Тошкент вилояти “TURON ахборот-кутубхона маркази

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи

 

 

“Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили”га

бағишланган услубий қўлланма

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Тошкент 2011

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка катта имконият

 

Бозор иқтисодиёти бизнес ва тадбиркорликка асосланган иқтисодиётдир. Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликка кенг йўл берилиши туфайли мулкчиликнинг турли шаклига асосланган фирмалар, корхоналар сони ортиб бормоқда. Йирик хорижий инвесторлар билан тенг шерикчилик асосида иш бошлаган қўшма корхоналар сони кўпайиб бораётир.

Кичик бизнес – ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминловчи етакчи куч. Бунга истиқлол йилларида қўлга киритилган муваффақиятлар мисолида амин бўлдик. Чунки бу соҳа бозор иқтисодиёти талабидан келиб чиқиб, фаолият йўналишларини тез ўзгартириш, бир пайтнинг ўзида кўплаб иш ўринлари очиш имкониятига эга.

Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётимизни ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда катта аҳамиятга эга эканлигига барчамиз гувох бўлиб турибмиз.

Конститутциямиз қабул қилинганлигининг 18 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда Юртбошимиз 2011 йилни “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб эълон қилгани ҳам бежиз эмас. Президентимиз мазкур анжумандаги маърузаларида: “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик-жамиятимизнинг, бугунги ва келажак тараққиётимиз, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиши шарт”, дея таъкидладилар.

Ушбу методик-библиографик қўлланма “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили”га бағишланган бўлиб, қўлланмада  кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳақида умумий маълумотлар, шунингдек, ахборот-кутубхона муассасаларида шу мавзуга бағишлаб ўтказилиши мумкин бўлган тадбирлар намунаси берилган.

Қўлланмадан ахборот-кутубхона муассасалари, таълим муассасалари ходимлари, иқтисодиёт йўналиши бўйича таълим олаётган талабалар, шунингдек, кенг китобхонлар оммаси фойдаланишлари мумкин.

Бу борада кутубхоналар, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказларининг вазифаси китобхонлар диққатини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка қаратиб, мамлакатимизда тадбиркорлик билан шуғулланаётган тадбиркорлар, бизнесменлар, фермерлар ва шу кабиларнинг юртимиз тараққиётига ва халқимиз фаровонлигига қўшаётган ҳиссаларини ҳар томонлама ўрганиш ва китобхонлар ўртасида тарғиб қилишдан иборат.

Бу ишда адабиётлар тарғиботининг илмий-амалий семенарлар, учрашув кечалари, давра сухбатлари, савол-жавоб кечалари, китобхонлар конференциялари, мунозаралар, адабий-мусиқий кечалар, оғзаки журналлар, китоб кўргазмалари ва адабиётлар обзори сингари турли шакл ҳамда усуллардан фойдаланишлари мумкин.

Бундай тадбирлар туркумини ташкил этиш мобайнида прокуратура, солиқ, божхона, тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи муассаса ходимлари, тадбиркорлар, фермерлар, кичик бизнес билан шуғулланувчилар таклиф этилиши мумкин.

 

* * *

 

Мамлакатимизда  Президентимиз ташаббуси билан 1997 йилдан бошлаб, кириб келаётган ҳар қайси янги йилга ном бериш, шундан келиб чиққан ҳолда, алоҳида Давлат дастури қабул қилиш ва белгилаб олинган вазифаларни изчил амалга ошириш ўзига хос анъанага айланган. Конституциямиз қабул қилинганлигининг 18 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда Юртбошимиз 2011 йилни “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб эълон қилишни таклиф этдилар. Республикамизнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётини янги, янада юксак босқичга кўтариш мақсадида ўртага ташланган ушбу таклиф халқимиз томонидан зўр мамнуният билан қўллаб-қувватланди.

Бу дегани – республикамизда кичик бизнес ва  хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга доир кенг кўламли ва кенг миқёсли Дастур ишлаб чиқилиб, барча куч-имкониятлар ана шу дастур ижросига қаратилади, натижада тадбиркорлик соҳаси тобора юксалиб, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни  янада мустаҳкамланишига пойдевор яратади.

Бозор иқтисодиёти бизнес ва тадбиркорликка асосланган иқтисодиётдир. Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликка кенг йўл берилиши туфайли мулкчиликнинг турли шаклига асосланган фирмалар, корхоналар сони ортиб бормоқда. Йирик хорижий инвесторлар билан тенг шерикчилик асосида иш бошлаган қўшма корхоналар сони кўпайиб бораётир.

Зотан, истиқлол йилларида тадбиркорлик харакати қўллаб-қувватланиб, турли имтиёз ва енгилликлар берилаётгани туфайли улар ички бозорни иқтисодиётнинг ўзгарувчан талабларига мос маҳсулотлар билан тўлдириш, кўплаб янги иш жойлари очиб, аҳоли бандлигини таъминлашда асосий манба бўлиб хизмат қиляпти. Мамлакат янги ички маҳсулотида бу субъектларнинг улуши кескин ошиб, айни пайтда 52,5 фоизга етгани шундан далолат беради.

Айни кунларда ҳам юртимизда иқтисодиётнинг мазкур муҳим тармоғи мавқеини янада мустаҳкамлаш мақсадида уларга кўпроқ эркинлик бериш, қўшимча имтиёз ва преференциялар қўллаш, молия, солиқ ҳамда статистика идораларига ҳисобот топшириш механизмини такомиллаштириш бўйича ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Ушбу масалалар “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастурида ҳам ўз аксини топган.

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар туб мазмун моҳияти билан инсон ва унинг манфаатларини таъминлашга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ислоҳотларнинг бешта устувор тамойилига таянувчи изчил ижтимоий-иқтисодий сиёсати амалга оширилаётганлиги, инқирозга қарши қабул қилинган бир қанча чора-тадбирлар жаҳоннинг аксарият мамлакатларида кузатилаётган пул қадрсизланишининг кучайиши, ишлаб чиқариш ҳажмлари камайиши, инвестициявий фаоллик пасайиши, аҳолининг турмуш даражаси ёмонлашуви каби салбий омиллар юзага келишининг олди олинди ҳамда давлат иқтисодиёти барқарор ва мувозанатли ривожланишини таъминлади. Бунга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳам муҳим омил хисобланади.

Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик бугунги кунда ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг кафолати ва таянчи, мамлакатимизни тараққиёт йўлидан фаол ҳаракатлантирадиган кучга айланиб бормоқда.

Юртимиз иқтисодиёти, жумладан, мулкчилик масалаларида, хусусий корхоналар, кичик бизнес ва тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш, ишлаб чиқариш соҳаларини эркинлаштириш, давлатнинг назоратчилик ва бошқарувчилик вазифасини қисқартириш, унинг корхоналар хўжалик фаолиятига, биринчи навбатда, хусусий бизнес фаолиятига аралашувини чеклаш борасида муҳим норматив – ҳуқуқий база яратилган.

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Ресапубликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мавзусидаги маърузасида республикамиз иқтисодиётида кичик бизнес, биринчи навбатда хусусий тадбиркорликнинг роли ва улушини янада кенгайтириш ҳамда унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қонунларни қабул қилиш муҳим масалаларининг бири эканлигини таъкидлаб ўтди. Бугунги кунга келиб ялпи ички маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши кўпайиб, унинг юртимизда иқтисодиётнинг ривожлантиришидаги роли сезиларли даражада ошмоқда. Мисол тариқасида агар 2000 йилда ялпи ички маҳсулотнинг қарийиб 31 фоизи иқтисодиётнинг фаол ривожланиб бораётган ушбу сектори улушига тўғри келган бўлса, 2010 йилда мазкур кўрсаткич 52,5 фоизни ташкил этди. Бу ўз навбатида, солиқ юкини пасайтиришга қаратилган ва изчил амалга оширилаётган сиёсат билан боғлиқ. Жумладан 2010 йилда микрофирмалар ва кичик бизнес учун ягона тўлов 7 фоизгача туширилгани бунинг амалий тасдиғидир. Бинобарин, ўзбек моделининг тамойиллари асосида мамлакатимизни ислоҳ этиш ҳамда модернизация қилиш бўйича ҳар томонлама ва чуқур ўйланган тадрижий тараққиёт дастурининг ҳаётга изчил тадбиқ қилиниши мазкур соҳа ривожида долзарб аҳамият касб этаётганлиги шубҳасиздир.

 Дунёда иқтисодиётни ривожлантиришнинг жуда кўп усуллари мавжуд бўлиб, улар орасида энг самаралиси ва мақбули, бу кичик бизнес равнақи учун кенг йўл очиб беришдир.

Иқтисодиёти ривожланган давлатларнинг тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг иқтисодий ўсиши бизнеснинг ушбу шаклига давлат томонидан алоҳида аҳамият берилаётганлиги ва қўллаб-қувватланаётганлиги самараси эканини кузатиш мумкин. Дейлик, ҳозир Германия Нидерландия, Финландия, Норвегия, Швеция каби “кўҳна қитъа”нинг аксарият давлатларида мавжуд иш ўринларининг қарийиб 70 фоизи кичик ва ўрта бизнес хиссасига тўғри келади. Унинг ялпи ички маҳсулотидаги улуши  50 фоиздан ортиқни ташкил этади. Хитой, Япония, Жанубий Корея, Сингапур ва бошқа мамлакатларда ҳам кичик бизнес етакчи ўринга кўтарилган. Биргина Хитойда экспорт ҳажмининг қарийиб 60 фоизи кичик бизнес вакиллари хиссасига тўғри келаётгани соҳанинг мавқеини яққол кўрсатиб беради. Хитой давлати ҳукуматининг тахминига кўра, иқтисодиётнинг тўлиқ модернизацияси 2030 йилга келиб тугайди, бунда асосий ўринни кичик бизнес ташкил қилади. “CNN Time Worner Group” томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасига кўра, Сингапур давлати кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича дунёда бешинчи ўринни эгаллайди. Мазкур мамлакатда кичик тадбиркорлик субъектлари мавжуд корхона умумий соҳанинг 90 фоизини ташкил этади ва ҳар йили улар томонидан аҳолини иш билан таъминлаш бўйича ўсиш 5-6 фоиз кўтарилиб бормоқда.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик нафақат мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда, балки юз бериши мумкин бўлган турли инқирозлардан чиқиб кетишда ҳам катта аҳамиятга эга ва энг асосийси, барқарор шу билан бирга, мослашувчан соҳа ҳисобланади.

Юртбошимиз ташаббуслари билан мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ ушбу масаланинг давлат сиёсати даражасига кўтарилиши бежиз эмас, кичик бизнес ва тадбиркорликнинг ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик эҳтиёж товарлари билан тўлдиришни таъминлашдаги ролини, бозор коньюктурасининг ўзгаришига тез мослашувчанлиги янги иш жойларини яратишдаги аҳамиятини шунингдек, унинг фан-техника ютуқларини тез ўзлаштиришини ҳисобга олган ҳолда, мулкчиликнинг турли шаклларидаги кичик корхоналарда бутун чоралар билан ёрдам кўрсатиш зарурлиги талаб этилмоқда.

Кичик бизнесни юритишда асосий омиллардан бири, бу инвестицияни жалб этиш ва кредитлар олиш ҳамда лизинг ёки ускуналарни кредитга олиш ҳисобланади. Уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар натижасида бугунги кунга келиб банкларнинг кредит ва инвестиция фаолиятида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Хусусан, 2010 йилда иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми 35 фоизга кўпайган. Ўтган йили якуни бўйича ички манбаалар ҳисобидан берилган кредитларнинг тижорат банклари умумий кредит портфелидаги янги улуши 85,1 фоизни ташкил этди. Кичик бизнес субъектларига ажратилган кредитлар ҳажми 1,4 баробар кўпайди ва 2 триллион 700 миллиард сўмни ташкил этди. Бундан кўриниб турибдики бу соҳага давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда.

Ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишларга эътибор Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда ёшларимизнинг юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш йўлидаги интилишлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан тадбиркор ва ишбилармон ёшлар учун яратилаётган шарт-шароитлар кўплаб ташаббускор йигит-қизларнинг катта ютуқ ва марраларни қўлга киритишларида муҳим аҳамият касб этаётир. Бугун айниқса таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилишга қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. “Камолот”нинг вилоят, шаҳар ва туман кенгашларига кўплаб тадбиркор ёшлар бизнес-режа ва лойиҳалари билан мурожаат этишмоқда. Энг муҳими иқтидорли ёш тадбиркорларнинг бундай ташаббуслари ҳеч қачон беэътибор қолдирилмайди. Уларга ҳуқуқий жиҳатдан кўмак бериш истиқболли лойиҳаларнинг амалиётга тадбиқ этилишини таъминлаш асосий вазифалардан биридир.

Мамлакатимизда янги мулкдорлар синфи жадал шаклланаётган, кичик ва хусусий корхоналар, тадбиркорлик билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар юзага келаётганлиги айни ҳақиқат. Шуни ҳисобга олган ҳолда Президентимиз ҳамда ҳукуматимиз томонидан бир қанча қонун, Фармон ва қарорлар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ҚАРОРИ

 

КИЧИК БИЗНЕС ВА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИК ЙИЛИ” ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА

 

Мулкдорларнинг ўрта синфини шакллантириш, ички бозорни рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, янги иш ўринлари яратиш ва шу асосда аҳоли даромадларини кўпайтириш ва фаровонлигини оширишнинг муҳим омили, мамлакат тараққиёти йўлидаги фаол ҳаракатлантирувчи куч сифатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган кенг чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш мақсадида, шунингдек, 2011 йил Ўзбекистон Республикасида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан:

1. Қуйидаги йўналишларга асосланган “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин:

мамлакатимиз ва унинг ҳудудларида янада қулай бизнес-муҳит яратиш, хусусий мулкчиликнинг устуворлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва бу борада ишончли кафолатларни таъминлаш, тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш, давлатнинг бошқарув функциялари ва рухсат берувчи нормаларини қисқартириш, бюрократик тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш, кичик бизнес субъектларининг молия-кредит ва хомашё ресурсларидан, улар ишлаб чиқарадиган маҳсулотларга давлат буюртмалари берилишидан кенг фойдаланишини таъминлайдиган бозор воситалари ва механизмларини татбиқ этиш;

давлат ва назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятига  аралашувини кескин қисқартириш;

кичик корхоналар ташкил қилиш ҳамда кичик корхоналар ва тадбиркорларни рўйхатдан ўтказиш тартиб-қоидаларини янада соддалаштириш, кичик бизнес субъектларини қуриш ва уларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш, нотураржой хоналари ва зарур ер участкаларини ажратиб бериш борасидаги масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни қабул қилиш;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси учун солиқ ва бошқа тўловлар бўйича янада қулай шарт-шароитлар яратиш, имтиёз ва преференциялар бериш, ҳисоботлар тизими ҳамда молия, солиқ ва статистика органларига ҳисоботлар топшириш механизмини такомиллаштириш ва унификациялаш;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредитлар бериш механизмини янада такомиллаштириш ва уларнинг ҳажмини ошириш, биринчи навбатда, инвестиция мақсадларига, бошланғич сармояни шакллантиришга

кредитлар ажратиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳамда технологик янгилаш учун ўрта ва узоқ муддатли кредитлар бериш;

кичик бизнесни ривожлантиришга хорижий инвестицияларни, авваламбор, халқаро молия институтларининг кредитларини ҳамда тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг жалб этиш ва йўналтириш;

саноат тармоқларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда юқори технологияга асосланган замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун кенг имкониятлар яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқаришга инновацион технологиялар жорий этилишини рағбатлантириш;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштирокини кенгайтириш масалаларини тубдан ҳал этиш, уларнинг экспорт салоҳиятини оширишга, экспортга мўлжалланган маҳсулотларни жаҳон ва минтақавий бозорларга олиб чиқишга кўмаклашиш;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ахборот билан таъминлаш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларида уларга консультатив кўмак бериш тизимини янада ривожлантириш.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 14 декабрдаги Ф 3539-сон фармойишига мувофиқ тузилган Республика комиссияси зиммасига “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастурининг бажарилишини ташкил этиш ва унинг мониторингини олиб бориш вазифаси юклансин.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари бошчилигида тегишли ҳудудий комиссиялар ташкил этилсин, уларнинг зиммасига Дастурда кўзда тутилган тадбирлар республика ҳудудларида белгиланган муддатларда сўзсиз ва сифатли амалга оширилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.

Бунда қуйидагиларга:

тадбиркорларнинг ўз ишини очиши билан боғлиқ масалаларда содир бўлаётган аниқ ўзгаришларга;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқлари – энергия ва газ таъминоти, сув ва иссиқлик таъминоти ҳамда бошқа тармоқларга уланиши бўйича шарт-шароитларнинг яхшиланиши ва муддатлари қисқартирилишига;

тадбиркорлик субъектларига ер участкалари, шунингдек, нотураржой хоналар ажратиб бериш билан боғлиқ ҳолат қанчалик яхшиланганига;

кичик бизнес субъектлари фаолиятини текшириш ва бошқа ортиқча чеклашларни, давлат ва назорат органларининг тадбиркорлар молия-хўжалик фаолиятига аралашувини қисқартириш борасидаги ишларнинг аҳволи қай тарзда ўзгараётганига;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилиши билан боғлиқ ишларнинг аҳволи қанчалик ўзгарганига алоҳида эътибор қаратилсин.

3. “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси     (Ш. М. Мирзиёев):

икки ҳафта муддатда республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа ташкилотлар томонидан ҳар бир вазирлик ва идора, минтақа, шаҳар, туман ва аҳоли пункти бўйича “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили”нинг ҳудудий ва тармоқ дастурлари ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилинишини таъминласин;

“Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастури бўлимлари ва бандларини тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида бажариш бўйича республика давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар даражасида ишлар мувофиқлаштирилишини ташкил этсин, Дастурга киритилган тадбирлар амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин;

Дастурнинг амалга оширилиши тўғрисидаги материалларни йилнинг ҳар чорагида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида кўриб чиқсин;

ҳар чорак якунлари бўйича “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастурида назарда тутилган тадбирлар бажарилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига ахборот бериб борсин.

4. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар экспорти ҳажми ўсишига муҳим аҳамият берилгани ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда:

товарлар ва хизматлар экспорти ҳамда импорти бўйича статистик ҳисобот шаклларига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган товарлар ҳамда кўрсатилган хизматлар экспорти кўрсаткичлари бўйича алоҳида бўлим киритсин;

ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган товарлар ва кўрсатилган хизматлар экспорти ҳажмлари ҳамда таркиби тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиб борсин.

5. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, оммавий ахборот воситалари:

аҳоли, айниқса тадбиркорлик субектлари ўртасида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари кенг кўламда тушунтирилишини;

республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг Дастурда назарда тутилган тадбирларни амалга оширишга қўшган аниқ ҳиссасини акс эттирган ҳолда, Дастурнинг амалга оширилиши мунтазам ёритиб борилишини таъминласинлар.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

 

                   Ўзбекистон Республикаси Президенти

И. А. Каримов

                     Тошкент шаҳри,

2011 йил 7 феврал

 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни яратишнинг ҳуқуқий асослари

 

Республикамиз мустақилликка эришгандан кейин миллий иқтисодиётни мутаҳкамлаш, уни ҳар томонлама ривожлантириш йўлида дадил одимлади. Республикамиз Президенти  мамлакатимиз обрў-эътиборини  халқаро миқёсга кўтариш, чет эл инвестициясига кенг йўл очиш, ҳусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида катта ишларни амалга оширмоқда. Бозор муносабатларига ўтиш жараёнида кўпгина муаммоларни биринчи марта ҳал этишга тўғри келмоқда. Кейинги йилларда қабул қилинган қарор ва фармонлар бунга яққол мисол бўла олади. Кичик бизнес фаолиятини яратиш ва ривожлантириш қуйидаги асосий норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 21 январдаги “Иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Қарори; 1994 йил 15 мартдаги  “Ўзбекистон Республикасида мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги Фармони; 1995 йил 21 декабрдаги “Кичик ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни; 1995 йил 5 январдаги “Хусусий тадбиркорликда ташаббус кўрсатиш ва рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармон; “Кичик ва ўртача тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантиришнинг қўшимча чоралари тўғрисида”ги 1997 йил 31 январдаги Фармони; “Хусусий тадбиркорликда ташаббус кўрсатишнинг баъзи чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони; Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 9 апрелдаги “Хусусий тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни янада рағбатлантириш чоралари тўғрисида”ги Фармони; Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 22 августдаги  “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори ва бошқа қонуний ҳужжатлар.

Тадбиркорликка, шу жумладан,  кичик ва хусусий тадбиркорликка бағишланган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистонда етарлича миқдорда қабул қилинган. Жумладан, 2000 йил 25 майда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

Қонунларнинг кўпчилигида хусусий ва кичик бизнеснинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, чоралари, шарт-шароитлари, шакллари акс эттирилган.

Тадбиркорликни ривожлантириш фонди яратилган. Бунда бозор тизимини, баҳо ва рақобат омилини, рақобатнинг бозор механизми тизимини яхши билиш зарур.

Кичик ва хусусий корхоналарни ташкил қилиш ва рўйхатдан ўтказишнинг умумий шартлари ва принциплари корхона тўғрисидаги, кичик ва хусусий корхоналарни рағбатлантириш тўғрисидаги, тадбиркорлик тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги 2001 йил 22 августдаги Қарори ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида тартибга солинади.

 

Рақобат муҳити омиллари

 

    «Кичик бизнес ва хусусий  тадбиркорликни    ривожлантиришда эркин рақобат муҳитини яратиш ҳам алоҳида аҳамият касб этади».

 

И. А. Каримов

Жаҳоннинг барча мамлакатларида кичик бизнес субъектлари иқтисодиётнинг пойдевори ҳисобланади. Янги миллий маҳсулотнинг ўсиш суръатлари ҳал қилувчи даражада айнан уларга боғлиқ. Қолаверса, аҳолининг фаровонлик даражаси ҳам унинг қанчалик ривожланганлиги билан белгиланади. Бу борада мамлакатимиз Президенти таъкидлаганидек, “Нисбатан барқарор ва бозор конъюктураси ўзгаришларига тез мослашувчан, янги иш ўринлари яратиш имконини берадиган кичик бизнесни жадал ривожлантириш масаласини ҳал этиш бизнинг шароитимизда ҳамон муҳим аҳамиятга молик масала бўлиб қолмоқда”.

Экспертлар ҳар бир мамлакатнинг тадбиркорлик иқлими ҳақида, биринчи навбатда, кичик бизнес соҳасидаги ишларнинг ҳолати бўйича мулоҳаза юритади. Таъкидланишича, кичик бизнес иқтисодиёт барометри ҳисобланади. Ташқи сармоядорлар у ёки бу иқтисодиётга сармояларни инвестициялаш ҳақидаги қарорни қабул қилишдан аввал кичик ва хусусий бизнеснинг ривожланганлик даражасини мажбурий тартибда ўрганиши ҳам тасодифий эмас. Уларнинг фикрига кўра, бу иқтисодий ислоҳотларнинг кўзгуда акс эттирилиши, бозор иқтисодиёти жараёнлари барқарорлигининг кафолати ҳисобланади.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда ҳам кичик бизнес салоҳиятини оширишга кенг йўл берилган, бу борада рағбат масаласи алоҳида ўрин тутади.

Яхши маълумки, ҳар қандай тадбиркорлик маълум бир ҳудудда – мамлакат, вилоят, шаҳар ёки қишлоқ миқёсида олиб борилади, самараси эса ривожланиш учун яратилган  шароитга, боғлиқ. Айрим худудлар миқёсида бундай муҳит ишбилармонлик вазифасини амалга оширишни мужассамлантирган. Умумий ҳолда эса, тадбиркорлик муҳити ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий – тўртта омилнинг ўзаро боғлиқлиги натижасида амалга оширилади. Ҳуқуқий омил тадбиркорлик фаолиятини юритиш йўлидаги барча қонунлар ва йўриқномалар мажмуи бўлиб, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солади ҳамда тадбиркорликнинг иқтисодий жараёндаги бошқа субъектлар билан муносабатини акс эттиради. Сиёсий омил тадбиркорлик жараёнларига давлатнинг муносабатини белгилаб беради. Ижтимоий омил эса, нисбатан анча  мураккаб ҳисобланади. Агарда тадбиркор бу борада муҳим элементларни эътиборга олмаса, келгусида салбий оқибатлар юзага келиши мумкин. Иқтисодий омил бозордаги рақобатни ва нарх-наво ҳолатини ўзида акс эттиради.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мазкур омиллар бизнес вакиллари фаолиятида аксини топсагина, уларнинг маҳсулотлар ва хизматлари бемалол рақобатлаша олади. 

 

Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш шакллари ва турлари

 

Мустақилликдан сўнг мамлакатимизда кичик бизнес маълум даражада ривожланиб бормоқда. Лекин уларни ташкил этиш суръатлари, муттасил ривожланиб бориши ва умумиқтисодий ҳаётдаги ўрни бозор иқтисодиёти талабларига ҳали тўлиқ жавоб бера олмайди. Кичик тадбиркорликни ривожлантириш йўлларида ҳали тўсиқлар, қийинчиликлар кўп. Уларни фақат давлатнинг комплекс ташкилий, иқтисодий ва ижтимой тадбир-чоралари  асосида енгиб ўтиш мумкин. Бозор иқтисодиётини ривожлантиришнинг асосий шакли бўлган кичик бизнесни ташкил этиш ва ривожлантириш бизнинг шароитимизда янги ва мураккаб жараёндир. Улар иш бошлаб, ўз иш фаолиятларини йўлга қўйгунларича жуда кўп қаршиликларга, қийинчиликларга дуч келадилар. Тадбиркорлик муаммолари бўйича ўтказилган сўров маълумотлари буни тасдиқламоқда.

Маълумки, Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари ҳам, иқтисодий асослари ҳам етарли даражада яратилган. Бозор муносабатлари шароитида тадбиркорлик фаолиятини айниқса, қишлоқ жойларида ривожлантириш орқали янги иш ўринларини ташкил этиш, бозор инфратузилмасини шакллантириш, рақобатни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, хизмат кўрсатиш, айниқса, аудиторлик, консалтинг, воситачилик, банк фаолияти билан боғлиқ илмий изланишлар олиб боришни талаб қиладиган хизматлар ҳажмини кескин ошириш, аҳолидан тадбиркорлик, бизнес ишлари билан шуғулланиш хоҳишини вужудга келтириш ва уларни бозор иқтисодиётига жалб қилиб, боқимандачилик, истеъмолчилик психологиясини бартараф қилиш мақсад қилиб қўйилган. Шунинг учун:

I. 1995 йил 28 августда Вазирлар Маҳкамасининг  “Ўзбекистон Республикасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш Давлат дастури” қабул қилинди. Ушбу Дастурда Давлат ёрдамининг шакллари ва турлари, мутасадди ташкилотлар, кичик бизнесга ёрдам бериш учун маблағ олиш  манбалари кўрсатилган.

Кичик бизнес ривожланишини қўллаб-қувватлаш шакллари ниҳоятда хилма-хилдир. Уларни қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:

- давлат-ҳуқуқий ёрдами;

- ташкилий ва бошқарув ёрдами;

- моддий-техникавий ёрдам;

- ижтимоий-психологик ёрдам.

II. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Иқтисодий ислоҳотлар, тадбиркорлик ва хорижий инвестициялар бўйича бошқармалараро Кенгаш ишлаб турибди. Бу Кенгаш Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб беради, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш шаклларини белгилайди, кичик бизнеснинг умумий ғоясини яратади, тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш стратегиясини, йўналишини, қўллаб-қувватлаш шаклларини белгилайди.

III. Олий Мажлис ихтиёридаги Иқтисодий ислоҳотлар ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси тадбиркорликнинг ҳуқуқий асосларини яратади ва уни такомиллаштириб (тўлдириб, тузатиб) боради. Қонун доирасида тадбиркорларни ҳимоялаш вазифаларини амалга оширади.

IV. Вазирлар Маҳкамаси қошида кичик ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш бўйича Республика Мувофиқлаштириш Кенгаши фаолият кўрсатади. Унинг ихтиёрида 5 та ишчи гуруҳи мавжуд.

V. Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни  қўллаб-қувватлаш бўйича Давлат мулк қўмитаси ҳам иқтисодиётни ва тадбиркорлик шаклларини яратишнинг ягона сиёсатини амалга ошириш бўйича жуда кўп муаммоларни ҳал қилди. Булардан ташқари, тадбиркорларнинг ўз-ўзини қўллаб-қувватлашнинг бир қанча шакллари яратилиб, ривожланиб бормоқда. Масалан, ҳунармандлар уюшмаси, деҳқон-фермер хўжалиги уюшмаси, ишбилармон аёллар уюшмаси, туризм ташкилотлари ассоциацияси ва бошқалар шулар жумласига киради.

  Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексидаги солиқ имтиёзлари ҳам кичик бизнесни қўллаб-қувватлашнинг муҳим чораларидан ҳисобланади.

 

 

 

 

 

 

“Кичик бизнес ва хусусиий тадбиркорлик:

изланиш, имконият, самара” номли китоб кўргазмасининг

тахминий ишланмаси

 

1-бўлим:            Ўзбек модели мувофаққиятларимизнинг мустаҳкам пойдевори.

Ихтибос: «Кичик бизнесни нафақат сон жиҳатидан кўпайтириш, балки уни аввало сифат жиҳатидан ҳам ривожлантиришимиз, бу борада оддий ишлаб чиқаришдан ички ва ташқи бозорга йўналтирилган мураккаб, юксак технологияга асосланган ишлаб чиқаришга ўтиш масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз даркор».   

                                     

                                                                                          И. Каримов

 

2-бўлим:            Тадбиркорлик фаолиятининг хуқуқий асослари. 

 

Ихтибос: «Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритган санадан то шу кунга қадар мамлакатимиз иқтисодиётининг турли жабҳаларининг ислоҳ этиш, уларнинг хуқуқий асосларини яратиш борасида 400дан зиёд қонун хужжатлари қабул қилинган».     

                                            

                                                                                              И.Каримов

 

 

3-бўлим:            Тадбиркорлик равнақи – Ватан тараққиёти.

 

  Ихтибос:          Ютуқлардан, мақтовлардан ҳаволаниб кетмасдан олдимизда турган устувор вазифаларнинг мақсадли дастурларининг ижросидаги изчилликни таъминлаш Ватанимизнинг бунданда тараққий этиши ҳамда халқимиз фаровонлигини юксалтириш каби пировард мақсадларимизни амалга оширишда масъулиятли, фаол, ташаббускор бўлишимиз айнан зарурдир.

 

                                                               И.Каримов

 

 

 

 

“Тадбиркор – элга мададкор”

 мавзусида маънавий-маърифий кечанинг сценарийси

 

Ушбу тадбир кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга бағишланган бўлиб, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мумкин.

Бундай кечага тайёргарлик ишлари 1 ой олдин бошланади. Тадбир ўтказиш учун ахборот-кутубхона, ахборот-ресурс марказлари муассасалар, ташкилотлар, махаллалар, олий ва ўрта махсус таълим ўқув юртлари, мактаблар ва жамоат муассасаларида эълон осилади, таклифномалар юборилади. Тадбир учун қироатхона танланиб, ушбу мавзуга бағишланган лозунг, плакатлар осилиб, адабиётлар кўргазмаси ташкил қилинади. Тадбирда адабиётлар кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётларнинг обзорини ўтказиш мақсадга мувофиқ.

Бошловчи:       Ассалому алайкум меҳмонлар ва тадбир қатнашчилари!

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма йиллиги нишонланиш арафасида мамлакатимизда давр мобайнида қўлга киритган ютуқ ва натижаларимизни мамлакатимиз салоҳияти ва қудрати унинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бораётгани туб ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятининг қай даражада эканлигини барчамиз гувоҳимиз.

Жорий йилнинг муҳтарам Юртбошимиз томонидан “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб эълон қилиниши ушбу соҳа вакилларига берилаётган юксак эътибордан далолатдир.

Бошловчи:        Истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил иқтисодий ислоҳотлар аҳоли турмуш фаровонлигининг тобора юксалишига хизмат қилмоқда. Табиийки, бунда кичик бизнес ва хусусий  тадбиркорлик соҳаси вакилларининг муносиб улуши бор.

Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси  Конституцияси қабул қилинганининг 18 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда таъкидлаганидек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг халқ хўжалиги ривожидаги ўрни, таъсири, аҳамияти бениҳоя катта. Шу боисдан ҳам хусусий мулкчиликни, ишбилармонликни равнақ топтириш давлат сиёсатига айланди.

Тадбиркорлар давлат ва жамият эътиборида, ҳар бир ташаббус қўллаб-қувватланмоқда, уларининг эмин-эркин ишлари учун зарур шарт-шароитлар, ҳуқуқий асослар яратилган.

Давлатимиз раҳбари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ушбу соха вакиллари учун кенг имконият ва имтиёзлар яратиб берилаётгани самарасида мазкур субъектларнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши табора ортиб бораётир.

Айниқса  мамлакатимизда 2011 йилнинг “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб эълон қилиниши муносабати билан тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ҳамда юритиш учун шарт-шароит яратиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Шу билан бирга, тадбиркорлар ва уларга хизмат кўрсатувчи, фаолиятини тартибга солувчи муассасалар, идоралар томонидан амалдаги қонунларга тўла риоя этилиши, ўзаро муносабатларнинг ҳуқуқий асосларда мустаҳкамлаб борилишини таъминлаш соҳасини янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Шунинг учун ушбу тадбирга вилоят, шаҳар, туманларнинг прокуратураси, монополиядан чиқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш муассасаси вакили, Олий Мажлиснинг жойлардаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, банк, божхона, солиқ муассасалари ходимлари таклиф этилиши мақсада мувофиқдир.

Бошловчи:       Биринчи сўз навбатини монополиядан чиқариш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва статистика бошқармаси бўлим бошлиғи_________________ га берамиз. Улар бизга тадбиркорлик ҳақида тушунча, моҳияти ва унинг мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида маълумот берадилар.

Бошловчи:       Кейинги сўз навбатини бош прокуратура депортаментининг вилоят бошқармаси ходимига берамиз.

Бошловчи:       Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мавзудаги маърузасида юртимизда  фуқаролик жамияти асосларини мустахкамлашнинг муҳим бир омили сифатида оилавий бизнесни ривожлантириш лозимлигини таъкидладилар.

          Юртбошимизнинг масалани бу тарзда қўйишларида жуда катта маъно ва мазмун мужассам. Зеро оилавий тадбиркорлик мамлакатимизда азалдан эъзозланиб, қадрият сифатида авлодлар онгида мухрланиб келаётган оила институтини мустахкамлашнинг таянч нуқтаси ҳамда асоси эканлиги  барчамизга аён. Содда  қилиб айтадиган бўлсак уй-рўзғор ва хўжалик юритиш борасидаги тадбиркорлик биз учун отамеросдир. Шу боисдан давлатимиз раҳбари ўз маърузасида “Бугунги кунда кичик бизнес ва тадбиркорликни кенгайтириш учун бизнеснинг янги ташкилий ҳуқуқий шакли сифатида оилавий бизнесни қонуний белгилаб қўйиш вақти  келди” деб, фикр билдирдилар. Ушбу фикрнинг бир жиҳати кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенгайтришга бориб тақалса, иккинчи жиҳати, бунга эришиш учун оилавий бизнеснинг ҳаётийлигини амалда таъминлаш вазифаси устувор этиб белгиланган.

Табиийки, ота-онаси тадбиркор бўлган ўсмир ёшларда тадбиркорлик истаги кучли бўлади. Яъни ота ва онада ишбилармонлик ҳамда бизнес юритиш маданиятининг мавжудлиги ёшлар учун  ибрат намунаси ролини ўйнайди ва улар истиқболда яхшигина тадбиркор ҳамда мулкдор бўлиб, аввало ўз оиласи қолаверса, Ватан равнақига ҳисса қўшадиган фуқаролар бўлиб етишишлари муқаррар.

Бошловчи:       Шундай тадбиркор оилаларни бугунги тадбиримизга таклиф қилганмиз ҳозирги сўз навбатини уларга берамиз_____________марҳамат.

Бошловчи:       Иқтидорли, тадбиркор, изланувчан, маънавий соғлом ва илмий салоҳияти юксак ёшлар миллат келажагини белгилайди. Шу боис мамлакатимизда ёшларга таълим-тарбия беришда иқтидорлиларни рағбатлантириш ва қўллаб қувватлаш диққат – эътиборда бўлмоқда.

Президентимиз рахномалигида навқирон авлод манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида ёшларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилувчи ўз лойиха ва ғояларини амалга ошириш учун барча имконият яратиб бериляпти. Бугунги кунда жамиятимизда шундай фаол    ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Ана шундай фаол ёшлар тараққиётимиз истиқболидир.

Сўз навбатини ана шундай ёшлардан _____________ га берсак.

Бошловчи:       Юртимизда амалга оширилаётган изчил иқтисодий ислоҳотлар ишлаб чиқаришни ҳар жиҳатдан юксалтириш ва пировардида бозорни рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш имконини беряпти. Бундай ҳайрли ишлар натижасида эса аҳоли турмуш фаровонлиги тобора юксалиб бораётгани қувонарлидир.

                            Юртбошимиз ташаббуси билан иқтисодиётнинг муҳим бўғини – кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани жойларда ишлаб чиқариш соҳасининг  ривожланиши ҳамда янги иш ўринлари яратилишига асос бўлаётир. Бунда тадбиркор аёлларнинг муносиб улуши бор. Улар орасида тикувчилик, зардузлик, касаначилик, чинни буюмлар тайёрлайдиган ва бошқа соҳалар бўйича ширкатлар фаолият юритиб келмоқда.

Бошловчи:       Сўз навбатини ташаббускор тадбиркор аёлларга берсак. Улар ўз фаолиятлари ҳақидаги фикрларини баён этсалар ______________ марҳамат.

Бошловчи:       Президентимиз раҳномалигида мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда аҳоли бандлиги ва даромадларининг барқарор манбаи бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳозирги кунда иқтисодиётнинг муҳим бўғини бўлган тадбиркорлик субъектлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, соҳа ривожи учун катта имтиёз ва имкониятлар яратиб берилаётир. Масалан кичик бизнес субъектлари учун ягона солиқ ставкаси 2005 йилда 13 фоизни ташкил қилган бўлса, 2010 йилга келиб 7 фоизни, жорий йилдан бошлаб 6 фоизни ташкил қилди. Жорий йилда тадбиркорлик фаолиятини янада эркинлаштириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоялаш, уларга янада қулай ишчан муҳит яратиш кўзда тутилмоқда ва булар тадбиркорликни ривожлантиришга аҳоли учун яна бўш иш ўринлари имкониятини яратади ва уларни иш билан бандлигини таъминлайди.

Бошловчи:       Шу билан бугунги маънавий-маърифий кечамизни якунлаймиз ва сизларга келгуси ишларингизда мувофаққиятлар тилаймиз.

 

“Юрт равнақи, эл фаровонлиги устувор мақсадимиз”

мавзусидаги давра суҳбати учун саволлар

 

Маълумки, хар бир йилга алоҳида ном бериш анъанага айланди. Белгиланган соҳада чуқур ислоҳотларни амалга оширишнинг бундай мақбул усули 1997 йилдан бошлаб давом этаётир. Энг муҳими, шу йўл билан моҳиятан кенг қамровли, яъни тегишли соҳада нафақат бир йил давомида, балки ундан кейинги йилларда ҳам амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар дастури белгиланиб олинмоқда. Шунингдек, келаётган йилга ном беришда, одатда, ўтказилаётган ислоҳотларнинг узвийлигини таъминлаш билан бирга узоқни кўра билиш каби мезонлар ҳисобга олинади.

Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ мухтарам Президентимиз томонидан мамлакатимизда иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш ва тадбиркорлик учун барча қулай шарт-шароитларни яратиш биринчи даражали устувор мақсад ва вазифа қилиб белгиланди. Шу сабабдан ҳам 2011 йил юртимизда “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб эълон қилинди. Бугунги давра суҳбатимиз ҳам ушбу мавзуга бағишланади.

1.                Йилнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили деб эълон қилинишидан кўзланган мақсад нимада деб биласиз?

2.                Ушбу йилга ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган Давлат дастурининг мазмун-моҳияти нималардан иборат?

3.                Тадбиркордик ва бизнес тарихи ҳақида нималарни биласиз?

4.                Ўзбекистондаги тадбиркорлик тарихи тўғрисида-чи?

5.                Ҳозирги кундаги тадбиркорлик нимаси билан фарқ қилади?

6.                Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакатимиз тараққиётидаги ўрни?

“Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” ўз номи билан барча тадбиркорларга мувоффақият олиб келишини тилаб бугунги давра суҳбатимизни якунлаймиз.

 

Адабиётлар

 

1.    “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастури тўғрисида: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 7 февралдаги Қарори // Халқ сўзи. – 2011. – 10 февр.

2.    Каримов. И. А. Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида. – 16-жилд. – Т.: Ўзбекистон., 2008. Б. 75–109.

3.    Карабабаев Д.  Кичик бизнес ва тадбиркорлик. –  Т., 1998. – 94 б.

4.    Солиев С. Кичик бизнес ривожланиш тенденцияларини  моделлаштириш  ва башоратлаш. – Т., 2008. – 50 б.

5.    Улмасов А. Иқтисодиёт назарияси. – Т.: Меҳнат, 1995. – 528 б.

6.    Шодмонов Ш. Иқтисодиёт назарияси. – Т., 2000. – 275 б.

7.    Эгамбердиев Э. Кичик бизнес ва тадбиркорлик. – Т.: Маънавият, 2003. – 114 б.

 

*       *      *

 

8.     Данобоев С. Инқирознинг салбий оқибатларига қарши курашишда кичик бизнеснинг ўрни: тадқиқот // Биржа. – 2010. –25 май.

9.     Данобоев С. Иқтисодиётнинг муҳим бўғини // Биржа. – 2009. – 20 июнь.

10.     Данобоев С. Кичик бизнеснинг асосий хусусиятлари: тадқиқот // Биржа. – 2010. – 20 май.

11.     Зайнутдинова Ш. Кичик бизнес – келажак бизнес: устувор йўналишлар // Халқ сўзи. – 2002. – 25 янв.

12.     Зиёдинов М. Янги технология – янгича ёндошув // Qishloq hayoti. – 2010. – 18 июнь. 

13.     Зиёдова А. Тараққиётнинг мустаҳкам гарови // Халқ сўзи. –2011. – 18 янв.

14.     Исмоилов О. Ўзбекистон иқтисодиётида кичик ва ўрта бизнеснинг ривожлантириш имкониятлари // Иқтисодиёт ва таълим. – 2003. – № 1. – Б. 53–57.

15.     Каримов М. Тадбиркорлар қонун ҳимоясида: [Ҳуқуқингизни билсангиз] // Холис. 2007. 15 февр.

16.     Каримова В. Оилавий бизнес фаровонлик манбаи // Халқ сўзи. – 2011. – 12 янв.

17.     Нажмиддинов Қ. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиёт тармоғининг устувор йўналишлари // Халқ сўзи. – 2009. – 2 дек.

18.     Остонов Ў., Рафиқов Ш. Тадбиркорлик фаолияти: [Ҳуқуқий ҳимоялаш] // Инсон ва қонун. 2009. 27 янв.

19.     Пирназаров Б. Қонуний мафаатлар ҳимояси: [Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш] // Ҳуқуқ 2009. 26 март.

20.     Примов  Ф. Қонуний тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилишга қарши кураш маъмурий-ҳуқуқий таъминлаш ва уни такомиллаштириш масалалари // Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари. 2010. № 2.             Б. 66–69.

21.     Раимқулов Н. Тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик масалалари // Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди ахборотномаси. 2006.№ 5.Б. 41–43.

22.     Рўзиназаров Ш. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий мақоми: [Тадбиркорлар ҳуқуқи] // Ўзбекистонда ижтимоий фанлар.2007.№ 1.Б. 30–38.

23.     Саидов Ш. Тадбиркорлик фаолияти давлат ҳимоясида: [Қонун устуворлиги йўлида] // Ҳуқуқ ва бурч. 2007. № 10  11.  Б. 44–46.

24.     Cангинов Ш. Кичик бизнес учун қулайлик // Биржа.2010. 26 авг.

25.     Сатторов А. Кичик бизнеснинг катта ҳиссаси // Халқ сўзи.2009. 19 март.

26.     Синдоров К. Жуманазаров И. Тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий таъсир чораларини судлар томонидан қўллашнинг айрим масалалари  // Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди ахборотномаси.2005.№ 1112.Б. 49–51. 

27.     Улуғмуродов Д. Рақобат бозори ривожи // Халқ сўзи.2011.10 февр.

28.     Улуғмуродов Д. Сармоя ривожланиш пойдевори // Халқ сўзи.2011.27 янв.

29.     Усанов О. Кичик бизнес фаровонлик омили // Халқ сўзи.2009.17 нояб.

30.     Эргашев Б. Қудратли сектор // Биржа.2009.2 июнь.

31.     Юсупов М. Кичик бизнес ривожи фаровонлик омили // Халқ сўзи.2009.5 март.

 

 

Тузувчи:                   Аманкелдиева Н.