Тошкент вилояти “TURON” ахборот-кутубхона маркази

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Истеъдодли шоира

 

Саида Зуннунова таваллудининг 85 йиллигига бағишлаб

 

услубий қўлланма

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Тошкент-2011

Ўзбек адабиёти тараққиётига Ойдин, Зулфия, Музайяна Алавия, Раъно Узоқова каби адибаларимиз қатори Саида Зуннунова ҳам муносиб ҳисса қўшди. Саида Зуннунова адабиётга Улуғ Ватан урушидан кейин ўзига хос овоз, ўзига хос соз билан кириб келди ва баракали ижод қилди.

Бу йил нозиктаъб шоира ва талантли адиба Саида Зуннунова таваллудининг 85 йиллигини нишонлаймиз. Шу сабабли ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари адибанинг асарлари бўйича адабий конференциялар, овозли ўқишлар, портрет кечалари, шеърият кечалари ва китоб кўргазмалари ташкил этишлари мумкин.

Ушбу услубий қўлланмада шоиранинг ҳаёти ва ижодини ўрганишга бағишланган “Истеъдодли шоира Саида Зуннунова” номли китоб кўргазмаси, адибанинг ҳаёти ва ижоди, “Хотира – ёғду” номли хотира кечаси ва адабиётлар рўйхатини тавсия этамиз.

 

 

Шоиранинг ҳаёти ва ижодий йўли

 

Истеъдодли шоира Саида Зуннунова 1926 йил 15 февралда Андижон шаҳрида хизматчи оиласида дунёга келди. Отадан эрта етим қолган Саида ўрта мактабни битиргач, 1941-1943 йилларда Андижон педагогика институтида таҳсил олди. Ёш шоира 1947 йилда Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университет)нинг филология факулътетида  таълимини давом эттирди.

Саида Зуннунова Андижон мактабларида муаллима, “Гулхан” журнали (1953-56), “Ўзбекистон маданияти” газетасида адабий ходим, 1957-58 йилларда Бадиий адабиёт нашриётида муҳаррир ҳамда 1962-67 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлиб хизмат қилди.

Саида Зуннунова жуда эрта – 15 ёшидан бошлаб ижод қила бошлади. Дастлаб шеър ва ҳикоялар ёзди, улар газета ва журналлар саҳифаларида тез-тез босилиб чиқди. Унинг биринчи шеъри 1945 йили “Пахта фронти” газетасида босилган.

Шоиранинг илк шеърлари асосан ҳаётни, воқеликни ўрганиш ва изланиш даврининг маҳсулидир. 1948 йилда “Қизингиз ёзди” номли илк шеърлар тўплами нашр этилиб, шеърият мухлислари эътиборини қозонди. У яратган шеърлар Саида Зуннунованинг шоира бўлиш қобилияти борлигини кўрсатиб турарди. Шунинг учун унинг биринчи “Қизингиз ёзди” китоби адабиётшуносларнинг диққатини тортди.

Шундан кейин унинг “Янги шеърлар” (1950), “Гуллар водийси” (1954), “Қизларжон”, “Бир йил ўйлари” (1967), “Шеърлар” (1964), “Куз”, “Шеър ёзсам”, “Нилуфар” (1972) каби шеърий тўпламлари китобхонлар томонидан катта қувонч билан қабул қилинди.

Саида Зуннунова ўзининг лирик шеърларида она юртни ва фасллар келинчаги баҳорни, табиат манзарасини, бахт ва меҳнатни, севги ва садоқатни, ҳижрон ва бардошни, дўстлик ва тинчликни улуғлайди.

Шоира Ватан ҳақидаги шеърларида она диёрга бўлган меҳр-муҳаббатини ўйноқи мисраларда ифодалайди.

 Саида Зуннунова “Бизга ҳурмат билан боққанларида” шеърида дейди:

 

Севаман, Ватаним, севаман жондан,

Боғингни, чўлингни, ҳар нигоҳингни.

Иложи бўлса-ю бағримга боссам,

Ҳатто қолдирмасдан бир гиёҳингни.

 

Ҳа, чиндан ҳам шоира ҳаёт, Ватан ошиғи, гўзаллик шайдосидир.

Шоира Саида Зуннунова ўз ижодида она ва фарзанд, оналик бахти ва аёлни шарафлайди. Унинг “Она” (1949), “Қизимга” (1960), “Дадам хотираси” (1964), “Мунча яхшисан қизим” (1961), “Ҳатто уйқусида хўрсинса қизим” (1966), “Алла” (1972) каби шеърлари она қалби ва меҳри мавзуига бағишланади.

Саида Зуннунова насрда ҳам сермаҳсул ижод этган адибадир. Унинг “Гулбаҳор” (1956) ҳикоялар тўпламида ишчилар ҳаёти, оила ва муҳаббат мавзулари акс этган бўлса, “Гулхан” (1958) қиссасининг асосий қаҳрамони аёллар бўлиб, уларнинг йигирманчи йиллардаги кураши ўзига хос бадиий бўёқларда ифодаланган. Адиба ёзган “Олов” (1962), “Бўйларингдан ўргилай” (1972), “Директор” каби асарларининг қаҳрамонлари ҳам аёллардир.

Шоира гўзал лирик шеърлар билан бир вақтда “Содиқ ва Анор” (1947), “Ҳайрихон” (1949), “Сурат билан суҳбат” (1966), “Қўшниларим” (1968) сингари достонлар ҳам яратди. Саида Зуннунова бу шеърий асарларида инсон руҳий ҳаётининг нозик қирралари ва тебранишлари, туйғу ва кечинмаларининг мураккаб ҳаракати, дарду-ҳасрат ва орзу-армонларнинг камалак рангларини маҳорат билан ифодалайди.

Адиба “Она” (1966) ва “Кўзлар” (1968) номли пьесаларини яратди.

Истедодли ёзувчи Саида Зуннунованинг лирик шеърлари, жозибали қўшиқлари, насрий асарлари адабиётимиз ҳазинасидан муносиб жой олган. Адиба айни камолот ёшида 1977 йил 20-мартда оғир хасталикдан кейин вафот этди.

Саида Зуннунованинг ижодий фаолияти муносиб тақдирланди. У икки марта “Ҳурмат белгиси” ордени ҳамда бир неча медаллар билан мукофотланди.

Тошкентдаги кўчалардан бири ва 224-сонли мактабга, шунингдек, Андижон шаҳридаги кўча ва мактаблардан бирига ҳамда Бўз туманидаги академик лицейга С. Зуннунова номи берилган.

Саида Зуннунова Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг севимли рафиқаси эди. Уларнинг ёлғиз қизлари ва набиралари бор.

 

 

 

 

“Истеъдодли шоира Саида Зуннунова” номли китоб кўргазмасининг тахминий ишланмаси

 

I. Саида Зуннунованинг ижоди.

 

II. Лирик шоира ва прозаик.

 

Цитата:                    Шеър ёзсам юрагим симобдай эриб,

Юзимга балқийди ундан аланга.

Ҳаётдай чиройли, умрдай ширин,

Ҳеч нарса йўқ каби бўлади менга.

Шеър ёзсам дунёда ҳамма гўзаллик

Йиғилиб келгандай бўлар қошимга.

Нурдек тиниқ ўйлар, оташин ўйлар,

Қўшиққа айланиб кезар бошимда.

                                                       

                                                          Саида Зуннунова

 

“Хотира-ёғду” номли хотира кечасининг сценарийси

 

Бошловчи:  

                                 Хотира, хотира-ўчмас чироқдур,

                                         Инсоннинг ёдини ёритгай мангу.

                                         Хотира-ўтмишдан тушиб турган нур,

                                 Ҳамда келажакка йўналган ёғду.

 

Ассалому алайкум бугунги кечамиз меҳмонлари ва қатнашчилари!

Ўзбекнинг халқчил шоираси, сурати ҳам, сийрати ҳам ўзбек аёллари тимсолига айланган Саида Зуннунова таваллудининг 85 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган хотира кечамизга хуш келибсиз. Ўз халқининг маданияти ва юксалишига хизмати синган фидойи адибамизнинг хотираси келгуси авлодлар йўлини ёритиб турган нурдир.

Шоира шахси ва шеъриятининг алоҳида хусусиятлари, унинг ўзбек шеъриятида тутган ўрни ва шоира ҳақидаги хотираларидан кечамизга таклиф этилган адабиётшунос олимлар, ёзувчилар сўзлаб берадилар.

Ҳозир Саида Зуннунованинг шеърларидан намуналарни ёшларимиз ўқиб берадилар.

 

Кўп осуда эди бу олам

 

Кўп осуда эди бу олам бир вақт,

Денгиз ҳам ястаниб ухлар эди жим,

На юлдуз бор эди ва на мунажжим,

Беозор табиат мудрарди карахт.

Шунда дардинг билан мен бўлдим пайдо,

Дардим сукунатни чил-парчин қилди,

Ишқдан офтоб ясаб осмонга илди,

Ўзим яратдим-у, ўзимман шайдо.

Ипак нурларига чирмашиб шунда,

Оламга ёйилдим сени ахтариб,

Кундуз тополмасдан югуриб, ҳориб,

Куз бўлиб осмонга сочилдим тунда.

Сарсари изимдан увлади шамол,

Тўлқин пайдо бўлди талпинишимдан,

Олов нусха олди дил ёнишимдан,

Ҳаёт яратардим изларкан висол.

Қарагин, ҳаммаси фақат сен учун,

Айт, яна неларни қиларсан ҳавас?

Дилда ёниш бўлса, меҳр бўлса бас,

Ҳамма, ҳаммасига етади кучим.

 

Чўли ироқ

 

Тарихни сўзлама менга, эй одам,

Битта чалиб бергин “Чўли ироқ”ни.

Битта чалиб бергин, токи яна ҳам

Яхшироқ ажратай қорани, оқни.

 

Бу куй асрларнинг баридан тортиб

Чўлларда толиққан ҳорғин карвондай,

Минг хил тақдирларни устига ортиб,

Қалбимдан жимирлаб ўтади қондай.

 

Тарихнинг энг олис қатламларида

Армонда ухлаган орзу-аламлар.

Дунё манглайига ажин туширган,

Дардни, қариликни яратган ғамлар.

 

Саҳро чечагининг аранг кулгуси,

Ёмғирдан жон кирган тупроқнинг иси,

Ҳаммаси ўтади қалбимни ўйиб.

Туя бўйнидаги қўнғироқларнинг

Ташналик эслатган жаранги бўлиб

Ҳаммаси ўтади қалбимни ўйиб.

 

Бошловчи:    

Саида Зуннунова “Шеърларим, қалбимдан силққан қонимсиз” мисраси билан бошланадиган шеърида шоиралик дардини ҳаққоний тасвирлайди. У ҳар бир мисрани дард билан, минг бир тўлғаниб, бир парча ўт бўлиб, ловиллаб, ёниб ёзишини, кичкина уйига олам сиғишини, шоиралик бахтидан мамнунлигини тасвирлайди, “Шеър ёзсам” шеърида шу фикр ривожлантирилади:

 

Шеър ёзсам юрагим симобдай эриб,

Юзимга балқийди ундан аланга.

Ҳаётдай чиройли, умрдай ширин,

Ҳеч нарса йўқ каби бўлади менга.

Шеър ёзсам дунёда ҳамма гўзаллик

Йиғилиб келгандай бўлар қошимга.

Нурдек тиниқ ўйлар, оташин ўйлар,

Қўшиққа айланиб кезар бошимда.

 

Унинг шеърларининг тили содда ва ширали, у халқ тили бойликларидан унумли фойдаланади.

Ариқ бўйини ўйяй,

Ғўзаларга сув қуяй,

Ўртоқларимдан қолмай,

Юз центнерга қўл қўяй.

 

(“Сувчи қиз”шеъридан)

 

 Саида Зуннунова классик шоирлар ижодий меросидан баҳраманд бўлди, уларни қунт билан ўрганди, ижодий озиқланиб, аруз вазнида лирик ғазаллар ёзди. Шоиранинг ғазаллари ҳам ғоявий, ҳам бадиий жиҳатдан пишиқ асарлар ҳисобланади, улар санъаткорларимиз томонидан севилиб куйланиб келинмоқда. Марҳамат, тингланг: 

Ҳай-ҳай

 

Йўқламаган ҳар кунинг йилча бўлурми, ҳай-ҳай,

Шунчалик шафқат билмас дилча бўлурми, ҳай-ҳай

 

Хуш суратинг бир нафас тарк этмас хаёлимни

Кўз шаҳло-ю, қош эса нилча бўлурми, ҳай-ҳай.

 

Ҳар сўзда юз андиша қилғум донолиғингдан,

Кўнглингнинг нозиклиги қилча бўлурми, ҳай-ҳай.

 

Гоҳ ханжар, гоҳ асалдек сўзларингдан доғдамен,

Жон олиб, жон бергувчи тилча бўлурми, ҳай-ҳай.

 

Васлингнинг умидида дунёдан ўтиб боргум,

Қаноатда Саида филча бўлурми, ҳай-ҳай.

 

 

Ёр ўтдими

 

Гуллар юзида ханда-бу боғдан ёр ўтдими,

Одатин қилмай канда, яна бедор ўтдими?

 

Еллар нечун сарсари, кетолмайдилар нари,

Кўнглимнинг моҳ пайкари кўзи хуммор ўтдими?

 

Райҳонга рашк қилиб гул, бағри қон бўпти буткул,

Яна райҳон ҳидлаб ул, бундан такрор ўтдими?

 

Дилда такрорлаб отин, тилаб умру давлатин,

Сояси бўлиб тағин Саида зор ўтдими?

 

Бошловчи:

Саида Зуннунова ўз ижодида она Ватан, халқ эрки ва бахтини жўшиб-жўшиб куйлаган шоирадир. Шоира она-Ватанга мурожаат қилиб шундай дейди:

 

Дунёда не яхши хислатларки бор,

Ҳаммаси, ҳаммаси сенда мужассам.

Азиз тупроғингни кўзимга суртиб,

Инсонлик ҳурмати ичаман қасам:

Сенга қурбон бўлса майли жон-таним.

 

        (“Менинг Ватаним” шеъри)

 

Бошловчи:

Адибанинг деярли барча асарларида хотин-қизлар ҳақида ҳикоя қилинади, улар бахти, орзу-умидлари, юксак инсонийлиги, ички кечинмалари, она муҳаббати, оила гуллари-фарзанд куйланади.

 

Қалбу фазилатда йиғиб кўплардан,

Бир инсон ясардим мукаммал, улуғ.

Биламан, оналар ҳаёли ҳар вақт

Юксак тилакларга, орзуга тўлиқ.

 

Тоза виждон билан, содда қалб билан,

Ардоқлаб ўстирсам, сева олсам чин

Иложи йўқ шу хислатлардан

Юрагингга тушмасдан учқун.

 

(“Яна қизимга” шеъри)

 

 

Бошловчи:

Саида Зуннунова ўзи устида ишлаб, назарий билимини, бадиий маҳоратини оширмоқда эди. Шоиранинг ўзи айтганидек, “Дилимдаги ўйларимнинг ҳаммасини ҳали шеърга солаолганим йўқ. Демак, айтадиган гапларим тугаган эмас”.

Битта нарсадан қўрқаман:  Сизни, қимматли ўқувчим, йўқотиб қўйишдан.

Битта нарсадан бахтиёрман: Сиз билан учрашиб туришдан.”

Афсуски, шоира айни камолот босқичида ҳаётдан кўз юмади.

Саида Зуннунова адабиётимизда сезиларли из қолдирган, шеър мухлисларининг меҳрини қозонган ажойиб ижодкор сифатида хотирамизда сақланиб қолади.

Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Ҳожиева тилидан таралган қуйидаги мисралар гўё шогирдларнинг устозга эҳтиромидай янгради:

 

Шоирамни изладим мен арғувонлар бағридан,

Гулга тўлган маконлардан, ломаконлар бағридан,

Пиру устоз, шогирдлардан, қадрдонлар бағридан,

Фариштадай ўлтирарсиз шеър-чаманлар бағрида,

Шу-ҳаётнинг Саидаси, даврон сўзли сози шул.

 

Шу билан шоира Саида Зуннунованинг таваллудига бағишланган хотира кечамизни якунлаймиз. Эътиборингиз учун раҳмат, хайр. Соғ бўлинглар.

 

 

 Адабиётлар

 

1.          Зуннунова С. Танланган асарлар. 3 томлик. – Т.: Адабиёт ва санъат нашр., 1976. Т.1. – 368 б.

2.     Т.2. Ҳикоялар. – Т.;1977. – 446 б.

3.     Зуннунова С. Бир йил ўйлари: Поэма ва шеърлар. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашр., 1967. – 74 б.

4.          Зуннунова С. Гўдак ҳиди: Ҳикоялар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашр.,1986. – 208 б.

5.          Зуннунова С. Кўк чироқлар: Ҳикоялар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашр., 1977. – 440 б.

6.          Зуннунова С. Нилуфар: Шеърлар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашр., 1972. –  223 б.

7.          Зуннунова С. Олов: Қиссалар. Драмалар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашр., 1978. – 470 б.

8.          Зуннунова С.  Повесть ва ҳикоялар. – Т.: Бадиий адабиёт нашр., 1957. –208 б.

 

 

 

Унинг ҳақида

 

1.          Саида Зуннунова (1926 – 1977) // XX аср ўзбек шеърияти антологияси. – Т.:Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2007. – 92 – 95 бетлар.

2.     Саида Зуннунова (1926 – 1977) // Мирвалиев С., Шокирова Р. Ўзбек адиблари: XX аср ўзбек адабиёти. – Т.: Фан, 2007. – 112 – 113 б.

3.     Зуннунова Саида // Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 4 – жилд.

Зебуннисо – Конигил. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2002. – 45 – 46 б.

4.          Ҳасанова Ҳ. Саида Зуннунова: Адабий портрет. – Т.: Адабиёт ва санъат нашр., 1975. – 116 б.

5.     Саиданинг саодати // Жалолов Т. Ўзбек шоиралари. – Т.: Адабиёт ва санъат нашр.,1980. – 364 – 369 б.

 

 

      Тузувчи:  Бош кутубхоначи                              Музаффарова З.Т.