ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ  TURON” АХБОРОТ-КУТУБХОНА МАРКАЗИ

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ШОИР, АДИБ ВА ТАРЖИМОН

 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ижодига

бағишланган услубий қўлланма

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Тошкент-2012

Бу йил  истеъдодли шоир, адиб ва таржимон Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ ёзувчиси  70 ёшга тўлади. Шу муносабат билан Ўзбекистон халқ ёзувчиси таваллудининг 70 йиллигига (01.03.1942) бағишлаб “Шоир, адиб ва таржимон” мавзусидаги услубий қўлланмани барча қизиқувчилар ва кутубхоначилар эътиборига ҳавола этамиз. Қўлланма ўз ичига қуйидаги материалларни олади:

 

1.     Муҳаммад Али ҳаёти ва ижоди.

Мозий сеҳридан нур олган адиб” номли китоб кўргазмаси учун материаллар.

 

2.  Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ижодига бағишланган китобхонлар билан учрашув ўтказишга оид тавсиялар ва адиб ижодига бағишланган “Сен шоирсан қалбингда бор, илохий бир ўт...”  номли  бадиий кечанинг тахминий сценарийси.

 

3. “Улуғ салтанат” тетралогияси асосида давра суҳбати.

 

4. Адабиётлар рўйхати.

 

 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али

 таваллудининг 70 йиллигига бағишланади

(01.03.1942)

 

                   Истеъдодли шоир, адиб ва таржимон Муҳаммад Али (Аҳмедов Муҳаммад Али) 1942 йил 1 мартда Андижон вилоятининг Бўз туманида, деҳқон оиласида туғилди. 1959 йили Тошкент вилояти Бекобод туманидаги Навоий номли ўрта мактабни битирди, сўнгра Бекобод қум-шағал карьерида ишлади. Москвадаги М. Горький номли Адабиёт институтида таҳсил олди (1966).

         Андижон ва Фарғона вилоятлари мактабларида ўқитувчилик қилди. “Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим (1966), Ғафур Ғулом номидаги нашриётда муҳаррир (1967), бўлим мудири (1975), бош муҳаррир (1982), Ўзбекистон телевиденияси адабий – драматик таҳририятида бош муҳаррир (1985), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бадиий таржима ва адабий алоқалар маркази раиси (1989), Тошкент Давлат университетида профессор (1993), этика ва эстетика кафедраси мудири (1994) Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамғармасида бошқарув раиси (1999 – 2003) бўлиб ишлади. 2003 йилдан Халқаро Амир Темур хайрия жамғармаси бошқаруви раиси. 1992 йилдан АҚШнинг Вашингтон университетида ўзбек тилидан сабоқлар бериб келади.

         Муҳаммад Али адабиётга 50-йилларнинг охирида кириб келди. Дастлабки шеъри 1957 йилда матбуотда эълон қилинган. Шу вақтгача шоирнинг 30 га яқин шеърий китоблари нашр этилган. Булар орасида “Фазодаги ҳислар” (1967), “Шафақ” (1968), “Оталар юрти” (1970), “Алвон чечаклар” (1973), “Достонлар” (1974), “Ниначи ҳақида эртак” (1976), “Оқ нур” (1977), “Илҳом париси” (1980), “Боқий дунё” (1981), “Севсам, севилсам” (1983), “Гумбаздаги нур” (1985), “Сен бир гулсан” (1989), “Она дуоси” (1994), “Сайланма” (1997) каби китоблари ажралиб туради.

         “Машраб” достонида (1966) Бобораҳим Машрабнинг фожиали ҳаётини тасвирлаган. “Бешгул” (1986), “Заминда яшаймиз” (1971), “Мухаббат” (1983) достонлари замонавий мавзуларда ёзилган. Ўзбек халқининг XIX а. охири – XX а. бошларидаги ҳаётини тасвирлашга бағишланган “Боқий дунё” (1981) шеърий романида Жиззах қўзғолони воқеалари бадиий лавҳаларда акс эттирилиб, Дукчи Эшон образи яратилган. “Сарбадорлар” (1989) дилогияси ёзувчининг прозадаги дастлабки асари. “Улуғ салтанат” (1999) тарихий романида ўзбек халқининг XIV а.даги ҳаёти тасвирланаркан, тарихий ҳодисалар оқимида Амир Темур образининг тадрижий ўсиб бориши, унинг характеридаги адолатпарварлик, халоллик, мардлик ва ватанпарварлик фазилатлари ёрқин рангларда ифодаланган. Бу асарлар Муҳаммад Али ижодида салмоқли ўрин тутади.

         Муҳаммад Али публицист сифатида дадил қадам тебратиб келмоқда. “Ўз-ўзингни англаб ет” (1988), “Ҳақиқатдан чекинма, Тарих!” (1990), “Қафасдаги булбуллар” (1992) мақолаларида тарихимизнинг долзарб масалалари ҳақида баҳс юритилади. “Ошиқ бўлмай Ҳақ дийдорин кўрса бўлмас” (1992), “Мен кўрган Америка” (2000) “Амир Темур чамани” (2006) китоблари адабий -илмий       жамоатчилик томонидан самимий кутиб олинди.

         Бадиий таржима адиб ижодида етакчи ўринни эгаллайди. Қадимги ҳинд эпоси “Рамаяна” (1978), қорақалпоқ эпослари “Шаҳриёр” (1977), “Маспошшо” (1985), Роберт Бёрнс (1971), Галактион Табидзе (1982) ларнинг шеърий китоблари шоир таржимасида чоп этилди. Шунингдек, Хоқоний, Шиллер, Байрон, Пушкин, Лермонтов, Махтумқули, Абай, Тагор, Ҳамзатовларнинг айрим асарлари Муҳаммад Али томонидан таржима қилинди. “Рамаяна” поэтикасининг ўзбекча талқинига бағишланган тадқиқоти учун таржимашунос олимга филология фанлари номзоди (1992) илмий даражаси берилди.

         Шоир асарлари жаҳоннинг йигирма бешдан ортиқ тилларига таржима қилинган. Муҳаммад Алининг ўзбек адабиёти равнақига қўшган ҳиссаси ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. Унга 1992 йил “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” фахрий унвони берилди, 1999 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди. “Шаҳриёр” эпоси таржимаси учун Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Республикаси Давлат мукофоти берилди (1984).

         У ҳозир Амир Темур даври ҳақида асарлар яратмоқда. Ҳозиргача “Жаҳонгир Мирзо” романлари (2006) босилиб чиқди. 2005 йилда унинг “Адабий соғинчлар” роман - хроникаси чоп этилди.

                           

 

 

 

Мозий сеҳридан нур олган адиб”

номли китоб кўргазмаси учун материаллар

 

Ушбу китоб кўргазмасини ташкил қилишдан  кўзланган мақсад кутубхонада ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда фойдаланувчиларни Ўзбекистон халқ ёзувчиси —Муҳаммад Али ҳаёти ва ижоди билан мукаммал таништириш иборат. Шунингдек, китобхонлар   кўргазма орқали адибнинг турли йилларда чоп этилган китобларидан мустақил фойдаланиш учун кенг имкониятга эга бўладилар.

Кўргазманинг бўлимлари:

 

1.     Муҳаммад Али  ҳаёти ва фаолиятининг саҳифалари.

 

Ихтибос:  Адиб асарларида Амир Темур салтанати ва тарихий сиймолар образларини алоҳида меҳр билан чизади, салтанат манзараларини моҳирона тасвирлайди, буюк авлоднинг давомийлиги, авлодлар силсиласининг қудрати миллат ва Ватан тарихида катта аҳамиятга эга эканлигини таранннум этади.

 

2- бўлим:   Муҳаммад Али шеърияти

        3- бўлим:    Муҳаммад Али прозаси

        4- бўлим:    Муҳаммад Али — публицист

 

 

МУҲАММАД  АЛИ  ИЖОДИ ҲАҚИДА МУЛОҲАЗАЛАР

 

“Ўтмиш ёди, тарихга саёҳат Муҳаммад Алининг севган машғулотларидан. Биз киммиз аждодларимиз кимлар эдилар, олис тарих давомида қай ерларни ватан тутдилар, қандай салтанатлар қурдилар, жаҳон тараққиётидаги хизматлари-чи? Булар ҳақида у билан гаплашсангиз , ҳузур қиласиз. Машҳур обидаларимиз, уларнинг “таржимаи ҳол”лари, сулолалар ва буларнинг камоли-ю звали хусусида унинг ўз фикри, нуқтаи назари бор”.

Бегали Қосимов,

Филология фанлари доктори, профессор

 

         Муҳаммад Али бу (“Улуғ салтанат”) романида услуб жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. У илгариги асарларидагидек, сюжетни, образлар бойлигини мураккаблаштириш билан банд бўлмади. Воқеаларни дангал олиб, кўпроқ танланган қаҳрамонларнинг ички оламига назар ташлади. Бошқача қилиб айтганда, ўзини кўп сўзлилик ва кераксиз тўқимачиликдан холи тутди. Бу жиҳатдан унинг жумлалари насрдан кўра кўпроқ назмни эслатади.

                                                      

                                                             Матёқуб Қўшжонов, академик

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ижодига          бағишлаб китобхонлар билан учрашув ўтказишга оид        тавсиялар

 

     Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али сермаҳсул ижодкорлар сирасига киради. Шунинг учун ҳам, унинг ижодига бағишлаб китобхонлар билан учрашув ўтказиш катта таёргарлик ишларини талаб этади. Бу тадбирни ўтказиш учун тайёргарлик ишлари бир ой олдин бошланади. Маълумки адибнинг илк шеъри 1957 йилда “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”)да босилган.   Шу вақтгача шоирнинг 30 га яқин шеърий китоблари нашр этилган. “Фазодаги ҳислар” номли илк китоби 1967 йилда дунё юзини кўрди. Шундан кейин ўз мухлисларига эга бўлди. Китобхонлар ўқиб чиқишлари учун унинг турли йилларда чоп этилган “Шафақ” (1968), “Оталар юрти” (1970), “Алвон чечаклар” (1973), “Достонлар” (1974), “Ниначи ҳақида эртак” (1976), “Оқ нур” (1977), “Илҳом париси” (1980), “Боқий дунё” (1981), “Севсам, севилсам” (1983), “Гумбаздаги нур” (1985), “Сен бир гулсан” (1989), “Она дуоси” (1994), “Сайланма” (1997) каби китоблари тарқатилади. Китобхонлар мазкур китоблар орқали адиб ижоди қирралари билан танишиб ва асардаги воқеалар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишлари керак. Мактаблар, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари, маҳаллалар, ташкилотларга эълонлар осилиб, таклифномалар юборилади. Маҳаллий матбуот, радио ва телевидения орқали ўтказиладиган ижодий учрашув тўғрисида ҳабар берилиши, унда кўпчиликнинг иштирок этишини таъминлайди. Тадбирни юқори савияда ўтказиш учун аудитория танлаб, безатилади. Муҳаммад Али ҳаёти ва ижодига бағишланган китоб кўргазмаси ташкил қилинади ва ундаги адабиётлар асосида обзор ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

Ижодий учрашувни кутубхоначи ёки адабиёт ўқитувчиси олиб бориши мумкин. Мазкур тадбир ўтказилиши мобайнида китобхонлар ва иштирокчиларга асар ҳақида саволлар берилиб, улардан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришлари сўралади. Тадбирнинг янада қизиқарли ўтиши учун ёзувчининг ўзини, адабиётшунос, тарихчи олимларни, адабиёт ўқитувчиларини таклиф қилиш мумкин.

 

 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг турли йилларда чоп этилган китобларига киритилган шеърларидан намуналар

 

 

Том бошида ёйилган хирмон,

Дон шопирар буғдой ранг аёл.

Гоҳ кўзлари бўлиб нигорон,

Йироқлардан чорлайди шамол.

 

Ғув – ғув эсиб қолар шабада,

Дон куйилар ғалвирдан шов – шув.

Пастда эса, мўъжаз кулбада

Ўғилчаси ётар беуйқу.

 

Ҳув нарида, тоғлар бошида

Куйлаб ётар гуллола шов – шув

Ва аёлнинг шундоқ қошида

Сирғанади шабада ғув – ғув...

 

Дон шовуллар, шовуллар хаёл,

Мавжудот ҳам қайтарар садо.

Эсишини ҳеч қўймас шамол,

Ғалвирда ҳам дон бўлмас адо...

 

                   ***

Ҳув тоғларга қор тушар,

Боғларда анор пишар.

Қачон менинг тоғ қалбим

Сен боғ билан топишар?

 

Эй тоғдаги мағрур қуш,

Совуқ тошга боссам тўш!

Ҳув дарада бир қиз бор,

Ёстиғининг ярми бўш...

 

Чўққидаги қоя тош

Ёлғизликдан эгар бош.

Яккаласа ёмғирлар

Кўзларидан тўкар ёш.

 

Боғда ҳам танҳо гул,

Танҳоликда аъло гул,

Кўз ёшига юз ювар,

Сўнгсиз ҳамларга машғул.

 

Сен ёлғизсан, мен – диққат,

Иккимизга йўқ шавқат.

Ўртамизда овора –

Сарсон бўлди муҳаббат...

 

Ҳув тоғларга қор тушар,

Боғларда анор пишар.

Бир кун менинг тоғ қалбим

Сен боғ билан топишар...

 

Кўнгил ошно бўлмоқ истагида маст,

Макон тутсам дейди ошёнингизни.

Бошимга кўтарай ерларни эмас,

Ёлғизгина парлоқ осмонингизни.

 

Оҳ, дилда туғилар ғаройиб бир шеър,

Офтоб тўкис қиздай жилмайиб боқар.

Арши аълодан то рутубатли Ер

Илҳомлар селида тўлғаниб оқар...

 

Севаман! Севаман! Садқаси кетай,

Узай, бас, тилкалаб бор ришталарни!

Лойдан яратилган бўлсам – да, нетай,

Нетай, кўнглим тилар фаришталарни!..

 

Сўроққа айланган одам

                   1.

Даставвал йўқ эди, мутлоқ йўқ эди...

Сўнг рўё ичида рўё бўлди у.

Жаҳон айвонида, ҳаёт уфқида

Бир кун нуқта янглиғ пайдо бўлди у

                   2.

Сўнг нуқта улғайди, йўл тушса агар

Кўчалар тўлгандай бўлди наздида.

“Мен энди ундовман!” – деди муқаррар,

Бош қўйди осмонни тутмоқ қасдида!

                   3.

Узоқ умр кўрди... Қадамлар, ҳайҳот,

Кўп нуқталар янглиғ оқди самарсиз.

Аммо бари билан дил дашти обод,

Маъносиз сезади ўзни аларсиз.

                   4.

Энди “сўроқ” мисол қолди мункайиб,

Елдирим замонга қараб турар лол:

Нега шндоқ?

         Нечун?

                   Нега?

                            Кимда айб?..

У –

         Дунё юзига отилган “савол!”

                   ***

- Кўзларингиз қисиқ, осёликлар,

Олам кенглигини қандоқ кўрасиз?

Шунга ярашадир сизда биликлар,

Шундан орқароқда юрасиз.

 

- Ҳайҳот, осиёлик сийрати қизиқ,

Бугун армонлари туғён урибди.

Келажак қандоқ деб, кўзларин қисиб,

Олис – олисларга боқиб турибди!..

 

     Она Дуоси

 

Биринг икки бўлсин нима ушласанг,

Йўлларинг оқ бўлсин тоғлар қорича.

Сен ёруғ дунёда тинч юрар бўлсанг,

Мен дуо қиларман умрим борича.

 

Кўзингда кўрмасам алам ранжини,

Бошингда кўрмасам тумонат савдо.

Олиб бермасанг ҳам олам ганжини,

Сендан онагинанг ризодур, ризо!

 

Ҳаётинг бемаъно туюлса, болам,

Қоронғу кўринса бу кғҳна дунё.

Кетсин деб қалбингдан ер юткур алам,

Ёришсин дунё деб айларман дуо.

 

Юрагинг қисилса такрору такрор,

Кенгликка чиққин – да, айтгин шўх ўлан,

Бу ҳам ҳасратингга келмаса бакор,

Кўнглингни бўшатгин шеър ёзмоқ билан.

 

Қадим эртакларни тинглаш создир хўп,

Олтин умирларни унда кўрарсан.

Сеҳрли ҳаётга махлиё бўлиб,

Бевош  ўйларингни  алдаб юрарсан.

 

Етишсанг, тўй берсанг юртга мабодо,

Жамшид ҳавас қилсин сенинг базмингга.

Номинг достон бўлиб юрсанг эл аро,

Мурод – мақсадингга етсанг, бас, менга.

 

Ёмонлар йўлини тутмагин минбаъд,

Фиқсу фасодлардан йироқ бўл, тўхлим.

Олгину олдирма, униб – ўс, фақат

Юзимни ерларга қаратма, ўғлим!

 

                   

Рубоий

 

Дедилар: “Кетди ёр, қад букма ёйдай,

Кўнглингни бир жойга қўй, шундан фойда...”

Оҳ, кўнглим бир жойга қўяйин десам,

Бир жой жойидамас, у ҳам бир жойда...

 

Фардлар

                  

Ҳажрингда чидамай ҳадсиз фироққа,

Ўзимга келай деб кетдим йироққа...

                   ***

Елкамга оёқ қўйишиб, яна:

“Елканг қаттиқ!” – дея қилурлар таъна!..

                   ***

Агар сир – асрорингни, - оқилу оқилу доно эсанг, -

Дўстингга ҳам айтмагил, душман билмасин десанг...

 

 

“Сен шоирсан  қалбингда бор, илохий бир ўт”

номли  бадиий кечанинг тахминий сценарийси

 

1. Бошловчи:  Ассалому алайкум азиз ва мухтарам қатнашчилар!

Бугунги кечамизда истеъдодли шоир, адиб ва таржимон, тарихчи, Мухаммад Али ижодига бағишланган “Сен шоирсан қалбингда бор, илохий бир ўт...”  номли бадиий кечамизга хуш келибсиз.

 

2. Бошловчи: Ушбу кечамизда шоир Мухаммад Алининг  шу кунгача ўқувчилар қўлига етиб келган шеърлари, ҳикояларини, таржима қилган китобларини биз китобхон аҳли жуда яхши биламиз, унинг ҳар бир ёзган шеърлари, асарларини севиб мутолаа қиламиз.

Мухаммад Али адабиётга 1950 йилларнинг охирида кириб келди, дастлабки шъери 1957 йилда матбуотда эълон қилинган ва хозирги давргача шоирнинг 35 яқин шеърий китоблари нашр этилган. Ҳозир мен сизларга адибнинг “Сайланма”сидаги Ўзбекистон ҳақида ёзилган шеърини эътиборингизга ҳавола этаман.

 

Йигит:         Қишлоққа қайтаман, шаҳарлар ошиб,

                     Чўллар қўйнидаги гул қишлоғимга.

                     Хаёлан тирмашиб, кам-кам ёндошиб,

                     Болалик чоғимга, чаман боғимга.

                                               ***

                      Бунда мени чорлар борлиқнинг бори:

                      Само-ю далалар, оқин ариқлар.

                      Тунда оймомонинг заъфар рухсори,

                      Олис хотиралар, ёрқин тарихлар...

 

Қиз:               Отам айтар эди: “Ватанингни сев,

                       Жон фидо қила бил, гар керак бўлса!”

                       Отам юраклийди бамисоли дев,

                         Шундай бўладида-да, бир юрак бўлса!

 

                                                ***

Йигит:           Отам сева билди Ўзбекистонни,

                       Фарғона каналин қурди, қуролди.

                       Қўлига қурол олди, ташлаб кетмонни

                       Жанг-жадалда чаппар урди, уролди.

                                                 ***

                        Етти ой тинмади тўпи майдонда,

                        Гумбур-гумбур саслар дилларга оқди.

                        Сўнгра тегиб дайди ўқ ногоҳонда

                        Тўққиз ой госпиталь шифтига боқди...

 

Қиз:                 Ватан осмонининг мовий ранг туси

                         Хира кўзларни ҳам айлагай равшан.

                         Ватандан зўри йўқ дунёда ўзи,

                         Руҳингга мадору жонга-жон Ватан!

                                                ***

                         Энди қишлок борсам, йўлим ўзгача:

                         Қабристон орқали ўтади йўлим.

                         Наҳот, инсон умри битта сўзгача?

                         Отам умрига ҳам чанг солди ўлим...

                                                  ***

                         Буюк зот пойига гуллар қўярман,

                         Ватан оғушида ётган инсонга.

                         Қалбимда ўзгача ҳислар туярман,

                         Таъзимлар қиларман Ўзбекистонга.

                                                    ***

Йигит:             Мардлардан Ватаннинг кўкраги тоғдир,

                         Юраги бедоғдир, манглайи оқдир.

 

                          Она мард ўғлидан шуни кутади

                          Онанинг қадрига етган етади!

                        

                           Сиз Ватан қўйнида ётибсиз, мана

                           Пойингизга гуллар қўярман. Она!

 

                          Бош эгиб сиз ўсган боғу бўстонга,

                          Таъзимлар қиларман Ўзбекистонга

 

         Муҳаммад Али ана шундай тупроқда дунёга келди, қўлига қалам тутди. Бугунги кунда адабиётимизнинг забардаст вакилларидан бирига айланган Муҳаммад Алида шеър ҳаваси, ёзувчиликка иштиёқ 4-синфдан бошланган эди. Биринчи шеъри 1957 йилда “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) да босилган, биринчи китоби чиққанига ўттиз йил бўлди. Шоир уни “Фазодаги ҳислар” деб номлаган эди.

 

                         Саф-саф бўлиб баҳодирлар

                         Тайёрланур,

                         Отланур!

                         Ларзаланур ҳозир ерлар,

                         Ғайратлар қаноатланур!

 

         Тўпламдаги “Улоқ” шеъри шундай бошланарди. Бу қадим удумнинг шижоати, мардона руҳи дастлабки сатрлариданоқ сезилиб турарди.

 

                                      Юрагим

                                           

                                                  1

Йигит:           Қайларгадир интиламан жимгина,                           

                      Шовқинлардан, суронлардан йироқда.

                      Тўқишларим оддийгина, жўнгина,

                      Кўчирмадим ҳали уларни оққа.

                      Шодликними, қайғуними ахтариб,

                      Хаёлларим элдан бурун чопарлар.

                      Шамоллардай кезиб бебош, сарсари,

                      Дўстларними, душманларин топарлар.

 

                                                   2

Қиз:               Шодлик қайдан келар экан, ажабо,

                     Қайғу эса қаердадир яширин.

                     Бир-бирларин кўролмаслар доимо,

                     Гоҳ иккисин қилолмайсан ажирим.

                     Инсон илк бор келганида дунёга,

                     Томоқ дарди унга эди ошино.

                     Шодлик, қувонч қайдан келди бинога,

                      Қайдан чиқди қайғу деган муаммо?

 

                                                   3

Йигит:           «Ёлғиз» куйин тинглайману, дўстгинам,

                      Нимадандир зирқирайди вужудим.

                      Чўлда танҳо қолган каби бўлурман,

                      Ҳеч бормикин ёлғизликнинг ҳудуди?

                      Мана рубоб чидолмасдан йиғлайди,

                      Торларини узмоқчими дутор, воҳ!

   Ғижжак шўрлик ўз бағрини тиғлайди,

   Фақатгина доирадир бепарво.

 

                                                  4

Қиз:                Тамаки, ҳа дўстим эмас безарар,

                       Оғу каби  қуйилади танамга.

                      Нолимайман лекин, ҳар шому саҳар

                      Аччиқ тутун тўлиб олса хонамга.

                      Ўз ишини билиб қилар инсонлар,

                      Гоҳ насиҳат бефойдадир уларга.

                      Мен чекаман хаёлда зўр ишонч-ла

                      Тутунлардан фориғ бўлмиш кунларга.

                                              

         5

Йигит:            Тоғ бошига чиқиб кетдим девнамо,

                      Бир томоша айлай дея водийни.

                      Водий гўзал: тинглаб бўлмаскан аммо

                      Қўй-сигирлар маъраши – имдодини.

                      Ариқларни жилдираши йироқда,

                      Булбулларнинг олислиги ҳақиқат.

                       Бунда совуқ: Ер шовқини қулоқда,

                      Булутлар-ла ошно тутиндим фақат.

 

                                               6

Қиз:                Юксакларда, қора осмон остида,

                      Онда-сонда қўниб ўтаркан булут,

                      Заҳмат шоҳи Прометей устида

                      Жигар чўқиб ётар ҳали филбургут.

                      Бизга аён, бургут кучи ҳад билмас,

                      Прометей омон қолмоғи душвор.

                      Лекин, ажаб, бизларнинг-чи, бургутмас,

                      Ул инсонга ишончимиз улуғвор.

 

                                                 7

Йигит:            Мен истаган ҳаёт ҳали олддадир,

                       Меҳри билан, қаҳри билан жамулжам.

                       Баъзан юрак қурғур ўзин алдайди,

                       Дейди: «Мана ўша ҳаёт, ўша дам!»

                       Йўқ . . . Ҳисларим яна олис йўлдадир,

                       Бирга юрак қўрқуви ҳам далдаси.

                       Мен истаган ҳаёт ҳали олддадир,

                       Бугунгиси, фақат унинг ваъдаси.

 

                                                 8

Қиз:                Йўқли коми тортиб кетди кунларим,

                      Хотирадай қолди ёлғиз ҳаёли.

                      Қандай кечди кундузларим, тунларим?

                      Булар бари сокин дарё мисоли.

                      У кунлардан нега рози эмасман?

                      У кунларни кўргали йўқ кўзларим!

                      Бугун шундай ҳақиқат-ла мен мастман:

                      Ақлимиз кеч кирар экан, дўстларим.

                                                

 9

Йигит:            Ёруғ ҳаёт берган қувонч, лаҳзалар,

                      Гўё лабга тегиб соб бўлган шароб.

                      Тинчланолмас юраккинам, қанчалар –

                      Жуфт оҳу кўз дилга солган изтироб!

                      Мен англайман шунда инсон шахсини,

                      Ўйлайманки, Бу таъбирим жоизроқ:

                      Шодликда у олгай тоғлар таҳсилин,

                      Қайғуда-чи, чумолидан ожизроқ . . .

 

                                               10

Қиз:                Хақиқатим  бўлар эди ягона,

                      Хаёлимга кирган қаро кўзгача.

                      Менга қайғу, ташвиш – бари бегона!

                      Ҳайхот, ҳаёт ҳақиқати ўзгача!

                      Келишолмас ўша икки ҳақиқат,

                      Ҳар сония тўқнашарлар иккиси.

                      Шундан ҳаёт даккиси ҳар дақиқа,

                      Шундан кўнгил ўқтин-ўқтин йиғиси.

 

                                               11

Йигит:            Яширмайман, нелар кутиб ҳаётдан,

                       Кўзларимга жо этганман кечалар.

                       Кута-кута, олий умидга, зотан

                       Етолмайин ўтиб кетди нечалар!

                       Не кутасан қовуштириб қўлингни?

                       Мўминларга ахир ҳаёт бегона!

                       Англагилки, ким истайди ўлимни,

                       Кутмоқликка мажбур бўлади яна.

 

                                               12

Қиз:                Кимларнингдир, балки, бахтин қўриқлаб,

                      Тортишамиз фақат жўшқин ва дангал.

                      Лекин шунда ўз мақсадин улуғлаб.

                      Бахтимизга кимдир солади чангал.

                      Биз билмаймиз, дунё ишин измида

                      Айтишамиз, койишамиз, юрамиз.

                    Барчамизга парво қилмай, жимгина –

                      Ўз йўлида айланади куррамиз . . .

 

 

“Улуғ салтанат” тетралогиясининг учинчи китоби

асосида давра суҳбати

 

Давра суҳбатига тайёргарлик бир ой олдин бошланади. Таклифнома ва адабий-бадиий учрашув дастури ишлаб чиқилади.  Мазкур адабий-бадиий учрашувни юқори савияда ўтказиш учун адиб ижоди билан таниш бўлган ёзувчилар, адабиётшунослар ва мухлис китобхонлар таклиф қилинади. Шунингдек давра суҳбати  тафсилотлари Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари орқали кенг омма эътиборига ҳавола қилинади.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад алининг “Улуғ салтанат”  учинчи китоби “МИРОНШОҲ МИРЗО” асари 2010 йилда “Шарқ” нашриёт-матбаа ижодий уйида нашр қилинди.

Соҳир қалам соҳиби, тарихнавис адиб Муҳаммад Али ижодида Соҳибқирон Амир Темур шахси ва даврини ўрганиш муҳим ўринни эгаллайди. Унинг бу мавзуда яратган шеърлари, “Гумбаздаги нур” достони, “Сарбадорлар” тарихий роман-диологияси китобхонлар томонидан севиб ўқиб келинмоқда. “Улуғ салтанат” тарихий  роман-диологияси(“Жаҳонгир Мирзо”, “Умаршайх Мирзо” романлари) 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотига сазовор бўлди.

Бу китобда адиб Соҳибқирон ҳақидаги романлар сериясини давом эттириб ёзган “Улуғ салтанат”га кирувчи учинчи — ушбу “Мироншоҳ Мирзо” романида салтанат тарихидаги мураккаб давр мелодий 1392-1400 йиллар воқеаларини қаламга олади. Асарда муаллиф Амир Темур, Мироншоҳ Мирзо, Муҳаммад Султон, Сароймулкхоним, Хонзода хоним каби тарихий сиймоларни моҳирона тасвирлайди.   шоирнинг яқин ўтмишнинг аччиқ саҳифаларига бағишланган шеърлари жамланган.  Китобдаги шеърларнинг аксарияти собиқ шўролар тузуми даврида ҳукмрон бўлган ғояларга, миллий қадриятларимиз, бой меросимиз, шонли тарихимизга, миллий ва инсоний ҳақ ҳуқуқларга нисбатан юритилган зуғумкор сиёсатга қарши уйғонган ҳис-туйғулар билан йўғрилган.

Давра суҳбати сўнггида бадиий чиқишлар ва анъанага киритилган адиб дастхатини олиш тадбири бўлиб ўтади.

 

                                    Адабиётлар рўйхати

 

1. Муҳаммад А. Алвон чечаклар. – Т.: Ёш гвардия, 1973. -56 б.

2. Муҳаммад А. Достонлар. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1974. - 104 б.

3.Муҳаммад А. Оқ нур. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1977.- 96. б.

4.Муҳаммад А. Боқий дунё. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1981.- 238 б.

          5.Муҳаммад А. Севсам,севилсам. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1983.- 328 б.

6.Муҳаммад А. Гумбаздаги нур. – Т.: Ёш гвардия, 1985.- 78 б.

7.Муҳаммад А. Она дуоси. – Т.: Ёзувчи, 1994. - 32 б.

8.Муҳаммад А. Сайланма. – Т.: Шарқ, 1997. - 448 б.

9.Муҳаммад А. Улуғ салтанат. – Т.: Шарқ, 2003. - 334 б. 

10. Муҳаммад А. Амир Темур чамани. – Т.: Ўзбекистон, 2006.  -216 б. 

11. Муҳаммад А.   Улуғ салтанат. – Т.: Шарқ, 2010. -416 б.

12. Муҳаммад Али//  ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси. –Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2007. – 172 -176 бб.                                    

13. Муҳаммад А.// Мирвалиев С. Шокирова Р. Ўзбек адиблари: ХХ аср ўзбек адабиёти. –Т.: Фан, 2007. -183 -184 бб. 

 

 

 

 

 

 

Тузувчи                      Д. Ражабов

Мухаррир                   Н. Аманкелдиева