва адабиётлар рўйхатини эътиборингизга ҳавола этамиз.

     

                    Адибнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти

 

Пўлат Мўмин 1922 йилнинг 25 декабрида Тошкент шахрида деҳқон оиласида дунёга келди. У бошланғич маълумотни  Тошкентдаги 22-мактабда олди, уни битиргач, Тошкентдаги педагогика билим юртига ўқишга кирди. Бу ерда тил ва адабиётни қаттиқ севиб қолгани учун, у билим юртидаги адабиёт тўгарагининг фаол қатнашчиларидан бирига айланади.

     Билим юртини муваффақиятли тамомлаганидан кейин ва илм-фан сирларини кўпрок билиш иштиёкида бўлган Пўлат Мўмин Низомий номидаги Тошкент Давлат  педагогика институтининг тил ва адабиёт факультетига ўқишга кириб, уни аъло бахолар билан битирган Пўлат Мўмин Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтининг асперантурасида таълим олди. Бир катор мактабларда ва кино актёрлар мактабида она тили ва адабиётдан дарс берди. Хозирги «Тонг юлдузи» газетаси нашриётида, Ўзбекистон Давлат нашриётида болалар адабиёти бўлимининг мудири лавозимида ишлади. 1954-1960 йилларда адабий маслахатчи, 1962-1964 йилларда Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги қошидаги санъат ишлари бошқармасида драматургия бўйича бош муҳаррирлик қилди.

      Пўлат Мўмин қаерда ишламасин доимо адабиётга муҳаббат билан қаради, уни қунт билан мутолаа қилди ва ўрганди.

      У дастлабки шеъри «Бахорга саёхат»ни 1936 йилда ёзган бўлса-да, аммо у матбуотда 1944 йилда эълон қилинди. Бу шеърий машқ бадиий томондан анча бўш эди. Лекин шунга қарамай, бўлажак шоирдаги сўз гўзаллигига бўлган интилиш ва иштиёкни яққол кўрсатиб турар эди.

     Пўлат Мўминнинг биринчи шеърлар тўплами «Сайранг қушлар» номи билан 1949 йили нашр этилди. Тўпламдаги энг характерли  шеърларидан бири «Ўқитувчи»дир. Унда шоир алифбени  ўргатган, китоб, мактаб ва хаётга хавас уйғотган мехрибон устоз-ўқитувчи образини яратган. Шоир шеърдан ёшларни давримиз талабига муносиб қилиб тарбиялашдаги ўқитувчининг қиёфаси лирик қахрамон мисолида таъсирини кўрсатади.

     Болаларга ижод этиш, бу соҳада мувафаққият  қозониш учун эса қобилият ва истакнинг ўзига етмайди. Белинский таърифи билан айтганда, болалар ёзувчиси бўлиб туғилиши керак. Болалар ёзувчиси мохир педагоглардай бола қалбининг билимдони бўлсин, нозик таъб эгаси, гўдак табиати ва психалогиясининг билимдони, камтарин ва самимий, соддадил ва доно бўлсин, деган мазмунни тақазо этади, албатта. Шоир бутун умрини болалар орасида ўтказиб келди. У ёш китобхонларнинг ўй фикрлари, орзу умидларини яқиндан билади.

    Шоирнинг тинимсиз ижодий меҳнати туфайли «Ҳунардан унар» (1962), «Тўғри ўсган гул бўлур» (1960), «Ақл қаерда бўлади?» (1962), «Ўринбосарлар», «Олтин най» (1967), «Бир ярим Карим», «Энди адашмайди», «Барча бола дўст бўлса», «Раҳматга раҳмат»(1969), «Тиш чётка, атир совун ва порошок ҳақида эртак»(1954), «Офтоб чиқди оламга»(1956), «Яхшиларга ўхшасам», «Тонг куйлари»(1951), «Бу жуда соз», «Эсон ва Омон»(1973), «Эртакдан эртакка»(1989), «Эртаклар яхшиликка етаклар»(1984), «Болаларнинг бахти кулган », «Болажон -  болажоним»(2003), «Буғдой бобо»(1985), «Юрак завқу дардларин, айтар байту фардларим»(1993) номли шеърий тўпламлари  «Апрелой билан Майхон қиз», «Чаноқвой билан Қовоқвой» каби эртаклари, пьесалари юзага келди. Бу китобларга кирган енг яхши шеър ва қўшиқлари, достон ва эртаклари болалар адабиёти  ҳқзинасига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди, уни бойитди.

     П. Мўмин ўзбек қўшиқчилигида ҳам ўзининг муносибҳиссасини қўшиб келган шордир, Пўлат Мўмин ўзбек адабиёти анъаналарини давом эттириб, ғазал, туюқ, фард жанрларида ҳам кўплаб асарлар яратган. Унинг 500 зиёд қўшиқлари ғазал жанрида ёзилган. Шоирнинг «Кулди хиёл» (1964), «Гул ва пиёз» (1971), «Қўшиқ айтиб» (1985) сингари қўшиқлардан ташкил топган китоблари нашр этилган.

     Пўлат Мўмин достончи –шоир сифтида ҳам жуда қадрлидир. Унинг «Олтин нокли боғ», «Кўча-кўпчилик учун», «Эҳ, роса ширин экан», «Кўнгил истар яхшилик» каби поемалар аллақачон кичкинтойларнинг севимли асарларига айланиб кетган.

     Шоир драматург сифатида ҳам ёш китобхонлар ўртасида шухрат қозонди. Пўлат Мўмин болалар ҳаётидан олинган «Қовоқвой билан Чаноқвой», «Суқатой билан Конфетвой» (1970), «Баходирнинг ботирлиги» (1973), «Она болам дейди, бола онам дейди» (1975), «Оқ фил йўқолди» (1983), «Туяқуш-бояқиш» (1987) номли фантастик эртак пиесалари республикамиз театрларида сахналаштирилган. Булардан ташқари шоирнинг бир қатор асарлари МДХ давлатлари тилларига таржима қилинган.

      Пўлат Мўмин моҳир таржимондир, У бадиий таржима хусусида хам сермахсул ижод қилиб, А.С.Пушкин, В.Маяковский, С.Маршак, А.Барто ва бошқа рус ёзувчиларининг болаларга бағишланган асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, болаларнинг рус адиблари асарлари билан яқиндан танишишлари учун катта имкон яратиб берди.

      Пўлат Мўминнинг адабиёт олдидаги хизматлари халқ ва хукумат томонидан юқори баҳоланди. 1981 йилда шоир Ёзувчилар Уюшмасининг Ғофур Ғулом номли мукофоти лауреати унвонига сазовор бўлди. 1983 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, «Меҳнат аълочиси» медали, Ўзбекистон Республикаси Олий совети президиумининг фахрий ёрлиғи, 1992 йилда  Ўзбекистон халқ ёзувчиси, 1998 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофатланган.  

       Пўлат Мўмин ўз ижодида болалар ва ўсмирларнинг бугунги мазмундор ҳаётини акс эттириш  билан уларни маърифий-эстетик руҳда тарбиялаш ишига  муносиб ҳисса қўшди. Шунинг учун ҳам Пўлат Мўминни бугунги  болалар адабиётининг етук  намоёндаларидан эканлиги ва болаларга рухан яқинлиги адибнинг қуйидаги шеъридан сезилиб турибди.

 

                            Сиз берган завқдан тошдим,

                            Китобим-кўнглим очдим.

 

«Серқирра ижодкор»

номли адабиётлар кўргазмаси учун материаллар

 

   1-бўлим.   Адибнинг ҳаёти ва ижоди

   2-бўлим      Лирик шоир.

   3-бўлим. Болалар ёзувчиси ва драматург

 

Ихтибос:                “ Пўлат Мўмин ўзбек адабиётининг таниқли, мўйсафид                                                                                                                                                                                  

                         авлодига мансуб шоир. Унинг ҳар бир асари мана шундай                                                                                                                                                                                                                                                     

                         тажрибали бадиий сўз санъаткори сифатида ўқилади, баҳо      

                         ланади.”                                         

                                                                                 Ўзбекистон халқ ёзувчиси

                                                                                         Туроб Тўла

 

                        

                          “Қанотли қўшиқлар муаллифи”

                номли адабий- мусиқий кечанинг сценарийси

 

      Пўлат Мўмин шеъриятига бағишланган «Қанотли қўшиқлар муаллифи» номли адабий-мусиқий кечани ўқув залида тайёрлаб, ўтказиш мумкин. Кечада шоирнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоб кўргазмаси  ташкил қилинади. Фаол  китобхонлар  шеърларини  ёд оладилар. Шоирни таниган, билган шоирлар, адабиётшунослар таклиф қилинади. Кечани бир киши бошқаради.

         Бошловчи: Ассалому алайкум ҳурматли меҳмонлар, кечамизга ташриф буюрган  шеърият ихлосмандлари. Биз бугун  ўзининг қувноқ шеърлари, қанотли қўшиқлари, маъно ва мазмунга бой достонлари, хаяжонли драмалари,  ажойиб-ғаройиб эртак-достонлари, болалар зеҳнларини чархловчи топишмоқлари билан кенг китобхонлар оммасига манзур бўлган қаламкашлардан бири Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат  кўрсатган санъат арбоби Пўлат Мўмин таваллудининг  90 йиллиги муносабати билан ушбу кечани эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

         Пўлат Мўмин ўзбек шеъриятида, хусусан болалар адабиётида ва қўшиқчилигида айтса-айтгудек ижод қилган  шоирдир. Адиб ўзбек  адабиётини яратган ва шакиллантирган, такомиллаштирган ва умумжаҳон адабиёт минтақасига олиб чиққан устозлар шогирди ва бу катта адабиёт кўламини умумжахон адабиёт минтақасида муносиб давом эттираётган қатор шогирдлар устозидир. Унинг олтмиш йил мобайнида ватани, халқи ва уларнинг буюк идеалига ҳалол, сидқи-содиқликда хизмат қилиб келиши, асарларининг ҳоҳ катталар, ҳоҳ кичиклар томонидан маъқул қилиниши, севилиб ўқилиши, қайта-қайта нашр этилиши рус ва қардош халқлар тилларига таржима қилиниши, сўлим ва дилкаш қўшиқларининг тиллардан тилларга кўчиб, халқники бўлиб кетиши унинг қандай шоир еканлигидан  далолат бериб турибди.

          Бугун сиз шоирнинг Она ватанни, меҳнатни, дўстликни, муҳаббатни куйлаган лирик шеърларидан намуналар тинглайсиз, қўшиқлардан баҳраманд бўласиз. Кечамизни  ўқувчи қизларимиз «Устозлар» қўшиғи билан бошлаб беришади. Марҳамат!

                                    

                                     «Устозлар» қўшиғи

 

 Қизлар:          Меҳр нури ёғар доим,

                         Кўзингиздан устозлар.

                         Юрсам дейман шу табаррук,

                         Изингиздан устозлар.

                         Чин инсонлик китобига

                         Бахту-ҳикмат битимсиз.

                         Одоб ила билим олдим

                         Сўзингиздан устозлар.

                         Қалбингизнинг йўқ ғубори

                         Меҳрибонсиз шунчалар,

                         Қуёш олмиш ҳароратин

                         Юзингиздан, устозлар

                         Фан боғининг боғбонисиз,

                         Чароғбонсиз кўнгилга,

                          Минг меҳрибон ўғлингиздан,

                          Қизингиздан устозлар.

                          Жой олдингиз бир умрга

                          Шогирд юрак тўридан,

                          Мўмин ҳаёт тарзин ўқир

                          Ўзингиздан устозлар.

 

Эндиги навбат адибнинг «Сизга таъзим» номли шеърига.

Қиз бола:

                          Она юртим аълолари, сизга таъзим,

                          Жононлари, момолари, сизга таъзим,

                          Санъатимиз шайдолари, сизга таъзим

                          Юрак торим ошнолари, сизга таъзим

                           Қўшиқларим гулин терай изингиздан,

                           Илхомландим саломингиз, сўзингиздан,

                           Чаманзорим раънолари, сизга таъзим.

                           Қўшиқларим ижодкори асли сизлар,

                           Севишганлар-мард йигитлар, жонон қизлар,

                           Қалбингиздан Мўмин доим қўшиқ излар.

                           Давронимиз донолари, сизга таъзим.

 

Энди навбат «Туздим гулзор онамга» номли қўшиғига.

Қизлар:

                          Хурматимни этай изҳор онамга,

                          Қўшиқларим онаизор, онамга.

                          Онам берган юрак билан, қўл билан,

                          Боғим аро туздим гулзор онамга.

                          Юрса агар гулзоримда оралаб,

                          Хатто гуллар бермас озор онамга.

                          Қуёш бордир онажоним меҳрида,

                          Таъзим этар боғу-баҳор онамга.                         

                          Умрим бўйи элим учун тўкиб тер,

                          Ҳурматимни этай изхор онамга.

 

Бошловчи: Пўлат Мўмин аҳлоқ ва одоб, илмли бўлиш, ўз устида кўп ишлаш, китоб ўқиш, ўзаро ҳурмат ва дўстликни жойига қўйиш мавзуларига бағишлаб талай шеър ва қўшиқлар яратган. Шулардан айримларини сизларга ҳавола этамиз.

                                        

                                     «Орзу баҳорим».

 

Қиз:                    Улуғ орзу йўлидаман,

                            Тўлган қаторим,

                            Фан боғидан гуллар термоқ

                            Азму-қарорим.

                            Устозларим таълим берар

                            Илму-ҳунардан.

                            Истайдилар умрим бўйи

                          Омад барорим .

                          Ёшлигимиз олтин фаслин

                          Бахш этди даврон.

                          Гуллар очилур чаманзорда

                         Орзу-баҳорим.

Қиз-ўғил бола:

                         «Биз истиқлол эгасимиз».

                         Орзу боғин мевасимиз

                         Ҳур ҳаётнинг жилвасимиз,

                         Биз истиқлол егасимиз.

                         Қизу-ўғил болалармиз.

                         Соғлом, софдил болалармиз.

                         Биз ўргансак илму-хунар,

                         Изимизга нур бўйсунар.

                         Қўшиқ айтсак олам кулар,

                         Қизу-ўғил болалармиз

                         Бешчи, оқил болалармиз.

                        

                       «Чамандаги гуллармиз» қўшиғи.

                        

Қиз-йигитлар:

                        Қизлармиз, ўғиллармиз

                        Чамандаги гуллармиз.

                        Бизлар кўпмиз дунёда,

                        Сув оққандай дарёда

                        Биз  юрсак қаторлашиб

                        Кўчалар кетар тошиб.

                        Қизлармиз, ўғиллармиз

                        Чамандаги гуллармиз.

                        Оламни кулдирайлик,

                        Шодликка тўлдирайлик,

                        Бизлар ўқиб, ишлаймиз

                        Биз тичликни истаймиз.

                        Қизлар, ўғиллармиз

                        Чамандаги гуллармиз.

 

                             «Китоб-ҳаммабоп»

 

Қиз бола:

                        Ҳаётимиз ойнасин

                        Билимларнинг онаси,

                        Буюмлар дурдонаси-

                        Менга ўргатган одоб,

                        Бу китобдир, бу китоб!

                        Ҳеч тугамас хазина, 

                       Ҳар бир варағи зина,

                       Онадай иссиқ сийна

                       Саҳийликда ҳаммабоп

                       Бу китобдир, бу китоб!

                       Мазмунлари хилма-хил

                       Ақлингга қўшар ақл,

                       Дўстимдир жуда аҳил,

                       Фан йўлида нур-офтоб,

                       Бу китобдир, бу китоб!

 

                      «Дўстинг қанча кўп бўлса...» шеъри. 

Қиз бола:

                     Дўстинг қанча кўп бўлса,

                     Кўп бўлса – ё, кўп бўлса

                     Чаманзорга ўхшарди,

                     Эҳ, бир жойга тўп бўлса!

                     Дўстинг қанча кўп бўлса,

                     Қаторинг тўлиқ бўлар.

                     Ҳаммадан ҳам яҳшиси:

                     Кўнглинг доим тўқ бўлар.

                     Дўстинг қанча кўп бўлса,

                     Ўрганасан яхшилик,

                     Душманларинг ҳеч қачон

                     Қилолмайди қаршилик.

 

Бошловчи: Киши қалбига чироқ ёқолган санъаткорларнигина санъаткор, дейди устозлар. Пўлат Мўмин қалами ана шу чироққа ета олган қаламдир. У оддий сўзлардан мўъжиза яратган шоирдир. Бунга унинг шеър ва қўшиқларини тинглаб ўзингиз гувоҳ бўлдингиз. Шу билан кечамизни якунлаймиз. Эътиборингиз учун раҳмат.

 

 

«Топинг-чи биз қайси асар қаҳрамонимиз?»

номли адабий викторина учун материаллар

 

Пўлат Мўминнинг қайноқ  ва самарали ижодидаги эртаклари асосида викторина ўтказишнинг таҳминий саволларини келтирамиз.

 

                    Қадим замон ўткан екан бир дехқон,

                    Ўзи саҳий, одамларга меҳрибон

                    Ҳаммага ҳам ёқар экан хуш феъли,

                    Иззат-ҳурмат қилар экан юрт-эли.

 

Ҳурматли болалар топингчи, бу шоирнинг қайси асаридан?

                                                                        Жавоби: Саҳий мезбон.

 

Ушбу сатрлар шоирнинг қайси асарига мансуб?

 

                    Дум бўлади балиқда, қушда,

                    Тулки думи соз кўринишда

                    Фақатгина бедум қурбақа

                    Юрар ночор қилиб «вақ-вақа».

                    Қурбақа-чи, жуда ҳам қадим

                    Қолган эди бечора бедум...

                                                                       Жавоби: Нега қурбақа думсиз.

 

                    Шаҳарлардан чет-овлоқ

                    Бўлган экан бир қишлоқ.

                    «Бир қишлоқда ажойиб

                    Яшар экан бир табиб»,

                    Деган овоза, шов-шув

                    Ҳар ёнга тарқабди дув.

                    Табиб юз дардга даво-

                    Топа оларкан ҳатто.

 

Болалар қани айтингчи бу асар қаҳрамони ким?

                                                                       Жавоби: Марварид табиб.

 

Қуйидаги эртакда қандай жумбоқлар ўз ечимини кутмоқда? Қани эшитиб кўрингчи?

                     Ўтган экан золим шоҳ,

                     Ундан эллар чекиб оҳ-

                     Яшар экан қайғуда

                     Ғаддор экан у жуда

                     Шаҳзодалик пайтида-

                     Тахт ёнида айланиб

                     Юрар экан қийналиб

                     Отасининг ҳар куни

                     Ўлимини кутаркан...

                                                                     Жавоби: Уч жумбоқ.

 

Бу эртак номини топинг болалар тезда?

 

                     Тўртта тўғри бор экан

                     Тўртта ўғри бор экан.

                     Ўғриларнинг режаси:

                     Кезишаркан кечаси.

                     Тунда кимнидир талаб

                     Қайтишаркан эрталаб.

                     Барини топган-тутганин,

                     Не воқеа ўтганин-

                     Ўртага ташлашаркан

                     Шунақа яшашаркан...

                                                               Жавоби: Тўрт тўғри ва тўрт ўғри.

 

Энди бу эртакни топинг?

 

                     Газ ўчоқ узра лов-лов

                     Ёнарди мовий олов.

                     Мени кўрди-ю, дарров

                     Шивирлаб қўйди бирров:

-Менинг номим Газполвон

Қара, яйраб ёнаман...

                                          Жавоби: Газполвон эртак айтар.

 

Энди-чи болалар

                    Чиқибди бир паҳлавон,

                    Хизмати олам-жаҳон

                    Чангларни ютиш учун

                    Хартуми бордир узун.

                    Ростини айтсам, ука,

                    Унинг қорни тунука

                    Юрагида мотори,

                    Кўпдир кучи, мадори...

                    Топингчи унинг номин.

                                          Жавоби: Чангютар ботир.

 

Викторинани шу тарзда давом эттириш мумкин...

 

 

Адабиётлар рўйхати

 

                    

1.     Мўмин П. Аҳил бўлиб, дадил бўлиб: Шеърлар, декламациялар, масал ва эртаклар. –Т.: Ёш гвардия, 1984.-272 б.

2.     Мўмин П. Бу- жуда соз: Шеър, қўшиқ ва эртаклар. – Т.: Ёш гвардия, 1978. -144б.

3.  Мўмин П. Бир юз бир олтин қўл. – Т.: Ёш гвардия, 1985. -206 б.

4. Мўмин П. Буғдой бобо эртаги: Шеър, қўшиқ ва эртаклар. – Т.: Ўзбекистон, 2001.-16 б.

5. Мўмин П. Дўстинг қанча кўп бўлса: Шеърлар, дикломациялар, эртаклар, достон, пьеса. – Т.: Ёш гвардия, 1982. – 210 б.

6. Мўмин П. Одоб ва офтоб. – Т.: Ёш гвардия, 1980. – 384 б.

7. Мўмин П. Энг маза, эҳ маза. – Ёш гвардия, 1981. 264 б.

8. Мўмин П. Эртаклар яхшиликка етаклар. Т.: Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986. – 200 б.

9. Мўмин П. Қўшиқ айтиб. – Т.: Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашр., 1983. – 328 б.

10.Мўмин П. Болаларнинг бахти кулган. –Т.: Ёш гвардия, 1986. -144 б.

11.Мўмин П. Буғдой бобо ва унинг набиралари. – Т.: Ёш гвардия, 1987. -24 б.

12.Мўмин П. Гуллар ҳам сўзлашади. – Т.: Ёш гвардия, 1988. -112 б.

13.Мўмин П. Соғломларга саломлар. – Т.: Медицина. 1987. 28 б.

14.Мўмин П. Тезда топ жавоб. –Т.: Камалак, 1991. 24 б.

15.Мўмин П. Топишмоқлар. – Т.: Ўзбекистон, -1995. -48 б.

    

Адиб ҳақидаги адабиётлар

 

1. Жумабоев М. Болалар адабиёти. –Т.: Ўқитувчи, 1994. – 154- 161 бб.

2. МирвалиевС. Шокирова Р. Ўзбек адиблари. – Т.: Фан нашр., 1993. -243 б.

3. Ўзбек шеърияти антологияси. т. 5. – Т.: 1962. 451 -466 бб.

4. Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. Т.7. -   ЎМЭ нашриёти, 2004. 210 -211 бб.

5. Мўминов О. Жозибали ўлка. Т.: Меҳнат, 1991. -224 б.

 

 

 

Тузувчи :                 Н. Аманкелдиева