Тошкент вилояти “TURON” ахборот-кутубхона маркази

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Буюк ва муқаддассан, Мустақил Ватан

 

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 20 йиллигига бағишланган

услубий қўлланма

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

                           

 

Тошкент-2011

Ўзбекистон Республикаси ўз давлат мустақиллигини қўлга киритган буюк тарихий сана 1991 йил 1сентябр халқимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаган, ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам сифатида катта шоду-хуррамлик билан нишонланадиган қутлуғ айёмдир. Бу йил Ватанимиз, мамлакатимиз истиқлолининг шонли санаси – миллий мустақиллигимизнинг 20 йиллиги нишонланади.

“Ўзинг менинг улуғлардан улуғимсан, Ватаним!”-деганда шоир ҳақ сўзни айтган: одам фарзанди учун ватан бамисоли онадай, бамисоли отадай, бу ёpyғ оламда битта, ягона. Ватан борки, биз бормиз. Она бор меҳрини фарзандига атаганидай, Ватан бошида кулган қуёш каби бизни ўз ҳарорати оғушида эркалайди. Унинг бағрида кулган баҳор - бизнинг баҳоримиз, Ватан эришган зафар - бизнинг кўчамизда байрамларни бошлайди. Унинг оламда қозонган обрў-эътибори, мавқеидан ҳар биримизнинг чеҳрамизда нур, кўзимизда чақмоқ. У бор экан, бошимиз тоғлардай сарбаланд, қаддимиз қоялардай тик. Она-Ўзбекистонимиз биз учун шундай тенгсиз, ягона, эъзозли маъво, танҳо Ватан, бебаҳо қадрият.

Ватанга садоқат, она-юртга муҳаббат ҳисси киши қалбидаги энг бебаҳо туйғудир. Шоирлар она-Ватанга садоқат мавзусини оташин мисраларда мадҳ этса, истеъдодли ҳофизлар буни дилбар наво, сохир овоз ила куйлайди. Шуниси ҳам борки, Ватан ҳақида сўз айтмоқ, она-юртга муҳаббатни тараннум этмоқ осон юмуш эмас. Бунинг ўзига яраша масъулияти, юки бор. Бетакрор санъат асарлари, ёш авлод қалбида ўзи туғилиб-ўсган маконини улуғлаш ва уни кўз қорачиғидек асрашга интилиш, ҳис-туйғусини шакллантиришга хизмат қилади.

Она-Ватан мавзусидаги асарлар кутубхоналар, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари фондларида ўз аксини топган. Улар бундай мавзудаги асарларни китобхонлар ўртасида тарғиб қилишлари лозим. Бу ишда мутахассислар қўлланмада келтирилган намунавий тадбирлар туркумидан фойдаланишлари мумкин.

Бундай тадбирларга филологлар, адабиётшунослар, ёзувчи ва шоирларни таклиф қилиш мумкин. Шу билан биргаликда турли жамғармалар билан амалий ҳамкорлик ўрнатиш тавсия қилинади.

 

 

 

 

 

 

 

 

Ватан! Бу муқаддас сўз замирида қанчалик илоҳий куч-қудрат, маъно, беқиёс даъват мужассам эканлигини ҳеч ким, ҳеч қачон тўла ифода этолмаса керак. Биз киндик қонимиз тўкилган Ватан, она тупроқ билан фахрланамиз, эъзозлаймиз. Унинг номини эшитган заҳоти қалбимиз тўлқинланади, бир олам ғурурга тўлади.

Ватан ягонадир, ватан биттадир. Дунёда ўзбекман деган ҳар бир инсоннинг асл ватани шу азиз тупроқдир. Бу муқаддас заминда улуғ бобокалонларимиз ҳоки ётибди. Динимизда иймон, қалбларда «Ватанни севмоқлик — иймондандир» деган ҳикмат муҳрланиб қолган. Ватанни қуруқ мадҳ этиш бошқа-ю, ватан туйғусини қалбдан ҳис этиш бошқа. Унинг муқаддаслиги ана шу ҳолда намоён бўлади.

Ватан моҳияти ичиндаги дуру жавҳарлардирки, жилоси Қултегин битикларидан тортиб, Алишер Навоий ғазалларигача, Жалолиддин Мангуберди шиддатидан бошланиб, Соҳибқирон Амир Темурнинг бунёдкорлиги, азму иродасигача, ундан бугунги - Президентимиз Ислом Каримовнинг «Биздан озод ва обод Ватан қолсин», деган пур маъно ҳикматларида ярақлаб турибди.

Ватан юракдадир. Инсон учун юрак нечоғли зарур ва азиз бўлса, ватан ундан-да зарур ва азизроқдир. Машойихлар айтмишларки, «Тупроғига келдик, тупроғига кетурмиз».

Бинобарин, озод ва обод ватанда пок одамлар яшаши кишилик жамиятининг азалий орзуси, ақл ва идрокнинг, қалбнинг энг тотли, мўъжизавий тантанасидир. Бу тантана юз берса, шаксиз, ватанга олий мақом ва беназир хослик бағишлайди. Уни ер юзидаги маёқда айлантиради. Шунинг учун ҳам Юртбошимиз биздан ана шу йўлдан юришимизни, собит ва қатьий қадам ташлашимизни истайди. Бу йўл бахтли истиқбол, комил инсонлар қўним топадиган, ҳеч кимдан кам қилмайдиган, ватанимиз мазмунини юксалтирадиган фикратдир.

Мамлакатимиз Конституциясида Ўзбекистон фуқаролари ўзларининг насл-насаби, ирқи, миллати ва бошқа ҳолатларидан қатъий назар тенг ҳуқуқга эгадирлар деб ёзиб қўйилган. Азизлар, озод ва обод Ўзбекистонни севмаслик, соғинмаслик, қадрламаслик, унга меҳр қўймаслик, у билан фахрланмаслик, зарур бўлса, унинг шаънини ҳимоя қилмаслик мумкин эмас. Ватан ҳамиша бизга куч ва ҳарорат бағишлаб туради. У она каби муқаддасдир. Ўзбекистон замини, она тупроғимиз ҳар биримиз учун азиз ва муқаддас!

Мустақиллик ҳаётимизга кўплаб янгиликлар олиб келмоқда. Ғолибона босиб ўтилган 20 йиллик йўлга назар солсак, бу ўзгаришлар яққол кўзга ташланади.

Эрксевар, хурриятпарвар элимизнинг не-не асл авлоду аждодлари асрлар оша интилган, орзу қилган эрк, озодлик ва мустақилликка эришиш нашъу намоси ҳозирги толеи баланд насллар қутлуғ қадами ила сарафроз бўлди.

Миллий истиқлол шарофати туфайли ўзлигини таниб, қадр-қимматини топиб, қад ростлаётган, ўзига хос тараққиёт ва юксалиш йўлларини белгилаб, истиқболнинг кўз илғамас ёрқин уфқлари сари музаффар одимлар ташлаб бораётган Ўзбекистонимизнинг жаҳон узра эъзозу эътибор, шону -шуҳратга сазовор бўлиб, қанчалаб хорижий эллар, давлатлар билан турли-туман алоқаларда, ҳамкору ҳамжиҳатликларда бўлиб келаётганлиги, теран, бақувват илдизлари асрлар қаърига бориб туташувчи асл миллий қадриятларимиз, шарқона урф-одатларимиз, ажойиб-ғаройиб анъаналаримиз, гўзал удумларимиз, дину- иймонимиз, эътиқоду - эътимодимиз, қайта тикланганлиги, ҳаётда ўз ўрнини топаётганлиги ҳамда халқимизнинг бебаҳо маънавий мулкига айланиб бораётганлиги – булар бугун кечаётган дориламон давримизнинг бетакрор, беқиёс характерли белгиларидандир. Истиқлол-ўзаро ҳурмат, бир-бирини тан олиш, бир-бирини қадрлаш асосида мамлакат фуқароларининг ўзаро муносабатида ҳам, жаҳон давлатлари ўртасидаги алоқаларда ҳам ана шу умуминсоний қадриятларга таяниш, ана шу умумий мезонлар асосида яшаш демакдир.

Мана 20 йилдирки, она юртимиз бағрида мазмуни ва кўлами асрларга қиёс қилгулик улуғвор, ҳайратомуз ўзгаришлар, салмоқли ижтимоий силжишлар юз бермоқда, халқимизнинг турмуш тарзи, маънавий қиёфаси бойиб, сифат жиҳатидан ўзгариб, камалак рангларидек янги жилолар кашф этиб бормоқда. Бу эса, шубҳасиз, баҳтиёр замондошларимизнинг олға томон ҳаракатларида, интилишларида, уларнинг юксак эзгу мақсадлар сари хайрли изланишларида ўз ижобий самарасини намоён этмоқда.

Миллий истиқлол бамисоли сеҳрли мўъжиза янглиғ беркилиб қолган булоқлар кўзини очиб, минг-минглаб ташна лабларга оби ҳаёт ато этганидек, юртимиз одамларининг ҳам юзларига қувонч, кўзларига зиё бағишлаб, эмин-эркин қилиб, уларнинг ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида жавлон уришлари, ўз истеъдоду иқтидорларини, ижодкорликларини тўла-тўкис намоён этишлари учун кенг уфқлар очиб берди.

         Мустақиллик йилларида Республикамизнинг барча жойларида шаҳар ва қишлоқларида, турли соҳаларда анча ишлар қилинди. Ҳар жиҳатдан ўзини англаётган миллат улуғ бунёдкорликлар қилишга киришиб кетди. Ўтган 20 йил ичида Ўзбекистон таниб бўлмас даражада ўзгарди. Нафақат кўчалар ва ҳиёбонлар, бу даврда жамият ва одамлар ҳам ўзгариб, юртдошларимиз эркин фикрлай бошладилар. Ҳар кимнинг  ўз вазифасига нисбатан масъулияти ҳам ортди. Шу билан бирга ёшларда Ватанга садоқат ҳисси кучайди.

Инсон учун озодликдан қадрли неъмат йўқ. Дунёдаги жамики бунёдкорлик ва яратувчанликнинг асоси – озодликдир.

Тарихан қисқа бир даврда, аввало эл-юртимизнинг ҳоҳиш-иродаси, куч-қудрати,   машаққатли ва бунёдкорона меҳнати эвазига жаҳон харитасида янги, ўз кучи ва салоҳиятига таянган, бугун тараққиёт йўлидан барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган мустақил, суверен Ўзбекистон давлатининг пайдо бўлиши, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг тарихий ғалабасидир.

Айниқса, мамлакатимизда демократик давлат, фуқаролик жамиятини барпо этиш, иқтисодиётимизни бозор муносабатларига ўтказиш ва ривожланган давлатлар қаторидан муносиб жой олиш йўлида эришган марраларимиз жаҳон аҳлини ҳақли равишда хайратда қолдирмоқда.   

 

“Ўзбекистон буюк келажак сари”

мавзусида китоб кўргазма ташкил қилиш учун материаллар

 

Таклиф этилаётган китоб кўзгазмаси кутубхона, ахборот-ресурс марказларида ўтказиладиган тадбирларни тўлдиради.

Кўргазма қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:

 

1-бўлим: Ўзинг менинг улуғлардан улуғимсан, Ватаним!

 

Ихтибос:

Ватанимиз, халқимиз бахт-саодати учун ўзимиз курашайлик. Чунки келажак-ўзимизга керак. Ўшанда  Ўзбекистон ўзи танлаган тараққиёт йўлидан, ёруғ истиқбол йўлидан ортга қайтмайди.                                                                                                                                                             

                                                                             И. Каримов

 

Бу бўлимда она юртимиз Ўзбекистонимизни улуғлаш, уни кўз қорачиғидек асраш, шаъну -шарафини ҳимоя қилиш ва юксалтириш ғояларини акс эттирувчи нашрлар ва манбалар намойиш этилади.

 

2-бўлим: Сен азиз Ватаним – Ўзбекистоним!

 

Ихтибос:   

Сен азиз Ватаним-Ўзбекистоним,

Истиқлол йўлида собит полвоним,

Тақдирим, иқболим шавкатим, жоним,

Улуғ Осиёда пўлат қўрғоним.

                                                             Ҳамид Ғулом

 

         Бу бўлимда шоирларимиз ва шоираларимиз томонидан қаламга олинган она-Ватанга муҳаббат ва садоқат, Ўзбекистонни мадҳ этувчи, ғурур ва ифтихор каби олийжаноб туйғулар акс эттирилган асарлар намойиш этилади.

 

3-бўлим: Ватан менинг саодатим!

 

Ихтибос:    Мустақиллик шаббодаси жар элимда,

Она каби муқаддасдир Ватан туйғуси.

Элга хизмат меҳри ёнар мангу дилимда,

Қуёш каби сўнмас асло халқим севгиси!      

                                                                         Нормурод Нарзуллаев           

                                                                          

Бу бўлимга Ватанга ва жонажон юртимиз Ўзбекистонга садоқат руҳида ёзилган бадиий нашрлар ҳамда вақтли  матбуот саҳифаларида чоп этилган манбаларни қўйиш мумкин.

 

“Ватаним Ўзбекистоним” мавзусида шеърхонлик

 беллашувини ташкил қилиш учун тавсиялар

 

Шеърхонлик беллашувининг мақсади Ватан, Ўзбекистон, юрт мадҳида ёзилган шеърларга китобхонларнинг қизиқишларини оширишдан иборат.

Беллашув ўтказишдан олдин китобхонлардан 5 кишидан иборат жамоа тузилади. Беллашув ташкилотчилари қатнашувчиларга бериладиган шартларни тузиб чиқадилар. Ҳар бир қатнашувчи айтмоқчи бўлган шеърнинг муаллифи ва номини билиши шарт.

Шеърхонлик беллашуви ўтказиладиган жойда мавзуни акс эттирувчи китоб кўргазмасини ташкил этишни тавсия этамиз. Шунингдек, Ватан, Ўзбекистон, юрт ҳақида куйланган қўшиқлар видеотасмаларини ёки видеофильмлардаги қўшиқларни намойиш этиш мумкин.

Қуйида беллашувда айтиладиган шеърлардан намуналар келтирамиз.

 

 

Муҳаммад Юсуфннинг  “Ватан” шеъри

 

1-   рақамдаги иштирокчи:

         

             Эй менга эртаклар сўйлаган Замин,

Эргашиб изингдан қолмасман сенинг.

Ўзгалар наздида Боғи Эрамнинг

Жийданг япроғига олмасман сенинг.

Ватан, қайда бўлмай, сен ҳамроҳимсан,

Боболарим  ётар саждагоҳимсан.

 

            Офтоб келин тушган боғларинг кўркам,

         Ялпизлар ястанган дала-даштларинг.

         Осмонга туташган оқ терак ўлкам,

         Кўнглимда ўзгача сайру гаштларинг.

         Ватан, қадрим уйю хонақоҳимсан,

         Боболарим ётар саждагоҳимсан.

 

         Олтин бешик узра аллалар айтиб,

         Ҳамиша бедорим-онаизорим.

         Жилғаси жаранги тонгда уйғотиб,

         Юрагимга кириб келган баҳорим.

         Ватан, кунда боқиб тўймайин, кимсан

         Оғриниб ботар саждагоҳимсан. 

 

Муҳаммад Юсуфнинг “Ватан, ягонасан” шеъри

 

2-рақамдаги иштирокчи:

 

         Боболар каломи тилимда доим,

         Сен учун Юрагим қўлимда доим.

         Соғинаман юрган йўлимда доим,

         Ватан ягонасан дилимда доим.

 

Баҳорлар ўтади, ёзлар ўтади,

Осмонни тўлдириб ғозлар ўтади,

Ўзингдан ўзга сўз-созлар ўтади,

Ватан, ягонасан дилимда доим.

 

Бу ёруғ оламнинг жаннатлари бор,

Ватандан бўлаги миннатлари бор.

Жонингга жонимнинг пайвандлари бор,

Ватан ягонасан дилимда доим.

 

Дунёлар ичида ўзинг бир дунё,

Қўлингда юрсам ҳам, гоҳо сир-дунё.

Опам дейми, синглим дейми ё,

Ватан, ягонасан дилимда доим.

 

То жаҳон бор экан, ҳамиша бор бўл,

Темурнинг юртисан доим тождор бўл.

Пойингга бахшида жонимга ёр бўл,

Ватан, ягонасан дилимда доим.

 

Мирпўлат Мирзонинг “Қалбимдасан, Ватан” шеъри

 

3-рақамдаги иштирокчи:

 

Қувон, дилингга нур-ирфоннинг қайтди,

Тилинг, дилинг қайтди, имоннинг қайтди

Хадис илмидаги султоннинг қайтди,

Қайтди номи ардоғларинг Ватан!

 

Қайтди юртга бир кун аждодлар шони,

Мурғак диллардадир улар туғёни.

Ҳали лол қолдиргай жумла дунёни,

Сенинг бу митти қароғларинг, Ватан!

 

Буюк толеинг бор-тўкис, беминнат,

Ҳур насллар сен-чун баридан қиммат.

Борлиқни гўзаллик қутқарур-ҳиммат

Ва гўзалликдир қароғларинг, Ватан!

 

Н. Нарзуллаевнинг “Шарафлайман диёримни”   шеъри

 

4-рақамдаги иштирокчи:

 

         Тонг париси тарайди сочин,

Осмонни қучади  лочин.

Киндик қоним тўкилган очун,

Ўзбекистон-она-Ватаним!

 

Элим озод, топди ўз эркин,

Бахт шамоли эсади эркин,

Кўрсин дунё камолин, кўркин,

Ўзбекистон-она-Ватаним!

 

Тавоф айлаб тупроқларингни,

Қалбга жойлаб булоқларингни,

Тарк этмасман қучоқларингни,

Ўзбекистон-она-Ватаним!

 

Дилда иймон, дуолари бор,

Даҳолари-донолари бор,

Келажакка нидолари бор,

Ўзбекистон-она-Ватаним!

 

Истиқлолим сўлмас баҳори,

Қон-қардошлик, дўстлик диёри,

Яхшиларнинг ўлмас дийдори,

Ўзбекистон-она-Ватаним!

 

Қайда бўлмай талпинган жойим,

Эл-юрт ишқи юракда доим,

Кўз тегмасин сенга илойим,

Ўзбекистон-она-Ватаним!

 

Н. Нарзуллаевнинг “Ватанни сев!” шеъри

 

5 -рақамдаги иштирокчи:

 

Инсон учун муқаддас ер ҳар гўша,

Фарзанд бўлсанг, халқинг билан бўл, яша

Хизмат айла қалбинг билан ҳамиша

Ватанни сев, Ватанни сев, Ватанни...

 

Қалбдан қутла ҳур ўлканг тонгини,

Дилга жойла камалакнинг рангини,

Оламга ёй озод меҳнат бонгини,

Ватанни сев, Ватанни сев, Ватанни...

 

Бугуни ҳам, келгуси ҳам-бизники

Қайғуси ҳам кулгуси ҳам-бизники,

Тумани ҳам, ёғдуси-бизники,

Ватанни сев, Ватанни сев, Ватанни...

 

Бошга кўтар азиз элнинг мардини,

Кўзингга сурт тупроғини-гардини,

Меники де шодлигини дардини,

Ватанни сев, Ватанни сев, Ватанни...

          

Ўз бахтингни ўзга элдан излама,

Манзилингни эгри йўлдан кўзлама,

Ҳақ йўлида зинҳор ёлғон сўзлама,

Ватанни сев, Ватанни сев, Ватанни...

 

Ул инсонмас асрамаса диёрин,

Ишқ-вафога ўрамаса ўз ёрин

Тутар Нарзий наво айлаб ашъорин,

Ватанни сев, Ватанни сев, Ватанни...

 

Беллашувни ҳакамлар маълум балл қўйиш билан якунлайдилар. Бундай айтувчининг ижрочилик маҳорати ҳам эътиборга олинади. Ҳакамлар ҳайъатига адабиёт ўқитувчилари, ёзувчи ва шоирлар, журналистлар таклиф этилади. Совға тариқасида китоблар, гуллар ва эсдалик совғалари топшириш мумкин.

 

Мустақиллик-огоҳлик демакдир!

мавзусида давра суҳбати

 

Обод ва озод Ватанимиздаги бугунги тинч ва осуда ҳаёт, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик бебаҳо бойлигимиздир. Халқимиз азалдан тинчлик ва осойишталикни Ватан, она, озодлик каби муқаддас тушунчалар қаторида улуғлаб, эъзозлаб келади. Ватан озодлиги учун барча масъулдир.

Ҳеч бир инсон Ватандан ташқарида бахт-саодат топа олмайди. Ўз юртида обрў-эътибори бўлмаган инсон ўзга юртда ҳам қадрланмайди. Эҳтимол, “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўл”, деган нақл шунинг учун айтилгандир?!

Ҳар кимнинг ўз хонадони, ўз уй-жойи, ўз она юрти нақадар қадр-қимматли эканлигини ўзга юртга сафарга, яшашга борган  инсон билади.

Буюк мутафаккир Бобур Мирзо, Фурқат ва бошқа бобокалонларимизнинг ўзи туғилиб ўсган Ватанларидан узоқда, кучли соғинч билан яшаганлари, она юрт тупроғини, унда ўсган меваларни кўзларига тўтиё қилганлари, юрт ишқида изтироб чекканлари барчага аён.

 

Толеъ йўқе, жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ё раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди...

 

Бу Бобур Мирзонинг қалб тубидан қуйилиб келган дард-фарёди.

Инсондаги энг олий туйғу Ватан туйғусидир. Ўзи туғилиб ўсган она юртини жон қадар севадиган, ўзга юрт табиатидан ўз юрти табиатичалик завқ ололмайдиган, диёридаги катта-кичик ютуқлардан фахрланадиган, бутун ақл-заковати, қалб қўри, куч ва имкониятини шу замин гўзаллиги, ривожига бахшида этолган инсондагина бу туйғу намоён бўлади.

Мустақиллик – бу Ватанни ҳимоя қилиб, Ватан дея фидо бўлган Тўмарис, Широқ, Спитамен, Нажмиддин Кубро сингари юзлаб шерюракларни эслашдир.  Томирида охирги қони қолгунича душманга қарши курашган Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Қурбонжон Додхоҳ, Намозботир сингари бўйсунмас баҳодирларнинг, қулликдан ўлимни афзал билган Оқ Масжид, Чимкент, Авлиёота, Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Зирабулоқ ҳимоячиларининг номини ёдга олишдир.

Мустақиллик – бу мустамлака тузумига қарши бош кўтарган Тошкент, Жиззах, Андижон қўзғолончилари, Дукчи эшон номини унутмасликдир.

Мустақиллик – бу зулм истибдодидан қутулиш учун халқни маърифатли бўлишга чорлаган, миллий уйғонишга давъат этган, нажот илмда, биргаликда ва ҳаракатда, деб билган фидоий зиёлиларни, уларнинг раҳнамолари бўлмиш Мунаввар Қори Абдарашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, А.Авлоний, Фитратларнинг номларини доимо ёдда сақлашдир. Мустақиллик – бу ўтган асрнинг йигирманчи-ўттизинчи йилларида халқимизга қарши уюштирилган қатағонларда қамоқ ва сургун азобларини бошдан кечирган ва ҳалок бўлган Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир сингари минглаб миллат ўғлонларини унутмасликдир...

Ҳа, мустақиллик ана шу қурбонлар эвазига бунёд этилди. Ватан эрки, мустақиллиги ва озодлиги йўлида қурбон бўлганларни абадий эслаш, хотирлаш ҳар бир кишининг, халқ, миллат, Ватан олдидаги инсонийлик бурчидир.

Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, Ватан тушунчаси ўзгача мазмун касб этди. Коммунистик мафкура ҳукмрон бўлган давлатда бу улуғ туйғу бетайин мазмун ва шаклга эга бўлиб, халқ онгига мантиқсиз қараш сингдирилган эди. Туғилиб-ўсган ер учун, миллат учун, ўз миллий қадриятлари гуллаб-яшнаши учун фидоий ватаннпарвар киши “миллатчи” сифатида қораланар ёки қатағон қилинарди. Тарихимизга бир назар ташласак, ўтган асрнинг саксонинчи йиллардаги “Пахта иши” шиори остида турли ваҳшийликлар билан миллатимизнинг асл фарзандлари қамоққа олинди. Халқимизни тили, дини, маданияти, урф-одатлари, анъаналаридан мосуво қилишга ҳаракатлар бўлди. Лекин ҳақиқий миллатпарвар, ватанпарвар инсонлар қандай шароит, вазият бўлишидан қатъий назар, асрлар давомида шаклланиб келган қадриятлардан юз ўгирмадилар, уларнинг авлоддан-авлодга ўтиб бориши, умрбоқийлигини таъминлаш учун курашдилар.

1991 йилнинг 31 августида Ўзбекистон давлат мустақиллиги эълон қилингач, ўзбек миллатининг қадди тикланди. Ватан қадри ортди, зўравонлик йўли билан йўқ қилинган миллий қадриятларимиз, динимиз, (“Наврўз” байрами, Рамазон ҳамда Қурбон ҳайтлари) яна халққа қайтарилди. Янги давлат рамзлари - давлат байроғи, герби, мадҳияси, миллий валютасига эга бўлди. Мазмун ва моҳиятан тамомила янги давлатимизнинг Асосий Қонуни – Конституциямиз қабул қилинди. Ўзбек халқи ўз тилида баралла сўзлаш, асрлар давомида шаклланиб келган анъаналари, қадриятларини қайтадан билиш, эъзозлаш, эркин фикрлаш, ўз тақдирини ўзи ҳал этиш, ўзга юртларда Ватан соғинчида бўзлаб юрган юртдошларимиз ота юртига қўрқмасдан қайтиш имконига эга бўлди.

Ўзбекистонни юздан ортиқ давлатлар мустақил давлат сифатида тан олди. Мамлакатимиз қатор нуфузли халқаро ташкилотларга аъзо бўлди. Ўзбек халқи дунёга ўз маданияти, санъати, моддий ва маънавий бойликларини намойиш қилиш, улардан мустақил фойдаланиш имкониятларини қўлга киритди.

Ватанимиз ҳудудига ривожланган мамлакатларнинг  нуфузли корхона ва ташкилотлари ўз техника ва технологияси, маҳсулотлари билан кириб кела бошлади. Оз фурсат ичида йирик-йирик Ўзбекистон-хорижий мамлакатлар қўшма корхоналари ташкил этилди ва ишга туширилди. Тарихан қисқа бир даврда ватанимиз дунёга танила бошлади. Ахир бу ютуқлар билан қувонмай бўладими? Айниқса, бугун – Истиқлолнинг 20 йиллик тантанаси арафасида не-не машаққатларни ортда қолдириб, ўзбек деган номни оқлаб келаётган юртдошларимиз меҳнатини ҳар қанча кўкларга кўтарсак, ютуқларимиз билан ғурурлансак арзийди. “Бу муқаддас заминда азиздир инсон!” шиори остида бу юртда яшаётган ҳар бир инсонни эъзозлашга қаратилган эзгу ишлар ҳақида оламга жар солсак, асло ёлғон бўлмас!

Мустақиллик – огоҳлик, ҳушёрлик демакдир. Зеро, истиқлолга эришганимиздан кейинги асрлар давомида орзу қилиб етишганимиз-мустақиллигимизни кўролмаган юртфурушлар, диний – экстремистик гуруҳларнинг тажовузи, шунинг оқибатида юзага келган 16-феврал воқеалари, Сурхондарё, Бухоро, Тошкент ва Андижондаги хунрезликларни ҳам ёдимиздан чиқармаслигимиз керак. Улуғ байрам яқинлашгани сайин ҳар биримизнинг қалбимизда ана шу неъматни асраб-авайлаш туйғуси жўш уради, йўқотиб қўйиш хавотири эса вужудимизни ларзага солади.       Шуларни назарда тутиб Ватанимизни асраб-авайлашимиз ва уни кўз қорачиғидек сақлашимиз, бу борада огоҳ ҳамда ҳушёр бўлишимиз шарт!

 

            Бундан ташқари қуйида берилаётган мавзулардаги тадбирларни ҳам ташкил қилиб ўтказиш мумкин:

 

Адабий-бадиий мусиқали кеча

 

1. «Қўшиқларда куйлай, Ватаним, сени».

2. «Ягонасан, муқаддас Ватан».

3. «Мен таъзим этай она-Ватанимга».

4. «Улуғлардан улуғимсан — Ватаним» каби мавзуларда.

 «Ўзбекистон — она Ватаним!», «Шарафлайман Ўзбекистонимни», «Келажаги буюк Ўзбекистоним», «Ватаним меҳридан баланд парвозим», «Номингни юракка нақш этдим, Ва­тан» каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.

 

Билимдонлар беллашуви

 

1. «Жонимда яшайди Ўзбекистоним».

2.«Сени дерман, Ватаним».

3.«Ватанни аслида  -Ватан қилганлар».

4.«Ўзбекистон мавзусида ёзилган шеърларни биласизми?» каби мавзуларда.

«Ўзлигинг муборак, она-Ватаним», «Мустақиллигинг муборак, Ўзбекистоним», «Тинчликсевар Ўзбекистон», «Ватанинг сев, ўғлоним» каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.

 

 

 

Давра суҳбати

 

1. «Эркин Воҳидов ижодида Ватан, юрт, Ўзбекистон мавзуларининг қаламга олиниши».

2.«Адабиёт майдонига кириб келаётган, ёш каламкашлар ижодида Ватаннинг улуғланиши».

3.«Ватанни улуғлаб ёзилган бадиий асарлар».

4.«Ватанни севмоқ иймондандир» каби мавзуларда.

5.«Ватанни севайлик», «Ватаним доим кулсин бошингда омад», «Ўзингдан ўргилай она-Ватаним» каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.

 

Учрашув кечаси

 

Ор-номус, қадр-қиммат, ғypyp ва ифтихор, она-Ватан, Ўзбекистонни, миллат тақдири ғояларини улуғлаш билан ижод қилган шоирларимиз ва ижодкорлар томонидан яратилган қўшиқларни моҳирона куйлаган санъаткорлар:

а)  Шоир ва шоиралар билан  учрашув:

 

1.  Абдулла Орипов

2. Эркин Воҳидов

3. Азим Суюн

4. Шарифа Салимова

5. Сирожиддин Саййид

 

б) Санъаткорлар билан учрашув:

 

1.  Ғуломжон Ёкубов

2. Зулайҳо Бойхонова

3. Ғиёc Бойтоев

4. Озодбек Назарбеков

5. Фаррух Зокиров

6. Дилфуза Раҳимова

 

Савол-жавоб кечаси

 

1. «Ватан олдидаги бурчингиз ва вазифангизни биласизми?»

2. «Ватанни севмоқ иймондандур».

3. «Ватан тушунчасини сиз қандай таърифлайсиз?»

4.«Ўзбекистон — келажаги буюк давлат» каби мавзуларда.  «Ватан мадҳи», «Ватан ягонадир», «Улуғимсан, Ватаним», «Онамга ўхшайди менинг Ватаним», «Номингдан ўргилай, Ўзбекистоним» каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар образи.

 

Адабиётлар рўйхати:

 

1.      Аҳророва Х. Изларини излайман. – Т.: Шарқ, 1998. – 176 б. – (Истиқлол фидоийлари.)

2.      Мустақиллик: Изоҳли илмий – оммабоп луғат. Учинчи тўлдирилган нашри. – Т.: Шарқ, 2006, – 528 б.

3.       Мустақиллик – бу ҳуқуқ // Масъул муҳаррир ва сўз боши муаллифи А.Содиқов. – Т: Ўзбекистон, 1997. – 224 б.

4.      Раззоқ Ж. Ватан қадри: Эсселар, публицистик асарлар, мақолалар, қатралар.–Т.: Ўзбекистон, 2007. – 112 б.

5.      Хўжаев А. Буюк ипак йўли: Муносабатлар ва тақдирлар. – Т.: Ўзбекстон миллий энциклопедияси, 2007. – 280 б.

6.      Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 12-жилд. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2006. – 712 б.

7.      Ўзбекистонда сиёсий партиялар. – Т: Минтақавий сиёсат жамғармаси, 2007. – 249 б.

8.      Қаршибоев М. Янгиланишдан буюк ўзгариш сари: Публицистик мақолалар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашр. 2001. – 96 б.

9.      Қорабоев У. Ўзбек халқи байрамлари // Масъул муҳаррир С. Олим. – Т: Шарқ. 2002. – 240 б.

10.  Қосимов Р., Содиқов М. Мустақиллик – олий неъмат // Масъул муҳаррир Ҳ.Н. Бобобеков. – Т.: Шарқ, 2000. – 112 б.

11.  Исломов Д. Инсон хуқуқлари олий қадрият // Тошкент оқшоми. – 2011. – 30 май.

12.  Усмонова Н. Истиқлол қанот берган истеъдодлар // Тошкент оқшоми. – 2011. – 30 май.

13.  Нишонов Э. Бизга азиз шу замин -тупроқ! // Маърифат. – 2011. – 28 май.

14.  Асқарова Д. Энг улуғ, энг азиз байрам тараддуди // Туркистон. – 2011. – 18 май.

15.  Жонихонов М. Аждодлари аллома, авлодлари баркамол // Халқ сўзи. – 2011. – 7 май.

16.  Хлизов А. Тараққиётнинг муҳим омили: Истиқлол // Ватанпарвар. – 2011 – 20 май.

17.  Иброҳимова Н. Соғлом фарзанд юрт – қудрати // Маърифат. – 2011. – 21 май.

18.  Мелиқулова Б. Буюк ва муқаддассан // Тошкент оқшоми. – 2011. – 23 май.

19.  Шарофбоев Ж. Юрт обод, Ватан гўзал, халқ фаровон // Ишонч. – 2011 – 19 май.

20.  Рўзиев Ш. Миллий истиқлол ғояси асосида // Постда. – 2011. – 30 апрел.

21.  Бердиев Ҳ. Ёшларимизнинг суянчи ва таянчи // Туркистон. – 2011 – 29 апрел.

22.  Нозимов А. Мустақиллик – энг олий неъмат // Ватанпарвар. – 2011. – 29 апрел.

23.  Кузнецова Е. Шукроналик  -бағрикенглик белгиси // Постда. – 2011. – 4 июн.

24.  Ҳаитов Ж. Ўзбекистон таълим ва тарбия тизимида янги босқич // Ўзбекистон овози. – 2011. – 4 июн.     

 

 

 

 

ТУЗУВЧИ:            Н.У.Аманкелдиева