Тошкент вилояти “TURON” ахборот кутубхона маркази

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Моҳир носир ва драматург Ўткир Ҳошимов – 70 ёшда

 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг 70 йиллигига бағишланган услубий қўлланма

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Тошкент – 2011

 

 

   Ҳозирги адабиётимизнинг кўзга кўринган намоёндаларидан бири Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов бу йил 70 ёшга тўлади. Адиб қирқ йилдан ортиқроқ ўтган давр мобайнида ўзининг ажойиб публицистик мақолалари, ҳикоя, қисса ва романлари билан адабиётимиз тараққиётига муносиб улуш қўшиб келмоқда.

Ўткир Ҳошимовнинг қатор роман ва қиссалари, юздан ортиқ жиддий ва ҳажвий ҳикоялари, “Ойнои жахон” ва саҳналарда намойиш қилинган асарлари аллақачон халқнинг маънавий мулкига айланган.

Адиб таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан Тошкент вилояти “TURON” АКМ томонидан ушбу услубий қўлланма тузилди. Қўлланма ўз ичига қуйидаги материалларни олади:

1.     Адибнинг ҳаёти ва ижоди.

2.     “Элимизнинг меҳрини қозонган адиб” номли китоб кўргазмаси учун материаллар.

3.         Адибнинг “Икки эшик ораси” асари асосида китобхонлар конференцияси.

4.         “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” асари асосида давра суҳбати.

5.         Ёзувчининг “Тушда кечган умрлар” романининг муҳокамаси учун материаллар.

6.         Адабиётлар рўйхати.

 

Ўз асарлари билан аллақачон минглаб китобхонларнинг севимли адибига айланган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов 1941 йилнинг 5 августида Тошкент вилоятининг Зангиота тумани Дўмбираобод мавзесида таваллуд топди.

Болалиги уруш қийинчиликлари, мухтожликлари даврида кечган адиб, 1958 йилда ўрта мактабни битириб, Тошкент Давлат Университети журналистика бўлимининг аввал кечки, сўнгра кундузги бўлимида ўқиб, 1964 йилда тугаллади. 1959-1960 йилларда “Темир йўлчи”, 1960 йилда ҳозирги “Ўзбекистон овози”, 1960-1982 йилларда “Тошкент ҳақиқати”, “Тошкент оқшоми”, 1982-1983 йилларда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, 1985-1995 йилларда “Шарқ юлдузи” журналига бош муҳаррир ва 1995 йилдан 2004 йилгача Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Матбуот ва ахборот қўмитаси раиси сифатида фаолият кўрсатиб келди. Ҳозир “Театр” журналига мухаррирлик қилмоқда.

Ўткир Ҳошимов ижоди публицистикадан бошланган бўлиб, биринчи китоби 1962 йилда “Пўлат чавандоз” номи билан босилиб чиққан. Унинг илк ҳикояси 1963 йили “Тўрт мактуб” номи билан чоп этилган. Кейинчалик мазкур ҳикоя асосида “Чўл ҳавоси” (1963) қиссаси яратилган. Шундан сўнг унинг “Одамлар нима деркин”, “Шамол эсаверади” қиссалари майдонга келди.  Айниқса, адибнинг “Баҳор қайтмайди” (1970), “Қалбингга қулоқ сол” (1973) қиссалари ёзувчига шухрат келтирди. “Баҳор қайтмайди” қиссасида истеъдодли бир йигитнинг шуҳрат илинжида хазон бўлган умри, руҳий-маънавий инқирози санъаткорона ифодаланган. Ҳазин ва нурли туйғулар билан йўғрилган автобиографик характердаги “Дунёнинг ишлари” асарида муаллиф ўз онаси тимсолида ўзбек оналарига хос улкан меҳр-мурувватни тараннум этган. Ёзувчининг “Муҳаббат”, “Деҳқоннинг бир куни”, “Урушнинг сўнгги қурбони”, “Ўзбек иши” каби новеллалари ўзбек ҳикоячилигида муҳим ҳодиса бўлди. Илк романи “Нур борки, соя бор” (1976)да Ўткир Ҳошимовнинг ўзига замондош- тенгдош журналист Шерзоднинг кечинмалари орқали ҳаяжонли маънавий-аҳлоқий масалалар билан бирга ўткир ижтимоий муаммоларни кўтарган. “Икки эшик ораси” (1986), “Тушда кечган умрлар” (1994) романларида адиб замондош-асрдош одамлар тақдирини 20-йилнинг энг кескин фожиавий ходисалари – 2 жаҳон уруши ҳамда мустабид тузумнинг жинояткорона сиёсати оқибатлари билан боғлиқ ҳолда таҳлил ва талқин этиш йўлидан борган. “Икки эшик ораси”даги деярли барча персонажлар уруш даврида уруш жафосини чеккан одамлардир.  Асар персонажлари тимсолида ўзбек халқи табиатига, миллат менталететига хос бағрикенглик, бардош ва матонат каби фазилатлар очиб берилган. “Тушда кечган умрлар” романидаги Рустамнинг фожеавий қисмати орқали Ў. Ҳошимов афғон урушининг маъносиз моҳиятини теран ва таъсирчан ифода этган. Бутун умри давомида таталитар режим сиёсатининг қалқони ва қиличи сифатида иш кўрган, неча минглаб одамлар дилини жароҳатлаган, ёстиғини қуритган комиссар ҳам ўзига хос фожиавий образ. Бу кимсанинг фожиаси шундаки у ўзи олиб борган қора ишларни хақ деб билган.

Адибнинг бир қанча асарлари экранлаштирилган. “Хазон бўлган баҳор”, “Инсон садоқати” (1975), “Виждон дориси”, “Тўйлар муборак” (1979), “Қатағон” каби драма, комедия, бир қатор киносценарийлар муаллифи. “Дафтар хошиясидаги битиклар” (2001) китоби ижтимоий-маънавий ҳаётда муайян из қолдирган. Асарлари жахоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Хошимов Ўзбекистон Ёшлар мукофоти совриндори (1976), Ойбек номидаги адабиёт мукофоти совриндори (1981), Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти совриндори (1986), 1-2 чақириқ Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва ахборот қўмитаси раиси (1995-2004), “Меҳнат шуҳрати” (1994), “Буюк хизматлари учун” (2001) орденлари билан мукофотланган.

 

 

 

 

 

“Элимизнинг меҳрини қозонган адиб”

номли китоб кўргазмаси учун материаллар

 

Ушбу китоб кўргазмасини ташкил қилишдан мақсад кутубхонада ўтказиладиган тадбирларда фойдаланувчиларни адиб ҳаёти ва ижоди билан мукаммал таништириш, уларнинг мустақил фойдаланишлари учун кенг имконият яратишдан иборат.

Кўргазманинг бўлимлари:

1.     Ўткир Ҳошимов ҳаёти ва фаолиятининг саҳифалари.

 

Ихтибос:

Ўткир Ҳошимов халқимизнинг фидоий, ростгўй ёзувчиси сифатида ҳамиша ўз мавзуи бўлиб келган халқ ҳаётини узлуксиз кузатади ва ундан айтиш ниҳоятда зарур бўлган нуқталарини қаламга олади.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси

Саид Ахмад

 

2 бўлим. Ўткир Ҳошимов романнавис.

 

Ихтибос:

Ўткир Ҳошимов асарларини жозибадор қилган, уларга ўзига хос бадиий тароват бахш этган икки муҳим хусусият бор. Буларнинг бири шуки, адиб бадиий асарни енгил ташвиқот винтчасига, жўн тарғибот қуролига айлантирмайди, балки асарларининг кўпчилигида бирон умумбашарий муаммони ўртага ташлашга интилади...

Ўткир Ҳошимов – халқнинг суюкли адиби. Ёзувчи учун бундан катта бахт йўқ.

Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим

Озод Шарафиддинов

 

3-бўлим. Бетакрор истеъдод эгаси.

 

 

 

 

 

Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” романи бўйича китобхонлар конференциясини ўтказишга тавсиялар

 

Ушбу асар бўйича китобхонлар конференциясини ўтказиш катта тайёргарлик ишларини талаб этади. Конференцияни ўтказиш учун тайёргарлик ишлари 2 ой олдин бошланади. Бунинг учун китобхонлар ўқиб чиқишлари учун “Икки эшик ораси” асари китобхонлар ўртасида тарқатилади ва улар асардаги воқеалар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишлари керак. Мактаблар, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари, маҳаллалар, ташкилотларга эълонлар осилиб, таклифномалар юборилади. Маҳаллий матбуот, радио ва телевидения орқали ўтказиладиган конференция тўғрисида ҳабар берилиши, унда кўпчиликнинг иштирок этишини таъминлайди. Конференция учун аудитория танлаб, безатилади. Адибнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоб кўргазмаси ташкил қилинади ва ундаги адабиётлар асосида обзор ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

Конференцияни кутубхоначи ёки адабиёт ўқитувчиси олиб бориши мумкин. Конференция ўтказилиши мобайнида китобхонлар ва иштирокчиларга асар ҳақида саволлар берилиб, улардан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришлари сўралади. Тадбирнинг янада қизиқарли ўтиши учун ёзувчининг ўзини, адабиётшунос, тарихчи олимларни, адабиёт ўқитувчиларини таклиф қилиш мумкин.

 

“Икки эшик ораси” романининг қисқача мазмуни

 

Романда уруш ва урушдан кейинги йиллардаги қишлоқ ҳаёти, урушнинг жами оғирликларини, маҳрумликларини азамат елкасига кўтарган, ўзи емай топганини жангчилар оғзига тутган фидойи деҳқонлар жасорати мадҳ этилган. Никоҳ кечасининг эртасига куёвини жангга жўнатиб, келинчак либосини иш кийимига алмаштирган чиллали келинларнинг оғир, машаққатли меҳнатлари, ота ўрнига кетмон кўтариб далага чиққан норасида гўдаклар, ўғли ўрнига ер чопган букчайган чол-кампирлар кўз олдингизда пайдо бўлади. Сиз уларнинг овозини эшитасиз, саратон жазирамасида терлаган серажин юзларини кўрасиз.

Уларнинг қалбини тик ушлаб турган куч ғалабага ишонч эди. Уруш йўлларига нигорон кўз тиккан чол-кампирлар тонг отгунча: э, худо, ўқлар тагида юрган болагинамни ўз паноҳингда асра, дея дуо қилардилар. Очлик,  юпунлик, айрилиқлар, эрта хазон бўлган муҳаббат аламлари, жудолик, қарғиш, йиғи, ғазаб-ҳамма-ҳаммаси романда ниҳоятда ишонарли тасвирланган.

“Икки эшик ораси” романи ўзбек адабиёти ҳазинасидан ўз ўрнини топган асарлардан бири бўлиб қолди. Бу асар халқлар бошига кулфат солган иккинчи жаҳон уруши тўғрисида ёзилган аччиқ ва аламли йилномадир.

Ўткир Ҳошимов халқимизнинг фидоий,  ростгўй ёзувчиси сифатида ҳамиша ўз мавзуи бўлиб келган халқ ҳаётини узлуксиз кузатади ва ундан айтиш ниҳоятда зарур бўлган нуқталарини қаламга олади.

Она халқининг дардига ҳамдард, қувончига шерик бўла оладиган, ҳар қандай мушкул шароитда ҳам уни ҳимоя қила оладиган ижодкоргина меҳрга, иззат-ҳурматга сазовор бўлади.

 

Асар муҳокамаси учун тахминий саволлар

 

1. Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” романини ёзиши учун нима туртки бўлган?

2. Асардаги воқеалар қайси даврни ўз ичига олади?

3. Ватанимиз ҳаёти хавф остида қолган дамларда халқимизнинг бир жону-бир тан бўлиб кўрсатган жасоратлари ҳақидаги сизнинг фикрингиз.

4. Ватани, халқи ва эл-юрт тинчлиги учун курашдаги ватандошларимиз жасорати ҳақида ўз фикрингизни баён қилинг.

5. Романдаги Кимсан образи ҳақида нима дея оласиз?

6. Асардаги Ватанпарварлик туйғуси инсонларнинг қайси ҳислатларида намоён бўлади?

7. Асарда муаллиф шундай оғир ва машаққатли йиллардаги яна қандай инсоний туйғуларни талқин қилган?

8. Робия образи ҳақида гапириб беринг.

9. “Нуғайқўрғон” оқсоқоли образи сизда қандай таасурот уйғотди?

10. Романдаги аёллар образи, уларнинг фронт ортидаги меҳнати, фидоийлиги, ўзаро меҳр оқибати ҳақидаги сизнинг фикрларингиз.

 

“Дафтар ҳошиясидаги битиклар”

 асари асосида давра суҳбати

 

Тиниб-тинчимас адиб мудом изланишда Маънавиятга чанқоқ мухлисларини миллий истиқлол мафкурасига йўғирилган асарлари билан хушнуд этмоқда.

Сўнгги пайтларда кўпчилик китобсеварларнинг ёнларидан мўъжазгина китобча тушмай қолди. Бу “Шарқ” нашриёти-матбаа концерни бош тахририяти томонидан чоп этилган “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” деб номланган китобдир.

“Бу китобчани қарийиб қирқ йил ёздим, дея эътироф этади муаллиф. – Булар менинг Кузатувларим, Ўйларим... Бир қадар армонли, бир қадар истеҳзоли, бир қадар табассумли Хулосаларим... Аслида, уларнинг ҳар бирини алоҳида асар қилса ҳам бўларди – ку...”

Дархақиқат, “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”даги ҳар бир битик мазмун-моҳиятига кўра ихчам, аммо тугал асар, деса бўлади. Уларда ҳаётнинг турли қирралари қаламга олинади. Ҳар бир воқеа ҳодиса ўқувчини ўйлашга, мушоҳада қилишга ундайди. Унинг қалб кечинмаларига айланиб кетади. Айрим асарлар қанчалик қисқа, ихчам ва лўнда бўлмасин, адибнинг ўз таъбири билан айтганда, “Роман қуввати билан” ёзилгандек таасурот қолдиради. “Табиат, жамият, инсон” деб номланган бобдаги “Тарих хатосида” адиб тўққиз нафар улуғ бобокалонимизнинг улуғвор ишларини атиги биттадан жумлада қайд этган ва асримиз фожиясини тағин бир оғизгина афсус-надоматли гап билан ифода қилган!... Асарни мағзини чаққан ўқувчи беиҳтиёр ўйлаб қолади: Наҳотки биз шунча йиллар ўзимизни, ўзимиз ерга уриб яшадик? “Ўзингдан чиққан бало” ўзингни ҳақорат қилса, бундан ортиқ ҳақорат бўладими? Қадриятларимизни тиклаган истиқлол эмасми? Истиқлолни қадрламаслик гумроҳлик бўлмайдими? Ёзувчи бу гапларни айтмаган. Уларни ўқувчининг ўзи сатрлар замиридан топиб олади.

Ҳаётий битикларни мутолаа қилган ўқувчининг маънавий олами бойиб, фикри, дунёқараши кенгаяди. Негаки, аксар фикрлар қисқача “Қомусий мушоҳадалар”га ўхшайди. Қанча лўнда бўлса, шунча теран. Таг маъноси чуқур.

Эътиборингизга ҳавола этилаётган парчалар мазкур китобнинг янги нашрига киритилиши мўлжалланган.

 

Умр ва ҳаёт

 

Бир сайёҳ қайси юртга борса, аввал бозорини, кейин мозорини айланар экан. Бозорга кириб, ўша мамлакатнинг бойлигига, қабристонни зиёрат қилиб, маънавий бойлигига баҳо берар экан. Бир мамлакатга борибди. Бозор айланиб, юрт маъмурчиликда яшаётганига тан берибди. Қабристонга кириб, ғалати манзарани кўрибди. Ҳар бир қабр тепасида тош лавҳа бор эмиш. Лавҳага ғалати сўзлар битилганмиш. “Фалончи етмиш йил умр кўрди ва саккиз йил яшади”, “Пистончи эллик йил умр кўрди ва ўн тўрт йил яшади”, “Бу инсон етмиш тўққиз йил умр кўрди ва ...бир йил ҳам яшамади”.

Сайёҳ бу не синоатлигини сўраган экан, тушунтириб беришибди:

- Умр – бу худо берган умр. Бировники кўпроқ бўлади, бировники камроқ. Яшаш деганда эса биз бошқа нарсани тушунамиз. Марҳумни тупроққа топшираётганда аҳли-жамоани тўплаб, “Фалончи қанча яшади? Деб сўраймиз, марҳум умрининг қанчаси мазмунли ўтганини ҳисоблаб чиқамиз. Қанча фурсат савобли иш қилгани, қанча муддат яхши амаллар бажаргани, шодумон дамлари қанча бўлгани... Бировники қўпроқ чиқади бировники-камроқ...”

Албатта, бу – бир афсона. Бироқ ер юзида чиндан ҳам шундай мамлакат бор бўлса, шубҳасиз, бу – донолар мамлакатидир!

 

Ўкинч

 

Дарахтнинг мева тугишига шай турган қанчадан-қанча гулларини бемаврид шамоллар учириб кетгани сингари, умримнинг қанчадан-қанча онлари ҳасадгўй ва мунофиқлар етказган жароҳатлар оғриғини туйиш,  шу турмуш икир-чикирларини ўйлаш билан бесамар ўтаётганига ўкинаман...

Баъзи китобхонлар ўзаро фикрлашганларида шундай жўнгина савол – жавоблар қулоққа чалинади. Ўқиган романинг нима ҳақида экан? Ёстиқдай келадиган китобни ҳафсала билан мутолаа қилган китобхон унинг мазмунини икки оғиз гап билан ифодалаб қўя қолиши мумкин. Ўткир Ҳошимовнинг битиклари ҳақида эса камида 158 оғиз гапирмасдан илож йўқ. Негаки тўплам шунча саҳифадан иборат. Мағзини чақиб гапирсангиз, ундан ҳам кўп фикр айтиш мумкин бу китоб ҳақида. Яхшиси, уни шошилмай, ўйлаб ўқиб чиққан маъқул.

Буларнинг барчаси захматкаш адибнинг кўп йиллик изланишлари, ижодий меҳнатлари самарасидир.

 

Ёзувчининг “Тушда кечган умрлар”

романининг муҳокамаси учун материаллар 

 

1992 йили ёзувчининг галдаги романи “Тушда кечган умрлар” босилиб чиқади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида ёзилган замонавий мавзудаги бу асар халқимизнинг яқин кечмиши, истиқлол арафаси воқеалигини акс эттиради. Романнинг энг муҳим жиҳати таназзулга юз тутган жамиятнинг чиркин томонлари очиб ташланганлиги, сохта ғояларининг асоси пуч эканлиги рўй-рост кўрсатилганлиги, ушбу ғояларга алданганлар, адашганлар фожеаси ички бир дард билан ёритилганлигидадир.

Асар марказида навқирон йигит Рустам образи туради. Кўнгли эзгу орзу-умидларга тўла, жамиятга чин дилдан ҳалол хизмат қилиш орзусида бўлган бу йигит ўз жонига қасд қилади. Рустамни фожиага етаклаган омиллар нима? Ёзувчи ана шу фожиани бадиий таҳлил қилиш баробарида, бутун бир тузум юзидаги ниқобни олиб ташлайди, кечирилмас хатоларини бадиий гавдалантиради.

Ўткир Ҳошимов “Тушда кечган умрлар” романи билан биринчилардан бўлиб яқин тарихнинг унутилмас саҳифаларидан бўлмиш афғон уруши манзараларини адабиётга олиб киради.

Рустамнинг фожиа томон қўйган биринчи қадами ана шу урушдаги иштироки эди. Ҳақиқатпараст, таъсирчан йигит урушнинг даҳшатли воқелигига ўзи гувоҳ бўлади, ғайриинсоний моҳиятини, бунда қандайдир адолатсизлик борлигини ҳис қилади; лекин қандай чора кўришни билмайди, изтироб ичида қоврилади. Романда бу кескин руҳий ҳолат ниҳоятда таъсирли кўрсатилган. Рустамнинг афғон кундалигидан бир лавҳа: “Зум ўтмай вайрона бўлган остонасида нимча кийган, аммо иштонсиз, бир ярим ёшлардаги ўғил бола кўринди... Бола ҳамон йиғлаганича ўз тилида ғужур-ғужур қилиб, итга эргашди. Оёқяланг тупроқ кечиб, алпанг-талпанг юрган кўйи аёл тепасига келди... Аёлнинг ёнига чўккаладида, ёш тўла кўзлари билан негадир ғудраниб кулди. Тупроққа беланган қўлчалари билан онасининг маммасини чангаллаганча эма бошлади. Бирпас эмдида илкис бошини кўтарди. Ҳайрон бўлиб, гоҳ онасига, гоҳ итга, гоҳ менга мўлтирарди. Оғзини каппа-каппа очиб, чирқиллаб йиғлаб юборди. Гўдакнинг оғзидан сўлак аралаш қон оқар эди.

...Аввал ич-ичимдан титроқ келди. Кейин қўлларимнинг бармоқлари музлаётганини ҳис қилдим. Ундан кейин оёқларим қалтирай бошлади. Танкка қанда        й етиб бордим, эсимда йўқ.

- Отаман! – дедим ўкириб.- Ҳаммангни отаман! Ўзимниям отаман!”

Рустам урушдан танида ва қалбида жароҳатлар билан қайтади.

Устига-устак унинг уйига, “тинч ҳаёт”га қайтиши миллатимизнинг яқин кечмишидаги яна бир мудҳиш ҳодиса – “ўзбек иши” кечаётган паллага тўғри келади. Рустамнинг ҳалол, бир умр ватан йўлида меҳнат қилган отаси қўшиб ёзишда айбланиб қамалади. Отасининг мусибати, акасининг тергов жараёнидаги хўрлик ва ҳақоратлар ҳақидаги ҳикоялари унинг дардига дард қўшади.

Маъмурий буйруқбозликка асосланган тизим ҳар қадамда ёш йигит олдига янгидан-янги тўсиқлар қўяверади, у эъзозлаган адолат, ҳақиқат туйғуларига путур етаверади. Буларнинг устига жисмоний жароҳати қўшилиб, унинг оилавий бахти ҳам заволга юз тутади. Ишонган, эътиқод қўйган туйғулари паймол бўлган йигит мудҳиш кўргиликларга чидай олмасдан ўзини ўзи нобуд қилади.

Роман истиқлол арафасида жамиятдаги маънавий, иқтисодий, руҳий таназзул, миллат бошидан кечган аччиқ кунлар, “тилининг учидаги” дардлари ғоят ҳаққоний гавдалантирилганлиги билан қимматлидир. Йигитларнинг ҳарбий кўрикдан ўтиши, талабаларнинг пахта далаларидаги кечмишлари борми, ўзбек тўйидаги қўшниларнинг жанжали, давлат идораларидаги маъмурий буйруқбозлик, порахўрлик, ноҳақликлар борми – барчасида тасвир ҳаққонийлик тамойилига асосланади.

“Тушда кечган умрлар” асари бўйича

бахс-мунозара учун саволлар

 

1. Ўткир Ҳошимовнинг “Тушда кечган умрлар” асаридаги воқеалар қайси даврни ўз ичига олган?

2. 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида давом этган адолатсиз урушнинг фожеаси ҳақидаги фикрингиз.

3. Роман қахрамонларидан бири Рустамнинг “интернационал” бурчини бажариш давридаги ўй ҳаёллари ҳақида нима дея оласиз?

4. 1980 йиллардаги халқимиз ҳаёти ҳақидачи?

5. Рустамнинг афғон урушидаги иштироки, изтироб ва аламларга тўла афсус надоматлари сизда қандай таасурот уйғотди?

6. Ўша даврдаги “Ўзбек иши” воқеаларининг мазмун-моҳияти ва унга сизнинг муносабатингиз.

7. Турмушнинг ноҳақ зарбаларига дош бера олмаган Рустамнинг фожеали ўлими- бунинг илдизлари қаерда деб ўйлайсиз?

8. Романдаги комиссар образи орқали ёзувчи нима демоқчи бўлган?

9. Асарнинг тарбиявий аҳамияти ҳақидаги сизнинг фикрингиз.

 

                                      Адабиётлар рўйхати

                                                     

1. Ҳошимов Ў.  Пўлат чавандоз. Очерклар. Ўйлар. – Т.: Тошкент, 1962. – 40 б.

2. Ҳошимов Ў.  Гунафша. “Чўл ҳавоси”. Қисса ва ҳикоялар. – Т.: Ёш гвардия, 1965. – 156 б.

3. Ҳошимов Ў.  Одамлар нима деркин... Қисса. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1966. –  100 б.

4. Ҳошимов Ў.  Бир томчи шудринг. Шамол эсаверади. Қисса. Ҳикоялар. – Т.: Ёш гвардия, 1970. – 200 б.

5. Ҳошимов Ў. Баҳор қайтмайди. Қисса ва ҳикоялар. – Т.:   Адабиёт ва санъат нашриёти, 1970. – 220 б.

6. Хошимов У. День мотылка. Повесть и рассказы. Пер. М. Ганиной. – М.: Молодая гвардия, /Послесловие А. Шарафиддинова. 1970, – 190 стр.

7. Ҳошимов Ў. Қалбингга қулоқ сол. Қисса. Ҳикоялар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1973. – 210 б.

8. Хошимов У. Прислушайся к сердцу. Повесть и рассказы. Пер. Б. Пармузина. – Т.: Издательство литературы и искусства, 1974. – 276 б.

9. Ҳошимов Ў. Узун кечалар. Баҳор қайтмайди. Қисса. Ҳикоялар. – Т.:  Ёш гвардия, 1975. – 232 б.

10.  Ҳошимов Ў. Нимадир бўлди. Ҳикоялар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1975. – 112 б.

11.  Ҳошимов Ў. Ер фарзандимиз. Ўйлар. – Т.: Ўзбекистон, 1977. – 120 б.

12. Ҳошимов Ў. Нур борки, соя бор. Роман. – Т.:  Адабиёт ва санъат нашриёти, 1977. – 240 б.

13. Ҳошимов Ў. Қуёш тарозиси. Қалбингга қулоқ сол – қисса. Шамол эсаверади – қисса. Баҳор қайтмайди – қисса. Ҳикоялар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1980. – 326 б.

14. Ҳошимов Ў. Дунёнинг ишлари. Қисса. Ҳикоялар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1982. – 224 б.

15. Ҳошимов Ў. Оқ камалак. Ҳикоялар. Ўйлар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1984. – 173 б.

16. Ҳошимов Ў. Сирли юлдуз. Квазарлар. Қисса. Дунёнинг ишлари. Қисса. Ҳикоялар, ҳажвий ҳикоялар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1985. – 272 б.

17. Ҳошимов У. Ласточки летают высоко. Повесть. Квазары. Рассказы. – Т.: Ёш гвардия, 1985. – 160 стр.

18. Ҳошимов Ў. Икки эшик ораси. Роман. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986, – 560 б.

19. Ҳошимов Ў. Ҳазина. Ўйлар. – Т.: Ўзбекистон, 1987. – 128 б.

20 Ҳошимов Ў. Нотаниш орол. Ўйлар, ижодий суҳбатлар, ҳангомалар. Саёҳат -номалар. – Т.: Ёш гвардия, 1990. – 210 б.

21. Ҳошимов Ў.  Тушда кечган умрлар. Роман. – Т.: Шарқ, 1994. – 336 б.

22. Ҳошимов Ў.  Тўйлар муборак. Комедия. Ҳажвий ҳикоялар. – Т.: Наврўз. 1994, – 80 б.

23. Ҳошимов Ў.   Осмондан тушган пул. Ҳажвий ҳикоялар. – Т.: Маънавият, 1998. – 104 б.

24. Ҳошимов Ў.  Дафтар ҳошиясидаги битиклар. Қирқ йиллик кузатувлар китоби. – Т.: Шарқ, 1998. – 176 б.

25. Ҳошимов Ў.  O`zbeklar. Ҳикоялар. Ўйлар. Ҳажвий ҳикоялар.: Лотин имлосида. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 2006. – 256 б.

26. Ҳошимов Ў.  Сўққабош бевагина. Ҳажвий ҳикоялар. – Т.: Шарқ, 2008. – 224 б.

 

Ўткир Ҳошимов ижоди ҳақида

1. Сафаров М. Навқирон қалб овози : (“Чўл ҳавоси” қиссаси ҳақида)// Ўзбекистон маданияти. – 1964. – 15 янв.

2. Содиқ Санжар. Ҳамиша баҳор бўлсин: (“Баҳор қайтмайди” қиссасига тақриз). //Гулистон. – 1969. – .  

3. Маънавий гўзаллик талқини. (Шу драма ҳақида // Гулистон. – Т, 1974. –7сон. 

4. Норматов У. Эҳтирос тўлқинлари. (“Нур борки, соя бор” романи ҳақида). //Ўзбекистон маданияти. – 1976. – 30 ноябр.

5. Расулов Т., Нурмуҳамедов Ў. Садоқат мадҳи. (“Инсон садоқати” телеспектакли ҳақида тақриз)// Ўқитувчилар газетаси. – 1976. – 8 янв.

6. Расулов Т., Нурмуҳамедов Ў. Талантнинг ёрқин йўли// Ўқитувчилар газетаси.      1976. – 7 ноябр.

7. Ғуломов Б. Нафис ва шиддатли асар: (“Нур борки, соя бор” романи ҳақида”). //Ўқитувчилар газетаси. – 1976. – 19 декабр.

8. Норматов К. Бош мезон ҳаётийлик// Ўзбекистон маданияти. – 1977. – 28 июн.

9. Мирвалиев С. Она ҳақида қўшиқ. (“Дунёнинг ишлари” қиссаси ҳақида).

10. Шарафиддинов О. Баъзи зарур мулоҳазалар// Ўзбекистон адабиёти ва санъати. –  1984. – 11 фев.

11. Ҳайдаров С. Туташ тақдирлар қисмати: (“Икки эшик ораси” романига тақриз). //Тошкент ҳақиқати. – 1986. – 15 фев.

12. Саид Аҳмад. Тонгда туғилган китоблар: (Ў. Ҳошимов – 50 ёшда) // Ўзбекистон овози.- 1991.- 13 сент.

13. Мирвалиев С. Ў. Ҳошимов. Ўзбек адиблари. – Т., Фан, 1993. – Б. 188 – 189.

14. Саид Аҳмад. Ижод ва жасорат: (Ў. Ҳошимов ижоди ҳақида) // Истиқбол. – 1994. – 2 дек.

15. Саид Аҳмад. “Ижод ва жасорат”  // Ўзбекистон адабиёти ва санъати.- 1995. – 25 фев.

16. Норматов У. Йиллар, йўллар, тақдирлар. (“Икки эшик ораси” романининг олтинчи нашрига сўнгсўз), 1996.

17. Шарафиддинов О. Ўткир Ҳошимов. Адабий портрет. “XX аср ўзбек адабиёти тарихи” дарслиги, 1999.

18. Шарафиддинов О. Эл ардоғидаги адиб. “Икки эшик ораси” романининг еттинчи нашрига сўнгсўз), 2000.

19. Норматов К. Инсон қалбининг муҳандиси // Адолат. – 2001.-

 3 авг.

20. Китобингизни ўқидим. (Ў. Ҳошимов асарларига келган хатлар ва “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобидан саҳифалар)// Саодат. – Т., 2001. – 3 сон. 

21. Норбоев О. Адиб ҳақида фильм// Халқ сўзи. – 2002. – 28 март.

22. Ҳошимова Ў. “Оилам билан қўша қарисак...” (Адиб ижодий лабораторияси ҳақида).// Оила ва жамият.  – 2005. – 20 апр.

23. Шарафиддинова М. Тасвирдаги ўзига хослик. “Икки эшик ораси” романи билан Фолкнернинг “Ўлар чоғимда” романинининг қиёсий таҳлили //Жаҳон адабиёти.- Т.,2007. – 5 сон . –

24. Абдусаматов Х. Умри боқий битиклар. “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китоби ҳақида// Маърифат. – 2008. – 10 ноябр.

25. Норматов У. Ўткир Ҳошимов ҳақида адабий портрет. Янги ўзбек адабиёти китоби. – Т.: Университет, 2008.  

26. Мурод Тиллаев. Ўткир Ҳошимов сабоқлари. Адиб ҳақида бир шогирд ўйлари. – Т.: DAVR PRESS, 2009. – 71 б.       

                  

                            Тузувчи :           Н. Аманкелдиева