ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ “TURON АХБОРОТ-КУТУБХОНА МАРКАЗИ

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

“Инсондай яшадим, иймонга содиқ,

 Ойдинга интилдим, фақат ойдинга!”

 

Рамз Бобожон таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб

услубий қўлланма

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ТОШКЕНТ 2011

Рамз Бобожоннинг бутун ижоди ва ҳаётини кўздан кечирсак, унинг юқорида айтган гапининг  нақадар тўғрилигига тўла ишонч ҳосил қиламиз.

Рамз Бобожон – Ўзбекистон халқ шоири, Республикада хизмат кўрсатган санъат арбоби, Давлат мукофоти ва жаҳон шоирлари халқаро конгресси лауреати, таниқли ёзувчи, драматург, публицист, таржимон ҳамда жамоат арбобидир. Янги асримиз тонгини олқишлаган шоир Рамз Бобожон таваллудига бу йил 90 йил тўлади. Шу муносабат билан қуйидаги услубий қўлланмада Рамз Бобожоннинг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Лирик шоир – 90 ёшда” номли китоб кўргазмаси, шоирнинг ижодий фаолияти ҳақидаги маълумотлар, “Шеър онлари – гўзал онлар” мавзусида шеърият кечаси ва адабиётлар рўйхатини эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

Рамз Бобожоннинг ҳаёти ва ижодий фаолияти

 

Шоир Рамз Бобожон 1921 йилнинг 2-декабрида Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилди. Таълим ва тарбия техникумини тамом қилгандан сўнг, Тошкент Давлат Педогогика институтиниинг тил ва адабиёт факультетида таҳсил олди.

1955 йили шу институт аспирантурасини тугатди.

1938-1948 йилларда ёшлар газетасида дастлаб бўлим бошлиғи, сўнг муҳаррир ва Ўзбекистон радио комитетида муҳаррир бўлиб ишлади. 1949-59 йилларда Республика Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи, котиб, 1963-67 йилларда Бадиий адабиёт нашриёти директори, 1981-86 йилларда “Ватан” жамияти раҳбари лавозимларида фаол меҳнат қилди.

       Рамз Бобожон 1936 йилдан ижод қила бошлаган. “Шеърлар” (1939), “Ҳадя” (1940), “Олтин Камалак” (1949), “Водий бўйлаб” (1949), “Танланган асарлар” (1958), “Севги сирлари” (1963), “Сенга севгилим” (1969), “Биринчи парвоз” (1980), “Муҳаббатга таъзим” (1980), “Сенинг меҳринг” (1997), “Сурайё юлдузидан шуълалар” (2001) каби бир неча шеърлар тўплами, “Янги рубоийлар” ва “Сайланма”ларининг ўз вақтида нашр этилиши унинг поэтик олами қанчалик кенг ва ранг-баранглигидан далолат беради.

Характерли томони шундаки, Рамз Бобожоннинг кўп асарлари бошқа тилларга таржима қилиниб, “Сердце не спит никогда” “Дважды живёт поэт”, “Солнце в драчках”, “Лирика”, “Монолог” ва бошқа асарлари рус тилида Тошкент ва Москвада чоп этилган  ва китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинган. Айниқса, “Художественная литература” нашриётининг шоирнинг 2 жилдлик асарларини талабчан пойтахт ўқувчиларига тақдим этиши фавқулодда ижодий воқеа бўлди.

Рамз Бобожон поэмалар яратишда ҳам бўш келмади, Жумладан, унинг “Қадрдон дўстлар”, “Бобом билан суҳбат” (1967), “Биринчи парвоз” (1955), “Баҳс” (1973), “Ҳиндистон онаси” (1972) “Ҳайёмнома” ва “Минг бир турна” трилогияси, шунингдек, “Юсуф ва Зулайҳо” достони мазмунининг кенглиги, қўйилган муаммонинг долзарблиги билан китобхоннинг диққат-эътиборини ўзига тортди. Маълумки, унинг “Оби-ҳаёт” (1969) поэмаси жамоатчилик орасида жиддий шов-шувга сабаб бўлди. Шоир ўз асарида муҳим ҳаётий масалани кўтарган. Сув танқислигини тугатиш, ўлкани сувга сероб қилиш  барча давлатлар ва оддий кишиларнинг ҳам диққат марказида, деган ғоя асарнинг асосини ташкил этади. Муаллиф бу ғояни очиш учун янги усул ва воситалар қўллайдики, бу унинг новаторлигидан далолат бериб туради.”Оби ҳаёт” поэмасининг (1972) йил СССР Давлат мукофоти билан тақдирланиши эса нафақат Рамз Бобожон ижодида, умум-миллий шеъриятимизда ҳам катта воқеа бўлди. “Оби ҳаёт” фақат ўзбек миллий поэзиясинигина эмас, балки жаҳон поэтик оламининг бақувват асарларидан бири бўлиб танилди.

Рамз Бобожон ўзи айтганидек, “Ҳар қандай шеър, мабодо, бастакор дилига, хонанда тилига йўл топса, қўшиқ бўла олади. ” Жумладан, унинг “Мой город”, (Б.Гиенко мусиқаси) “Песня о Ташкенте” (Д.Тухманов) ва “Сияй, Ташкент звезда-Востока” асарлари қўшиқлар сифатида қабул қилиниб, ўз вақтида юксак мукофот билан тақдирланди.

Шоир ҳамиша ҳаёт билан бирга қадам ташлади, халқнинг дарди билан бирга яшади ва нафас олди, унинг қувончини баҳам кўрди, қайғу-ташвишларига шерик бўлди. Дарҳақиқат, ўзи айтгидек: “Шоир ўз халқининг кўнглини тополса, минг кўзли чашмадай қайнаб кетади”. Унинг поэмалари ҳам, шеър ва рубоийлари ҳам давр садолари сифатида, замонамизнинг долзарб, муҳим масалаларини ёритиш билан характерланади. Уларнинг қиммати ҳам халқнинг талабларига тўла жавоб беришида ва улардан жўшқин ҳаётнинг қайноқ нафаси уфуриб туришдадир.

Драматургиямиз тараққиётида ҳам Рамз Бобожонинг ўзига яраша хизматлари бор. Унинг “Тоға ва жиянлар” (1961), “Инсу жинс ёки тирик мурдалар” (1972), “Зуҳранинг мактублари” (1975), комедиялари, шунингдек, “Юсуф ва Зулайҳо” (1981) мусиқали драмаси республика театрлари саҳналарида қўйилган. “Зуҳранинг мактублари” асари ўзбек драматургиясининг Бутуниттифоқ миқёсига олиб чиққан пухта асарлардан бири. Бу пьесада инсон учун, унинг тақдири ва келажаги, онгидаги сарқитларга қарши кураш, илғор урф-одатларни ҳаётга олиб кириш каби масалаларнинг ифода этилиши, уларнинг янгича ҳал қилиниши томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. “Зуҳранинг мактублари” комедияси “Лўлини алдаб бўлмайди” номи билан Москвадаги “Ромэн” театрида саҳналаштирган. Рамз Бобожоннинг “Юсуф ва Зулайҳо”мусиқали драмаси ҳам томошабинлар ва кенг китобхонлар олқишига сазовор бўлди. Маълумки, муаллиф даставвал муҳаббат мавзуида достон битди, у мувафаққиятли чиққач, мусиқали драма яратди. “Юсуф ва Зулайҳо” спекталининг шуҳрати  ўзбек телевиденияси раҳбариятининг диққат-эътиборини қозонганлиги учун телефильм студияси асарни зангори экранга олиб чиқди.

Қатор-қатор шеърий тўпламлар бир неча пухта драмалар ёзиб, танилган Рамз Бобожон ўзининг қаламини катта жанр – романда синаб кўрди. У 2005 йил “Муҳаббат мезони” романини нашр эттирди. Асарда Иккинчи жаҳон урушидан кейинги дастлабки йиллардаги Самарқанд, Қизилқум атрофидаги энди тикланаётган ҳаёт, чўллардаги қурилишлар, икки зиёли ёшнинг муҳаббати ҳақида ҳикоя қилинади. Асарнинг тили ширали ва сержило бўлиб, воқеалари эса лўнда ва қисқа шаклда изхор этилган.

Рамз Бобожон катта хизматларидан бири – адабиёт ва санъатимиздаги муҳим воқеаларни ҳозирги замонамизга, ҳаётимизга олиб ўтишдир.

Очиғини айтганда, адабиётимиз гулзори яна бир ўзига хос муаттар гул билан ороланди. Бу “Менинг ижодим – менинг ҳаётим” китобидир. Адабий-бадиий, тарихий лавҳалардан ташкил топган бу асарни адабий мажмуа ёки адабиёт тарихидан, эсдаликлардан иборат “Ёднома” деб айтсак бўлади.

Рамз Бобожоннинг чет эл маданияти арбоблари билан дўстона, самимий муносабатлари миллий адабиётимиз учун муҳим аҳамият касб этди. Айниқса, Н.Тихонов, А.Твардовский, Николай Грибачёв, С.Михалков, М.Дудин, Ч.Айтматов, Р.Ҳамзатов, Мирзо Турсунзода, Қайсин Қулиев, шунингдек, Покистонлик машҳур шоир ва аллома Файз Аҳмад Файз, турк ёзувчиси Азиз Несинлар билан бўлган ижодий ҳамкорлиги эътиборли. Жаҳон адабиётида алоҳида ўрин эгаллаган бу адиблар Рамз Бобожон орқали ҳам ўзбек халқининг ҳаёти ва санъати билан кенгроқ танишиш имкониятига эга бўлишган.

Шуни айтиб ўтиш керакки, Рамз Бобожон танқидчилик соҳасида самарали ижод этган. Таниқли адабиётшунос олим Н.Каримов Рамз Бобожонни “Зукко олим” деб таърифлагани бежиз эмас.

Адибни адабиёт шинавандалари фақат шоир ва драматург сифатида эмас, балки таржимон сифатида яхши биладилар. У А.С.Пушкин, М.Лермонтов, Н.Некрасов, А.Твардовский, Н.Тихонов, Н. Грибачёвларнинг шеър ва поэмаларини ҳамда В.Шекспир, Г.Ибсен Н.Хазрий драмаларини ўзбек халқи мулкига айлантирган.

Рамз Бобожон 2008 йил 28-декабрида вафот этди.

Рамз Бобожон бу улкан  ижодий ва ижтимоий фаоллиги учун муносиб тақдирланиб, 1973 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби”, 1981йили “Ўзбекистон халқ шоири” каби юксак унвонлар, 2003 йили “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган. Шунингдек, у “Жаҳон шоирлари халқаро конгресси лауреати” ва “СССР Давлат мукофоти лауреати” ҳамдир.

Рамз Бобжон ўзининг эзгу ниятига чиройли бадиийлик билан баралла куйлади:

“Шеърим

Дарё бўлиб оқ!

Гўзал Ватан боғларида боқ,

Янги асримизнинг тонги отар пайт

Янги авлодларга саломимни айт!

Каломимни айт!”

Ҳа, у 70 йилдан ортиқ вақт орасида китобхонларга поэтик дил сўзларини айтиб кетди.

 

“Лирик шоир – 90 ёшда” номли

китоб кўргазмаси”

 

1.    Рамз Бобожон-лирик шоир.   

 

                            “Беор йиллар ўтди сўрамай изн,

                             Аммо, кимдир, бир кун мени хотирлар.

                             Балки, ўша сенсан, дўсти азизим,

                             Сенга бахшидадир ҳамдард сатрлар”.

Рамз Бобожон

2.    Рамз Бобожон-драматург ва таржимон.

 

“Мен Рамз Бобожонни шоир сифатида билардим, у драматург ҳам экан. “Тоға-жиянлар” унинг биринчи асари бўлса ҳам, порахўр, ўғри, муттаҳамларнинг юзига тупурибди. Кези келганда, ҳаммамиз тупурганмиз, шу жумладан, мен ҳам! Лекин Рамзнинг тупуги каттароқ тушиб қолибди, бунга чидолмаётганлар бўлса,  ўзидан кўрсин!.”

 

Абдулла Қаҳҳор

 

“Шеър онлари-гўзал онлар” номли шеърият кечасининг тахлилий сценарийси

 

         Бошловчи:   Найлай!

Шеъриятга асирланган

Асир!

Банди банд қилгандай

Ошиқ дилимни

Ҳатто қочолмайман,

Кўзларим басир,

Ўзига ўргатиб

Тилимни.

 

Ассалому алайкум, ҳурматли меҳмонлар! Хуш келибсиз. Бу йил Ўзбекистон халқ шоири ва драматурги Рамз Бобожон-ҳозирги ўзбек шеърияти вакилларининг кекса авлодига мансуб.У буткул ижоди мобайнида кўплаб тўпламлар, жилд-жилд сайланмалар эълон қилинган. Рамз Бобожонда шеър нияти элларни, диёрларни кезганда дўстлар билан учрашганларида, далаларда, қурилишларда, ўқув залларида, оддий, камтарин ўз ишини яхши биладиган ва аҳдида устувор одамлар билан мулоқотда бўлганларида туғилади. Ҳозир ёшларимиз шоирнинг она-Ватан, ҳақгўйлик, муҳаббат ва инсоний қадр-қимматни мадҳ этувчи энг сара шеърларидан эътиборингизга ҳавола этишади. Марҳамат!

 

Ватан

                                                                                      

Йигит:                Сени ўйлаганда ўйим тугамас

                            Сен менинг бўй-бастим, буюклигимсан!

                   Сени куйлаганда куйим тугамас,

                   Менинг илҳомчимсан, суюклигимсан!

   

                   Ватан деганимда сени кўраман,

                   Муштипар, серташвиш, азиз меҳрибон,

                   Сенинг меҳринг билан тўлқин ураман,

                   Яхшига яхшиман ёмонга ёмон!

 

                   Сенинг меҳринг билан тилга кираман,

                   Тергайман, синайман ўзимни ўзим...

                   Беғараз дил билан дилга кираман,

                   Тангрига ташаккур! Ёруғдир юзим...  

 

 Қиз:                   Сенинг меҳринг билан бағрим бутундир,

                   Сенинг меҳринг билан равондир йўлим

                   Сенинг меҳринг билан ғоям устундир,

                   Қўл чўзсам, қуёшга етгудай қўлим...

         

                   Эй, она заминим, ота Ватаним!

                   Не кунлар бошимдан кечмади, билсанг!

                   Сенсан халоскорим, таянчим маним,

                   Наҳотки, қалбимдан бир нафас жилсанг?!

 

                   Йўқ! Сени севаман, сени ёқлайман!

                   Дахлсиз давлатим-Ўзбекистоним...

                   Жонимдай ардоқлаб, жондай сақлайман

                   Жондай жаҳонимсан, жаҳондай жоним!

 

                   Сен менинг ҳамдардим, ҳамиша ҳамдам,

                   Эзгу тилагимни сенга айтаман:

                   У дунёга кетганимда ҳам,

                   Қайтар бўлсам фақат сенга қайтаман!

 

Истиқлол нашидаси

  

Қиз:                    Арслон олдим бахтимни,

                   Юлдуз бўлиб ёнди эзгу бир ният...

                   Тикладим минг йиллик қутлуғ тахтимни,

                   Кўз тегмаса басдир, бевақт беминнат!

                   

 Саодат тантана қилди дафътан,

                   Йиғлоқи шашмақом кулгусими бу?!

                   Аждодим кўрмаган Ватансан, Ватан!

                   Нақлу эртакларда куйлаган орзу.

 

                  Тангри қўлладими ё танти қисмат,

                  Қурбонсиз забт этдинг метин қадъани,

                  Онам тирик бўлса, кошки, фурсат,

                  Қувониб айтарди янги аллани

 

                  Тебранса, тебрансин, минг миллион бешик,

                  Лекин тебранмасин ҳадикдан юрак!

                  Аҳдимиз мустаҳкам, мустаҳкам эшик,

                  Истиқлол муборак, қувонч муборак.

 

Йигит:               Баркамол, суюкли, азиз диёрим,

                  Иймоним, армоним, жон Ўзбекистон.

                  Аламнок виждоним, онаизорим,

                  Авлодлар бахтига омон бўл омон!

 

Сен сахий, дилбарсан, халқларга манзур,

Қардошлик тимсоли, дўстлик байроғи,

Ўғил-қизларинг бор оламга машҳур

Асрим маърифатнинг нурли чароғи.

 

Нуроний ўзбексан, шикаста дилсан,

Замонлар забтида инграган рубоб!

Ер-сувинг беқиёс, бебаҳо элсан,

Ер ости бойлигинг бесон-беҳисоб.

 

                   Балли! Шерзод жумҳуриятим,

                   Эркингни бой берма, омон бўл омон!

                   Сенсан адолатим, эзгу қисматим,

                   Дахлсиз давлатим, жон Ўзбекстон!

 

Асримизнинг дардига қулоқ сол

 

Қиз:                    Тортима, қабул эт, янгроқ қадаҳни!

                   Қўлингда порласин мисоли қуёш...

                   Мен ҳам нобуд қилмай томчи сиёҳни,

                   Мисралар қатидан кўтараман бош-

                   Янги асримизнинг янги тонгида,

                   Бугундан элчидай,

                                                бугундан гувоҳ,

                   Холбкуки, нотинчман,

                                               огоҳман, огоҳ,

                   Кураш майдонида, қисмат жангида!

                   Начора!

                   Эй, шеърим, сен туғилган кун,

                   Сен камол топган бу, замину замон-

                   Тақдири гўёки, қалтис бир ўйин,

                   Соврунни ололмай ўйинчи фиғон,

                   Асабий,

                             ғазабнок, отса отгудай,

                   Ўз қора қонига ботса ботгудай!

 

Йигит:              Наҳотки, еримиз чаппа айланса!

Наҳотки, эркимиз қўли бойланса!

Бир ёнда ростгўйлик, бир ёнда иқвр,

Бир ёнда адолат, бир ёнда бўҳтон...

Бир ёнда зулмат, бир ёнда зиё,

Бир ёнда бебурдлик, бир имон...

Асримиз дардига қулоқ сол юрак!

 

Ёшини яшаса ҳам бари-бир тийрак...

Бари-бир буюклар ичида буюкдир,

Қўрқинч кўринса ҳам, сирдош суюкдир

Кеча-кундуз ўтар, ўтади ҳафта,

Ўтади йиллар...

Асрлар ўтади,

биз ҳам ўтамиз.

Ҳаётнтнг азалий қонуни шундай!

Авлодлар кетидан авлод кутамиз,

Денгизда жўш урган янги тўлқиндай...

 

Бошловчи:  Рамз Бобожон чин маънода шеър мафтун одам.  Шу мафтунлик уни шоир, ижодкор қилган, шеър машаққатларидан зар ундиришга, машаққатларни яратиш учун бериладиган умрининг энг гўзал онлари деб баҳолашга ундаган.

“Менга баъзи ижодкор дўстларим одам умр бўйи изланиб ўтмайди, изланиш ёшликда бўлади ва ёшлик чоғларида ўзини оқлайди.” Сўнг ижодкор ўзининг катта йўлига тушгач, шу йўлдан оғишмай, бошқа майда йўлларга ўтмайкетаверади, дейдилар. Лекин мен бошқача фикрдаман-дейди Рамз Бобожон изланиш умр бўйи давом этади.

Ижодкор катта йўлга чиққанда ҳам катта йўлнинг изланишлари бошланади... “Изланиш тўхтаган ерда ўсиш ҳам тўхтайди, мен умрнинг қай фаслида бўлмасин шеър фақат изланиш билан яратилади, деган ақидага ишонаман...

Рамз Бобожонинг шеърлари ва достонларида ҳаётга мафтунлик билан унинг изланиш руҳи акс этиб турганлигини кўриш мумкин.

 

Ёшлик ўтди десанг, нечун шаббода

Ёқимли эсади,ундайди боққа,

Нечун муаттар ис анқир ҳаваода,

Ҳамон бўй бермайди сочин тароққа.

 

Йигит:              Ҳиёбон бағрига отилдинг гулдай.

Ва ўзинг ногаҳон гул бўлиб қолдинг.

Баҳор сеҳрлаган ошиқ кўнгилдай

Энтикиб-энтикиб чуқур тин олдинг.

Балки, бир қучоқсан, бир боғнинг ўзи...

Балки ўхшаши йўқ илоҳий гулсан.

Сендадир, севгилим,қалбимнинг кўзи,

Мен сенга сен эса қулсан.          

 

Қиз:                   Эй юрак! Ижодим сенга ҳавола,

Сен ўзинг кафилсан бутун умрумга

Сен менинг сирдошим, мен-ла овора,

Ҳамиша ҳамқалам, ҳамдард шеъримга,

Кўриш насиб этса янги асрни,

Анвойи гуллардан ясай унга бахт!

Қутлуғ ғиштдан тиклай олий қасрни,

Илоҳий тож кийсин,одил шоҳдай Вақт!

Менинг тилагим шу, менинг куйларим,

Келажак йилларга мендан нишона!

Тонгимда янграган хақгўй куйларим

Шолимда, наҳотки, бўлса бегона!

             

 

 

 

     Нега индамайсан?

 

 Йигит:              Кўзларим тубида ёнар юрагим,

                   Ёнган юрагимни яна ёқсанг ёқ

                   Сенсан саодатим, сенсан тилагим,

                   Севгилим,

                                дилбарим, кўзларимга боқ.

                   Кўзларим тубида ёнар юрагим...

                   Нега индамайсан,нега тилинг лол?

                   Ким айтиб беради севги эртагин?

                   Вафо деганинг, бу, ҳақми ё хаёл?..

                   Кўзларим тубида ёнар юрагим,

                   Нега индамайсан,

                                            нега тилинг лол?

 Бошловчи:      Юз йиллар юзини кўргим келади,

Шоҳ қалам изидан юргим келади!

Орзуга айб йўқдир, орзули дунё!

Дунё тургунгача тургум келади.

 

Энди ёшларимиз шоирнинг рубоийларидан ўқиб беришади.

Қиз:    

Дейдиларким, шоир зоти икки бор яшар эмиш,

У ўлса ҳам шеъридаги эътибор яшар эмиш,

Демак, ундан топилмаса икки умр бисоти,

Бир умрга қарздор бўлиб, интизор яшар эмиш.

 

Шодликнинг умри узун, аламнинг умри қисқа,

Оламдан ўтганларга оламнинг умри қисқа,

Келажакка обида бўлолмайди меҳнати,

Ёлғон-яшиқни ёзган қаламнинг умри қисқа.

 

Йигит:     Дўстингни, мабодо, синай десанг гар,

Унга мансаб бериб кўргил, бирожар,

Мансабни кўтарса, кўтаролгани,

Кўтара олмаса,дўстлигинг хатар.

 

Онаизор қадрига етолсанг кошки,

Зурриёдлик бурчини ўтолсанг кошки,

Ўлганида азасин тутгунча бир йил,

Тиригида бир кун шод этолсанг, кошки!

 

Она юртим бахтга бойсан десам,адашмайман.

Тантиликда хотамтойсан десам ишонмайсан,

Наинки, ёр, сайёралар ўтли диёрига

Эрк хайкалм, фахр, чиройсан десам, адашмайман.

 

         Одам яшар экан, кераксиз бўлмас,

         Қариган чоғда ҳам тилаксиз бўлмас,

         Ҳатто оёқ-қўлсиз бўлиши мумкин,

         Аммо муҳаббатсиз, юраксиз бўлмас.

 

Йигит:     Бир кўкармас бахилнинг боғи,

На ёлқин беради ёнса янтоғи.

Тиригида чиққанмиди ёруғлик

Ўлганда ёнарми гўрда чироғи?!

                     ***

Хаёл алдаганда алдангим келар

Чарх уриб, жахонни айлангим келар,

Ёмонни куйдириб, яхшилар билан,

Яхши соатларда ёдлагим келар.

 

Бошловчи: Забардаст шоир, давримиз баланд ғояларинниг жўшқин куйчиси Рамз Бобожон ўз муҳибларини оташин шеърияти билан шод қилиб кетди.

 

Найлай!

Шеъриятга асирланган

Асир!   

Банди банд қилгандай

Ошиқ дилимни

Ҳатто қочолмайман,

Кўзларим басир,

Ўзига ўргатиб

Тилимни.

 

 

Ўзи ардоқлайди

Қалбимни,

Ўзи

Бир нафас жилдирмас

На кеч,

На кундуз,

Гўё

Кўзим-кўзи,

Сўзим ҳам сўзи,

Кундузи қуёшим

Кечаси юлдуз...

Шеърият гўзали

Холу жонимга

Қўймайди,

Севгиси,

Рашки зўр экан

 “Қора сўз”ни ёнимга,

Бегона кўзига санчгудай

Тикан!

 

Висол дамларини

Зору интизор

Кутганда

Учрашсанг,

Ажралиш қийин!

Эй илҳом париси,

Бўлма беқарор,

Садоқат олдида

Сен ҳам эг бўйин!

 

Шу билан Ўзбекистон Халқ шоири Рамз Бобожон таваллудига бағишланган тадбиримизни якунлаймиз. Хайр саломат бўлинг!

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

 

1.                Бобожон Р. Танлаган асарлар. 3 томлик. – Т.: Адабиёт ва санъат нашр., 1974.

2.                Бобожон.Р Муҳаббат мезони: Роман – Т.: Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2005. – 208 б.

3.                Бобожон Р. Муҳаббатга таъзим: Шеърлар. Балладалар. Поэма. – Т.: Адабиёт ва санъат нашр., 1980. – 256 б.

4.                Бобожон Р. Оби ҳаёт: Достон. – Т.: Адабиёт ва санъат нашр., 1971. – 48 б.

5.                Бобожон Р. Сенинг меҳрингдан: Шеърлар. Ҳақгўйлигим ҳаққи. Севги саҳифалари. Янги рубоийлар. – Т.: Чўлпон, 1997. – 280 б.

6.                Бобожон Р. Сенга, севгилим: Шеър, баллада, поэмалар. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашр., 1969 – 573 б.

7.                Рамз Бобожон: Библиография / А.Қодирий номидаги Тошкент Давлат маданият институти. Тузувчилар З.Бердиева, Г.Норқулова, З.Султонов. – Т.: А.Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси нашр., 2010. – 276 б.

8.                Рамз Бобожон (1921-2008) // ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси ([Таҳрир ҳайъати: А.Орипов ва бошқ.] – Ўзбекистон, 2007. – б. 80-82. 

9.                Рамз Бобожон (1921) // Мирвалиев С, Шокирова Р. Ўзбек адаблари: ХХ аср адабиёти / Масъул муҳаррир Н.Каримов. – Т: Фан, 2007. – б. 102-103

10.          Ошиқ қалбнинг дардманд қўшиғи // Шарафиддинов О. Ижодни англаш бахти. – Т: Шарқ, 2004 – б. 612-614.

11.          Рамз Бобожон // Ўзбекистон. 7-жилд. Парчин-солиқ. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2004. – б. 248.

 

 

Тузувчи:                Музаффарова З.Т.