|            
Главная Библиотека Новости Отзывы DL Каталог

 
  Навигация  
  История Нормативные документы Основатели Структура Читатели О нас пишут… Миллий матбуоти Видные деятели Галерея Контакты 2017 год — «Год диалога с народом и интересов человека» Советует методист Интерактивные услуги Выставка новых книг  
 
  Новости  
 
2017-07-13 15:20:22
Информационно-библиотечный центр “TURON” Ташкентской области принял участие в создании передвижной библиотеки на базе детского оздоровительного лагеря “Алокачи”...
2017-06-29 10:49:19
В 2017 году с 3 по 11 июня прошел третий международный профессиональный форум в городе Судак Республики Крым, Россия «Книга. Культура. Образование. «Инновации» («Крым 2017»).

 
ОЙБЕК МУХАМЕДОВ

 

 

АЗИЗА БЕГМАТОВА

(1943)

 

 

 

 

 

Азиза эмас, Орзухол эдим

Инсонга исм нима мақсадда берилади? Бошқалардан ажралиб туриши учунми ёки жамиятда шу ном билан ўз ўрнини эгалласин дебми? Агар тақдир тақозоси билан исм бир неча бор ўзгариб кетса-чи? Бу унинг ҳаётига ҳам таъсир қиладими?

Азиза опанинг ҳаёти мисолида худди шу жараённи кузатиш мумкин. У ёқдан-бу ёққа кўчиришлар оқибатида Орзухол исмининг Азза, кейин Азиза бўлиб ўзгариб кетиши, унинг ҳаётида ҳам ўзгаришлар ясади.

1943 йили Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида деҳқон оиласида туғилганман. Айни уруш қизиган паллалар экан. Мен дунёга келганда отам урушга кетиб, онам ёлғиз ўзи қолган. Бирин-кетин фарзандларини бериб қўйган. Ўша йиллари ёлғиз аёлнинг фарзанд катта қиладиган кучи ҳам бўлмаган-да. Биз уч қиз - опаларим Зулфия, Рўзихол ва мен омон қолганмиз. Онам биздан ҳам айрилиб қолишдан қўрқиб, Рўзихол опам билан мени Термиздаги 18-меҳрибонлик уйига топширибди. Лекин бир йилча вақт ўтгач, меҳрибонлик уйини бошқа жойга кўчиришади ва ўшанда опам иккимиз икки ёққа ажралиб кетганмиз.

Эс-эс ёдимда, онам Орзухол исмимни қисқартириб «Арзи» деб чақирарди. Кейинчалик, меҳрибонлик уйидагилар исмимни сўрашганларида, ёш бола бўлганман-да, тилим унча келишмай «Азза» деб жавоб берганман. Анча йиллар мени шундай чақиришди. Кейин исмим Азизага ўзгарди.

Деновдаги меҳрибонлик уйида 7-синфни битирдим. Ўша дамларни ўтириб-ўтириб соғиниб кетаман. Болалигимда жуда шўх эдим. Кичик гуруҳдаги болаларни йиғиб, ўзимча гармонда мусиқа чалиб, қўшиқлар куйлардим.

Бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди. Ёшлигимда ўғил бола феълроқ бўлганимданми, велосипедда учишни роса хоҳлардим-у, сира уддалай олмасдим. Бир куни ҳовлида катта велосипед турган экан, қани уриниб кўрай-чи, деб энди ўтиришимни биламан, йиқилиб тушсам денг. Мураббийимнинг олдига бориб айтсам, роса койиб берди. Шунда аламимни олиш мақсадида, ўт-ўлан юлиб бурнимга тиқдим-да, охири қонатдим. Бир пайт болалар қий-чув қилиб, мураббийимизни чақириб келишди...

Биз мактабда ота-онаси билан яшайдиган болалар билан бирга ўқиганмиз. Нонуштага бериладиган қора нонни емай, сумкамизга солиб, мактабга боргач, уйидан келадиган болаларга ялиниб, ёпилган нонга алмаштириб олардик. У нон бошқача бўларди, билмадим, унда она иси бормиди? Шунга қарамай, меҳрибонлик уйида катта бўлганимдан сира афсусланмайман. Чунки устозларимиз ҳамиша атрофимизда парвона эди. Уст-бошимиз покиза, қорнимиз тўқ. Ҳар дам олиш кунлари меҳрибонлик уйига қарашли боққа бориб сайр қилардик. Атрофи дарахтлар билан ўралган Қизилсойда, Чендир дарёсида тўйгунимизча чўмилардик. Қайтишда эса йўлимиздаги катта боққа «ўғрилик»ка тушардик. Ўшанда ҳам мен фаол эдим. Қизлар «Сен чаққонроқсан, устига чикиб бизга териб-териб ташла», дейишарди. Бир куни боғбонга тутилиб қолдик. Дугоналарим қочиб кетишди, мен дарахт устида қўлга тушдим. Ёши каттароқ амаки узун калтак кўтариб, «Қани, тушасанми-йўкми?» деб тиш қайраб турибди. Нима қилишимни билмайман. Шунда «Майли, тушаман, фақат сиз нарироққа бориб туринг», дедим-да, туша солиб, жуфтакни ростладим. Шу бўлди-ю, ўша боққа қайтиб кирмадим.

Катта-кичик шумликларимга қарамай, ҳар доим ўтказиладиган тадбирларда ё қўшиқ айтардим, ёки ракс тушардим. Доим фаол эдим. Кўпинча тумандаги тадбирлар клубимизда ўтказиларди. Бир куни ёши каттароқ аёл келди-да, «Бизга бирор нима чалиб берасанми?» деб сўради. На нотани биламан, на бошқани, лекин қўрқмай катта сахнага чиқдим-да, пианинога ўтириб ишни бошладим. Ҳамма қарсак билан олқишлади. Бу менинг саҳнадаги илк ижром эди. Оҳ-оҳ, ўша пайтлар яна бир мартагина қайтиб келса эди.

Ўйлаб қоламан-да, онам жуда тўғри иш қилганлар. Балки, ўзлари билан олиб қолганларида шундай кунларни кўрмасмидим? Яна ким билади дейсиз. Аммо «Менинг ҳам ота-онам, жигарларим бормикин?» деган савол доим мени қийнаган. Лекин Аллоҳга беадад шукр, уларни кўриш ҳам насиб этди.

Санъатни фаррошликка алмашиб бўладими?

Қизиқ савол-а? Лекин шундай лаҳзалар бўлар эканки, инсонга минг дабдабаю машҳурликдан кўра ўз яқинлари, ўзи севган кишилар билан бирга оддийгина, тинч ҳаёт кечириш маъқул келади.

7-синфни битиргач, Термиздаги педагогика билим юртига ўқишга кирдим. У ерда меҳрибонлик уйида ўсган тўртта қиз бирга юрардик. Ҳар йили кузда пахта теришга олиб боришарди. Тўртовимиз аранг етмишга етказардик, бошқаларники юздан ошиб кетарди. Бир куни раҳбаримиз ҳамманинг олдида бизни ўртага чиқариб, роса изза қилди. Чидаб туролмадик, эртасига юкларимизни жойлаб, қочдик. Аммо кейин унча-мунча гап эшитмадик-да.

Уч йил таҳсил олгач, билим юртимиз Қаршига кўчирилди. У ерда ҳам бир йил ўқидим. Шундан сўнг Тошкентга келдим. Университетнинг филология факультетида ўқиш учун ҳужжат топширдим. Имтиҳонлар тугагач, ҳамма уй-уйига кетиб қолди. Ётоқхонада бир ўзим қолганман. Ич-ичимдан сиқилиб, ҳеч қаерга сиғмасдим. Бир куни айланиб юрсам, биринчи синфдаги дугонам Соҳибани учратиб қолдим. Шунақа хурсанд бўлдим, шунақа суюндим, энди қўяверасиз. Ўзиям билмайман неча соат гаплашдик. У «Тошкентда нима қилаяпсан? Бирор ўқишга кирдингми?» деб сўради. «Филология факультетига кирдим», дедим. Соҳиба бўлса, «Ахир сени дурустгина овозинг бор эди. Филологияда нима қиласан. Мен зўр битта ўқиш топдим. Ҳали имтиҳонлари тугамабди. Юр, бир ҳаракат қилиб кўрамиз», деди-да, ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат институтига бошлаб борди. Имтиҳонни Тошхўжа Хўжаевга топширдик. Худойим бераман деса, ҳеч гап эмас экан, ўқишга ҳам кириб кетдик.

Лекин кўнглим сира ёришмасди. Ўзим тарбияланган меҳрибонлик уйига қайтиб бордим. «Майли, фаррош қилиб бўлса ҳам ишга олинглар», деб роса ёлвордим. Ўқитувчиларим «Эсингни еганмисан сен қиз?» деб койиб-койиб қайтариб юборишди.

Кейин яна тўрва халтамни оркалаб, Тошкентга қайтдим. Ўқишлар бошлангач, ётоқхона тўлиб кетди. Зерикиш нималиги билинмай қолди. Лекин анча қийинчиликларни кечирдик. Ҳатто пул топиш мақсадида, дарсдан кейин кўшиқ ҳам айтардик.

Аста-секин устозларнинг кўзига кўрина бошладим. Тошхўжа Хўжаев ва Иза Исеевалардан мусиқа ва театр бобида дарс олдим. Талабалик давримда «Қор маликаси»да Герда образини ўйнадим.

Театр - менинг тақдирим

Саҳна. Театр. Бу инсон ҳаётининг жажжи кўриниши. Агар киши бу мураккаб дунё ишлари билан бирга саҳнада ҳам яшаса-чи? Унда ўша инсонни бу дунёда икки карра яшаган деб ҳисоблаш мумкин эмасми?

1967 йили ўқишни тамомлаб, Йўлдош Охунбобоев номидаги Ёш томошабинлар театрига йўлланма олдим. У ерда бир йил ишладим. Катта саҳнада биринчи марта А.Неверовнинг «Тошкент - нон шаҳри» спектаклида Серёжа (ўғил бола) ролини ўйнадим. Драмада уруш йилларининг қийинчиликлари тасвирлангани учун ҳам уни таъсирчан чиқара олгандим. Бу ижромга 27 март - Театр кунида «Йил актрисаси» мукофоти берилди.

Бундан ташқари, Ҳамзанинг «Ишқ қурбонлари»да Сора, А.Островскийнинг «Қачонгача мой ейсан» драмасида Меленья, М.Каримовнинг «Ўн саккиз ёшлигим» ва «Дийдор» драмаларида Шавқия ва Шоҳиста, чех ёзувчиси Блажекнинг «Учинчи орзу» комедиясида Божена, М.Хайруллаевнинг «Тинмас соз»ида Қисматхон, Шуҳратнинг «Беш кунлик куёв» драмасида Ўлмасхон образларини ижро этдим. 1968 йили 16 августда ҳозирги Аброр Ҳидоятов («Ёш гвардия») театри ташкил этилди. Ширин Азизова, Тўғон Режаметов, Мирсоат Усмонов (директор), Эргаш Масофаев (режиссёр) ва мени «Ёш томошабинлар»дан шу театрга ўтказишди. Аввалига иш бошлашимиз қийин кечди. Театр фаолиятини йўлга қўйиш учун бир неча ойлаб ўша ерда ётиб қолишимизга ҳам тўғри келди. Ҳаммамиз тиш-тирноғимиз билан ёпишиб ишладик. Кечани кеча, кундузни кундуз демай меҳнат қилдик. Кейин аста-секин янги актёрлар келди. Ишимиз изга туша бошлади.

Бу театрда ҳам қайноқ фаолият даврим бошланди. Ш.Бошбековнинг «Тикансиз тиканлар» асарида Учқун, Р.Ҳамзатовнинг «Узоқ қишлок» спектаклида сотувчининг рафиқаси, С. Азларовнинг «Қайтар дунё»сида Хатира опа, Э.Хушвақтовнинг «Эски муҳаббат» драмасида Райҳоной, А.Васильеванинг «Лайлак ва халифа»сида Бомбарбия, Т.Аксаковнинг «Алвон гул» драмасида энага, шунингдек, «Аршин мол олон»да Зебо, «Ғаройиб оқшом»да Самира, «Беш сўм»да Салби, «Паранжи сирлари»да Гулжон, «Чеча»да Чеча, «Тоға-жиянлар»да Асалхон, «Можаро»да Жон Робинсон образларини ижро этдим.

Мен роль ўйнашни саҳнада бошламайман, балки уйдан чиқиб, театрга етиб келгунча ўша образ характер-хусусиятларини ўзимга сингдириб, ўша образга айланиб оламан. Худди шундай, спектакль тугагач, қаҳрамоним тақдиридан чиқиб кетишим хам қийин кечади. Бир неча кун ўйлаб юраман. Хуллас, театр - менинг такдирим.

Сочимнинг ошиғи

Хали ўн гулидан бир гули очилмаган қизалоқ эдим. Сочим товонимни ўпарди. Тез-тез сафарларга чикардик. Ўша кезлари театримиз шофёри Тўлқин ака сочимга ошиқ бўлиб, кўз остига олиб юрар экан. Ҳар доим меҳрибон эди. Менинг ғамимни еб, ташвишимни чекарди. Балки, ҳаётда ота-она меҳрини кўрмаганимдандир, бу инсоннинг ғамхўрлиги мени бефарк колдирмасди.

Спектакль кеч тугаган кунлари «Қоронғида ёлғиз юрманглар», деб уйга олиб бориб қўярди. Биласизми, кимдир сизга ўз муносабатини очиқ-ошкора айтиши мумкин, лекин амалда ҳеч нарсани кўрмайсиз. Бундайидан Худо асрасин. Мен Тўлқин акада бунинг аксини топдим.

Ўзи, ҳаётда мен муҳаббатдан кўра меҳрни афзал кўраман. Чунки муҳаббатнинг аччиқ қийноқлари бор, меҳр эса жуда ширин. Мен Тўлқин акадан ўзим тилагандек меҳрни топдим.

1969 йили турмуш қурдик. Ҳаётимизни изга тушириб олиш осон кечмади. Лекин Аллоҳнинг мукофотлари кўп экан. Икки ўғил, бир қизли бўлдик. Уларни ҳалол меҳнатимиз билан ўқитдик.

Қизим Муҳайё тиббиёт соҳасида фаолият юритади, Алишер ўғлим давлат хизматида, кенжамиз Баҳодир эса поччаси Тожибой Шукуров билан бирга эстрада соҳасида ижод қилиб келмоқда.

Бир этак набираларим - менинг жону жаҳоним.

«Қаердасан, жон болам»

Оилам тўкис, ижодим ҳам ўз йўлида кетарди. Лекин кўнглимдаги бир кемтикликдан сира тинчлик йўқ эди. Ўша икки ёшлигимда йўқотган жигаргўшаларим соғинчи ичимни тирнарди. Кўп суриштирдим, ахтардим. Қани, бир садо бўлса.

Улар ҳам мени роса излашибди. Онам меҳрибонлик уйига мени берганидан кейин, икки-уч йил ўтиб, қидириб борибди. Опамни топибди, мени эса изламаган жойи қолмабди. Шундан сўнг «Сени қидираман, Орзухол» сарлавҳали туркум мақолалар бериб борибди. Бир куни Термизда менга дарс берган Болтажон Содиқов мақолани кўриб колади ва қидирилаётган одам мен эканлигимни тахмин қилади. Улар расмимни қўшиб онамга хабар жўнатишади. Қизининг тирик эканини эшитган онам Тошкентга жиянларимни юборади. Улар келган вақтда мен сафарга - Қора денгизга жўнаб кетгандим. Хат ёзиб қолдиришибди. Сафардан қайтгач, кувончим бўғзимга келиб, болаларни олиб, Жарқўрғоннинг Какайди қишлоғига йўл олдик. Вай-вай-вай, бутун қариндош-уруғ, ҳам-қишлоқлар Қурбоной аянинг қизи топилибди, деб мени кўргани йиғилишибди.

Боришим билан онам йўлимга пешвоз чиқди. Шундай бағрига босдики, ўтган қирқ йилнинг ҳиссаси чиқиб кетди...

Нима ҳам қилардик, тақдирга шу битилган экан-да. 1985 йили - нақ қирқ йилдан кейин мен 84 ёшли онам Қурбоной момо, 68 ёшли тоғам Ҳайитбой ва опаларим Зулфия ва Рўзихолларнинг дийдорига эришдим.

Бизнинг бу қиссамиздан таъсирланиб драматург Салоҳиддин Сирожиддинов «Қаердасан, жон болам» асарини ёзди. Унинг видеофильм варианти ҳам ишланди.

Мени «фол кўради» дейишади

Бир куни қизим Муҳайё ишга кетаётган экан, бир аёл ушлаб олиб, «Онангиз, ҳақиқатан ҳам, фол очадими?» деб сўрабди. Қизимнинг ҳам сал ҳазилкашлиги бор. «Ҳа, театрга боринг, ўша ерда очиб қўяди», дебди-да, кетаверибди. Вой бир маҳал қидириб келса денг. Қизим ҳазиллашган дейишимга карамай, «Опа-чи, опа, рози қиламан, йўқ деманг», деб роса ёлворди.

Билмадим, негадир режиссёрларимиз менга доим фолбин образини беришади.

«Тоҳир ва Зуҳра», «Еттинчи фалакдан келган овоз», «Янги ой чиққан кеча», «Домла» кинофильмларида фолбин образини ижро этганман. Лекин ўзим бирор марта фолбинга борган одам эмасман, ишонаверинг.

Бундан ташқари, «Беш қисмат»да Саодатхон, «Келгинди куёв», «Бомба»да совчи, «Гўзаллик сири»да она, «Пўшт арава»да Муҳаббат хола, «Чашма»да Мактуба буви, «Гулхан атрофидагилар»да Раиса опа, «Шайтанат»да Рихсихон опа ролларини ўйнадим.

Ҳозирги кунда эса «Жон қайдадур», «Забаржад» фильмлари билан бандман.

«Чеча»га Офарин

Менинг шунча йиллик ижодим мобайнида ярқ этиб кўринган образим, бу - Чеча. Бу ролимда онам - Қурбоной момо қиёфасини яратганман. Шева ҳам, гапириш усули ҳам, ҳатто либослар ҳам онамники.

Чеча соф ўзбекона, Сурхон нафасли образ. Унда ҳозирда унутилиб кетаётган миллий қадриятларимиз, урф-одатлар кулги аралаш очиб берилган. Балки шунинг учунми Мели Юсуф ва Салим Қорабоевларнинг бу драмаси катта муваффақият қозонди.

2000 йили мени Чеча образим туфайли «Йилнинг энг яхши ижодкори учун» Офарин мукофоти билан тақдирлашди. 2006 йили эса Ўзбекистон халқ артисти унвонига муяссар бўлдим.

«Меҳнат, меҳнатнинг таги роҳат», деб шуни айтсалар керак-да...

Англаганларим

Ҳаётда ҳар бир инсон ўз турмуш йўлидан келиб чиқиб хулосалар чиқаради. Ҳаётнинг яхши-ёмонини кўриб, турли синовларни бошдан кечириб, битта хулосага келдим. Инсонни инсон сифатида улуғлайдиган ягона нарса, бу - унинг меҳнати. Ҳалол меҳнат, касбга садоқат барча ютуқларнинг бош омилидир.

(Шаҳноза ШОЖАЛИЛОВА ёзиб олди.

“Jannat Makon” журнали 2008 йил/май)


 

Логин:
Пароль:
Регистрация
 
  Поиск  
 
Наименование:
Автор:
Категория:



 
All rights reserved. turonlib.uz